ХАДИЖА БИНТ ХУВАЙЛИД розияллоҳу анҳо
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саодатли хонимлар

ХАДИЖА БИНТ ХУВАЙЛИД

розияллоҳу анҳо

 

15-савол: Хадижа бинт Хувайлиднинг хизматкори Майсара Шом сафаридан қайтганидан сўнг Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида у кишига нима деган?

Жавоб: Хизматкор Хадижа бинт Хувайлидга у зотдаги тўғрилик, садоқат, ҳалоллик, хайр-барака ва бошқа хислатлар ҳақида гапирган.

16-савол: Бу нарса у кишига қандай таъсир қилди?

Жавоб: Бу хислатлар Хадижа бинт Хувайлидни ўзига ром этди.

17-савол: Бунинг натижаси қандай бўлди?

Жавоб: Муҳаммад алайҳиссаломнинг гўзал хулқларидан ниҳоятда ҳайратланган Хадижа бинт Хувайлид у зотга никоҳланиш учун вакил юборди.

 

18-савол: У кишининг вакили ким эди?

Жавоб: Дугонаси Нафиса бинт Мунайя.

19-савол: Муҳаммад алайҳиссаломнинг биринчи завжалари ким эди?

Жавоб: Хадижа бинт Хувайлид.

20-савол: Муҳаммад алайҳиссалом Хадижа бинт Хувайлидга уйланганларида у зотнинг ёшлари нечада эди?

Жавоб: Муҳаммад алайҳиссалом йигирма беш ёшда, Хадижа бинт Хувайлид қирқ ёшда эдилар.[1]

21-савол: Уларнинг тўйлари қаерда бўлган?

Жавоб: Маккаи мукаррамада бўлган.

22-савол: Хадижа онамизнинг маҳри қанча бўлган?

Жавоб: У кишининг маҳри йигирмата урғочи бўталоқ (туянинг боласи) бўлган.

 

Изоҳ: Маҳр – никоҳ ақди ёки эр-хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериши лозим бўлган молдир. Ҳанафий мазҳабида кишилар ихтилоф қилиб юрмасликлари учун, гапни бир жойга қўйиш мақсадида: «Маҳрнинг ози ўн дирҳам бўлса яхши», дейилган. Чунки шариатда бир нарсага арзигулик энг оз молнинг миқдори шудир. Шунингдек, маҳрнинг кўпининг ҳам чегараси йўқ. Бу ҳам эр-хотин рози бўлган миқдоргача кўпаявериши мумкин. Аммо уламоларимиз: «Маҳрнинг кўпи ўн икки уқиядан ошмагани маъқул», деганлар.[2]

Дирҳамнинг миқдорини билиш учун 200 дирҳам 85 грамм тилланинг қийматига, бир уқия эса 40 дирҳамга тенглигини эслатиб ўтамиз.

Айтиб ўтиш жоизки, маҳр фақат пул, тилла каби бойликдан иборат бўлиши шарт эмас. Буни Хадижа онамизнинг маҳри мисолида ҳам билиб олдик. Маҳрга келин истаган нарсасини олдириши ёки истаганча пул сўраши мумкин. Бу унинг шахсий мулки бўлади. Келин уни ўзи истаган жойга сарфлашга тўла ҳақли.

Ўрни келганда хурсандчилик маъносида айтишимиз мумкинки, гоҳида турмушга чиқаётган баъзи қизлар маҳрга китоб сўраётгани қулоққа чалиниб туради. Бир неча бор шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг барча китоблари маҳрга сўралганининг гувоҳи бўлдик.

Маҳрга бериладиган мол ҳалол ва пок бўлиши керак. Чўчқа, ароқ, ўлимтик каби шариат ҳаром қилган нарсалар маҳр ўрнига ўтмайди. Маҳрга бериладиган мол бировдан тортиб олинган бўлмаслиги шарт. Шунингдек, маҳрга аталган мол ноаниқ бўлмаслиги шарт. Куёв маҳрни бериб, тўйдан кейин қайтариб олишни хаёлига ҳам келтирмаслиги керак.

23-савол: Ҳаким ибн Ҳизом хизматкори Зайд ибн Ҳорисани мўминлар оналаридан кимга ҳадя қилган?

Жавоб: Аммаси Хадижа бинт Хувайлидга.

Шу ўринда Ҳаким ибн Ҳизом ҳақида қисқача маълумот келтириб ўтамиз:

Мўминлар онаси Хадижа бинт Хувайлиднинг жияни Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид Каъбаи муаззаманинг ичкарисида туғилган ягона инсондир.

Ҳаким ибн Ҳизом обрўли, бадавлат оилада оқил, яхши хулқли бўлиб улғайди. Қавми уни ҳурмат қилиб, рифодат (жоҳилият даврида муҳтож ҳожиларга овқат улашувчи) мансабини беришган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга пайғамбарлик келмасидан олдин Ҳаким ибн Ҳизом у зот билан қалин дўст эди. Ундан беш ёш катта бўлсалар ҳам, оламлар сарвари уни ўзларига яқин тутар, дўстлигига дўстлик, муҳаббатига муҳаббат билан жавоб қайтарардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳакимнинг аммаси Хадижа бинт Хувайлидга уйланганларидан кейин ўрталаридаги алоқа қариндошлик билан янада мустаҳкам бўлди.[3]

24-савол: Хадижа онамиз хизматкори Зайд ибн Ҳорисани нима қилган?

Жавоб: Муҳаммад алайҳиссаломга ҳадя қилган.

Изоҳ: Зайд ибн Ҳориса асли яманлик бўлиб, Бану Калб қабиласига мансуб эди. У киши кичиклигида онаси билан бирга она уруғи бўлмиш Бану Той қабиласига борди. У ерда эканликларида Бану Айн ибн Жиср қабиласи бостириб келиб, бир қанча асир ва ўлжалар олиб кетди. Асирлар орасида Зайд ибн Ҳориса ҳам бор эди. Бану Айн ибн Жиср қабиласи у кишини Маккага олиб келиб, қул бозорида сотиб юборди. У кишини Ҳаким ибн Ҳизом сотиб олди ва аммаси Хадижа бинт Хувайлидга ҳадя қилди. Хадижа онамиз Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган кучли муҳаббати тасдиғи ўлароқ Зайд ибн Ҳорисани у зотга ҳадя қилди.

Хадижа онамиз ниҳоятда бадавлат аёл бўлгани боис Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг яқинларига кўплаб ҳадялар қилар эди. Бу ҳолатдан ҳар бир мусулмон ибрат олиши лозим. Зеро, муҳаббат яхшилик қилишга, яхшилик эса муҳаббатга ундайди.

25-савол: Хадижа бинт Хувайлид Муҳаммад алайҳиссаломнинг сут оналари Ҳалимаи Саъдияга нималар ҳадя қилган?

Жавоб: Сувчи туя, қирқта қўй ва ўз ерларига етиб олгунча етадиган нарсалар тортиқ қилган. Бу воқеа Ҳалимаи Саъдия Маккага келганида бўлган.

26-савол: Набий[4] соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро ғоридан Хадижа бинт Хувайлиднинг ёнига келганларида қўрқув билан қалтираб, «Мени ўраб қўйинглар... Мени ўраб қўйинглар», – дедилар. У зот нега бундай дедилар?

Жавоб: Пайғамбаримиз алайҳиссаломга илк ваҳий нозил бўлган эди. Шундан қўрқиб кетган эдилар.

27-савол: Шунда Хадижа онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломни нима деб тинчлантирди?

Жавоб: У киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Ахир сиз силаи раҳм қиласиз. Заифга ёрдам берасиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», – дея таскин берди.

Ҳар бир кишининг аслида қандай эканини аҳли оиласи яхши билади. Кўчада, одамларнинг олдида ўзимизни ёмон амаллардан тийиб тура оламиз, аммо кўп вақтимиз оила даврасида ўтгани боис уларнинг ёнида бундай қила олмаймиз. Оламлар сарвари Муҳаммад алайҳиссаломга ҳали пайғамбарлик келмасидан бурун шундай гўзал хулқли, мақтовга сазовор фазилатлар соҳиби эдилар. Бу сифатларни бизга у зотнинг ҳамхоналари Хадижа бинт Хувайлид айтмоқда.

28-савол: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда Хадижа бинт Хувайлид Ҳиро ғоридаги воқеани баён қилиш учун кимнинг ёнига бордилар?

Жавоб: Улар Хадижа онамизнинг амакиваччаси Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулъуззонинг ёнига бордилар. У аввалги диний китоблардан хабардор бўлиб, кўп нарсаларни билар, одамларга ҳам уларни айтиб берар эди.

 

29-савол: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғорда ўзлари билан юз берган воқеани Варақа ибн Навфалга айтиб берганларида Варақа нима деб жавоб берди?

Жавоб: Варақа: «Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган «Намус»дир[5]. Қанийди қавминг сени ҳайдаб чиқарганида бақувват бўлсам эди! Қанийди, тирик бўлсам эди!..» – деди.

30-савол: Хадижа розияллоҳу анҳо[6] Исломни қабул қилган аёллардан нечанчиси эди?

Жавоб: Исломни қабул қилган биринчи аёл эди!

Давоми бор

Ғиёсиддин Юсуф

 


[1] Бу ёшдан кичик бўлганлар деган ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Ибн Касир «Ал-бидоя ван-ниҳоя» китобида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа розияллоҳу анҳога уйланган вақтларида Хадижа онамиз 35 ёшда бўлганлар», дейди. Ибн Исҳоқ эса 28 ёшни зикр қилади. (Абдул Азим Зиёуддин «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?») Умуман олганда, бу вақтда Хадижа онамизнинг ёшлари нечада бўлгани ҳақида саҳиҳ бир ривоят йўқ. Кўпчилик сийрат уламолари 40 ёш деган, бу машҳур гапдир, айни ҳақиқат шундай бўлган дегани эмас. Шу ёшда бўлганлар ёки ундан кичикроқ бўлганлар деб ўйлаймиз.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Ҳадис ва Ҳаёт», 13-жуз – «Никоҳ, талоқ ва идда китоби».

[3]  Замира Қосимова тайёрлаган. «Ҳидоят» журналининг 2012 йил, 6-сонидан олинди.

[4] Набий – Аллоҳдан муҳим хабар олган ва мартабаси юқори бўлган шахс. Яъни, пайғамбарлар икки турли бўлади: набий ва расул. Набий Аллоҳдан хабар, Яъни, ваҳий қабул қилиб олган, лекин бошқаларга етказиши амр қилинмаган кишидир. Унга янги (илоҳий) китоб ва янги шариат берилмаган. У олдинги шариат ва китобга эргашган. Расул эса ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилинган. У янги шариат билан юборилган ва унга янги китоб берилган. Расулларга нисбатан ҳам «набий», ҳам «расул» сўзи ишлатилиши мумкин, аммо набийларга нисбатан фақат «набий» сўзи ишлатилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам набий, ҳам расул бўлганлар. Яъни, биринчи ваҳий келиши билан набий бўлиб, кейин Исломни бошқаларга етказиш амр қилинганда расул бўлиб, даражалари ортган.

[5] Намус  сўзи араб тилидаги сўз бўлиб, «сир соҳиби» деган маънони билдиради. Бунда фаришта Жаброил алайҳиссалом назарда тутилган.

[6] «Розияллоҳу анҳо» сўзи «Аллоҳ ундан рози бўлсин» деган маънони билдиради. Аёлларга нисбатан ишлатилади. Эркакларга нисбатан ишлатилганда «розияллоҳу анҳу» дейилади. Икки кишига нисбатан «розияллоҳу анҳумо», ундан кўпига «розияллоҳу анҳум», фақат аёллардан иборат бир неча кишига «розияллоҳу анҳунна» шакли ишлатилади. Бу жумлалар саҳобалар(Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан мусулмон ҳолида кўришган ва Исломда вафот этган кишилар)нинг номи зикр қилинганда ишлатилади.

Мавзуга оид мақолалар
Мўмина синглим, сиз менга Германиядан мурожаат қилаётган бўлсангиз ҳам, кўз ўнгимда тургандексиз. давоми...

04:47 / 01.02.2020 6125
Мағлубларга зулм қилиш йўқИслом ҳар нарсада ўлчовли бўлишга ва барчага адолат билан муомала қилишга давоми...

09:26 / 12.05.2021 6536
Бугун Бадр куниhellip Aбдураҳмон ибн Aвфнинг ўнгу сўлида биттадан бола бор. Бири Муоз ибн Aмр, иккинчиси эса Муоз давоми...

08:00 / 04.02.2022 4864
Мусулмон одоби ТАВБА ОДОБЛАРИ Саккизинчи одоб ndash тавба қилиш қалб, тил ва бутун вужуд билан бўлиши. давоми...

00:26 / 22.07.2020 3608