Aёлдаги гўзаллик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Aёлдаги гўзаллик

 

Қандай аёл гўзалроқ?

Тўрт томонимиздан қуршаб олган турли масалаларда кунига минглаб мусулмонлар мағлуб бўлишмоқда. Кимдир жонини, кимдир иймонини, яна кимдир Aллоҳга бўлган эътиқодини бой бермоқда. Энг даҳшатлиси, мусулмонлар бу воқеаларни оддий ҳодисадек қабул қилиб, Ҳақни ёқлаб чиққанларни муросасизлик билан айблашмоқда. Яна бир кимса Aллоҳ азза ва жалла “Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик”28 деб таърифлаган Ҳизр алайҳиссаломни “Гўёки даҳо экан-да”, дея ҳақорат қилади. Қуръон оятларини ўзгартириш кераклигини, унинг бир қисмида VII асрдаги инсоннинг ақл-идрокига мос келмайдиган ўринлари борлигини айтган ўша саводсиз олдидаги қоғозга ёзиб олган оятларининг кўпчилигини хато ўқимоқда. Барча мусулмонларни “ўйлаб топилган динга” эътиқод қилишда айблаган бир жоҳил кузатувчи ҳам бу зиндиқнинг гапларини тасдиқлаб ўтирибди.

 

Ўйинни томоша қил, томонингни танла

Ислом динини ер юзидан йўқ қилмоқчи бўлган кимсалар қўшинлари билан мағлуб қилолмагач, динга қарши бошқача ҳужум қилишга ўтишди. Кимдир ваҳҳобийлик орқали мусулмонни мусулмонга қарши қилиб қўймоқда. Кимдир эса Шиа оқими орқали Ироқ ва Сурия халқини йўқ қилмоқчи, кимдир Аллоҳнинг оятларини “эскирган” деб даво қилиб, Қуръони Каримга очиқ-ойдин "вақтинг ўтди" демоқда. Яна кимдир замон билан ҳамнафаслик шиори остида Исломга қарши ҳужум қилмоқда, яна кимдир суннати санияни (баланд мартабали суннатни) тарк қилиб, "Мен бу китобни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра, Аллоҳ сақласин, яхши тушунаман", демоқда, яна кимдир эса дунёвийлашишда чегара билмай, "ҳаром" амаллардан ҳоли янги динни ўйлаб топмоқда. Мазкур жабҳаларда кимлардир мусулмонларни "яхлит бир уммат"ликдан ажратмоқда, яна кимлардир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбуб бўлган саҳобаларга душманлик қилмоқда, яна кимлардир куфр дарёсига шўнғишга чорламоқда. Яна кимлардир дунёни жаннат, охиратни эришиб бўлмас мақсад деб кўрсатмоқда.

Дунёвийлашиш

Мазкур олти жабҳадан ёйиладиган олти касалликнинг ҳар бирининг нави сингари, ҳужум қилиш шакли ҳам турлича. Бир қисми янги пайдо бўлган, баъзилари сиёсий, баъзилари хом-хаёлдир. Ҳар бирини бир неча жилдлик китобларда таърифлаш мумкин бўлган балолар ичидан оммага энг кўп таъсир қиладигани дунёвийлашишдир. Масаланинг бу жиҳати унинг қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатиб турибди.

 

“Кўрмаганнинг кўргани қурсин” касаллиги

Дунёвийлашиш “кўрмаганнинг кўргани қурсин касаллиги”дир. Барча нарсани, жумладан, иймонни ҳам хавф остида қолдираётган бу касалликнинг ягона давоси олтин ва кумушга оддий тош парчасидек қарашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мол ҳирси учун биродарини бўғизлаган инсонни унинг олтин-кумушга бўлган ҳирсий қарашини ўзгартириб юборганлар. Чунки инсоннинг инсонийлиги унинг мол-дунёга бўлган ҳирсининг йўқолиши билан  юксалади. Шундагина инсон бу дунё матоҳлари ҳаётнинг асл мазмуни эмаслигини англаб етади.

Оддий хизматчилигида уйланган аёлини, раҳбар бўлганда талоқ қиладиганлар

Айрим кимсалар оддий хизматчи бўлиб юрганида уйланиб, оила қуради. Кейинроқ мансаби кўтарилиб, янги уй, янги машина олади. Кейин эса, таниш воситачилари орқали каттароқ мартабага кўтарилади. Кўрмаганни кўргани қурсин, деганларидек, юқори мартабага кўтарилгач, оиласини унутиб, бахт-саодатни бошқа ерлардан излайди. Алал оқибат оиласини йўқотади, ўзининг кимлигини унутади.

Қайсиниси муҳим: инсон бўлишми, раҳбар бўлишми?

Бир мўмин учун муҳими раҳбар бўлиш эмас, инсон бўлиш муҳимроқдир. Инсонларнинг мансабдор одамга мансабидан айрилгандан кейин ҳам унга инсон деб муомала қилишлари муҳимдир. Қолгани ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Инсонлар томонидан яратилган турли бўлмағур қараш ва ўлчовлар натижасида нафақага чиққан кексалар эътибордан четда қолади, кези келганда тамоман унутиб юборилади ёки мазах қилинади...

Дунёвийлашиш касаллиги мусулмонларга ҳам юқди. Бу касаллик уларнинг иймонини сустлаштириб, нафс истакларини кучайтириб юборди. Бу нафс истаклари уларни ҳурмат ва иззати бўлмаган кишиларни осмонларга кўтариб, ўз ҳурматларини оёқ ости қилиб, илтифот қилишларига сабаб бўлди

Торттирилган юзлар, торайган шимлар

Қариб-қартайгач юзини торттирган, ёш кўриниш учун кийимларини торайтирган, муомаласи сингари инсонларга қарашини ҳам ўзгартирган юзлаб бошлиқлару казо-казоларни кўрди бу халқ. Бу заминда бизнесс-классда учишни, машинанинг орқа ўриндиғида ястаниб ўтиришни, қўриқчилар билан юришни, дабдабали уйларда яшашни  “бу дунёнинг лаззати, роҳати” деб биладиган кимсалар, одамлар наздида, “энг зўр инсонлар” саналишган. Бундай кимсаларнинг акси ўлароқ оддий, содда, одамлар наздида, “ҳеч ким бўлмаган” инсонлар ҳам шу тупроқда яшашган. Бу замин, бу тупроқ ана шундай турли инсонлар қисматига гувоҳ бўлган. Буни унутмаслик керак! Ҳозир бу ўтмишга ким назар солиб, хулоса чиқармоқда?! Ишидан, жуфтидан, емишидан эътибор талаб қиладиган, паст табақадаги инсонларни менсимай, юқори табақадагиларга ялтоқлик қиладиган мутакаббир кимсаларнинг оқибати ҳам аввалги кимсаларникидек бўлади. Шундай экан, муҳими, фақат муҳтарам раҳбар бўлиш эмас, нафақага чиққандан кейин ҳам муҳтарам инсонлигича қола олишдадир!

Турмушнинг икки қутби: севги ва марҳамат

Эркакларга сокинлик топишлари учун ўзларидан жуфтлар яратган Aллоҳ азза ва жалла эркак ва аёл орасига севги ва марҳаматни солиб қўйди.29

Унаштирув жараёнида қизнинг йигитга, йигитнинг қизга қарашига рухсат берилган. Aгар бу қарашда иккала томон бир-бирига кўнгил қўйса, бу муҳаббат одатда бири эркакликдан, бошқаси аёлликдан чиққунча давом этади. Ҳаётнинг иккинчи ярмида эса жуфтлар бир-бирларига фақатгина марҳамат нигоҳи билан боқадилар. Эркак ва аёл энди икки йўлдош, икки содиқ дўстга айланишади. Кексалик уларни уйда ушлаб турадиган ушбу даврда биргаликда энг самимий суҳбатларни қурадилар.

Дунёвийлашишнинг нима каромати бор эдики, турмушнинг “марҳамат” фаслини йўқ қилди. Ҳаётий ўлчовларнинг барчасини ўзгартириб ташлади. Ёш ва гўзал аёл ахлоқнинг ҳеч қайси мезонида ўлчанмасдан эътибор кўрди. Йўли очилди. Олқишланди. Эркакнинг шаҳват хусусияти йўқолгач эса, аёл ёлғизликка маҳкум этилди. Ҳолбуки, Ислом хонадонида аёл кексайиб, юзидаги ажинлар кўпайган сари, унга бўлган эҳтиром ҳам ортиб борарди. Гўзаллик эркаклар эътиборини тортиш билан ўлчанадиган дунёвийлашиш замонида эса, сочига оқ оралаган, елкалари букчайган ва юзига ажин тушган аёл яроқсиз деб топилиб, ортиқча юк сифатида қабул қилинди. Таҳқирланди, четга суриб қўйилди, қариялар уйига ташлаб кетилди.

Давоми бор...

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси

28 Каҳф сураси, 65-оят.

29 Рум сураси, 21-оят.

Мавзуга оид мақолалар
Доктор Аҳмад Амин шундай дейди Ҳаётда Аллоҳ таолога имон келтириш бахтнинг энг ширин лаҳзаси ва манбаси давоми...

22:39 / 20.09.2021 2696
Кўп кишилар Аллоҳ таолонинг бизга берган энг катта ва муҳим неъмати бу молу дунё неъмати деб ўйлайди. Агар давоми...

22:06 / 23.12.2021 2022
Ибн Саба 14 асрдан буён фитна саҳнасидан ҳеч тушмади. Ўша даврда мусулмонларни бирбирига қарши қайраган давоми...

09:00 / 18.11.2021 3259
Қозон бошидами, ҳовлидами, бошқа жойдами барча ишини бисмиллаҳrdquo деб бошлайдиган, дуолар тилидан давоми...

09:00 / 10.01.2022 3854