СИЗ ҚАНДАЙ «ОСТОНА»СИЗ?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ривоятларда айтиладики, ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом бир куни ўғиллари ҳазрати Исмоил алайҳиссаломни кўргани келибдилар. Бу вақтда ҳазрати Исмоил уйларида эмас эдилар. Ҳазрати Иброҳимни келинлари қарши олди. Келин қайнотани танимас эди. Сабаби ҳазрати Исмоил болаликдан оталаридан алоҳида яшаганлар ва улғайганларида ўз атрофларидаги бир қабиланинг қизига уйланган эдилар. У вақтда ҳозиргидек имкониятлар бўлмаганидан Иброҳим алайҳиссаломнинг узоқдаги ўғлидан хабар олишлари қийинроқ эди. Шунинг учун бир келганларида ўғиллари оилали бўлган эканлар. У кишини келин қарши олди. Салом-аликдан сўнг ота ҳазрати Исмоилни сўрадилар. Келин:

  • Биз учун ризқ талабида чиқиб кетган, – деди.
  • Тирикчиликларингиз қандай? – дедилар ҳазрати Иброҳим.
  • Қийинчиликда кун кечиряпмиз, – деб келин ўзи учун нотаниш бўлган кишига ҳолидан шикоят қилиб кетди. Шунда ҳазрати Иброҳим:
  • Эринг келса, мендан салом айт. Яна унга айтгинки, уйининг остонасини алмаштирсин! – дедилар ва ортга қайтдилар.

Ҳазрати Иброҳим шунча йўлдан машаққат чекиб келдилар, ўғилларини кўра олмаган бўлсалар ҳам у кишига муҳим насиҳат айтиб кетдилар.

Шундан сўнг ҳазрати Исмоил алайҳиссалом келдилар ва аҳлларидан ҳол сўрадилар.

  • Бизникига нотаниш бир чол келиб-кетди, – дея аёл совуққина жавоб қилди.
  • У сенга бирор нарса дедими? – дедилар ҳазрати Исмоил қизиқсиниб.
  • Ҳа, сизга салом айтди, – деди аёл.
  • Сенга бирор тавсия қилдими? – деб сўрадилар Исмоил алайҳиссалом.
  • Ҳа, уйингизнинг остонасини алмаштиришингизни тавсия қилди.
  • У киши менинг отам, «остона» эса сенсан, – дедилар Исмоил алайҳиссалом. – Сенинг жавобингни беришимни тавсия қилибдилар, қавмингга боравер, – деб ҳазрати Исмоил аёлининг жавобини бердилар.

Дарҳақиқат, рўзғорда баъзан тўқчилик, баъзан йўқчилик бўлади. Бу табиий ҳолат. Ҳаёт ҳамиша бир текисда кетавермайди. Қийинчилик, машаққатлар ортидан гўзал кунлар келади. Мана шу қийинчиликларга сабр қилган кишигина ўша кунларга етади. Салга нолиб, шикоят қилиб, айниқса, оилавий сир бўлган бу ҳолатни нотаниш кишига айтиш муносиб иш эмас. Мана шу нарсани ўйламай иш қилган бир аёл оиласи барбод бўлишига сабаб бўлди. Бу биз ўрнак олишимиз керак бўлган муҳим ривоятлардандир. Жумладан, аёллар, ёш келинлар. Буюк пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом аёлни остонага ўхшатган эканлар. Чунки уйга кириш остонадан бошланади. Остона уйнинг қандай эканига баҳо беришимиз учун дастлабки омилдир. Эшикдан келган ҳар бир кишига дардни айтавериш ёмон остона каби бўлар экан. Парвардигори оламнинг каломи шарифида ҳам эр-хотин бир-бири учун либос экани айтилган. Либосимиз танамизнинг айбларини, бошқалар кўриши мумкин бўлмаган жойларимизни беркитгани каби эр-хотин ҳам бир-бирининг айбларини, бошқалар билиши керак бўлмаган жиҳатларини яшириши лозим. Мана шу яхши «остона»нинг ишидир. Сиз қандай «остона»сиз?

Ғиёсиддин Юсуф

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, ҳазрат. Сиздан айрим нарсалар ҳақида сўрамоқчи эдим. давоми...

09:35 / 05.12.2016 6010
Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли, танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган давоми...

22:47 / 19.07.2023 1881
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм  Ассалому алайкум, азиз мухлисалар Бугун 29 декабрь куни Мавлиди шариф давоми...

09:41 / 23.02.2017 5540