Карантин вақтида болаларни нималар билан банд қилиш мумкин?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳукуматимиз 16 мартдан бошлаб таълим муассасалари учун бир неча ҳафталик карантин жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу ҳолат юртимиздаги ота-оналарнинг фарзандларини уйдаги вақтларини унумли ўтказишлари ҳақида бош қотиришларига сабаб бўлиши табиий.

Кимдир фарзандларини уйда ким билан қолдириши мумкинлиги ҳақида бош қотирса, кимдир меҳнатга лаёқатсизлик варақаси олиб уйда қолиш, яна кимдир масофадан туриб ишлаш чораларини кўрмоқда.

Хўш, фарзандларни уйда нималар билан банд қилишимиз мумкин? Айниқса, турли ёшдаги болаларнинг ҳар бири учун қизиқарли ва фойдали машғулотлар топиб, бир вақтни ўзида зериктирмай олиб ўтириш мумкинми? Қуйида бу борадаги баъзи тавсиялар билан танишиб кўрамиз:

Мактаб ўқувчиларининг дарслари қолиб кетмаслиги учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканаллар билан бирга ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини телевизион эфирга узатиш учун видеодарслар тасвирга олиш ҳамда эфирга узатилиши режалаштирилибди. Ушбу эфир вақтлари ҳақида хабардор бўлиб, масофадан таълим олишни давом эттириб туриш мумкин бўлар экан.

Бошқа вақтларда болаларнинг ёшлари ва қизиқишларига қараб турли китоблар билан банд қилиш мумкин. Имкон қадар бирга ўқиш, ўқиб бўлгач, савол-жавоблар ўтказиш яна ҳам фойдали.

Мультфильм ва болалар учун кинофильмларни аввалдан мазмуни билан танишиб олиб, болага ҳар томонлама тўғри келадиганларини танлаб қўйиб берган маъқул.

Стол ўйинлари ҳам болалар уйда вақтини қизиқарли ўтказиш учун анча қулай машғулотлардан ҳисобланади. Болаларга ўз қизиқишлари ва интелектуал салоҳиятларига мос стол ўйинларини уларнинг ўзлари билан биргаликда чизиб, ясаб олиш ҳам мумкин. “Lego”, турли конструкторли ўйинларни ҳам шу ўйинлар сирасига киритиш мумкин.

Турли қўл меҳнатлари, расм чизиш, бўяш, ёпиштириш, пластилин билан ишлаш каби машғулотларни ҳам ҳафта кунларига тақсимлаб олиб, куннинг маълум қисмини мазмунли ўтказиш мумкин.

Албатта, имкон қадар ҳаракатли ўйинларни ҳам кун тартибига киритиш керак. Эрталабки гимнастика машқларини албатта бажаринг. Куннинг бошқа қисмида эса беркинмачоқ, уй шароитида ўйинчоқлар ёки хавфсиз уй жиҳозларини яшириб, бошқалардан қай бири тезроқ топиш, ким кўп коптокчаларни саватга тушириш ва шу каби ҳаракатли ўйинлар ҳам тавсия қилинади.

Уй юмушлари, фойдали таом ва салатлар тайёрлаш, уйни намлик билан таъминлаш мақсадидаги “нам тозалов”, шкаф ва жавонларни тартибга келтириш каби ишларга фарзандларни жалб қилиш вақтни фойдали ўтказиш билан биргаликда болажонларни меҳнатсеварликка ўрганишларини ҳам таъминлайди. Иш жараёнида қизиқарли суҳбатлар олиб борилиши боланинг нутқи ва фикрлаш жараёнига ҳам ижобий таъсир қилади.

Ўйинчоқлари иштирокида саҳналаштириб ўйнайдиган ўйинларини ҳам бойитиш мумкин. Қизалоқларнинг “Хола-хола” (қўшни-қўшни, меҳмон-меҳмон), “Ресторан” (ошпаз-ошпаз), “Доктор-доктор” каби, ўғил болаларнинг “Қурувчи”, “Шофёр” каби узоқ муддат банд қиладиган ўйинлари ҳам бор.

Имкони бўлса, турли тилларда болалар учун ташкил этилган онлайн дарслардан фойдаланиш ҳам мана шундай “режалаштирилмаган таътил” вақтларидан зарарсиз, яъни машғулотларни, дарсларни қолдирмаган ҳолда чиқиб олишимизга ёрдам беради.

Одамлар гавжум бўлмаган жойларга чиқиб, болаларни очиқ ҳаводан баҳраманд бўлишлари учун сайр қилиб туришни ҳам унутманг.

Роббимиз ушбу мураккаб ҳолатдан зарарсиз, офиятда чиқиб олишимизни насиб этсин!

Оиша тайёрлади

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Одоб улуғ фазилатларга эришишга сабаб бўладиган асосий восита ҳисобланади. Шу сабабли ҳар бир замон ва давоми...

02:39 / 31.01.2020 4663
Гаджетлардан фойдаланиш анчайин оммалашган даврда унинг зарарлари ҳам ҳаётимизга ўз таъсирини кўрсата давоми...

06:00 / 21.06.2020 3891
Инсон бирор нарсадан зерикиб, малолланган пайтида уйқусираб, эснаш ҳолати юз беради. Шундай ҳолат юз давоми...

04:55 / 08.02.2020 3710
Машҳур америкалик ихтирочиси, электр лампочкасини кашф қилган Томас Эдисон мактабда жуда бўш ўқиган эди. давоми...

06:47 / 19.07.2020 3940