Қиз фарзанднинг ҳаётида отанинг ўрни
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Қиз боланинг тарбияси билан унинг ота-онаси, буви-боболари, ака-укалари, опалари, аммаю ҳола, тоғаю амакилари иштирок этадилар ва улар қиз болани қандай тарбиялаш кераклигини яхши биладилар. Аммо бу қиз ўспиринлик ёшига яқинлашганида, вояга етганида, турмушга чиққанида унинг ҳаётида катта-катта муаммолар пайдо бўлиб, санаб ўтилган қариндош-уруғларнинг боши гангиб, нима қилишни билмай қоладилар. Энг биринчи муаммо – бу ўспирин ёшида ахлоқ-одобида пайдо бўладиган ўзгариш. Айнан шу вақтда отаоналар қизларини “у ўзгариб қолди”, дея ҳали психологга, ҳали бувилариникига тарбиялаш учун етаклаб борадилар. Бу ёшда қиз бола ўзига ҳаддан зиёд оро берадиган, катталарнинг гапини писанд қилмайдиган, кўп ёлғон гапирадиган бўлиб қоладилар, ўғил болалар билан гаплашишга мойил бўлиб, “севги балосига” учрайдилар. Иккинчи муаммо – қиз бола турмушга чиққач, куёв билан келиша олмаслиги, унинг ҳоҳиш-истакларини тушунмаслиги, унга бўйин эгмаслиги ёки ундан ҳазар қилиб, алоҳида ухлашни талаб қилиш ҳолатларининг юзага келиши. Учинчи муаммо – ёши улғая боргач, ўз турмуш ўртоғидан кўнгли тўлмасдан, ундан ажрашиб, ўз бахтини излашни истаб қолиш ҳолатлари. Бизнинг халқимизда «Бола бошидан», деган нақл бор. Ҳамма муаммо аслида боланинг туғилиб, ота-онасини танишидан, овозларга, гап-сўзларга таъсири пайдо бўлишидан бошланади. Ана шу вақтдан бошлаб отанинг оилада, қиз боланинг тарбиясида энг катта ўрин эгаллаши намоён бўла бошлайди. Афсуски, бизнинг жамиятимизда қиз боланинг тарбияси аксарият ҳолларда оналарнинг зиммасига тушади. Гўё қизни она, ўғилни ота  тарбиялаши керакдек. Аммо бу нотўғри фикрдир. Қиз боланинг келажакда ўз турмуш ўртоғига тўғри муносабатда бўлиши учун жавобгар шахс – бу қизнинг отасидир. Чунки ота қизининг ҳаётидаги ибрат кўрсатувчи ҳақиқий посбон, суянчиқ, суюкли, меҳрибон, жавобгар, совуқиссиғидан хабар олувчи, таъминловчи энг биринчи ҳақиқий эркакдир. Бундай муомалани кўриб ўсган қиз келажагидан қўрқмайди. Чунки унинг учун бутун дунё унга меҳрибончилик кўрсатади. Худди шундай, қиз фарзанд ота учун гўёки қуёш, малика, ғурури-ифтихори ва дунёдаги энг гўзал ва энг ақлли инсондир. Суюкли ота бағрида ўсиб вояга етган қиз ўзига ишонган, ўзига юқори баҳо берадиган (чунки ота ўз меҳри билан буни исботлаган бўлади), кўп ишлар қўлидан келишига ишонадиган, келажакда турмуш ўртоғининг ҳам суюкли аёли бўлишига кўзи етадиган бўлади. Айнан мана шу ишончлар бу қизнинг турмуш ўртоғини ва ўзини бахтли қилишига замин яратади. Бу ерда шуни таъкидлаш лозимки, отанинг ўз турмуш ўртоғига қилган муомаласи келажакда қизининг ўз турмуш ўртоғидан кутадиган муомаласи каби бўлади. Яъни шунга лойиқ қиз бўлиб шаклланади. Мисол учун оилада отаси онасига қўпол муомала қилади, дейлик. Баъзан қўл ҳам кўтаради. Онанинг ота олдида ҳурмати йўқ. Бу муносабатни кўриб вояга етган қиз, турмушга чиққач, ўз турмуш ўртоғидан худди шу муомалани топади ва шунга лойиқ аёл бўлади. Чунки оилада кўрган вазиятлардан сўнг бу қизнинг онгида ҳамма эркаклар ўз аёлларига худди шундай муомала қилади, деган дастур битилиб қолади. Ҳамда бу қиз онаси учун дили оғригани сабабли ўз отасига нисбатан катта адоватни бутун умр қалбида сақлаб юради. Бу эса қалбга катта зарба берувчи омил бўлиб, унинг фарзандларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Яъни унинг фарзандлари ҳам ўз оталарига нисбатан адоватли ҳис-туйғуда бўладилар. Агар қиз бола болалигидан ота меҳрига зор бўлиб ўсса, у ўзига ишончсиз, руҳан заиф, сўлғин, маҳдуд ёки аксинча, агрессив, манман, эркаклардан устун келишга ҳаракат қиладиган, эркакларни ҳурмат қилмайдиган бўлиб вояга етади. Бу каби қизлар фақат ўзига ишонишга, ҳар қандай нарсага ўз кучига, оғир меҳнатига суяниб эришишга ҳаракат қиладилар. Чунки улар бировдан ёрдам сўрашни билмайдилар, шу билан бирга ўзларининг ожиза эканликларини тан олмайдилар. Шахсий ҳаётлари кўпинча аянчли ўтиши, бахтга эришсалар ҳам, жуда катта йўқотишлар ва кўп тажрибалар туфайлигина эришишлари мумкин. Чунки қалбан улар эркак кишининг (қайси ниятда эканининг фарқига бора олмагани сабабли) бир оғиз ширин гапига учиб, ишониб, уни “ҳақиқий шаҳзода” деб қабул қиладилар, бу дунёда унингдек бошқа эркак йўқ, деб қабул қиладилар. Ёки ундан ҳам аянчлироғи, «ўз отамдан фалон, фалон томони билан фарқ қилади, отам онамни эзганидек, бу мени эзмайди, зулм қилмайди», деб адашадилар. Ҳатто кўпинча яхши инсонга турмушга чиқсалар ҳам, ўз турмуш ўртоғидан худди отаси онасига қилган муомалани топадиган хатти-ҳаракатни қиладилар. Аксарият ҳолларда эса ота онага зулм қилганини ва қиз фарзандига беэътибор бўлганини кўрган қиз турмуш қуришни ҳоҳламайди, «ўзига хон, ўзига бек» бўлиб, ёлғиз яшашни истайди ва «карьера қилишни» истаб қолади. Шунинг учун оталар ўз аёлларига нисбатан меҳр-муҳаббатли, эътиборли, ҳурмат-эҳтиромли эканликларини оилада фарзандларга билдиришлари ўта муҳимдир. Ота бўлиш – бу жуда катта масъулиятдир. Бу масъулиятни ҳис этиш эса жуда катта неъмат ва келажак авлодларга кучли таъсир кўрсатувчи муҳим омилдир.

Қиз фарзандларига меҳрибон бўлиш, уларга совғалар улашиш, ширин гапларни айтиш, эркалатиш, уни ҳурмат қилиш, унинг ютуқлари билан қувониш, уни руҳлантириш, маслаҳатлар бериш, унга ғамхўрлик қилиш ундан туғилажак фарзандларнинг илм-маърифатли, баркамол бўлиб вояга етишлари, ўзига ишонадиган қадри баланд, мақсад сари интилувчан, ҳур инсон бўлиб етишишларида зарур омил бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир ота ўғил ва қиз фарзандларини ажратмаслиги, ижтимоий ҳаётнинг гўзал тарзда шаклланиши, жамиятимиз равнақи учун ҳаракат қилиши эса, бунинг учун эса ўзининг зиммасидаги улкан масъулиятни тўлиқ ҳис этиб яшаши керак.

Мадина Джураева, психолог

Мавзуга оид мақолалар
Билиб қўйган яхшиБоланинг эҳтиёжлари қондирилмаса, унда зарарли стресс ривожланиши мумкин.Янги туғилган давоми...

07:56 / 05.06.2020 4054
Фарзанд Аллоҳ таоло берган азиз ва буюк неъматлардан биридир. Солиҳ ва диёнатли фарзандларни камолга давоми...

23:56 / 07.11.2020 5352
Биринчи марта қўшимча овқат беришдан асосий мақсад ndash бола қорнини тўйдириш эмас, балки янгича овқат билан давоми...

03:57 / 11.03.2023 2173
Мусулмон кишининг ҳар доим эҳтиёжи тушиб турадиган ишлардан бири ғусл қилиш ҳисобланади. Жунубликдан давоми...

04:32 / 22.02.2020 8919