Аёл ўзини илмий жиҳатдан етиштириши керак эмасми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 “Бу умматнинг қизи”га мактуб

Аёл ўзини илмий жиҳатдан етиштириши керак эмасми?

 

Муҳтарам устоз,

Мен ожизона ақлимга кўра бир мавзу устида Ислом дунёси ҳассослик билан ёндошиши кераклигига ишонаман.

Сиз Аҳзоб сурасининг 33 ва 59-оятларини «Аёллар зарурат бўлмаганча уйларида қолсинлар» деган мазмунда тафсир қилдингиз.

Бу ҳукмга ҳам фарзандларнинг тарбиясини, ҳам эркакларнинг уйларида етарлича тўя олмасликларини жамиятда келиб чиқадиган муаммоларининг сабаби сифатида кўрсатиб ўтдингиз. Бунинг ечимига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари – оналаримизни мисол қилиб келтирдингиз. Эркаклар уйда қониқмаса, эҳтиёжини таъминлаш учун ташқаридан чора излайди, дедингиз. Гўё бу эркакларнинг ҳуқуқи деган тушунча ҳосил қилади. Эркак уйда жинсий эҳтиёжини қондиролмаса ҳам ташқаридан қидирмаслиги керак эмасми?

Чунки бошқа исломий қоидаларда ҳам нафснинг қониққунича тўйдириш тавсия этилмайди. Масалан, бир–икки коса таомга тўймаган эркакка ҳам дастурхондан очлик ҳисси билан туриш буюрилади. Яна бир мисол келтирай: эркаклар машинага ишқибоз бўлишади, лекин уларга эҳтиёжингга керагини ол, қолганини инфоқ қил, дейилади. Эҳтимол, бу оятнинг ҳикмати бундай эмас, бошқачадир деб ҳам ўйлайман.

Сизнинг бу борадаги изоҳларингизни мингта аёл эшитса, балки битта ёки иккитаси муваффақиятга эришар, қолганлари буни эплай олишмайди. Бу ҳолат бизга Ислом уламоларининг ушбу оят борасида бир тўхтамга келиб ижтиҳод қилишлари лозимлигини кўрсатмайдими?

Яна бир муаммо: бугунги кун шароитни яхши билмайдиган оналар, агар бу даврда болани тарбиялаш билан овора бўлиб, замондан узилиб қолишса, қандай қилиб эртага ташқарига чиқиб кетган фарзанди билан мулоқот қила олишади? Фарзандини ташқарида нималар кутиб турганидан бохабар бўлиб, унга ўша талаб даражасидаги  жавобни қандай беради?

Шунингдек, эҳтиёж бўлганида кўчага чиқишни қандай тушуниш керак? Аёл ўзини илмий жиҳатдан етиштириши керак эмасми? Аёл киши ҳам илмий изланишларда қатнашиши, сермаҳсул изланишлари билан умматнинг дардига озгина бўлса ҳам ечим топишни мақсад қилолмайдими? (У уйда ўтирса ҳам, буюк бир дардга ечим топади, дейдиган бўлсангиз, бизнинг жамиятда турмуш қурмаган аёллар ҳам борку).

Бундан ташқари аёлларнинг иш ҳаётига кириб боришлари дунёда эркаклар ўртасида ишсизликнинг кучайтирганини айтиб ўтдингиз. Аёллар сони 50 фоизни ташкил этади. Мавжуд ишсизликнинг энг юқори кўрсаткичи эса 67 фоизгача чиқади. Назаримда аёлларнинг ҳам ишлаши учун етарли ўрин бор.

Шу билан бирга, устоз, бу оятда Пайғамбаримиз аёлларига хитоб қилинганининг бошқа бир ҳикмати бўлиши мумкин эмасми?

Қалблар Аллоҳнинг қўлидадир, барчамиз имтиҳондамиз

 

Аллоҳ таоло сиздан рози бўлсин. Сиз динингиз ҳақида қайғураяпсиз, ўзингизни ва умматингизнинг аёлларини ўйлаяпсиз. Бундай ҳис-туйғу иймондан келиб чиқади. Сизни табриклайман ва сизнинг ҳаққингизга дуолар қиламан. Қанийди барча мўмина аёллар ҳам дунёга сизнинг кўзингиз билан қарай олишса эди!

Яна бир нарсани эслатма сифатида ёзсам фойдадан холи бўлмаса керак. Ҳа, мен сизнинг мақолангиздан «Воажаб?» дея таажжубланмадим. Бир мўмина аёл менинг дарсимдан келиб чиқиб саволлар берса ва у сўраган саволлари одамлар ўртасида умумлаша оладиган хавотирлардан иборат бўлса, нима дейишим мумкин. Жавоб бериш менинг вазифам, кимнидир ишонтириш ёки ишонтира олмаслигим эса менга тегишли масала эмас. Қалблар Аллоҳнинг қўлидадир, кимнинг оқибати қандай бўлишини Аллоҳ билади. Менми ёки бошқа бир киши зиммамизга тушганини қиламиз ёки қиляпмиз. Бизга оид ҳукмни Раббимиз беради.

Мақолангизда ўртага ташлаганингиз масалаларга қисқача жавоб беришим мумкин. Бу ердаги жавобларим билан сизни танқид қилишни эмас, бу борадаги мулоҳазаларимни айтишни кўзлаганман:

1) Аввало, динимизни одамларнинг қайсидир даврдаги тушунчаларига қараб шакллантира олмаймиз. Инсонлар, хоссатан аёлларнинг мингтадан иккитаси бир нарсани қабул қиляпти ёки рад этяпти деган мазмунда динни шакллантиришга ҳаракат қилсак, охир-оқибат аҳли китобларнинг ўзларининг китобларига нисбатан тутган йўлларига олиб боради.

Мен ҳам ўзим яшаётган жамиятда сиз эътибор қаратган нарсаларни кўрмоқдаман. Лекин шунга қарамай, бир ўзим қолишга рози бўлган ҳолда иймон келтирганим ҳақиқатлар ҳақида гапираман ва ёзаман. Жуда кўп аёллар мени қаттиқ гаплар билан танқид қилишади, лекин уларнинг қарашларидан келиб чиқиб динимни шакллантиришни хаёлимга ҳам келтирмайман, токи Роббим мени аввалги уммат олимлари ҳақида буюрганидек, китоб ортилган эшакларга қиёсланмай. Бу даврда Раббимиз бизни мана шундай ички сифатни сақлаш ёки эътиборсиз қолдириш билан имтиҳон қилишни ирода этганидан кейин қўлимиздан нима ҳам келарди?

2) Аёлларнинг дарди фақатгина «уйда қолиш» билан хулосаланадиган муаммо эмас. Аёлларнинг Ислом билан юзма-юз келишларига мажбур бўладиган жуда кўплаб муаммолар бор. Шайтон уларни қиёматгача кўпайтириб, ҳимоя қилади. Аёллар ҳар сафар боши берк кўчага кириб қолганида биз Раббимизнинг Китоби, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини битта нуқтасидан воз кечамизми? Илтимос, шу жойда жуда нозик бир жиҳатни биргаликда кўриб чиқайлик. Масалан, ҳижобнинг хавотирга соладиган кўринишини олайлик. Қиёматнинг аломати деб аташ мумкин бўлган бу ҳолатга ҳижоб дейилаяпти. Бу разил кўринишни «исломий» деб аташ учун уламолар йиғилиб, ижтиҳод қилишлари керакми?

Бундай ўнлаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Сизнингча, масалан, туғишни истамайдиган аёллар ҳақида нима дейишимиз мумкин?

3) «Аёлларнинг уйда бўлишлари, қолиши керак» дегани уларнинг уйдан чиқишини тақиқлашни билдирмайди. Бу иборани шу тарзда тушунадиган бирон-бир олим ҳам йўқ. Ҳаётни тушунишимиз усули сифатида, аёлнинг уй шароитида яшашни қабул қилиши бизга исломий ҳаётнинг талаби ўлароқ кўрсатилган. Чунки уй ва оила асосини аёл ташкил этади. Уйда бўлмаган, яъни  уйининг дарди билан яшамаган аёл, қанақасига Аллоҳнинг оила деб аталмиш омонатини қадрлаб яшаши мумкин? Замонавий дунёнинг савдо марказларида, иш жойи деб номланган ерларда зое бўлган аёл наслини кўраётганимиз бизга ҳужжат бўлиши учун етарли эмасми? Бу уммат кимларгадир кўр-кўрона эргашиш учун юборилмаган. Биз маълум бир тоифаларнигина эмас, балки бутун инсониятни Қуръон ахлоқи билан зийнатлаш учун мавжудмиз. Буни уддалаш қийин туюлиши, бу борада биздан мушкул ишларни адо этишимиз талаб қилиниши мумкин, аммо биздан кутиладигани шундан бошқа нарса эмас. Зотан, борлиқни мусулмонлаштириш ҳолатида аёлнинг мавжудлиги унинг жиҳод қилиши билан баробардир.

4) Мўмина аёллар турмушга чиқаётганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларига ҳавас қилиб, хайрли оила қуришни сўраш ёки вафот этганларида Хадича розияллоҳу анҳога қўшни бўлиш учун узундан-узун дуоларда бўлиш яхши-ю, лекин улар ҳақида тушган оятлар ҳозирги мўминаларга мос келмаслигини қандай тушуниш мумкин? Қани иймон, қани буюк мақсадларни кўзлаган аёл?

Сиз айтган гапларни баҳс-мунозара мавзуси ўлароқ кўрмаяпман, лекин сиз бу масалага ким нима деркин деб эмас, Раббимнинг розилигига мосми ёки йўқ, деган нуқтаи назаридан қарашга ҳаракат қилаётганимни тушуниб турибсиз.

Бу бир имтиҳон, барчамиз имтиҳондамиз. Қийин нарсани кўрган киши уни тарк этаверадими? Сабр ва қатъият қаерда қолди дейилмайдими?

Ўтинчим, дуо қилайликки, оёқларимиз ва қалбларимиз тоймасин.

Аллоҳга омонат бўлинг.

Мавзуга оид мақолалар
Болалар Улубатли Ҳасан турк қаҳрамони бўлишни қанчалар севадилар. Уни таниб олганларидан сўнг, на Ўргимчак давоми...

08:00 / 01.03.2022 5413
Муҳтарама синглимБу дунёда ҳеч бир мўмин учун ўз қобиғига ўралиб олиш даври бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Агар давоми...

04:04 / 23.02.2020 5390
Гўзаллик дегани нима Гўзаллик 17 ёшли қизни машҳур қилиб, саҳналарга чиқарган, суҳбатларига журналистлар давоми...

09:02 / 04.03.2021 5792
Бу умматнинг қизиrdquoга мактуб Бир лаҳзалик ғафлатдан қандай халос бўлишни билмайман Қадрли устоз,Сиз билан давоми...

15:42 / 28.07.2020 4516