Сизга қалбларимиз муштоқ, ё Расулаллоҳ!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ўзимнинг қилган ишим ёки бошқа бирор нарсам билан атрофдагиларга мақтаниш одатим йўқ. Мақтанчоқлик фазилат эмас, иллат эканини, бу нарса мусулмон йигитга ярашмаслигини биламан ва ҳаминқадар бу иллатни феъл-атворимдан даф қилишга ҳаракат қиламан. Аммо бу кун бир воқеани сизга айтиб мақтанаман. Бу мақтанишга арзигулик, чунки у дилимга қувонч бағишлайди, динимга, иймонимга куч-қувват беради. 

Бундан бир неча йиллар, чамаси 2010 йилларда бир туш кўрдим. Шундай гўзал тушки... Кўзларимни очгим келмасди. Тушим яна-яна давом этишини хоҳлардим... Ўшанда Барно холам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китобларини таҳрир қилишни энди бошлаган пайтлар эди. Биз болаларга кўраётган китобларидан ўзларини таъсирлантирган ўринларни ўқиб берар, биз эса қизиқиш билан эшитар эдик…

Тушимда Барно холамнинг янги кўчиб ўтган уйларида эмишман. Холам янги уйлари учун йиғин қилибдилар. Қариндош-уруғлар йиғилибмиз. Меҳмондорчиликдан сўнг қариндошлар ўртасида  Шайх ҳазратларининг чоп этилган ва этилажак китоблари ҳақида  чиройли суҳбатлар бўлди. Ҳар доимгидек, биз болалар ҳам бу суҳбатдан бебаҳра қолмадик.

Бир пайт кўчада шовқин-сурон бошланди. Қўни-қўшнилар зиналардан пастга қараб югуришарди. Мен ҳайрон бўлиб, эшикнинг ёнига келиб, атрофга аланглаб қараб турибман. Шу пайт холам қўшни аёлдан: “Нима бўляпти, тинчликми?” деб сўрадилар. Аёл: “Эшитмадингизми, Расулуллоҳ... Расулуллоҳ келяптилар экан!” деди ва шошганича зинадан пастга тушиб кетди. Холам бир зум карахт бўлиб туриб қолдилар-да, кейин менинг қўлимдан тутиб, пастга қараб югурдилар. Холам йўл-йўлакай ҳаяжон билан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам... У зот келибдиларми?” дея такрорлар эдилар.

  Ҳамма тўпланган. Шу пайт осмондан қуёшдан ҳам кучли нур таралиб кетди, мушкдан ҳам хушбўй ҳид анқиди. Нур орасида бир зот кўринди.  Ҳа, у зот... Биз таърифу таснифларини китобларда ўқиган... биз муҳаббат ва эҳтиром ила киноларини кўрган... Ғойибдан кўриш иштиёқида қалбларимиз  ёнган  муҳтарам зот... Бутун оламга раҳмат нурларини ёғдирган, умматини шафоат қилувчи, беназир хулқ соҳиби... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам...

Ҳамма хурсанд, ҳамманинг кўзида ёш... Холам қўлимдан маҳкам ушлаб, у зот сари илдамладилар.  Одамлар орасина ёриб ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқинларида тўхтадик. Шу он кутилмаган воқеа юз берди. Холам қўлимни қўйиб юбориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оёқлари остига йиқилиб, оёқларини  қучиб, ўпдилар.   Мен ёш бола бўлганим учун нима қилишни билмасдан, холамнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб туравердим...

Бир зум ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  юқорига кўтарилиб кетдилар... 

Уйғониб кетдим. Аммо  уйғонишни истамасдим. Яна ухласам-у, тушимнинг давомини кўрсам, дердим. Кошки эди, яна кўрсам... 

Шудан буён ҳар куни ухлашга ётар эканман, тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш иштиёқида кўз юмаман, у зотнинг келишларини кутаман.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким мени тушида кўрса, албатта ўнгида ҳам кўради. Шайтон менинг мисолимга кира олмайди», дедилар» (Икки шайх ва Термизий ривоят қилган). 

Ҳар сафар «Ким мени тушида кўрса, албатта ўнгида ҳам кўради», деган муборак сўзларингизни ўқиганимда, менинг қалбимни ажиб бир ҳис-туйғу чулғаб олади. Ҳамон сизга муштоқман, ё Расулаллоҳ!

Ё Расулаллоҳ, сизни яхши кўраман, сизни соғиндим!

Ё Расулаллоҳ, кўзларимиз, қалбларимиз сизни кўришга муштоқ. Яна бир бор тушларимга киринг. Мадина кўчаларида юрганингизда, Нажжор қабиласининг кичик қизчалари хурсандчиликдан нима қилишини билмай қолишар эди. Улардан: «Мени яхши кўрасизларми?» деб сўрар эдингиз. Улар: «Сизни жуда яхши кўрамиз, эй Аллоҳинг Расули», дер эдилар. «Мен ҳам сизларни жуда яхши кўраман», дея жавоб берар эдингиз. Бугун бизнинг замонамизда яшаётган қанчадан-қанча ёшлар бор, улар Нажжор қавмининг қизлари эмаслар, аммо улар сизни улардан-да кўпроқ яхши кўрадилар!

Ассалааму ъалайка, йаа Росуулаллоҳ!

Ассалааму ъалайка, йаа Ҳабибаллоҳ!

Ассалааму ъалайка, йаа хойри холқиллааҳ!

Муҳаммадамин Исмоил

Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик оилаларда болалар вақтларини биргаликда ўтказишганда тортишиш ва урушжанжаллар ҳам кўпаяди. Уйда давоми...

12:01 / 08.04.2019 3488
Оиламизда фақат уч ўғил бўлганмиз. Мен уларнинг кенжаси эдим. Менинг қиз бола опасингилларим бўлмаган. 5 давоми...

22:42 / 13.07.2023 1722
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини хотирлаб.... «muslimaat.uz»  сайтининг ҳурматли давоми...

17:09 / 24.02.2017 7224
  Савол Ўзга ибодатлар каби қурбонликнинг ҳам қазоси бўладими Жавоб Намоз, рўза ва закот каби қурбонликнинг давоми...

09:54 / 28.08.2018 3896