УЙҚУГА ЁТИШ ОДОБЛАРИ(2)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

УЙҚУГА ЁТИШ ОДОБЛАРИ

Ўн олтинчи одоб – ухлашдан олдин чироқ ва оловларни ўчириш.

Ухлайдиган кишига тегишли бўлган яна муҳим ишлардан бири ухлашдан олдин чироқни ва оловларни ўчириб қўйиш. Бу билан энг аввал исрофгарчиликдан сақланилади, иккинчидан, хавфсизлик учун шундай қилиш лозим. Зеро, инсон ухлаганда қандай иш рўй беришини билмайди. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эшикларни беркитинглар. Мешни (оғзини) боғланглар. Идиш-товоқни тўнкариб қўйинглар. Идишнинг (устини) ёпиб қўйинглар. Чироқни ўчиринглар. Чунки шайтон беркитиб қўйилган (эшик)ни оча олмайди, (боғланган) ипни еча олмайди, (ёпилган) идишни оча олмайди. Албатта, сичқон одамларнинг устидан уйларини ёндириб юборади», – дедилар» (Имом Бухорий «Адабул Муфрад»да ривоят қилган).

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Бир сичқон келиб, пиликни судрай бошлади, шунда хизматкор қиз уни ҳайдамоқчи бўлиб борган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ўз ҳолига қўй»,  дедилар. Сичқон уни олиб келиб, у зот ўтирган кичик бўйра устига ташлади, натижада бўйранинг дирҳам миқдоридек жойи куйди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ухласангиз, чироқларингизни ўчиринглар, чунки шайтон мана бунга ўхшаш нарсага йўл кўрсатади, сўнгра у сизларни куйдиради», – дедилар» (Имом Бухорий «Адабул Муфрад»да ривоят қилган).

Солимдан, унинг отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ухлаётганингизда уйларингизда оловни қолдирманглар»,  дедилар» (Имом Бухорий «Адабул Муфрад»да ривоят қилган).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадинада кечаси бир уй ўз аҳли билан бирга ёниб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шуни сўзлаб: «Олов сизларнинг душманингиздир, ухлаганингизда уни ўчириб қўйинглар»,  дедилар» (Бухорий «Адабул Муфрад»да ривоят қилган).

Шунингдек, зарурат бўлмаган пайтда ортиқча электр жиҳозларини ўчириб ётиш билан энг аввал исрофдан сақланилади ҳамда ҳадисларда айтиб ўтилган талафотларнинг олди олинади.

Юқоридаги ҳадиси шарифларда Набий алайҳиссалом мусулмонларни ижтимоий ҳаётда зарур бўлган ишларни қилишга тарғиб этмоқдалар. Агар мана шу буюрилган ишларни тарк қилсалар, ўзларига зарар бўлишини баён қилиб, уларни бундан қайтармоқдалар. У зотнинг ўз умматларига нисбатан меҳр-шафқатлари онанинг фарзандига нисбатан меҳр-шафқатидан кўра бир неча баробар кучлироқ бўлган. Набий алайҳиссалом умматларига дунё ва охирати учун зарарли бўлган барча нарсаларни айтиб кетганлар. У зотнинг кўрсатмаларига амал қилиб яшаган ҳар қандай инсон икки дунёда ҳам бахт-саодатга эришиши шубҳасиз.

Ўн еттинчи одоб – ухлашдан олдин кун давомида қилган ишларини мулоҳаза қилиш.

Ухлашдан олдин кун давомида қилган ишларини сарҳисоб қилиб кўриш ҳам гўзал одоблардандир. Агар хайрли ишлар қилган бўлиб, улардан ўзи қониқса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Агар қилган ишларида бирор хатолик ўтган бўлса, бунинг учун истиғфор айтиб, тавба қилсин ва хато ишдан кейин бирор хайрли ишни бажаришни режалаштириб қўйсин.

Ўн саккизинчи одоб – ухлашдан олдин қабрдаги узоқ уйқу ҳақида тафаккур қилиш.

Ухлаш учун тўшагига ётаётган инсон уйқу ўлимнинг укаси эканини ҳис қилиши ва вафотидан сўнг узоқ вақт қабрда ёлғиз ётиши, у жойда солиҳ амалларидан бошқа ҳеч нарса ҳамроҳ бўлмаслиги ҳақида фикр юритиши мақсадга мувофиқдир. Инсон бўш вақт топди дегунича, ўлимни эсга олишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, ўлимни эсга олиш ўзининг шариатимизга зид бўлган амаллари ва сўзларини ислоҳ қилишида фойда беради.

Ўн тўққизинчи одоб – ухлашдан олдин таҳажжуд намозига туришни ният қилиш.

Инсоннинг ҳар бир амали ниятига кўра савоб ёки гуноҳ бўлади. Шунга кўра ухлаётган киши таҳажжуд намозига туришни ният қилиб ётиши яхши ишдир. Агар таҳажжудга тура олмаса ҳам, ниятига кўра савоб олаверади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У бу ҳадисни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтарган (ривоят қилган). У зот: «Ким тунда намоз ўқиш учун туришни ният қилган ҳолида тўшагига келса, сўнгра тонг отгунича ухлаб қолса, унга ният қилгани ёзилади. Унинг уйқуси Роббидан унга садақа бўлади», – дедилар» (Насоий ривоят қилган).

Йигирманчи одоб – ухлашдан олдин тўшагини сидириб ташлаш ва «бисмиллаҳ»ни айтиш.

Мусулмон одам ҳаётининг ҳар бир соҳасида ниҳоятда эътиборли бўлиши, ўзига зарар етказадиган ҳар қандай нарсадан ўзини ҳимоя қилиши лозим. Жумладан, ухламоқчи бўлган киши ҳам тўшагига ётишдан олдин ўрнини яхшилаб кузатиб, кийими билан уч марта сидириб ташлаши ва «бисмиллаҳ»ни айтиши суннат амалдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз тўшагига ётса, изорининг ичкари тарафи билан тўшагини сидириб ташласин. Чунки у ўзидан кейин тўшагида нима қолганини билмайди. Кейин ётмоқчи бўлса, ўнг томони билан ётиб: «Сенинг исминг билан ёнбошимни қўйдим. Сенинг (исминг) билан уни (ердан) оламан. Агар жонимни оладиган бўлсанг, унга раҳм қилгин. Агар жасадимга ҳаётни қайтариб, (уйқудан уйғотсанг), солиҳ бандаларингни ҳимоя қилган нарсалар билан уни ҳам ҳимоя қилгин», – дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Шунингдек, ётган ўрнидан туриб, бир оздан кейин яна қайтиб келса, ўрин-кўрпасини кийими билан яна уч марта сидириб ташлаши яхши амалдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз кечаси тўшагидан туриб, кейин яна унга қайтиб келса, изорининг бир тарафи билан уч марта тўшагини сидириб ташласин. Чунки у ўзидан кейин тўшагида нима қолганини билмайди. Кейин ётмоқчи бўлса: «Аллоҳим! Сенинг исминг билан ёнбошимни қўйдим. Сенинг (исминг) билан уни (ердан) оламан. Агар жонимни оладиган бўлсанг, унга раҳм қилгин. Агар жасадимга ҳаётни қайтариб, (уйқудан уйғотсанг), солиҳ бандаларингни ҳимоя қилган нарсалар билан уни ҳам ҳимоя қилгин, десин», – дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Йигирма биринчи одоб – паноҳ сўраладиган оятларни ўқиб, қўлига суфлаб, баданига суртиш.

Ухлайдиган кишига тегишли бўлган суннатлардан яна бири ўзига дам солиб ётишдир. Ўзига дам солиб ётган одам турли зарарли нарсалардан омонда бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётганларида икки кафтларини жамлаб, уларга «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъузу бироббил фалақ» ва «Қул аъузу бироббин-нас»ларни ўқиб, дам солиб, баданларининг (қўллари) етган жойигача силар эдилар. Аввал бошлари ва юзларидан бошлардилар. Кейин баданларининг олд тарафига (ўтардилар). Буни уч марта қилар эдилар». (Бухорий ривоят қилган).

Қуръон сураларини ўқиб, ўзига дам солиб ётиш инсонга уйқуси асносида азият берадиган барча нарсалардан муҳофазада бўлишга сабабчи бўлади. Мусулмон одам бу улуғ суннатга эътиборли бўлиши ва унга амал қилиши лозимдир.

Йигирма иккинчи одоб – эрта ётганда билакни бош остига қўйиб ётиш, кеч ётганда эса билакни тик қилиб, бошни кафтлар устига қўйиб ётиш.

Ухлаш борасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлган одоблардан яна бири, ухлаганда қўлни бошига ёстиқ қилиб ухлашдир. Яъни агар ёстиқ бўлмаса, қўлларни боши остига қўйиб ётиш суннат амал ҳисобланади. Бунинг икки хил кўриниши бўлиб, биринчисида эрта ётган киши яхши ухлаши учун ўнг қўлини узатиб, билаги устига бошини қўйиб ётади. Иккинчи кўринишида эса бомдод намозига яқин қолганда ухласа, намозга ухлаб қолмаслик учун ўнг билагини тик қилиб, кафтига бошини қўйиб ухлайди. Ушбу ҳолатда ётган кишининг уйқуси зийрак бўлади.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси дам олмоқчи бўлсалар, ўнг томонларига ёнбошлар эдилар. Тонг отишига яқин пайтда дам олмоқчи бўлсалар, билакларини тик қилиб, бошларини кафтлари устига қўяр эдилар» (Термизий ривоят қилган).

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси дам олмоқчи бўлсалар, ўнг қўлларини бошлари остига қўяр эдилар. Агар тонг отишига яқин пайтда дам олмоқчи бўлсалар, бошларини ўнг кафтлари устига қўяр ва билакларини тик қилардилар» (Аҳмад ривоят қилган).

Бу ҳадисдаги «арраса» сўзининг масдари «таърийс» бўлиб, мусофир кишининг тун охирида ухлаш ва дам олиш учун тўхташини англатади.

 

Йигирма учинчи одоб – чалқанча ётганда бир оёғини бошқа оёғи устига қўймаслик.

Шариатимизда чалқанча ётиш ман қилинмаган. Аммо чалқанча ётганда бир оёқни бошқасининг устига чиқариб ётишдан қайтарилган. Чунки бундай ётганда аврат очилиб қолиш эҳтимоли бўлади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз чалқанча ётадиган бўлса, икки оёғидан бирини бошқаси устига қўймасин», – дедилар» (Аҳмад ривоят қилган).

Аммо бундай ҳолатда ётиш жоизлигига далолат қиладиган ҳадислар ҳам келган:

Аббад ибн Тамимдан, у амакисидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидда бир оёқларини иккинчисининг устига қўйиб, чалқанча ётганларини кўрдим» (Бухорий ривоят қилган).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, у одамлар орасида бўлмаса ёки авратини ёпиб турадиган кийими бўлса, бундай ётиш жоиз. Аммо аврати очилиб қолиш хавфи бўлса, бундай ҳолатда ётмаган маъқул. Валлоҳу аълам.

Йигирма тўртинчи одоб – қоринни пастга қилиб ётмаслик.

Шариатимизда қоринни пастга қилиб, юзтубан ётишдан қайтарилган. Бу мусулмон кишининг одобига тўғри келмайди. Шунингдек, баъзи тиббиёт мутахассислари томонидан бундай ётиш инсон соғлиғи учун зарарли экани ҳам айтилган.

Яъиш ибн Тихфа Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам менга шундай деди: «Мен масжидда қорним билан ётган эдим, тўсатдан бир киши мени оёғи билан туртиб: «Бу Аллоҳ ёмон кўрадиган ётиш», – деди. Қарасам, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қорни билан ётган кишини кўриб: «Бу Аллоҳ таолога ёқмайдиган ётишдир», – дедилар» (Аҳмад ривоят қилган).

Табиблардан бири шундай деган: «Қоринни пастга қилиб ётиш кўп такрорланса ва киши бунга одатланиб қолса, оқибати хатарли бўлади. Чунки бу ҳолда ухлаш ўпканинг эркин нафас олишига тўсқинлик қилади». Америкада чоп этилган газеталарнинг бирида бундай ҳолатда ухлаш баъзи давлатларда ёш болаларнинг ўлимига сабаб бўлаётгани ҳақида айтилган.

Йигирма бешинчи одоб – ўнг томонга ёнбошлаб ухлаш.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир хайрли ишни ўнг томондан бошлаганлари ҳадиси шарифларда ривоят қилинган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларида, покланишларида ҳам, соч тарашларида ҳам, оёқ кийим кийишларида ҳам, қодир бўлганича ўнг томондан бошлашни ёқтирар эдилар» (Бухорий ривоят қилган).

Демак, барча ишлар қатори, ўнг томон билан ётиш ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидир.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда дам олмоқчи бўлсалар, ўнг томонларига ёнбошлар эдилар. Тонг отишига яқин пайтда дам олмоқчи бўлсалар, билакларини тик қилиб, бошларини кафтлари устига қўяр эдилар» (Термизий ривоят қилган).

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ётмоқчи бўлсанг, намоз учун қилганингдек таҳорат қил, сўнгра ўнг томонинг билан ётгин...» – дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

Йигирма олтинчи одоб – ўнг қўлни юзи остига қўйиб ётиш ва дуо қилиш.

Суннатга мувофиқ ухлашнинг яна бир одоби – ўнг томонга ёнбошлаб, ўнг қўлни ўнг юзнинг остига қўйиб ухлашдир. Шунингдек, кўплаб ҳадиси шарифларда ўнг томонга ёнбошлаб, дуо ўқиш ҳам зикр қилинган.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламоқчи бўлсалар, ўнг қўлларини юзлари остига қўяр эдилар. Сўнгра: «Аллооҳумма қиний азаабака явма табъасу ибаадака», – дер эдилар» (Термизий ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, бандаларингни қайта тирилтирадиган кунингдаги азобингдан мени сақлагин».

Бошқа бир ҳадисда ухлаш олдидан Аллоҳни зикр қилмасликнинг оқибати қандай бўлиши баён қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳни зикр қилмай туриб, ўрнига ётса, қиёмат куни фақатгина ўзига зарар бўлади. Ким Аллоҳни зикр қилмасдан ўрнига ўтирса, қиёмат куни фақатгина ўзига зарар бўлади», – дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Давоми бор

 

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Одоб улуғ фазилатларга эришишга сабаб бўладиган асосий восита ҳисобланади. Шу сабабли ҳар бир замон ва давоми...

02:39 / 31.01.2020 4666
БиласизмиЮртимизда болалар сони қанчаЎзбекистон аҳолисининг 10 миллионга яқинини 14 ёшгача бўлган болалар давоми...

03:32 / 02.06.2020 3711
Ҳозирги кунда замонавий хонадонларимизни бир нечта телевизор, компютер, планшет, смартфонларсиз тасаввур давоми...

00:44 / 14.08.2020 5138
Инсон бирор нарсадан зерикиб, малолланган пайтида уйқусираб, эснаш ҳолати юз беради. Шундай ҳолат юз давоми...

04:55 / 08.02.2020 3710