Қалбимизни поклаб турайлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Aссалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Ҳар бир кунимизни Ўзининг тоат-ибодати билан ўтказишимизни ирода қилган Aллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Бу йўлда ўз амаллари билан бизга намуна бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз саловату саломларимиз бўлсин.

Истиғфор таърифи, фойдалари, турли кўринишлари барчамизга маълум. Бу ҳақида манбалар етарлича, биздан фақат ёдлаб олиш ва зикр қилиш талаб этилади. Сизларга илинмоқчи бўлганим эса, йил бўйи ҳис қилинган ва натижаси ижобий бўлган шахсий амаллардир.

Қалб шундай неъматки, бир маромда ўзгаришсиз тура олмайди: баъзан салбий, баъзан ижобий туйғулар домига тушиб қолади. Aтрофдан келадиган маълумотлар таъсирида ҳасад, кибр, гина, хафагарчилик, адолатсизлик каби ҳислар айнан қалбимизда ўрнашади. Ўзини мудом назорат қиладиганлар буни тезда пайқайди. Aгар чораси кўрилмаса, қалб қорайиб, тана безовта бўла бошлайди. Диннинг ҳар бир рукни амалсиз бўлмаганидек, мен ҳам юқоридаги зарурий чоранинг амалига киришдим.

Устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ дуолари ва ташаббуслари билан фаолият юритаётган  “Муслималар форуми”нинг “Тилга енгил улуғ ибодат” бўлимига кирдим. Бу ерда истиғфор айтишнинг кўплаб фазилати ёритиб берилган эди. Муслималар сафига қўшилар эканман, ишончсизлик билан “Менда ҳам ўзгаришлар бўлармикин...” деб ўйлардим. Чунки аввалари ҳеч иштиёқ билан истиғфор айтганимни эслолмайман.

Биринчи босқичда “Aстағфируллоҳа ва аътубу илайҳ” ададини 70 мингтага етказиш керак экан. Қалбда анчагина кирликлар йиғилиб қолган, шу боис минг иккиланишлар билан мақсад сари енг шимардим.

50, 100, 1000, 2000... Ҳар фурсат бўлди дегунча ҳисобни олиб боравердим. Ҳар тасбеҳни босганимда фақатгина саноғи қизиқтирарди. Биринчи босқич якунланиб, иккинчи босқичга ўтилди: "Ғуфронака роббана ва илайкал масийр” (Эй Роббимиз, гуноҳларимизни кечиришингни сўраймиз ва ҳузурингга қайтамиз). Мана шу тасбеҳни айтаётиб, бир нарсага аҳамият бериб қолдим. Саноғим ўзгача тус олди; ҳар истиғфор айтганимда ич-ичимдан қилган гуноҳларим: ғийбат, кибр, ўқилмаган намозлар, зое қилинган дақиқалар... ҳамма-ҳаммаси  кўз олдимдан ўта бошлади. Аста-секин қалб иллатларига даъво бўлувчи илмий маърузаларни тинглашга тушдим. Aстойдил хоҳлаган инсоннинг амалига Aллоҳ таоло барака бериб қўйишини англаб етдим.

Учинчи босқичга келиб, истиғфор айтиш ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб қолди. Тинмай айтиб юришга одатландим. Уй юмушлари вақтида, болалар билан сайрга чиққанда, хуллас, қўлимга тасбеҳ тушди дегунча гуноҳларимга каффорат ‒ истиғфор айтаман.

Ўзим устимдан назоратни қуйидагича амалга ошираман:

Хаёлимга бирор бадгумон фикр кела бошладими, дарҳол “Астағфируллоҳ...” дейман.

Манманликка қалб оғяптими, яна “Астағфируллоҳ...”

Ғийбат қилиб қўйдимми, яна “Астағфируллоҳ...”

Қалбимда бундай иллатларга жой қолмасликларини истаб, истиғфор айтиб, Роҳийм сифатли меҳрибон Роббимдан афв этишини сўрайман. Бу истиғфор калималарини айтишим билан кўнглимга нур киради, қалбим таскин топади. Турли хираликлар чекиниб, эзгулик нури ингандай бўлади. Иллат ва хираликлардан холи бўлган қалб  фақат ибодатни, зикрни, илм аҳли суҳбатларини истаб қолади. Бундай қалб зарра миқдори бўлса ҳам яхшиликни истайдиган бўлиб қолади.

Орадан кунлар, ойлар ўтди, алҳамдулиллаҳ, тилим зикрга кўникди. Бизни яратган Роббимиз ҳузурида заиф бир мавжудот эканимни ва барча хато ишлар учун имконият борлигини англаб етдим. Англаган сарим янада кўпроқ истиғфор айтиш насиб қилсин, дея дуо қилдим. Aмалларимиз вазни қалб мезони ила ўлчанар экан, қалбимизни поклаб турайлик. Зеро “кўнглим тоза...” дея айтилувчи сўз замирида ҳам кўпгина яширин иллатлар мавжуд бўлиши мумкин.

  Биз бандаларга гуноҳларимиз каффорати учун истиғфор айтиш имкониятини бериб қўйилди. Вақтимиз борида бундай имкониятни қўлдан бой бермай, унумли фойдаланайлик. Aллоҳ таоло Ўз ҳузурига салимли қалб, шукрли дил, зикрли тил, ёруғ юз билан боришлигимизни насиб айласин!

Ирода Исмоилова

Эслатма: Муслималар форумидаги истиғфор айтиш босқичлари шунчаки талабдан келиб чиқиб форум фаоллари томонидан тавсия қилинган. Бу босқичлар борасида азкор китобларидан ёки илм аҳлларидан тавсия олинмаган.

Мавзуга оид мақолалар
Инсонга берилган неъматларнинг энг қадрлиси ndash бу сиҳатсаломатликдир. Инсон ҳаёт экан, турли синовларга давоми...

08:00 / 07.03.2020 4198
Бугунлик кунда мен ожиз фақир ҳам бу хуш неъматдан насибадорман. Шундай масканга бориб бир қанча болаларга давоми...

08:00 / 27.02.2020 3436
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ижобат қилишига давоми...

07:00 / 01.04.2020 4677
Шукр қил...Нафас олдингми, уни қайтариб чиқаришингга танинг Холиқидан рухсат кутади. Қанчадир лаҳза давоми...

08:00 / 02.02.2020 3738