САОДАТ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллааҳир роҳманир роҳийм!

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари пайғамбарга салавот айтурлар.
Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!»

Роббим, бўлсин Сенга кўп ҳамду сано,
Шукру дуо бўлсин доим дилда жо.
Яккаю ягона биру боримсан,
Меҳрибон, ҳар ишда мададкоримсан.
Бандаларга саҳоватлисан Ўзинг,
Зулм этмас адолатлисан Ўзинг.
Яхшиларга раҳмату фазлинг бисёр,
Тавба билан айбни кечгувчи Ғаффор.
Ким ҳидоят изласа, еткурурсан,
Юз ўгирса, заволга кеткурурсан.
Инсу жинни бандаликка бор этдинг,
Тоати кўпни Ўзингга ёр этдинг.
Саодат топсинлар деб икки жаҳон,
Юбординг бизларга каломи “Қуръон”.
Инсу жин олсин деб каломдан таълим,
Пайғамбар юбординг танлаб муаллим.
Гар итоат этсак, унга мутлақо,
Бандалик бурчини этгаймиз адо.
Аллоҳ деди: “Айтинг набийга салом,
Мен ва малоикдан эрур бу Калом”.
Ҳисоб-китоб бошланур оғир фурсат,
Мўминларни қилар ул зот шафоат.
Истасангиз, оғир дамда шафоат,
Айтингиз пайғамбарга кўп саловат.

Ассолаату вассалааму алайка йаа, Расулуллоҳ!
Ассолаату вассалааму алайка йаа, Набиюллоҳ!
Ассолаату вассалааму алайка йаа, Ҳабибуллоҳ!

Бисмиллаҳ, деб бунда мен қалам тутай,
Расулуллоҳ тарихин баён этай.
Ул зотнинг аждодлари олий насаб,
Қурайш ичра тутгандир улкан шараф.
Ул муборак таваллуд бўлгач яқин,
Мўъжизалар юз берди бирин-кетин.
Аллоҳ тўкиб раҳматин ёмғир ила,
Боғу роғлар тўлди мевалар бирла.
Золимларнинг қасрлари дарз кетди,
Коҳину роҳибларга футур етди.
Маъжуслар сиғинган олови сўнди,
Мушрикларнинг бутлари чилпарчин бўлди.
Туғилдилар қутлуғ Макка шаҳрида,
Душанба, Робиъул аввал шаҳрида.
Абдуллоҳдир исми набий отасин,
Оминадир исми мушфиқ онасин.
Туғилмайин отадан бўлди жудо,
Етимлик номи бирлан кўрди дунё.
Арабларда бор эди шундай одат,
Тоғ ҳавоси гўдакка яхши қувват.
Эмизгани Ҳалимага бердилар,
Тўрт ёшгача ғамхўр она бўлдилар.
Ҳалимага суюкли фарзанд бўлди,
Файзидан бутун қишлоқ қутга тўлди.
Оғалари билан ҳар кун яйловда,
Ўйноқлашиб боқар эдилар пода.
Фаришталар келди яйловга бир кун,
Кўксин ёриб, қуйдилар раҳмат сувин.
Ҳалима бу ишдан қўрқиб кетдилар,
Муҳаммадни онасига элтдилар.
Олти ёшда онадан бўлди жудо,
Боқиб олди Абдулмутталиб бобо.
Бободан сўнг амаки Абу Толиб,
Ғамхўлик қилди унга ота бўлиб.
Абу Толиб эди Макка улуғи,
Қурайшнинг олий насаб уруғи.
Муҳаммадни суяр эди у чунон,
Олиб кетар эди борса ҳар қаён.
Истасангиз, оғир дамда шафоат,
Айтинг Расулуллоҳга кўп саловат.

Ассолаату вассалааму алайка, йаа Росулуллооҳ!
Ассолаату вассалааму алайка, йаа Набиюллоҳ!
Ассолаату вассалааму алайка, йаа Ҳабибуллоҳ!

Ўсдилар беназир хулқу адабда,
“Амин” деб ном олдилар тез фурсатда.
Олийнасаб Хадича ишга олди,
Карвон билан Шом томон йўлга солди.
Йўлда булут бошига соя солди,
Савдолари кўплаб фойдага тўлди.
Баракотли савдодан тўлди кўнгил,
Хадича Муҳаммадга бўлди мойил.
Ўзи совчи қўйди унга тез фурсат,
Истади бахтли турмуш, тоат, фароғат.
Жуда бахтли, саодатли бўлдилар,
Тўрт қиз, икки ўғил фарзанд кўрдилар.
Гўдакликда ўғиллар топди завол,
Қизлари улғайиб, ўсди баркамол.
Ёшлари бўлганда қирққа баробар,
Келди ваҳий – пайғамбарликдан хабар.
Ул Жаброил (алайҳиссалом) ваҳий ҳаммоли эди,
“Алақ”нинг беш оятин “Ўқи!” – деди.
Келди тезда уйига хўп қўрқибон,
Хадичага қилди кўрганларин баён.
Унинг олим қариндоши бор эди,
Тавроту Инжилдан хабардор эди.
Унга айтди Муҳаммад кўрганларин,
Эшитгач, баён қилди ўз сўзларин:
«Муҳаммад сўнгги Пайғамбар бўлғуси,
У билан ер юзи нурга тўлғуси.
Лекин бу йўлда бордур кўп машаққат,
Ҳайдалар, сўнг юртин кетади ташлаб.
Шу вақтдан боғланди еру осмон,
Оятлар-ла кела бошлади Ислом.
Ҳақ танитди Ўзининг танҳолигин,
Охир ҳисоб, жаннату нар борлигин.
Аввалу охирни баён айлади,
Бандалик дастурин равон айлади.
Ким бу дастури Ҳақни тутса маҳкам,
Икки дунёсин обод қилур Эгам.
Истасангиз, икки дунё саодат,
Айтингиз Пайғамбарга кўп саловат:

Ассолаату вассалааму алайка, йаа Расулуллоҳ!
Ассолаату вассалааму алайка, йаа Набиюллоҳ!
Ассолаату вассалааму алайка, йаа Ҳабибуллоҳ!

Ва лекин мушриклар келди ғазабга,
Бори душманлигин қилдилар динга.
Кимки мўмин бўлса, бердилар азоб,
Молу жонин, оиласин этди ҳароб.
Бу қийноқлар бошида Абу Лаҳаб,
Абу Жахл, Валид, Умайя ибн Ҳалаф.
Ислом ҳақ дини эканлигин билмадилар,
Гўё шамсни оғизда пуфладилар.
Бошга қўнган толени кўрмадилар,
Мўминни ўз ҳолига қўймадилар.
Абу Бакр, Али, Умар ва Усмон,
Бирин-кетин қалбларин забт этди иймон.
Яна кўплар эди ғарибу қуллар,
Мушриклардан беркиниб кўришди кунлар.
Тез фурсатда Ҳамза келиб иймонга,
Мўминлар жонланди, нур тегиб танга.
Шу тарзда ўн йил ўтди айлаб сабот,
Ҳадича онамиз этдилар вафот.
Ҳимоячи ғамхўри – Абу Толиб
Умри битди, вафоти келди ғолиб.
Қайғудан Набий маҳзун бўлган замон,
Аллоҳнинг ҳузурида бўлди меҳмон.
Сайр этдилар етти осмону Аршни,
Шоҳиди бўлдилар дўзах, беҳиштни.
Сўнг намоз туҳфасин олиб қайтдилар,
Мўминларни бундан огоҳ этдилар.
Бу мўъжиза динда “меърож” аталди,
Мўминларнинг қалби такрор синалди.
Дедиларки: “Энди чиқди ёлғони”,
Бўлди муртад, кимнинг заиф имони.
Қийноқлар ҳаддидан ошди тобора,
Набийни ўлдиришга излашди чора.
Мўминлар Мадинага қилдилар ҳижрат,
Қолдилар Абу Бакр билан Муҳаммад.
Сарв ғорида уч кун турдилар пинҳон,
Кофирлар кўп излаб, бўлдилар сарсон.
Аллоҳ ўргимчакни туширди ишга,
Уя тўқиб, ғор оғзини ёпишга.
Кофирлар тополмай, отин бурдилар,
Сўнг икковлон Ясриб томон юрдилар.
Мадинага келди Расул, ҳамма шод,
Ислом билан нур келди, шаҳар обод.
Қуръон-ла мўминлар қалби тирилди,
Иймон бирла гўзал ахлоқ касб қилди.
Мадинадан чиқди хулқи олийлар,
Шунинг-чун яхшини маданий дерлар.
Ҳар ишида тутдилар Ҳақ фармонин,
Ҳис этдилар асли саодат онин.
Покиза жуфтлари Аллоҳ набийсин
Аёл-қизга ўргатдилар илмнинг сирин.
Жон-дил бирла ўрганиб Ҳақ фарзини,
Олимларга тўлдирдилар асрини.
Саҳобалар Ҳақ нурин барча учун,
Етказмоққа чоғладилар бор кучин.
Бу йўлда молу жонин унутдилар,
Инсонларга жаннат йўлин тутдилар.
Агар ким комил мўмин бўлмоқ истар,
Ўзгаларга Ҳақ йўлини кўрсатар.
Ўз аҳлига белин боғлар бу ишда,
Фарзандига Росулни танитишда.
Агар Ҳаққа маҳбуб бўлмоқ истасанг,
Аҳлинг бирла жаннат кирмоқ истасанг,
Ҳақ Расулин тани, этгин итоат,
Ҳар ишда суннатин тутмоқ – ибодат.
Умматим, деб этдилар жон фидолар,
Мағфират сўраб, қилдилар нидолар.
Кеча-кундуз қилсанг анга дуолар,
Этолмассан ҳаққин тўлиқ адолар.
Ислом ғолиб бўлди, Макка бўлди фатҳ,
Аллоҳ динин комил қилди, битди аҳд.
Набийнинг вазифаси бўлди адо,
Мўминлар билан қилди ҳажин видо.
Умматига айлади кўп насиҳат,
Айрилмангиз, бўлинг доим ҳамжиҳат.
Истасангиз оғир дамда шафоат,
Айтинг Расулуллоҳга кўп саловат:

Ассолаату вассалааму алайка, йаа Расулуллоҳ!
Ассолаату вассалааму алайка, йаа Набиюллоҳ!
Ассолаату вассалааму алайка, йаа Ҳабибуллоҳ!
Мавлид – йилда бир бор эслаш эмасдир,
Балки Набий хулқи билан яшашдир.
Эй фарзандим, ҳаёт – синовли бўрон,
Синовлардан ўтай десанг соғ-омон,
Расулуллоҳ этакларин тут шодон,
Албатта, элтар сени жаннат томон.
Расулуллоҳ ўзи учун Аллоҳдан
Молу дунё сўрамади, зеб-ҳашам.
Неча кун сув-таомсиз юрсалар ҳам,
Умматнинг аҳволини қилдилар ғам.
Тутай деб, умматим қўлин оғир дам,
Олиб кетди шафоат ўзи бирлан.
Бул зотга ҳар кун салом айтмасангиз,
Ҳар лаҳза суннатини тутмасангиз,
Қандоқ ўзингизни уммат атайсиз?
Охир дамда қай юз билан қарайсиз?
Фурсатингиз бор, ҳануз нафас бор танда,
Илму ирфон ўрганинг, қилмайин канда.
Илм элтар нажотга икки жаҳон,
Илм бирла сургайсиз давру даврон.
Фарзандим қувончим бўлсин, десангиз,
Тоабад таянчим бўлсин, десангиз,
Ҳақни танинг, фарзандларга танитинг,
Ҳар ишда Аллоҳ сўзин дастур этинг.
Расулуллоҳ эрур бутун оламга раҳмат,
Кунда кўп бор айтинг унга саловат.
Аллоҳ сизга муборак салом айтар,
Жаҳон зийнатидан афзали қайтар.
Истасангиз икки дунё саодат,
Айтинг Росулуллоҳга кўп саловат:

Ассолаату вассалааму алайка, йаа Расулуллоҳ!
Ассолаату вассалааму алайка, йаа Набиюллоҳ!
Ассолаату вассалааму алайка, йаа Ҳабибуллоҳ!

Роббим, тингла, қўл очурмиз Сен томон,
Бергин собит иймон, мусаффо осмон.
Ҳалолу пок ризқ-рўз айла раво,
Муваффақ қил шукрин этмоққа адо.
Ҳузурингга ёруғ юз-ла борайлик,
Расулуллоҳ ортларидан юрайлик.
Сенинг беадад марҳаматинг-ла
Неъмат тўла жаннатингга кирайлик.
Маликахон Матбобоева

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Сентябрь, янги ўқув йили барча ўқувчилар учун ҳар йили бир олам ҳаяжон билан бошланади. Биринчи синфга давоми...

21:00 / 22.08.2019 3199
embedhttpswww.youtube.comwatchvHNL9UDQy1UEembed

18:46 / 13.08.2018 5103
Ёшлик инсон ҳаётининг энг мураккаб ва зиддиятли даври бўлса керак. Бир тарафдан, инсон ўз ҳаётининг бу давоми...

21:44 / 06.04.2019 9346
Бисмиллаҳир Романир Роҳим Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламин, вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи давоми...

05:45 / 27.12.2016 4155