ДЎЗАХИЙ ХАТАР ёхуд АБАДИЙ ҲАСРАТ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дилфуза КОМИЛ

ДЎЗАХИЙ ХАТАР

ёхуд АБАДИЙ ҲАСРАТ

Сиз ҳеч одам гўшти еганмисиз? агар шундай савол берилса, жаҳлингиз чиқиб, ижирғаниб кетасиз. Чиндан ҳам жирканч ва одам боласига хос бўлмаган разолат! Тўғрими? Ижозатингиз билан, ҳамма нарсанинг тўғрисини гаплашишга келишиб олайлик. Гапни тўғри йўналишда бошлаш учун ҳазрат Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Кимиёи саодат» асаридаги «Руҳ ҳақиқати» бобидан бир парчани ўқиймиз:

«...Икки хотин рўзадор эди, ташналик ва очликдан ҳалок бўлар ҳолга етдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан рўзаларини очгани ижозат сўрадилар. Пайғамбар алайҳиссалом уларга бир коса узатдилар ва буюрдиларким, ҳар икки хотин шу косага қайт қилсин. Хотинлар косага қайт қилгандилар, оғизларидан бир бўлак ивиган қон тушди. Буни кўрган халойиқ таажжубда қолди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки, бу икки хотин ҳалол нарсалардан ўзларини тийиб, рўза тутдилар, аммо ҳаром қилинган нарса билан оғиз очдилар, яъни ғийбат қилдилар. Оғизларидан тушган қон ғийбат қилинган одамнинг гўштидир...».

Қуръони каримдаги «Ҳужурот» сурасининг 12-оятида баён қилинадики:

«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмдилдир». 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай нақл этилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

Ким дунёда бир биродарини ғийбат қилса, Қиёмат куни у кишининг эти унга тақдим этилади ва «Е буни ўлик ҳолида, чунки сен уни дунёда - тириклигида «егандинг»!»  дейилади».

Бугун ғийбат – кўпчилик ҳаётининг одатий бир қисмига, суҳбатларнинг «гули»га айланган. Одамлар ғийбат билан кўнгил очадилар, ғийбат қилиб «юракларини бўшатадилар», ғийбатлашиб енгил тортадилар. Авваллари ғийбатчилик аёлларга хос иллат деб ҳисобланган бўлса, бугунги кунимизда фаол ғийбатчи тоифа эркаклар орасида ҳам бор.

Бизда ғийбат учун мавзу ҳам, сабаб ҳам кўп:

кимдир бошқа бировдан хафа бўлган бўлса, ўшандан ўч олиш учун уни одамлар орасида ғийбат қилиб, обрўсини тўкмоқчи бўлади;

ўзини бошқалардан аълороқ, устунроқ, илмлироқ эканини исботламоқ ниятида бошқаларни ғийбат қилади;

одамлар орасида обрў топаётган кишиларга ҳасад қилгани туфайли уларни ғийбат қилади;

ғийбат қилинаётган даврада «қатордан қолмаслик», даврадагиларга яхши кўриниш, уларни қўллаб-қувватлаш учун ғийбатга қўшилади;

фитратида ғийбатга, ёмонликларга мойиллик борлиги учун, ўз одатича (ҳеч бир сабаб бўлмаса ҳам) исталган одамни ғийбат қилаверади. 

Шу кунгача ғийбатни қоралаб қилинган насиҳатларнинг, ўгитларнинг одамларга ҳеч фойдаси тегмагандек – ҳамма унинг катта гуноҳ эканини жуда яхши билади, лекин ҳеч ким ундан воз кечмоқчи эмас. Мен ҳақиқатни уқтирувчи ўгитларни қуёшга ўхшатаман. Қуёш ҳаммага бирдек нур сочади, аммо бундан олма тотли бўлади, қалампир - аччиқроқ. Демак, гап қуёшдек серзиё ўгитларда эмас, ҳамма гап - фитратда.

ҚОН БИЛАН КИРГАН ИЛЛАТ

Ғийбатчилик иллати бизга қон билан киргандек назаримда. Чунки, ҳаётим давомида қорнидаги ҳомиласига, эмизикли гўдагига, кундан-кун ақли тўлишиб бораётган фарзандига касри уришидан; тарбиясига, келажагига салбий таъсир қилишидан қўрқиб, ғийбатлашишдан воз кечган аёлларни учратмаганман. Кўп қаватли уйларнинг ҳовлисида ёки маҳаллаларда эртадан кечгача ўтган-кетганни иғво қилиб ўтирадиган; вақтнинг қадри, вақтнинг уволи деган тушунчалардан бехабар  хотинларга кўзингиз тушгандир? Уй бекасининг вазифаси деганда уйларни нари-бери супуриб-сидириш-у, овқат тайёрлашнигина англайдиган бу тоифа хотинлар фарзандларини телевизорга, компьютерга «топшириб», эртадан-кечгача фойдасиз валақлашиш билан вақт ўтказадилар. Энг ёмон жиҳати шундаки, бу хотинлар ўз хатти-ҳаракатларидан фарзандлари ўрнак олаётганини, оқибатда ғийбат ва иғводан ҳазар қилмайдиган, гуноҳдан қўрқмайдиган, вақтнинг қадрига етмайдиган, маънавиятини бойитиш ўрнига, ҳуда-беҳуда гап-сўзлар урчийдиган давраларда умрини совурадиган авлод етишишини ва бундай кимсалар туфайли қанча-қанча одамларнинг азоб тортишини, қанча оилаларда парокандалик юз беришини, яқин одамларнинг орасига совуқчилик тушиб, меҳр-оқибат ришталари узилиши тайинлигини фикр қилмайдилар.

Имом Аҳмад ибн Қудома Мақдисий: «Ким фойдали ишларни тарк қилиб, бемаъни сўзларни айтиш билан машғул бўлса, у гўё гавҳарни олишга қодир-у, аммо унинг ўрнига кесак олган одамга ўхшайди. Бу абадий ҳасратдир!», дейдилар. Биз – «одам гўшти солинган ғийбат товоқлари олди-бердиси»га берилиб кетганлар, абадий ҳасратда қолиб кетишимиз мумкинлигидан огоҳ эмасмиз.

* * *

Анас ибн Молик розиялооҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар алайҳиссалом дедиларки:

Меърожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен:

Эй  Жаброил, улар ким? – деб сўрадим.

Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб (ғийбат қилиб), обрўларини тўкканлар, деб жавоб берди».

(Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган)  

* * *

БЕТАРАФЛИК КАСРИ

Бизга ғийбат иллатининг оқибатлари ҳам, зарарлари ҳам, ундан келадиган вақтинчалик вақтихушлик ҳам, унинг «кўнгил бўшатиш» ниқобидаги сохтакорлиги ҳам маълум. Негаки, ҳаммамиз ҳам ғийбат қилганмиз, ғийбат қилинганмиз, ғийбатларни индамай эшитганмиз, ғийбатчиларни дўст тутганмиз... Одатда, дийдорлашиш ниятида, соф кўнгил билан ташкил этилган учрашувлар ҳам бироз чўзилса, гап кўпайиб, давра ғийбат олови билан қизий бошлайди. Шундай вақтларда энг ақллиларимиз одатда ғийбатга қўшилмай, уни тасдиқламай ўтиришни маъқул биламиз. Кўпчилигимиз эса Яратганнинг жазосидан кўра даврадаги одамларнинг гап-сўзидан, маломатидан қўрққанимиз туфайли ёки уларга хушомад юзасидан бетараф қоламиз. Айни шу ҳолат – ғийбатга шериклик эканини биров билади, биров билмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг ҳузурида бир биродарининг шаъну обрўсига нисбатан адолатсизлик бўлса, Қиёмат куни келмасидан олдин ўзини бу гуноҳдан фориғ этсин. Йўқса, Қиёматда унинг яхшиликларидан олиниб, озор кўрганга берилади. Агар яхшилиги бўлмаса, у вақтда жабр кўрган одамнинг ёмонликларидан олиб, уникига қўшилади», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Ғийбатчилик, ғийбатга хайрихоҳлик ва ғийбатни тўхтатишга уринмасликнинг касри оиламизга, ишларимизга, фарзандларимизга, атрофимизга - бутун жамиятга бирдек уради.

* * * 

«Ҳазрати Мусонинг қавми қаҳатчиликка учраганда Мусо алайҳиссалом Аллоҳга ёлвориб ёмғир ёғишини тиладилар. Лекин ёмғир ёғмади. Аллоҳ таоло ваҳий йўли билан Мусо алайҳиссаломга билдирдики:

Сизларнинг қавмингиз ичида туҳматчи-ғийбатчилар кўп. Улар бир бирлари тўғрисида гап тарқатишни бас қилмас эканлар, дуоларингиз ижобатга ўтмагай!»

Хожа Каъбул Аҳбордан

* * *

ҒИЙБАТНИНГ ОДАМ ОРГАНИЗМИ, РУҲИЯТИ ВА АТРОФ-МУҲИТГА ТАЪСИРИ

АҚШнинг Мичиган штатидаги Парапсихология университетининг бир гуруҳ олимлари ғийбатнинг одам организми, руҳияти ва атроф-муҳитга таъсири борасида бир неча йиллар давомида қатор илмий тадқиқотлар олиб бордилар. Шундай тадқиқотлардан бирига раҳбарлик қилган олима Лана Хесс хоним тадқиқот тафсилоти ва натижаси ҳақида АҚШнинг «USA Today» газетасига берган интервьюсида шундай дейди: 

– Биз бир хонага шаффоф идишларда тоза булоқ сувларидан қўйдик ва ҳар куни турли тоифадаги одамларнинг шу хонада ўзаро суҳбатлашиб ўтиришларини ташкиллаштирдик. Тадқиқот талабига кўра, бу суҳбатлар йўналишини ғийбатлашишга буриб юборардик ва ҳар кунлик ғийбатлашишлардан сўнг, хонага қўйилган идишлардаги тоза булоқ сувларининг таркибини текширардик. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бир неча кун ғийбатлашилган хонадаги булоқ сувлари таркибида ўрмон балчиқларида учрайдиган бир неча хил хавфли бактериялар пайдо бўлганига гувоҳ бўлдик...

Олиманинг маълум қилишича, ғийбат макони бўлган хонада одамзотнинг бурнига сезилмайдиган бадбўйлик тарқалгани туфайли, кислород танқислиги ҳам келиб чиққан экан.

Тадқиқот гуруҳи аъзоларидан бири – германиялик доктор Анна Мюллернинг айтишича, ғийбат бўлаётган суҳбатда иштирок этиш (эътибор беринг, «ғийбат қилиш» у ёқда турсин, ғийбат бўлаётган суҳбатда иштирок этиш!) кишининг қувват майдони кучсизланишига олиб келади. Натижада организмнинг кўзга кўринмас қора кучларга қаршилик қилиш хусусияти камаяди ва у аста-секин ўша қора кучларнинг таъсир доирасига кириб бораверади, буни халқ тилида оддийгина қилиб «шайтон йўриғига юриш» дейилади.

Олимларнинг таъкидлашича, ғийбатчининг руҳий ва жисмоний ҳолатидаги бузилишлар ҳаётда жуда ачинарли оқибатларга сабаб бўлади, яъни, ғийбат қилишни севадиганлар умри давомида бир қатор психологик бузилишларга, асабийлик, уйқусизлик, кўз нурининг пасайиши, жигар ва юқори қон босими хасталикларига дучор бўладилар. Анна Мюллер хонимнинг маълумотларига кўра, ғийбат қилишдан тийилмайдиган кишиларнинг организмида саратон ҳужайраларининг фаоллашиши ҳам кўп кузатилар экан. Аммо бу ҳали ғийбат касрининг ҳаммаси эмас. Аниқланишича, ғийбатчилик кишининг тез қаришига сабаб бўлар экан. Ғийбат қилаётган кишининг юз мускуллари ғийбат пайтида ноодатий мимикаларни бажаришга мажбур бўлгани важидан юзда қон айланишининг тартиби бузилиб, юз ранги ўзгаради ва эрта ажин босади. Бошқа бировнинг устидан кулаётган одамнинг ҳатто кўз нурида салбий ўзгаришлар сезилади, нигоҳлар совуқ тус олади. Бу эса муқаддас динимизда «Ғийбатчидан иймон нури кетади» дейилган ҳикматнинг илмий исботидир.

* * *

«Агар ғийбатчи хатоларини ўз вақтида тўғриламаса, тавба қилмаса, нафақат у дунёда, ҳатто шу дунёнинг ўзида, ҳам маънан, ҳам жисмонан жазоланади».

Иоҳанн ҲЁТЕ,

немис шоири, мутафаккир олим.

* * *    

Бировни ғийбат қилинса, яшнаб кетадиган, иғво ва туҳматларни жон-қулоғи билан тинглаб, кейин уни иштиёқ билан ўзгаларга етказадиган; етказганда ҳам юз-кўзларига беозор кўриниш бериб, бу гапларни тасодифан эшитиб қолган кишидай; ўзини ғийбат қилинувчига хайрихоҳ кўрсатиб; ўта усталик билан гап ташийдиган кимсалар бўлади. Гап тарқатишдан мақсад аён – иғвога учраган одамнинг обрўсини тўкиш, эл аро беҳурмат қилиш. Ғийбат зарбини еган одамнинг азият чекишини томоша қилиш ғийбатчилар ва гап ташувчиларга ҳузур беради.  Мичиганлик психологлар бундай тоифани руҳий бузилишларга учраган хасталар қаторига қўшишни маъқул кўрмоқдалар. Тадқиқотлар давомида аниқланишича, ғийбат қилмаса туролмайдиган ва мунтазам бошқаларга гап ташийдиган чақимчи-иғвогарларнинг психикасидаги ўзгаришлар гиёҳвандлар ва руҳий хасталикнинг айрим турларига чалинган беморлар психикасидаги ўзгаришлар билан деярли бир хил кечар экан. Ғийбатчилик ва гап ташувчилик «фаолияти» давомида уларнинг мияси соғлом одамнинг мияси каби ишламайди. Шунинг учун ҳам, аксарият ҳолларда улар бор гапни эмас, ёмонлик келтирадиган нарсаларни сўзлайдилар ва ўзларини ҳақ деб биладилар. Қилмишларининг тўғри эканига шубҳа қилмайдилар. Ўзгаларнинг қувончига ёки тинч ҳаётига рахна солиб, қувонадилар.

Бундан шундай хулоса келиб чиқади: ғийбатчи, туҳматчи ва чақимчилар – аслида руҳан ва жисмонан носоғлом одамлардир. Улар – ўз-ўзини жазога маҳкум этган тоифа бўлиб, бундайлар билан маълум бир фаолият юзасидан ёки умумжамиятга тегишли масалаларда ҳамкорлик қилиш фақат ва фақат зарар келтиради.  

ҒИЙБАТНИНГ КАФФОРАТИ

Бирор кишининг бошқа бир одамга «Мен сизни ғийбат қилгандим, шу ишимдан пушаймонман, тавба қилдим, мени кечиринг», деганини ҳеч эшитганмисиз? Кўпчилигимиз бунақа воқеликка ҳеч қачон гувоҳ бўлмаганмиз. Одамлар ҳатто энг бемаъни туйғулар, аҳмоқона хатти-ҳаракатлари билан ҳам мақтангилар келади. Аммо ғийбатчилик шу қадар тубанликки, уни ҳеч ким тан олишга ботинмайди.

Ибн Абу Дунё ривоят этган ҳадиси шарифда айтилади: «Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилдиларки:

– Ғийбат қилишдан сақланинглар! Дарҳақиқат, ғийбат – зинодан қаттиқроқдир. Баъзан киши зино қилади, шароб ичади, кейин ҳақиқий тавба қилиб, бу амалларни такрорламайди. Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Ғийбат қилувчи эса то ғийбат қилинган одам уни авф этмагунича мағфират қилинмайди». 

Имом Ғаззолийнинг фикрларича, «ғийбатчи икки жиноятни қилган бўлади. Биринчидан, унинг бу иши Аллоҳ таолонинг амрига зид – У қайтарган ишни қилиш билан жиноят содир этди. Бунинг каффорати – қилмишидан астойдил пушаймон бўлиб, тавба қилишдир. Иккинчидан, ғийбатчи инсонларнинг шаън-обрўсига зиён етказди. Агар унинг ғийбат-туҳматлари ғийбат қилинувчига етиб борган бўлса, ғийбатчи у одамдан кечирим сўраши шарт. Агар ғийбатлари етиб бормаган бўлса, ғийбатчи ғийбат қилган одамининг гуноҳлари кечирилишини сўраб, у одам учун истиғфор айтиши керак». Бу нарса ҳадиси шарифларда ҳам келган бўлиб, ғийбат қилувчи ғийбат қилган одамининг гуноҳлари кечирилишини сўраб дуо этади, ҳатто у вафот этиб кетган бўлса ҳам.

Мен ғийбатчиларни ўғриларга ўхшатаман – улар ғийбат қилаётган одамларининг гуноҳларини, айбларини «ўғирлайдилар». Таъбир жоиз бўлса, бошқаларнинг гуноҳига кўнгилли равишда «ҳаммол»лик қиладилар: уларнинг гуноҳларини олиб, ўз елкаларига ортадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларки: «Қиёматда баъзи бандалар ўз номаи аъмолларида ҳеч бажармаган ибодатларнинг савоблари ёзилганини кўрарлар ва ҳайронликларига шундай жавоб оларлар: «Булар сени ғийбат қилганларнинг савобларидир» (Табароний ривояти).   

Имом Мақдисий ҳазратлари «Беҳуда сўзловчининг йўлида катта хатарлар бор» деганларида, балки шу дўзахий хатарни кўзда тутгандирлар... 

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Мен, Аллоҳга беҳисоб шукр, яқин йиллардан бери Мuslimаat.uzrdquo, Bintu Sodiqrdquo давоми...

22:04 / 25.11.2023 3115
Мусҳафи шариф иштиёқи httpswww.youtube.comwatchvrHeviP8P3nIampfeatureyoutu.be

20:03 / 06.07.2018 3482