Яхшилик мевалари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мухлисларимиз ижодидан


Бир куни келиним Мукаррамхоннинг тоби қочиб қолди. Зудлик билан шифохонага бордик. Ҳомиладор бўлгани учун шифокорлар бир оз даволансин дейишди. Уйга қайтарканман, келиним тақвим  китобини олиб келишимни илтимос қилди. Шифохонага кўргани борганимда   йиллик тақвим китобчасиги олиб бордим. Келиним шифо топиб уйга қайтгач, иккита қизиқ воқеани бизга сўзлаб берди. 

Шифохона ошхонасида овқатланишга тўпланишгач, бир ёш келинчак овқат олдидан «Бисмиллоҳур роҳманур роҳийм» дебди. Ёши каттарок аёл: «Синглим, бу калима ундай айтилмайди. Унда «у» ҳарфи йўқ, деб,  калимани тўғри талаффуз килишни ўргатибди. Келинчакка бу танбеҳ ёқмабди ва: «Бизда ҳамма шундай айтади. Сиз аралашманг»,  деб ўз билганидан қолмабди. Шунда  аёл: “Майли, ихтиёрингиз, мен билганимни айтдим, дилингизни оғритган бўлсам, узр”, дебди.

Тушликдан сўнг хонага киргач, мен келинимга ташлаб кетган тақвим хонадаги аёллар қўлида қўлма-қўл бўлиб кетибди. Уни кўздан кечираётган ҳалиги ёш келинчакнинг нигоҳи нақшдек гўзал ва чиройли ёзувга тушибди. Келинимдан араб ёзувидаги оятни ўқиб беришни сўрабди. «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм». Бу калимани  эшитгач, ҳалиги катта ёш аёлга терс гапирганидан хижолат бўлибди.  У ўзининг қилган хатосини тушуниб, аёлнинг ёнига бориб,  ундан узр сўрабди. Аёл хурсанд бўлиб кетибди.  Сўнгра аёл у ерда йиғилган келинпошшаларга бувисидан ўрганганларини  айтибди

“Бувим ҳар доим ҳозир сизларга айтиб берадиган тавсияларни  ўргатишдан чарчамас эдилар. Вақт ўтиб бу тавсиялар бизнинг хулк-одобимизга, турмуш тарзимизга  сингиб кетди. Ва таъкидлаб айтаманки, бу хулқ-одоб бизни фаровон ва хотиржам яшашимизга сабаб бўлди, умримизга, ризқимизга барака берди. Сизлар ҳам канда қилмай, умрингиз давомида риоя этинг. Шунда ҳосилини кўрасиз.  Кейинроқ китобларни ўқисам, бувимнинг айтганлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тавсияларидан экан. Бувим доим шундай дердилар:

“Ҳамиша саломни канда килма, катта кичикка «Ассалому алайкум» дегин. Гарчи ҳеч кими йўқ уйга қадам босганинг-да ҳам салом бериб киргин, бунинг ўзига яраша ҳосияти бор.

Овқатдан олдин доимо қўлингни ювиб, кейин дастурхонга ўтир.  Дастурхондаги нонни, таомни ўнг билан ол. Тановул қилишдан олдин  «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дегин. Овқатланиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтиб, юртга, оилангга, хонадонингга тинчлик-омонлик тилагин, шунда барака бўлади. «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” калимасида ва шукронада гап кўп...”

Кейинги гал борганимда, ўша келинчак келинимдан мени сўрабди.

‒ Сизнинг олдингизга келаётган аёлни танийман. Кимингиз бўладилар?

‒ Қайнонамлар. Ўқитувчи эдилар. Ҳозир кексалик нафақасидалар.

‒ Адашмаётган бўлсам, у киши менинг оиламни сақлаб қолишимга сабабчи бўлганлар. Мени ёш турмушга узатишди. Янги хонадоннинг шарт-шароитларига кўникишим жуда қийин кечди. Хуллас, ҳеч қанча вақт ўтмай, уйга келиб қолдим. Бизнинг ишимиз шаҳар ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитасигача борди. У ердаги яраштириш комиссиясида сизнинг қайнонангиз ҳам бор эди. Қайнонангиз мен билан суҳбат килдилар. Ўзлари дуч келган оилавий муаммолар ва унинг ечимлари, сабр қилганларнинг келгусидаги ҳаётлари ҳақида мисоллар билан сўзладилар. Сўнгра турмуш ўртоғим билан ҳам суҳбатлашдилар. Иккимизга ҳадиси шарифлардан, турмушдаги ибратли ҳикоятлардан айтиб бердилар.  Суҳбатдан ўзимга хулоса қилиб олдим. Бир ҳафта ўтгач, турмуш ўртоғим  мени уйига олиб кетди.  Уйдагилар доим сизнинг қайнонангиздан миннатдор бўлиб эслашади. Мана яқинда фарзандли бўламан. Уйга боргач, қайнонангизга  менинг раҳматимни айтиб куйинг.

Келинимнинг ҳикояси мени ҳам қувонтирди, ҳам ўйлантирди.  Оиланинг илк бўсағасида турган мана шундай ёшларга, келинпошшаларга  катталарнинг сабр ва босиқлик билан тарбия беришнинг оғир залворини ҳис қилгандек бўлдим. Бир оиланинг пароканда ёки саодатли яшашида катталарнинг  ҳиссаси нақадар муҳим эканини англагандек бўлдим. Кўзларим ёшланиб, мени яхшиликка ‒ бир оиланинг  бахтли, саодатли яшашига сабабчи қилиб қўйган Роббимга шукроналар келтирдим.

Санобархон Бойхонбоева,

Наманган шаҳридаги «Диёр» МФЙ отинойиси, фахрий педагог

 

Мавзуга оид мақолалар
«Соликка кашф ориз бўлганда унинг ҳиммати тўхтамоқчи бўлса, ҳақиқат ҳайқириқлари унга Талаб қилаётганинг давоми...

10:23 / 30.01.2018 2831
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг аёллари Нодия Абдулжалил Тахтарунжий 2014 йил 15 март шанба куни ҳижрий давоми...

15:49 / 23.10.2018 3844
info.islom.uz Муҳаммад алайҳиссаломни Ўзига ҳабиб этиб танлаган, оламларга раҳмат айлаган, пайғамбарларнинг давоми...

21:21 / 20.03.2017 4406
Бахтиёрлик ирсий омиллар ила таъсир қиладиган хусусиятдир.  Худди қондаги холестерин миқдорини давоми...

12:24 / 13.02.2017 4674