ЭСНАШГА ОИД ОДОБЛАР
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Инсон бирор нарсадан зерикиб, малолланган пайтида уйқусираб, эснаш ҳолати юз беради. Шундай ҳолат юз берганда мўмин киши нима қилиши кераклиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг алоҳида кўрсатмалари бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): «Ооҳ, ооҳ» деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Яъни акса уриш туфайли бутун тана енгиллашиб, тетиклашади ва натижада тоат-ибодатларни бажаришга рағбат юзага келади. Эснаш эса ғафлат ва дангасаликка сабаб бўладиган малолланишдан юзага келади. Бундай ҳолатда шайтоннинг инсонни йўлдан оздириш учун имконияти кенгаяди.

Эснаш вақтида риоя қилиш лозим бўлган бир қанча одоблар бўлиб, уларнинг асосийлари қуйидагилардир:

Биринчи одоб – имкон қадар эснашни тўхтатишга ва қайтаришга ҳаракат қилиш.

Эсноқ келганда уни қайтаришга ҳаракат қилиш лозим. Хусусан, намоз ўқиётган пайтда имкон борича уни қайтаришга уриниш лозим.

Ибн Абу Саъид Худрийдан, отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз намозда эснаса, имкони борича қайтарсин, чунки шайтон (унинг оғзидан ичига) кириб олади», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳ алайҳ: “Шайтоннинг инсон ичига кириб олиши ҳақиқий бўлиши мумкин. Чунки, шайтон инсоннинг қон томирларида юриши қувватига эга. Лекин, Аллоҳ таолони  зикр қилиб турган инсонга шайтон кирмайди. Эснаш вақтида инсон Аллоҳ таолонинг зикр қилувчи бўлмагани учун шайтон инсоннинг ичига кириши ҳақиқий бўлиши мумкин. Шунингдек ҳадиси шарифда шайтоннинг инсон ичига киришидан васваса қилиш маъноси ирода қилинган бўлиши мумкин”, дейдилар.

Иккинчи одоб – эснашда қўлни оғиз устига қўйиш.

Эснашга мажбур бўлиб қолган пайтда оғизни қўл билан беркитиш лозим. Бунда инсон ўзини эснаш пайтидаги хунук кўринишдан тўсган бўлади. Оғзини катта очиб эснаган киши шайтоннинг кулишига сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): «Ооҳ, ооҳ» деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Шунинг учун эснашни имкон қадар қайтаришга, агар қайтаришнинг иложи бўлмаса, қўл билан оғизни тўсишга ҳаракат қилиш лозим.

Учинчи одоб – эснашда «Ооҳ, ооҳ», демаслик.

Оғзини очиб, овоз чиқариб эснаган кишининг устидан шайтон кулади. Шунинг учун агар эснашга мажбур бўлиб қолганда ҳам, «Ооҳ, ооҳ», деб овоз чиқармаслик, оғизни беркитиш лозим бўлади.

Тўртинчи одоб – эснаган пайтда овозни кўтармаслик.

Эснаган пайтда овозни кўтариш одобсизлик ҳисобланади. Бундай одобсизлик қилган кишини атрофдагилар ёқтирмайди. Кимдир одамларни кулдириш мақсадида ёки бошқа бирор сабаб билан овозини чиқариб эснаса, баъзилар кулар, яна баъзилар ундан жирканишар, лекин шайтон унинг устидан кулиши аниқ. Чунки бу ҳақиқат юқоридаги ҳадисда баён қилинди.

Мазкур одобларни ўрганар эканмиз, муқаддас динимизда инсон ҳаётининг ҳеч бир жабҳаси эътибордан четда қолмаганига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, динимиз кўрсатмаларини билиб, ўрганиб борганимиз сайин унинг барча замон ва маконлар учун салоҳиятли сўнгги мукаммал дин экани янада яққол намоён бўлиб бораверади.


Мавзуга оид мақолалар
Бир болакайнинг кичкина машина ўйинчоғи бор экан. Бола уни жуда яхши кўрар экан. Бир куни шу машиначаси синиб давоми...

21:13 / 08.08.2020 4227
Биринчи марта қўшимча овқат беришдан асосий мақсад ndash бола қорнини тўйдириш эмас, балки янгича овқат билан давоми...

03:57 / 11.03.2023 2172
Ҳозирги кунда замонавий хонадонларимизни бир нечта телевизор, компютер, планшет, смартфонларсиз тасаввур давоми...

00:44 / 14.08.2020 5135
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўзингизга давоми...

03:25 / 12.04.2020 5312