Соч турмаклари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Аёллар кўпчилиги сочни турмаклаш ва турли бўёқлар ишлатишда ҳаддан ошиб кетишган. Бу нарсалар, табиийки, сочнинг мўртлашиб, синишига, шунингдек, ўта сезувчан бўлиб қолишига олиб келади”.[1]

Соч – ярим гўзаллик. У Аллоҳ таолонинг аёлга берган беҳисоб неъматларидан бири, гўзаллик воситасидир.  Буни яхши билган аёл, шунинг учун ҳам сочини тараш ва турмаклашга соатлаб вақт сарфлайди.

Ислом дини ҳам аёлнинг  сочига эътиборли бўлишини ман қилмайди, аксинча,  бунга тарғиб этади. Шариатимиз сочни ювиб-тараб, ёғлаб юриш, агар улар узун бўлса, жамалак қилиб ўришга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг сочи бўлса, уни ҳурмат қилсин (яъни парваришласин)”, деганлар.[2]

Аммо шариатимизда аёлнинг соч турмаги ва уни безашга оид баъзи меъёрлар ҳам белгилаб қўйилган. Навбатдаги бўлимларимизда шулар хусусида суҳбатлашамиз.

Сочга улама улаб, турмаклаш

Сочга уланадиган улама деганда, чиройли кўриниш мақсадида бошқа бир одамнинг қирқиб олинган сочини ўз сочига улаш тушунилади.[3] Бу иш қандай мақсадда амалга оширилмасин, барча турмуш қурган ва қурмаган аёл-қизларга ҳаром ҳисобланади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ҳадислари умумий далилдир.[4]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ соч уловчи ва улатувчи, вашм қилувчи ва қилдирувчини лаънатлади”.[5]

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ансорлардан бир қизни узатган эдилар. У касал бўлиб қолди ва сочлари тўкилиб кетди. (Яқинлари) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Унга соч улаб қўйиш мумкинми?» деб сўраган эди, “Аллоҳ соч уловчи ва улатувчини лаънатлади”, дедилар.”[6]

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аёл келиб, “Эй Аллоҳнинг Набийси! Менинг бир унаштириб қўйилган қизимга қизамиқ тошиб, сочлари тўкилиб кетди, соч улаб қўйсам бўладими?” деб сўради. У зот: “Аллоҳ соч уловчи ва улатувчини лаънатлади”, дедилар”[7].

Имом Бухорий ва Имом Муслим  “Саҳиҳ” китобларида Асмо бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумодан қуйидаги ҳадисни ривоят қилишган: “Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Мен бир қизимни узатган эдим. Унга бир дард етиб, сочлари тўкилиб кетди. Эри ҳеч ҳоли-жонимга қўймаяпти, унга соч улаб қўйсам бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соч уловчи ва улатувчининг ишини қаттиқ қораладилар”[8].

Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соч уловчи ва улатувчини лаънатладилар”[9].

Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар

Ҳадислар ҳар қандай ҳолатда ҳам, келтирилган сабаб қандай бўлишидан қатъи  назар, соч улашнинг мутлақ ҳаром эканини билдиради. 

Ҳадиснинг  маъноси очиқ-ойдин ва ниҳоятда тушунарли бўлиб,  бошқа маънога йўйишнинг иложи йўқ. Чунки Аллоҳнинг лаънатлаши фақат ҳаром амалларга нисбатан бўлади. Буни Имом Нававий ҳам таъкидлаб: “Соч улаш гуноҳи кабиралардан бўлиб, уни қилувчига лаънат келтиради. Бу борадаги ҳадислар унинг мутлақ тақиқланганини тақозо қилиб, улаш билан улашнинг (яъни, зарурат туфайлими ёки шунчаки пардоз учунми) фарқи йўқлигини билдиради”[10], деган.

Фуқаҳолар ўртасида соч улаш масаласида турли фикрлиликни келтириб чиқарган қарашлар

Ҳадислар соч улашнинг мутлақо ҳаромлигига далолат қилишига қарамай, уламолар унинг ҳаром бўлиши  чегараси борасида турли фикрларни айтганлар. Бу ҳукм барча турдаги уламаларга тегишлими ёки  алоҳида бир турдаги уламага хосми? Бу борада икки хил фикр бор:

1. Аёлнинг ўз сочига бошқа бир одамнинг сочини улаши билиттифоқ ҳаром ҳисобланади[11].

2. Аёлнинг ўз сочига одамнинг сочидан бўлмаган нарсаларни улаши. Бу борада уламоларнинг ихтилофи қуйидаги масалаларда акс этади:

         а) Ҳанафийлар туя, эчки  ва бошқа ҳайвонларнинг жунларидан ёки латталардан қилинган улама-безаклардан фойдаланишни мубоҳ ҳисоблаганлар. Чунки бунда ўзида бўлмаган нарсани бор қилиб кўрсатиш ва одамнинг аъзоларидан биридан фойдаланиш ҳолати йўқ. Юқоридагилар ҳанафийлар наздида улама улашнинг ҳаром бўлишига асосий омил ҳисобланади.[12]

Ибн Обидин “Ҳошия” номли китобида: “Албатта, рухсат аёллар соч ўримини кўп қилиб кўрсатиш мақсадида тақиб оладиган, одам сочидан бошқа нарсада бўлиб, жундан  соч ўрими ва гажак сифатида фойдаланиш мумкин”, деган.

б) Моликийлар аёлнинг  одам сочидан бўладими ёки жун ва қилга ўхшаш нарсалардан тайёрланадими, ҳар қандай улама улашни ҳаром, дейди. Имом Молик: “Аёл ўз сочига бошқанинг сочини ҳам, юнгни ҳам улаши мумкин эмас”, деган[13].

Моликийлар аёллар сочларига ҳар хил рангли латталар, сочга ўхшамайдиган ипак толаларни қўшиб ўришини улама деб ҳисобламаган ва бундан қайтармаганлар. Имом Молик: “Аёлларнинг соч ўрими ечилиб кетмаслиги учун латталар билан боғлаб, орқасига ташлаб олишининг зарари йўқ”, деганлар[14].

3) Шофеъий мазҳаби уламолари сочга одамнинг сочидан бошқа нарсани улаб юриши хусусида батафсил тўхталганлар. Уларнинг фикрича, аёлнинг одам сочидан  бошқа бир нарсани улаб олиши, уламанинг пок ёки нопок нарсадан тайёрланганига қараб фарқланади. Агар улама ўлимтикнинг юнги бўлса ёки гўшти ейилмайдиган тирик ҳайвондан қирқиб олинган бўлса, мутлақо ҳаром ҳисобланади. Бу намозда ҳам, намоздан ташқарида ҳам ҳаром ҳукмида тураверади.

Агар мазкур улама тоза нарсадан тайёрланган бўлса, ҳолатга қаралади. Аёл эрли бўлиб, эри бунга рухсат бермаган бўлса, алдов ва фириб бўлгани сабаб мумкин бўлмайди.

Агар эрининг розилиги билан, заруратсиз, пардоз маъносида қиладиган бўлса, бунда ҳам икки ҳолат бўлади:

‒ унинг аслий ҳаром иш экани эътиборидан буни мумкин эмас, дейиш ҳам мумкин.

‒ эрига чиройли кўриниш мақсадида  зийнатланиш учун қилса, жоиз ҳисобланади. Бу фикрлар ичида энг афзалидир.

Бу фатволар табиий сочга ўхшатиб, жун ва шунга ўхшашлардан тайёрланган уламаларга тегишли ҳукмлардир. Аммо рангли латталар, ипак ва  сочга умуман ўхшамайдиган шунга ўхшаш нарсаларни тақишда ҳеч қандай тақиқ йўқ. Чунки бунда бировни алдаш ва кўзбўямачилик бўлмайди.[15]

4. Ҳанбалий мазҳаби уламолари фикрига кўра, одам сочидан бошқа нарса – хоҳ жун ёки эчкининг қилига ўхшаш нарсалар бўлсин, ҳадиснинг умумий маъносига кўра, одамнинг сочига ўхшаб ҳаром ҳисобланади. Чунки бунда сочга ўхшаш нарсадан фойдаланилгани учун алдов бор. Аёлнинг ўз сочига қўйнинг юнгидан йигирилган улама тақиши дуруст эмас. 

Уламани жун, қил ва сочдан бошқа  нарсалардан тайёрлаб, соч ўримини боғлашда фойдаланишнинг зарари йўқ. Чунки бу ҳожат юзасидан бўлиб, сочни боғламасликнинг имкони йўқ.

Агар соч ўрими ечилиб кетишидан бошқа бир  ҳожат юзасидан  улама тақилса, бу борада икки хил  қараш мавжуд:

Биринчиси – макруҳ. Иккинчиси – ҳаром бўлиб, аёлнинг ўз сочига  жундан ясалган сунъий ўрим ва толалар улаши тақиқланади.

Юнгдан  тайёрланган ясама соч тақиш, Жобир розияллоҳу анҳудан қилинган ҳадиснинг умумий маъносига кўра, тақиқланади.

Ибн Қудома:  “Бу борада келган фикрларнинг энг яхшиси шуки, аёл жун ва қилдан тайёрланган ясама соч тақиши, унда алдов борлиги сабаб, ҳаром. Шунингдек, тоза ёки тоза эмаслигида ихтилоф  бўлган ясама сочларни тақиш ҳам шулар жумласидандир. Бундан бошқа нарсаларни улаб олишда алдов йўқлиги, аёлнинг ўз турмуш ўртоғига безарар воситалар ёрдамида чиройли кўринишга уриниши тақиқланмаган. Уламадан қайтарилган ҳадисларнинг умумий маъноси эса макруҳликка йўйилади”.[16]

Одамнинг сочидан бошқа ясама соч тақиш борасида 

тўхталинган фатволар

Шубайр раҳимаҳуллоҳ бу масаланинг энг нозик томонларигача батафсил ўрганиб чиққач, қуйидаги фикрларни айтиб ўтган:

– Агар аёлнинг сочига уланган нарса табиий жундан бўлиб, кўрган одам уни ҳақиқий соч деб ўйлайдиган бўлса, у қил бўладими, юнгдан йигирилган ёки бошқа бўладими, ҳаром ҳисобланади. Уламанинг  ҳаром бўлиш омили алдов вужудга келгани ҳисобланади.

 – улама табиий сочга ўхшамаса ва киши бир қарашдаёқ унинг ясама эканини  фарқласа,  алдов юзага келмагани боис, ҳаром ҳисобланмайди.

 – Сочга турли рангдаги латта ва шунга ўхшаш  жамалак ва сочпопук каби нарсаларга улама деб қаралмайди, ҳадисда келган қайтариққа ҳам кирмайди[17].

Сочни турли бўёқлар билан пардозлаш

Соч бўяшда фойдаланиладиган воситалар турли рангларда бўлиб, аёллар уни ўзларида синаб кўришга қизиқадилар.  Кўп ҳолларда бўёқлар сочни табиий жилокор ва кўзга ташланувчан қилиб қўяди. Бўялган сочнинг қалин ва кўп бўлиб кўриниши аёл-қизларни ўзига жалб қилади, сочларини бўёқлар орқали ялтироқ ва силлиқ қилишга ҳаракат қиладилар.

 Шу жиҳатдан соч бўёқларини икки тиғли қиличга ўхшатса бўлади: сочнинг ташқи кўринишига чирой ва кўрк бағишлаш, уни кўп ва қалин қилиб кўрсатиш.  Бироқ сочни бўяб, чиройли кўринишга уриниш, ўта арзимаган ва оддий йўл билан ниқобланишдир. Шуни унутмаслик керакки, бу бўёқлар сочларга соғломлик бағишламайди, аксинча, баъзи хавфли ва ҳалокатга олиб келувчи касалликларни келтириб чиқариши мумкин[18].

Илмий текширувлар натижасида соч бўёғи тайёрлашда ишлатиладиган препаратлар ва айрим саратон ҳужайралари ўртасида боғлиқлик борлиги аниқланган. Америка миллий тадқиқот маркази ходимлари сочини бўяб юрадиган 2000 киши устида саратоннинг сабабларини аниқлаш учун тадқиқот олиб боришган. Кўп қисми аёлларан иборат бу хасталарнинг 600 нафари айнан мана шу соч бўёқларининг салбий оқибатида бу касалликка чалингани аниқланган[19].

Тери-таносил касалликлари шифокори Айман Муҳаммад Усмон ва Мая Абдулғаффорнинг айтишича, “Аёллар кўпчилиги сочларни турмаклаш ва турли бўёқлар ишлатишда ҳаддан ошиб кетишган. Бу нарсалар, табиийки, сочнинг мўртлашиб, синишига, шунингдек, ўта сезувчан бўлиб қолишига олиб келади”[20].

Соч бўяшнинг шаръий ҳукмлари

Замонавий соч бўёқлари таркиби ва унинг инсон саломатлигига салбий таъсирларини ўргангач, ундан қуйидаги маълум қоидалар асосида фойдаланиш мумкин, деган хулосага келинади:

–  Агар бўёқлар инсон танаси ва сочига зарар етказиши аниқ бўлса, унинг таъсиридан сочлар қуриб ёки тўкиладиган бўлса, бундай воситалардан фойдаланиш ҳаром бўлади. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Исломда зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”[21] деган ҳадисларига кўрадир.

 – Агар бўёқнинг инсонга зарарли жиҳати аниқланмаган бўлса, уни ишлатиш ҳукми аёлнинг ниятига боғлиқ бўлади. Аёл сочини бошқаларни алдаб, ёш кўриниш мақсадида бўяса, бу ҳаром.  Ҳаромлигига ёш кўриниш мақсадида ёлғон ишлатгани сабаб бўлади.

Аммо аёл бундан бошқаларни чалғитиш ёки алдовни эмас, балки чиройли бўлиш, ўзига оро бериш мақсадида фойдаланса, бу иши жоиздир.  Шарти шуки, у бўёқли сочларини ўзига маҳрам бўлганлар даврасидагина очади, очиқ-сочиқ  юрмайди[22].

Давоми бор

Зебунисо Қутбиддин


[1] Shubayr. “Zamonaviy tibbiy masalalar”, 1/396.

[2] “Musnadu Ahmad”. Ziynat kitobi, 3/28.

[3] Ibn Obidin. "Hoshiya”, “Roddul muxtor", 6/373.

[4] Ibn Hajar "Fathul Boriy", 10/375, Navaviy. “Sharhu Muslim”,

[5] "Sahihul Buxoriy", Libos kitobi, 4/66.  5933-hadis.

[6] O’sha manba.

[7] “Sahihu Muslim”. Soch ulash va ulatishning haromligi haqida bob. 13/102.

[8] "Sahihul Buxoriy", Libos kitobi., 5935-hadis.

[9] "Sahihul Buxoriy", Libos kitobi, 5937-hadis.

[10] Navaviy “Sharhu Muslim” 14/105. Ibn Hajar “Fathul Boriy” 10/288.

[11] Ibn Obidin “Hoshiya” 6/373, Ibn Nujaym “Al-Bahrur-roiq” 8/223, Bojiy “Al-muntaqiy” 7/267. Navaviy “al-Majmu” 4/31. Ibn Qudoma “Al-Mug’niy” 1/93

[12] Ibn Obidin "Hoshiya" 6/373

[13] Bojiy “Al-muntaqiy”, 7/267. Ibn Jazziy. “Fiqhiy qonunlar”,  383-bet,  Qurtubiy. “Al-Jome liahkomil Qur’on”, 5/252.

[14] Bojiy. “Al-muntaqiy”, 7/267.

[15] Navaviy, “Al-majmu” 4/31, Ansoriy “Hoshiyatul jamal” 1/418.

[16] Ibn Qudoma. “Al-mug’niy”, 1/94, Buhutiy. “Kashshoful qino”, 1/90.

[17] Shubayr. “Zamonaviy jarrohlik masalalari”, 3/536.

[18] Suod Ali, “Al-mavsuatul faridiyya litajmilil mar’ati”, 165-bet.

[19] “Ziynatul mar’ati baynat-tibbi vash-shar’i”, 27, Shubayr ,“Zamonaviy tibbiy masalalar”, 1/396.

[20] Shubayr. “Zamonaviy tibbiy masalalar”, 1/396.

[22] Ibn Hajar. “Fathul boriy”, 10/368. Navaviy. “Sharhul muslim”, 14/80,  Shubayr .“Zamoniy tibbiy masalalar”, 1/397,  Favzon. “Muslima ayolga doir fatvolar”, 520.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
«Эй ибни Аббос, сен мендан кўра фақиҳроқ эдинг» Абдуллоҳ ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

08:58 / 27.11.2016 7731
embedhttpswww.youtube.comwatchvOf5AGNFrBgIfeatureyoutu.beembed АЛЛОҲНИНГ КИТОБИДА ИБРАТЛАР БОР Оқил ва эркин банда Аллоҳ таоло давоми...

11:07 / 01.08.2017 3200
47. Савол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб, қайси суранинг илк оятлари нозил давоми...

16:24 / 13.12.2017 2838
Салбий ҳистуйғулар тиниқ фикрлашга халал беради. Шунинг учун хотиржамлигингизни сақланг.bullНима сизни давоми...

23:08 / 03-yanvar 3876