Мусулмон аёлнинг ҳурмат-эҳтироми
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолибди. Ваъз, насиҳат қилибди.

«Эй Умар, дебди аёл, яқиндагина Умарча, деб аталардинг, улғайганингдан сўнг, эй Умар, деб аталадиган бўлдинг. Энди эса, эй, амирал мўминин, деб аталмоқдасан. Аллоҳдан қўрққин! Эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекорга ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади, деб яна сўзини давом эттираверибди аёл.

Ҳазрати Умар бўлсалар, жим қулоқ солиб тураверибдилар. Атрофидагилар у кишига: «Эй, мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?» дейишганда, ҳазрати Умар уларга жавобан: «Аллоҳга қасамки, у куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу Хавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Оламларнинг Роббиси унинг сўзини эшитади-ю, Умар эшитмасмиди?!» деганлар.

Ҳа, ўз сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан туриб эшитадиган, фикрини қабул қилиб, истагини шариат қилиб қиёматгача юритиб қўядиган аёлларни фақат Исломгина етиштира олади. Оламга донғи кетган, ҳар қандай ботир ҳам номини эшитганда титроққа тушадиган забардаст халифани кўчада тўхтатиб олиб хоҳлаганича насиҳат қила оладиган аёлни ҳам, фақат Ислом етиштиради, холос.

Ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, уларнинг аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.

Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларга фарз қилмаган, лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос ишлар ила тенглаштириб, уларнинг эркаклар билан тенг ажр олишларини жорий қилган. Мисол учун, аёлларнинг туғишдаги қийноқларини эркакларнинг душманга қарши жиҳодларига тенглаштирилган. Бу маънолар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан муслима аёллар шарофати ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баён қилинган.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Асмаъ бинти Зайд ал-Ансория розиаллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули! Мен ортимдаги муслима аёллар жамоасининг элчисиман. Улар менинг сўзимни айтадилар ва менинг фикримга ўхшаш фикрдалар: Албатта, Аллоҳ сизни эркак ва аёлларга юборган. Биз сизга иймон келтирдик ва эргашдик. Биз – аёллар жамоаси – тутилиб, ўралиб, уйда ўтириб қолганмиз. Эркакларнинг шаҳват мавзеъси, болаларингизнинг кўтарувчиларимиз. Эркаклар жамоат ва жанозага ҳозир бўлиш ила афзал қилиндилар. Қачон улар жиҳодга чиқсалар, уларнинг молларини муҳофаза қиламиз, болаларини тарбия қиламиз, уларга ажрда шерик бўламизми?!» деди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак юзларини ўз саҳобаларига ўгириб қарадилар-да:

– Ўз дини ҳақида ушбу аёлдан кўра яхшироқ савол берган аёлнинг гапини эшитганмисизлар? дедилар.

– Йўқ, эй, Аллоҳнинг Расули, дейишди улар.

– Эй Асмаъ, қайтиб бориб, ортингдаги аёлларга билдирки, албатта, сизнинг бирингизнинг яхши эр тутиши, унинг розилигини исташи, мувофиқ бўлганига эргашиши сен зикр қилган нарсаларга тенг келади, – дедилар.

Асмаъ ўзига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсалардан севинганидан «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб, қайтиб кетди».

Исломий нуқтаи назардан бола тарбияси, келажак авлодни кўнгилдагидек қилиб етиштириш, оила мустаҳкамлиги аёлларнинг кўчага чиқиб ўзига мос бўлмаган ишларни қилиб, тўрт-беш танга пул топганидан, аскарлик қилганидан ёки асфальт ётқизганидан афзал ҳисобланади.

Ислом шариати ҳукми бўйича, муслима аёл бошқаларга сиёсий бошпана бериш ҳаққига ҳам эгадир.

Макка фатҳи куни Умму Ҳониъ бинти Абу Толиб бир душман мушрикни ўз ҳимоясига олиб, бошпана берган. Кейин укалари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу буни билиб қолиб, ўша душман мушрикни ўлдирмоқчи бўлганлар. Шунда Умму Ҳониъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган гапни айтганида, У Зот алайҳиссалом: «Эй, Умму Ҳониъ, кимни ҳимоянгга олган бўлсанг, биз ҳам уни ўз ҳимоямизга олдик. Кимга омонлик берган бўлсанг, биз ҳам унга омонлик бердик», деганлар. Абу Довуд ривоят қилган.

Исломдан олдин аёл киши меросдан мутлақо маҳрум қилинар, эри ўлганда эса аёлни мерос тариқасида эрнинг қариндошларидан бири олар эди. Кейин, хоҳласа, ўзи хотин қилар, хоҳласа, бошқага эрга бериб, маҳрини ўзи олар эди. Ислом бу золим ҳукмларни ботил этиб, аёл кишининг ҳам меросдан насибаси борлигини эълон қилди.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин – фарз қилинган насибадир», деган (7-оят).

Исломда давлат раҳбарини сайлаш, унга итоатни эълон қилишни «байъат» дейилади. Бу энг муҳим сиёсий ҳақ эканлиги ҳаммага маълум. Қуръони Каримда эркаклар билан бир қаторда аёлларга ҳам байъат қилиш ҳуқуқи берилган.

Аллоҳ таоло «Мумтаҳана» сурасида: «Эй Набий, агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга яхшилик ишда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, бас, уларнинг байъатини қабул қил. Ва Аллоҳдан уларни мағфират қилишини сўра. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимлидир», деган (12-оят).

Энди, аёл кишининг ишлаши ҳақида икки оғиз гаплашайлик. Аввало, эркак бўлсин, аёл бўлсин – «Нима учун ишлайди?» деган саволни берайлик. Албатта, тирикчилик қилиш учун, яхши маишат ўтказиш учун, деган жавобни оламиз. Ундоқ бўлса, тирикчилиги ўтиб турган, маишати етарли бўлиб турган аёл кишининг болаларини, оиласини ташлаб қўйиб, кўчага чиқиб ўзига мос бўлмаган ишни қилишига нима ҳожат бор? Баъзилар «Аёл киши ўз меҳнати ила жамияти тараққиётига ҳисса қўшиши керак эмасми?», дейиши мумкин. Уларга «Эртаю кеч далада эзилиб меҳнат қилган, пахта териб заҳарланган, боласини эмизадиган сутидан заҳар чиқадиган аёл жамият учун фойдалими ёки мазкур оғир ишларни эрига қўйиб, жамият учун керакли фарзандларни яхшилаб тарбиялаб ўстирган, оиласини мустаҳкам қилган аёл жамият учун фойдалими?» деган қарши савол берилади.

Шу билан бирга, Исломда жамиятга зарур бўлиб қолганда, эркаклар уддасидан чиқа олмай қолганларидагина аёлларни ҳам ишга таклиф қилиш, ҳатто урушда қатнаштириш ҳам борлиги эслатиб ўтилади.

Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли маишат билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилгани, шунингдек, жамият учун керакли оғир ишларни бажариш ҳам эркакларга юклатилгани учун, аёлларни ҳурматлаб, уларга ишлаш масъулияти юклатилмаган.

Бундан кейин аёлларнинг заруратсиз ишлашларининг яна бир сабаби қолади. У ҳам бўлса, иш баҳонаси билан оила доирасида қила олмай юрган ҳаром-хариш ишларини қилиш ёки оддий кўнгилхуши учун бўлади.

Исломда ҳаром-хариш ишлар мутлақо ҳаром қилингани ҳаммага маълум. Кўнгил хушини эса ишлаб туриб қилгандан, ишламай қилганлари аёлларнинг ўзи учун яхши бўлса керак.

Яна бир бор таъкидлаш лозимки, Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган.

Ёш болаларнинг тарбия ва таълим ишлари аёлларнинг иши ҳисобланади. Хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш аёлларнинг иши ҳисобланади.

Мутақаддим Ҳанафий фақиҳларидан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди», деганлар.

Шунингдек, аёл киши эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, оиласи муҳтож бўлганда ҳалол йўл билан, ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Яъни ўзи хоҳласа, ишлайди, бўлмаса, биров уни мажбур қила олмайди. Баъзи уламоларимиз: нодир қобилиятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади, деганлар.

Қолган пайтларда аёл кишини ишлашга мажбур қилиш йўқ. Уни турли йўллар билан ташвиқот қилиб, арзон иш кучи сифатида эзишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёл-қизларни тонг саҳарда далага ҳайдаб кетиб, хоҳлаганича ишлатиб, тун қоронғусида қайтариб олиб келишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб, уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Мавзуга оид мақолалар
Ислом тарихида жуфти билан жуда кам учрашган, Ислом ила шарафлангач, қайта ҳаётга келган одамнинг давоми...

12:28 / 01.12.2017 4648
2013 йил 1 февралда АҚШдаги муслима аёллар ташкилоти мусулмон бўлмаган аёллар ҳамда ҳижоб киймайдиган давоми...

18:55 / 09.12.2016 2714
Агарда сиз стресс, тушкунликдан қутулмоқчи бўлсангиз, нафсингизга бир назар солишингиз керак. Бу каби давоми...

21:20 / 08.05.2023 2663
bull Сиз ҳар тонгда уйқудан уйғонибоқ телефонингизни қидирасизмиАгар шундай бўлса, сиз кенг тарқалаётган давоми...

22:03 / 10-yanvar 1714