Ҳазратни эслаб...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


 Инсон ҳаётда бир ғояни кўзлаб яшамас экан, унинг ҳаёти маъносиздир. Аксаримиз ғоя қолиб васила билан машғул бўлиб қоламиз. Бунинг ечимини бизга роббоний уламолар англатишади. Бизнинг ғоямиз Роббимиз ризосидир. Бунга олиб борадиган йўллар бисёр. Баъзилари тирбанд, баъзиларида саноқли киши. Дунё йўлларида тирбанд йўлга тушиб қолсангиз, асабингиз бузилади. Йўловчи сийрак бўлса, манзилингизга тез ва осон етиб оласиз. Роббоний олимлар бизга ана шу йўлларни кўрсатадилар.

Аҳмад Рифоий қуддиса сирруҳу шундай деган эканлар: “Аллоҳга олиб борадиган ҳамма йўлларни кўрдим. Улар тирбанд экан. Фақатгина ҳокисорлик, синиқлик йўлида йўловчи кам”.

 Орифлар Аллоҳга қайси йўл орқали тезроқ етишиш йўлларини яхши билишган ва буни бошқаларга ҳам билдиришган. Дунёда, агар йўлдан адашиб қолсангиз, бировдан йўл сўрайсиз. Агар у йўлни яхши билса, сизга осон ва равон йўлни кўрсатади. Агар унинг ўзи йўлни яхши билмаса, ўзи ҳам адашади, сизни ҳам адаштиради. Аллоҳга олиб борадиган йўлни, охират йўлини, маърифат йўлини тўғри топишингиз учун ҳам етук йўлбошчи керак бўлади.

 Аллоҳга беадад ҳамд ва санолар бўлсинки, Аллоҳ бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймади. У бизга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидек устоз, мураббий, муршидни насиб қилди. Мен ўз ҳаётимда ҳақ излаб турли йўлларга кириб чиқдим. Уларнинг баъзилари ўзининг ялтироқ шиорлари билан мени жалб қилар, аммо уларни чуқурроқ ўргансам, кўнглим тўлмас , қаноат ҳосил бўлмас эди. Лекин, шу билан бирга, ҳар намоз ортидан: “Роббим, менга тўғри йўл кўрсат, мени адаштирма”, деб дуо қилар эдим.

 Менинг йигирмага яқин дўстим бор эди. Дўстларимдан баъзилари кашф-кароматлар, турли мақомлар шайдоси эди. Улардан баъзилари муршид излаб сохта пирлар тузоғига тушишди. Энди улар учун энг буюк инсон ана шу пирлари эди. Қолганлар ҳаммаси улар наздида залолатда, адашган, гумроҳ эди. Улар турли эътиқодимизга зид масалаларни қўзғашар, улар билан тортишиб баъзан қизишиб ҳам кетар эдик. Шу орада ҳазратнинг “Тасаввуф” номли видео суҳбатлари сотувга чиқди. У суҳбатда ҳазрат айни бизнинг “сўфи” биродарларимиз кўтариб юрган масалаларни муолажа қилган эдилар. Ўша пайтда биз бир ойда бир марта ҳазратнинг зиёратларига бориб турар эдик. “Сўфи” биродарларимиз бу суҳбатда бўлиб ўтган гаплар ўзларига тўлиқ мос келгани ва уларнинг хатолари гапирилгани учун бу гапларнинг ҳаммасини ҳазратга сизлар етказгансиз, деб бизнинг ёқамиздан олишди. Биз уларга тасаввуфда биров ҳақида ёмон гумон қилинмайди, туҳмат қилинмайди, буни бизга ҳазрат ўргатганлар, дедик. Улар ҳазратни “тасаввуфдан бехабар”, “у кишида илми ҳол йўқ”, деб айблашди. Ана шунда мен уларни Аллоҳ нимадан маҳрум қилганинию, бизга қандай неъмат ато қилганини англаб етдим. Бу неъмат ҳазратга бўлган муҳаббат ва ихлос неъмати эди. Ҳазрат доим: “Муаммоларнинг боши тартибли ва низомли шаръий билим олмасликдир”, деб таъкидлар эдилар. Тартибли равишда, кишилар эҳтиёжига қараб ёзилган беқиёс асарлари бунинг тасдиғидир. Бизнинг “сўфилар” эса: “Илм инсонни адаштиради”, деган шиор билан чиқишди. Ўзлари адашиб, бошқаларни ҳам адаштиришди.

 Биз илм деганда фақат шаръий билимларни тушуниб юрганимизда, ҳазрат илм диний ёки дунёвий деган ўлчовга сиғмаслигини бизга англатдилар. Халқимиз Қуръон нималигини билмай, уни фақат маросимларда тиловат қилинадиган нарса деб юрганида, ҳазрат Қуръон инсонни икки дунё саодатига бошловчи илоҳий дастур эканини “Тафсири ҳилол” орқали халқимизга билдирдилар. Ҳадис нималигини билмай , у ҳақда узуқ-юлуқ фикрларга таяниб юрганимизда “Ҳадис ва ҳаёт” орқала бизга ҳадис нелигини англатдилар. Сўнгра у зотдан фиқҳни ўргандик, усули фиқҳни ўргандик, ақоидни ўргандик , ихтилоф қилмасликни ўргандик, бағрикенгликни ўргандик , шафқатни ўргандик, фидокорликни ўргандик.

 Зоҳирий билимлар бироз яхши ҳолатга ўтгач, навбат ботиний билимларга келди. Ҳазрат гўё бизга қандай дори лозимлигини биладиган ҳозиқ табиб сингари эдилар. Биз тасаввуф деганда турли кашф-кароматлар, ғайритабиий ҳолатларни кўз олдимизга келтирар эдик. Ҳазрат тасаввуф бу нафс тарбияси, руҳ поклиги, ахлоқ сайқали эканини ўзларининг “Тасаввуф ақида тасаввур” номли китобларида атрофлича баён қилиб бердилар.

Вафотларидан салгина олдин Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ҳикматлар” номли китобига шарҳ битиб, уни “Хислатли ҳикматлар шарҳи” деб номладилар.

Тасаввуф мавзусида бу китоб бизнинг диёрларда тенги йўқ, ягона манба бўлди, десам муболаға қилмаган бўламан. Агар шубҳа қилсангиз, марҳамат ўқиб чиқиб, ўзингиз хулоса чиқаринг. “Ҳазратда илми ҳол йўқ” дейдиган анави “ҳол соҳиблари” бу китобни ўқишса, балки ўзлари тасаввуф деб юрган нарса аслида тасаввуфдан анча йироқ нарса эканини англашармиди?!

 Ҳазратнинг асарларини 1989 йилдан бери кузатиб келаман. У зотнинг деярли барча нашр бўлган китоблари менда бор. Мана шу 1989 -2015 йиллар оралиғида ёзилган барча китобларини ўқиб ҳазратни битта мувозанатда турганларига амин бўлдим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мувозанатни йўқотмас эдилар. Бу собит илмнинг натижаси эди.

 Аллоҳ ҳазратга қабулият берган эди. У зотни фақат ҳасадгўй, мунофиқларгина ёмон кўриши мумкин эди. Ўшалар ҳам ҳазратга рўбарў келишганда мушукка ўхшаб юмшоқ тортиб, оғзига гапи келмай қолар эди. Бунинг ҳаммаси суннатга амал қилиш ҳайбати эди.

 Мен ўзимнинг қирқ йиллик умримни йигирма олти йилида ҳазратга мухлис бўлиб, у зотнинг ҳар бир ёзган китоблари, мақолалари, ҳаттоки матбуот ва интернет саҳифаларида чиқадиган суратларини ҳам интизорлик билан кутиб, уларни ўқиб ўзимга сингдиришга ҳаракат қилиб ўтказдим. Мен ўз замонимиздаги идеалимни топган эдим. Афсус эрта йўқотдим. Аммо шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз асарлари, ёрқин хотиралари ила доимо менинг қалбимдалар. Мен ўзимни энг бахтли инсонлар сафига қўшишга ҳақлиман деб ўйлайман. Зеро, у зотни ҳар ой зиёрат қилиб турар эдим. Кейинги пайтларда зиёратимиз ҳар ўн беш кунда бўлаётган эди. Менинг бахтим шундаки, мен баъзи бир дўстларимиз билан ҳазрат ўзларининг файзли нисиҳатлари билан обод қилган охирги маросимда у зот билан бир хонтахта ва бир дастурхон атрофида ўтириш ва у зотнинг мунаввар чеҳраларига охирги марта боқиш бахтига муяссар бўлдим. Бу ҳазрат вафот қилган куннинг аввалида бўлган эди. Кечга яқин ҳазрат вафот этдилар. Ким нима деса десин, ўттиз миллионли халқимиз ичидан бизни танлаб ҳазрат билан бирга ўтиришни насиб қилган Аллоҳ олдида доим қарздорман. Аллоҳ устозимиз, буюк мураббий, муршид Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини ўз раҳматига олсин. Халқимизга қилган хизматлари эвазига буюк ажрлар ила мукофотласин. У зотга ўхшаган кишиларни миллатимиздан узмасин. У зотдан кейин бизни ҳақ йўлдан адаштирмасин. У зотнинг оила аъзолари, шогирдлари, мухлислари, муҳибларига ўзимнинг чуқур таъзиямни изҳор қилиб, уларга гўзал сабр тилайман. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

Абдуқодир Полвонов

Мавзуга оид мақолалар
.Ҳозирда одамлар манави телефон ва шунга ўхшаш жиҳозларда узуқюлуқ маълумотларни ўқишга ўрганиб қолишяпти. давоми...

22:08 / 30.04.2023 1832
.Пешқадам карвони, лойиҳасига марҳабоДин ходими ўзи юриб бораётган Ислом карвонининг манзил сари боришида давоми...

05:59 / 10.05.2022 11482
quotШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ҳаётимда тутган ўрниquot иншолар танловиданҲа, менинг давоми...

02:51 / 01.03.2020 4481
quotШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ҳаётимда тутган ўрниquot иншолар танловидан Илм олиш ҳар давоми...

06:00 / 28.01.2020 3207