ҚАРИЯНИНГ САБОҒИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Али исмли кичик бола бор экан.  Али текислиги, тепалиги ва тоғлари устида хилма-хил мевали дарахтлар ўсадиган, тинч аҳоли истиқомат қиладиган узоқ бир жойда яшар эди.  Йил фаслларининг кўп қисмида у ерлар ям-яшил гилам билан безаниб, турфа гуллар аҳоли яшайдиган жойларнинг чиройига чирой қўшиб турарди. Бундай  пайтларда ушбу диёр яна ҳам гўзал кўринишда жилваланар  эди.  Али мана шундай ажойиб жойда ўйнаб-кулиб улғайди, мактабда таълим олишни бошлади.

Кунларнинг бирида Али дўстлари билан масжиднинг ташқари ҳовлисида футбол ўйнашаётган эди. Болалар хурсанд бўлиб, бақир-чақир қилиб тўп тепишарди. Ўйинга ниҳоятда берилиб кетган Али тўпни шунақанги тепдики, тўп учиб бориб,  бир дўстига тегди. Тўпнинг зарбидан ўзини тута олмай, ерга йиқилган дўсти уни ҳақоратлай бошлади. Жаҳли чиқиб кетган Али уни урмоқчи бўлиб бораётган эди, нарироқда кузатиб турган бир оқсоқол мулойим овоз билан Алини чақириб қолди: «Ўзингни бос, болам. Абу Туробга ўхшаган бўлгин, сенга унинг исмини қўйишган экан», деди.

Бу овозни эшитган кичкинтойлар жойларида қотиб қолишди. Улар кундузи шундай иссиқ вақтда масжиднинг яқинида бирор киши бўлишини хаёлига келтиришмаган эди. Пешин намози вақтидан бир соатдан кўпроқ ўтган, намозга келганлар аллақачон уйларига кетишган эди. Болаларнинг пешин пайтидаги тўполони катталарнинг дам олишларига ҳалақит берар, агар ҳовлиларига яқин жойда ўйнашса, улардан танбеҳ эшитишлари аниқ эди. Шунинг учун ҳам улар бемалол, бақир-чақир қилиб ўйнаш учун уйларидан узоқроқни – масжид ҳовлисини танлашган эди...

Ҳамма болалар овоз келган томонга қарашди. Улар бу одамни танидилар: беш вақт намозни шу ерда – масжидда ўқийдиган амаки.  Аввал ҳам шу ерда ўйнашарди-ю, лекин бу қарияни намоз пайтидан бошқа вақт  учратишмас эди. Бели букилиб қолган бу қария жуда кам гапирарди. Намозларни ўз вақтида жамоат билан ўқир, сўнг масжид бурчакларидан бирига ўтириб, Қуръони каримдан бир-икки бет тиловат қилар, кейин ҳассасига таяниб, секин юриб уйи томон кетарди. Узун оппоқ соқоли қуёш нурида  худди тиллага ўхшаб ялтирарди. Болалар жойларидан қимирламай, ҳайрон бўлиб қарияга қараб қолишди. Шовқин-сурон ўрнини сукунат эгаллади. Шу яқин атрофда ўтириб, уларнинг бақир-чақир қилиб ўйнашаётганини,  кейин тўп бориб, болалардан бирига текканини, сўнг уришиб кетишганини кузатиб турган бу қарияни болалар пайқашмаган эди. Али ўртоғи билан азон айтиладиган жойнинг яқинида баланд овоз билан жанжаллашган эди. Шу он бу қилиғидан уялиб кетди. Қария ҳеч қачон намоздан бошқа пайт бу ерда ўтирмас эди. Авваллари ўтирган бўлса ҳам, болалар бу ерга келиб ўйнашни одат қилганларидан буён уни бугун биринчи марта кўриб туришлари эди.

Қариянинг соч-соқоли қалин, юзи буғдойрангга мойил, сочлари қордек оппоқ эди. Бўйи баланд бу қариянинг гапида фасоҳат, вазминлик ва ҳикмат бор эди. Ёши улуғ бўлгани учунми ёки ташқи кўринишидаги оғир-вазминликнинг салобати босдими, хуллас, болалардан бирортаси ҳам қарияга гапиришга журъат эта олмай, серрайганча қотиб қолишди. Сўнг бир-бирларига:  «Кетдик», деб имлай бошлашди. Болалар кета бошлашди. Лекин Али қарияга жим қараб турарди. Ўртоқлари бирга кетиш учун уни чақиришса ҳам, эшитмагандек, қимирламай тураверди. Қария ним табассум қилган ҳолда ўйланиб ўтирарди. Али у томон юраётган эди, ўртоқлари ҳадиксираб: «Борма, борма», деб бақиришди. Аммо Алининг қулоқларига гап кирмасди. У қариянинг олдига бориб, салом берди. Унга ҳатто қўлини ҳам узатди. Қария Али билан сўрашиб, ёнига ўтиришини айтди. Сўнг бошқа болаларни ҳам чақирди. Улар қўрқиб-писиб унга яқинлашишди. Қария болалардаги қўрқув ва ҳадикдан безовталанди ва: “Болаларим, сизларга нима бўлди? Мендан қўрқманглар, мен ҳам бошқа боболарга ўхшаган бир бобоман-ку!» деди. Болалар унинг бу гапидан ўзларини анча хотиржам тутишди ва аста-секин келиб ёнига ўтиришди. Али боядан бери ўзини қизиқтираётгн саволни ўртага ташлади:

– Бобо, нима учун менга «Абу Туробга ўхшаган бўлгин», дедингиз? – деб сўради.

Қария шундай чиройли жилмайдики, унинг нурли юзи яна ҳам  ёришиб кетди. У:

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёвлари ҳазрати Али  розияллоҳу анҳуни “Абу Туроб”, яъни, тупроқ отаси, тупроққа беланган” деб кунялаганлар. Болам, мен бу ерлик болаларнинг деярли ҳаммасини танийман. Сенинг бобонг исми ҳам Али. Муборак исм. Менинг дўстим эди у. Сенга эса бобонгнинг мана шундай гўзал исмини қўйишган. У жуда эрта оламдан ўтди, Аллоҳ раҳмат қилсин,  яхши одам эди. Сен ҳам  унга ўхшаган яхши инсон бўлишинг керак...  Бир жойда яшаб, бирга ўйнаб юрган дўстинг билан бундай муштлашишинг мени хафа қилди. Ахир сен Алининг неварасисан! Шунга шундай дедим-да, болам... – деди.

Али:

– Бобо, фақат биз эмас, ҳамма болалар ҳам уришишади. Ўйин пайтида ҳамма нарса бўлиши мумкин, ўйин тугагач, яна ярашиб, уришганимиз эсимиздан чиқиб кетади, – деди.

– Яшанглар, болаларим. Биз ҳам худди сизлардек бола бўлганмиз, – деб хандон отиб кулди қария.

Шундан кейингина болалар ҳам кулиб, ўзларини эркин сеза бошладилар.

– Эҳ, болаларим. Сизларга жуда ҳавасим келяпти. Қани эди, мен ҳам сизлар билан футбол ўйнасам... Лекин, афсус... Ўзи манави ҳассамни зўрға кўтараман-у, футбол ўйнашга йўл бўлсин. Агар сизлар билан ўйнасам, ҳаммангизни ютиб қўяман. Агар мени ютмоқчи бўлсангиз, тўпни дарвозага эмас, тўғри ҳассамга қаратиб тепинг, шу заҳоти ерга йиқиламан, – деди қария кулиб.

Қариянинг бу ҳазилидан болалар мазза қилиб кулишди.

 

«Мабарротул Али вал-асҳабиҳи» муассасасининг «Қария ва дўстлар» журналидан

Одинахон Муҳаммад Юсуф таржимаси

“Омина” журнали,  1433 йил,  ражаб ойининг 1-сонидан олинди. 

 

Мавзуга оид мақолалар
Ҳаммамиз интизор бўлган ва ажрларидан умид қилган моҳи Рамазон ойини кутиб олдик, алҳамдулиллаҳ. Муборак ой давоми...

19:39 / 30.11.2016 3079
Расулуллоҳга... Рисолат мулкида энг яхши гултож, Жаҳонни зулматдан ёритган сирож, Нажотга топилмай давоми...

07:22 / 27.02.2017 5397
Аллоҳ таоло Исро сурасининг 34оятида шундай дейди «Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд масъул бўлган давоми...

10:25 / 28.05.2019 2734
  Муфсассал иймон Маъноси Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, охират давоми...

11:14 / 27.04.2017 12529