НУБУВВАТ ХОНАДОНИДАН МУҲАББАТ ҚИССАСИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кириш

Муҳаббат энг бетакрор инсоний туйғулардан бўлиб, қадимдан барча жамиятлар ҳаётида юқори ўрин тутган. Хусусан, икки жинс вакиллари ўртасидаги муҳаббат мавзуси барча завқи соғлом инсонларни ҳамиша ўзига ром этиб келган. Исломият тарихида ҳам бу мавзуга ўзига хос эътибор қаратилган эса-да, афсуски, буни кўпчилик яхши билмайди.

Одатда Ислом ҳақида гапирганимизда асосан жиддий мавзулар ‒ ростгўйлик, ҳақиқатпарварлик, адолат, ибодат, сиёсат, риёзат ва бошқа шу каби масалалардан сўзлайверганимиздан Исломда севги-муҳаббатга ўрин йўқдек кўринади. Ислом тарихи, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳақидаги суҳбатларимизда ҳам кўпинча ана шундай жиддийлик билан чекланиб қоламиз. Бироқ, башарият ҳаёти фақат шу мавзулардан иборат эмас, ахир! Аллоҳ таоло инсоният ҳаётини хилма-хил туйғулар, бетакрор шуурлар билан рангдор, тотли қилган экан, У Зот Одам болалари учун нозил қилган илоҳий таълимотларида, соф табиат динида бу жиҳатни эътибордан соқит қилиши мумкин эмас эди. Шу боис, Қуръон ва Суннатда бу борада ўзига хос ўрин борлигини кузатиш мумкин. Зотан, Ислом инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган.

Аллоҳ таоло Рум сурасида шундай марҳамат этади: «У Зотнинг оятларидан (мўъжиза ва неъматларидан) бири ‒ сизларга ўзларингиздан жуфтлар яратиб, орангизга севги ва меҳр солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган одамлар учун оят-белгилар бордир» (21-оят).

Ушбу ояти каримада эр-хотин ўртасидаги муҳаббат илоҳий чизги бўлиб, Аллоҳ таолонинг қудрати белгиларидан экани таъкидланмоқда. Бироқ, У Зот Ўз шариатида ушбу муҳаббатнинг ҳалол-пок йўл билан, никоҳ воситасида бўлиши лозимлигини қайдлаш орқали инсон зотини шарафлаган ва имтиҳон қилишни ирода этган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари барчамиз учун барча жиҳатдан гўзал ўрнакдир. У зотнинг нафақат масжиддаги ёки жамият ўртасидаги сийратлари, балки хонадонларидаги тутумлари ҳам сизу бизга жуда кўп ҳаётий ҳақиқатларни кўрсатиб беради. Шу боис, нубувват хонадонида эр ва хотин ўртасидаги муҳаббат ва вафо қандай бўлганини Набийимизнинг жигарбандлари Зайнаб бинт Муҳаммад ва домодлари (куёвлари) Абу Ос ибн Рабиъ мисолида баён этмоқчимиз.

Зайнаб ва Абу Ос

Муҳаммад алайҳиссалом табиатан мулойим, меҳрибон киши эди. Ҳеч қачон биров билан жанжаллашмаган, биров билан уришмаган. Ҳамиша заифлар, бечораларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринарди, зотан, у киши яшаётган жамиятда адолатсизлик, ҳақсизлик ҳукмрон эди. Хусусан, аёлларга бўлган муносабат жуда ҳам аянчли ҳолатда эди. Иш шунга бориб етган эдики, одамлар қиз кўришдан ор қилишарди, ҳатто айрим жоҳиллар қизалоқларни тириклайин кўмишгача боришарди. Муҳаммад алайҳиссалом жоҳилиятнинг бу жирканч одатларидан, ваҳшийликларидан ҳамиша озурда бўлиб, қаттиқ нафратланар эди.

Муҳаммад алайҳиссалом 25 ёшга тўлганида Хадича бинт Хувайлид деган номдор, олийжаноб аёлга уйланди. Аллоҳ бу бахтиёр оилага ўғил фарзанд берди. Унга Қосим деб исм қўйишди. Улар ўғил кўрганларидан хурсанд эсалар-да, қиз фарзанд кўришни ич-ичларидан қаттиқ исташар, орзулар эдилар. Айниқса, Муҳаммад алайҳиссалом қиз туғилса, жоҳилият аҳлининг қизалоқларга бўлган золимларча муносабатига акс ўлароқ, каримасига чексиз меҳру шафқат кўрсатиб, уни ардоқлаб, жамият учун керакли, оиласи учун фидокор, баркамол аёл қилиб тарбиялаб, аёл зотининг асл ҳақиқатини, унинг қанчалар кераклилигини, қадр-қийматини одамларга кўрсатиб қўйишни қалб-қалбдан истар эди.

Афсуски, Қосим узоқ яшамади, бир ярим ёшида вафот этди. Орадан уч йил ўтиб, яна узоқ кутилган хурсандчилик онлари бўй кўрсатди. Оилада тўнғич қиз дунёга келди. Унга яхши ниятлар билан серсоя, гўзал бир дарахтнинг номидан келиб чиққан, жамолу баркамоллик маъносини англатувчи исм қўйишди – қизалоқни Зайнаб деб аташди.

Зайнаб жуда ҳам ёқимтой, гўзал қиз бўлди. Унда отасининг ақлу заковати, онасининг ҳусну латофати балқиб турарди. Ҳали гўдак бўлишига қарамай, қилиқлари катталарникидек маънили, сўзлари залворли эди. Нигоҳидан ақлу фаросати барқ уриб турарди. Ота-онаси Зайнабни жуда ҳам севиб, эркалашса-да, у асло ўзидан кетиб қолмас, талтаймас эди.

Зайнабнинг Ҳола бинт Хувайлид исмли холаси бор эди. У жуда ҳам келишган, фаросатли аёл эди. Опаси Хадижага ўхшаб кетарди, юриш-туришлари, ҳатто овози ҳам уни эслатар эди. Ҳоланинг Лақит исмли ўғли бўлиб, уни эркалатиб Абу Ос дейишарди. (Абу Ос ‒ исёнкорлик маъносидан келиб чиққан куня бўлиб, ўжар, қатъиятли одам деган маънода ишлатилган.)

Абу Ос ибн Рабиъ кўҳлик, кўркам қоматли, мард ва жасур йигит бўлиб тарбия топди. У ўта ростгўйлиги, бағоят ориятли, самимий ва босиқлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. У Макканинг энг кўзга кўринган навқирон йигитларидан, саноқли ишончли кишиларидан бири эди. Уни кўрган ҳар қандай она уни қизига куёв қилишни орзу қилиб қоларди.

Зайнаб эндигина ўн ёшга тўлган бўлса-да, вояга етиб, қизлик ҳусни кўзга ташланиб қолди. У пайтларда қизлар эртароқ етилар, эрта турмуш қуришга лаёқатли бўлар экан. Шу боис, у даврда арабларда қизларни 9-10 ёшида турмушга бериш оддий ҳол эди.

Абу Оснинг Зайнабга кўнгли тушиб қолди. Холаси ҳам уни куёв қилишни дилида тугиб юрган эди. Бу ишни бўлдириш учун жуфти ҳалолига бироз ишора қилиб, оғиз очиб ҳам қўйди. Аммо ишни ҳал қилиш Абу Оснинг ўзига боғлиқ эди. У журъатли, самимий йигит бўлганидан ва қизнинг отаси олийжаноб инсон эканини яхши билганидан ҳеч иккиланмай, ўзи совчи бўлишга қарор қилди.

Қайната бўлмиш кишини маккаликлар Муҳаммад Амин, яъни ишончли Муҳаммад деб чақиришарди. «Нега уни бундай номлайсизлар?» дейилса, «Чунки у ўта ростгўй, омонатдор, асло ёлғон сўзламайди, ичимиздаги энг ишончли одам», дейишарди. «Қайнота-куёв ўртасида нисбат бўлади» деганларидек, Абу Ос ҳам ўта тўғри, покиза йигит эди. Шу боис, у Зайнабга бўлган муҳаббатини яшириб ўтирмади, бевосита қизнинг отасига ўз муддаосини изҳор қилди.

Ҳар бир суҳбатдошини яхши тинглаб, яхши тушуниб, яхши қабул қилишга одатланган Муҳаммад алайҳиссалом Абу Оснинг совчилигини ҳам самимий қарши олди. Зар қадрига заргар етади деганларидек, унинг совчилигини биринчи дафъадаёқ қабул қилди: «Эй Абу Ос, биз сени мард, тўғри инсон деб биламиз, таклифингга қаршилигимиз йўқ. Бироқ, Зайнабнинг ўзидан изн олишим керак», деди.

Зайнаб иффату ҳаё даргоҳида униб-ўсгани боис, ўта иболи қиз эди. Отаси ҳам табиатан тортинчоқ одам. У киши қизига ўта эҳтиёткорлик, ҳассослик билан мунобасатда бўларди. Бу гал совчилик ҳақида сўз очишга тўғри келгани учун янада эҳтиёткор бўлиш керак эди. У киши бу мавзу нозик бўлганидан ўта пардали сўз сурди: «Қизим, холангизнинг ўғли Абу Ос сизни зикр қилмоқда», деди. Зайнаб зийрак бўлгани учун гапнинг мазмунини дарҳол тушунди ва ним табассум қилди-ю, беихтиёр юзлари қизариб кетди, лекин лом-мим демади. Ота бу ҳолат розилик аломати эканини пайқади-да, бошқа гапга ўтмай, қайтиб чиқиб кетди ва Абу Осга розилик билдирди.

Ўша даврнинг урфига кўра тўйга тайёргарлик кўрилди. Гувоҳлар иштирокида никоҳ ўқилди. Никоҳ кечаси Хадижа Зайнабга яхши тилаклар билан ўзининг бўйнидаги маржонни совға қилди. Зайнаб бундан жуда ҳам қувониб кетди. «Бахтли-тахтли бўлиб, ўзларидан кўпайишсин», деган мазмунда дилизҳорлар янгради.

Зайнабнинг Руқайя ва Умму Кулсум исмли сингиллари ҳам бор эди. Бу хонадоннинг фазилати барчага маълум бўлганидан у ерда тарбия топган қизлар қавм ўртасида талаш эди. Тўнғич қизнинг узатилаётганидан хабар топган қариндошлар хонадоннинг кейинги қизларини қўлдан чиқармаслик учун мусобақалашиб кетишди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакиларидан бири Абу Лаҳаб ҳаммадан бурун отни қамчилаб, ўзинининг икки ўғли – Утба ва Утайбага Руқайя ва Умму Кулсумнинг қўлини сўраб келди. Отадан етим қолиб, амакиларига ўзгача эҳтиромда бўлган Муҳаммад алайҳиссалом Абу Лаҳаб ва унинг хотини Умму Жамилнинг хулқи ёмонлигини билса-да, қариндошликни бағоят риоя қилганидан совчиларга розилик берди. Қизларнинг волидаси Хадижа она бўлажак хотинқуданинг тили заҳар, бадхулқлигини ўйлаб, бу ишга қаршилик қилгиси келди, лекин йигитлар ўз хожасининг амакиваччалари экани эътиборидан, у зотни ўта эҳтиром ва эҳтиёт қилганидан, қолаверса, катта қизини ўз жиянига бера туриб, энди кейинги қизларини узатишда эрининг уруғини рад этишдан андиша қилиб, ўзини тўхтатди. Шундай қилиб, Руқайя Утбага, Умму Кулсум Утайбага никоҳланди. Бироқ, бу унаштириш мазмунидаги муносабат бўлиб, келин қилиб тушириш кейинроққа белгиланди.

Зайнабнинг тўйидан кейин Абу Ос тижорат учун Шом томон сафар қилди. У пайтларда бундай узоқ масофали сафарлар кўп муддат талаб қилар, ойлаб вақт кетар эди. У сафардалигида нафақат Маккада, балки бутун оламда катта ўзгариш рўй берган, олам узра нур таралган эди: Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий нозил бўлиб, у зот охирзамон пайғамбари бўлган эдилар. У зотнинг рисолатларини жуфти ҳалоллари Хадижа розияллоҳу анҳо биринчи бўлиб тасдиқлади. Тўнғич қизлари Зайнаб ҳам отасини яхши билганидан, у зотнинг ростгўйлигига заррача шубҳа қилмаганидан хабарни эшитган заҳоти, иккинчи ваҳийдан кейиноқ иймон келтирди. Бироқ Абу Ос буларнинг барчасидан бехабар эди.

Абу Ос сафардан қайтганида аёли Зайнаб унга янги дин хабарини берди: «Хожам, биласиз, мен сизни жуда ҳам ҳурмат қиламан, яхши кўраман. Сиз ақл-идроки ўткир одамсиз. Отамни яхши биласиз, ўта ростгўй, олийжаноб инсонлар, ҳаргиз ёлғон гапирмаганлар. Аллоҳ у зотни охирзамон пайғамбари қилиб сайлади, ваҳий нозил бўлмоқда. Биз, онам, сингилларим ‒ барчамиз отамнинг пайғамбарликларига иймон келтирдик. Сиз ҳам мусулмон бўлсангиз, бахтимиз яна ҳам мукаммал бўлар эди, икки дунёда саодат қучардик», деди. Абу Ос бироз аччиқлангандек бўлди-ю, ўзини тўхтатиб, босиқ овозда шундай жавоб берди: «Биламан, отангиз ҳеч ёлғон сўзламаганлар. Бутун қавм у кишини энг ишончли одам деб билади. Мен у кишини ёлғон даъво қилмоқда, дея олмайман. Аммо одамларнинг «Ота-бобосининг динидан қайтиб, хотинининг динига кирибди», дейишларини кўтара олмайман. Бу менга тўғри келмайди. Сизнинг ихтиёрингиз ўзингизда, менинг қаршилигим йўқ. Лекин иккимизнинг айри эътиқодда бўлишимиз орамизни бузмайди деб умид қиламан», деди. Зайнаб эрини тўғри тушунди, унга бўлган эҳтирому муомаласини заррача ўзгартирмади ва дилдан унга ҳидоят сўрашда давом этди.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг даъватлари аста ёйилиб, одамларнинг қалбини бирма-бир ром этиб борган сари Макка зодагонларининг қаршилиги кучайиб борди. Яқиндагина у зотнинг қизларини келин қилиш илинжида ҳеч кимга йўл бермай, қўярда-қўймай қўл қоққан амакилари Абу Лаҳаб энди энг катта душманга айланган эди. У ўғиллари Утба билан Утайбага: «Муҳаммаднинг қизларини талоқ қиласанлар, токи у ўзи билан, оилавий ташвиши билан овора бўлиб қолсин», деб буюрди. Улар бу гапни сўзсиз қабул қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизларини талоқ қилганларини эълон қилишди. Бу ҳам у зотга кутилмаган зарба бўлди.

Абу Лаҳабнинг ўғиллари қилган беандишаликдан руҳланган мушриклар Абу Оснинг олдига келиб, «Сен ҳам Муҳаммаднинг қизини талоқ қил, биз сенга Қурайшнинг қизларидан хоҳлаганингни, энг гўзалини ўзимиз олиб берамиз», деб роса қисташди. Лекин Абу Ос қатъият билан: «Асло, мен жуфти ҳалолимни ҳеч бир аёлга алмаштирмайман. Менинг маҳбубамни бошқа биров хотин қилишига ҳаргиз йўл қўймайман», дея рад жавоб берди.

Шу орада Абу Ос билан Зайнаб ўғил кўрдилар. Унга Алий деб исм қўйишди. Орадан кўп ўтмай, қизлик ҳам бўлиб, уни Умома деб номлашди. Эр мушрик, хотин муслима бўлса-да, ораларидаги муҳаббат сўнмаган, бир-бирларини ниҳоятда эҳтиётлашар, ҳурмат қилар эдилар. Айниқса, Зайнаб турмуш ўртоғининг ҳидоят топиши умидида кўз ёши билан тўхтовсиз дуо қилар, отасидан маслаҳатлар олар, қўлидан келган барча чорани кўриб борар эди. У эрининг мусулмон бўлиши илинжида унга янада меҳр кўрсатар, гўзал ахлоқу ширин муомаласи билан уни Исломга даъват қилар эди. Қўполлик, дағаллик, манманлик каби иллатлар унинг табиатида йўқ эди.

Зайнаб йигирма ёшида оғир жудоликка учради: онаси бироз беморликдан сўнг оламдан ўтди. Бу айрилиқ нафақат Зайнаб учун, балки ўша пайтдаги бутун мусулмон уммати учун катта мусибат бўлди. Мўминлар ўзларининг энг меҳрибон ҳомийлари, Пайғамбарларининг суянчиғи бўлган жуфти ҳалолларидан, маънавий оналаридан айрилдилар. Айниқса, Зайнаб онасига жуда ҳам суянар эди. У оилапарварликни, эрга вафо ва садоқатни айнан онасидан ўрганган эди. Қачон бирор муаммога дуч келса, онасидан маслаҳат олар, шу билан ҳаёт қийинчиликларини осонлик билан енгиб борар эди. Мусулмон бўлмаган эр билан қандай муносабатда бўлиш, оилани қандай қилиб асраб қолиш борасида ҳам унга кўпроқ онаси йўл-йўриқ кўрсатиб турар эди. Энди эса унинг ана шундай самимий, дардкаш, оқила маслаҳатгўйидан айрилиб қолган эди.

Макка мушрикларининг зулми ортиб, мусулмонлар учун у ерда яшаш хатарли бўлиб қолди. Айни пайтда Ясрибдаги мўминлар ўз динқардошлари учун бағрларини очиб, уларни ўз юртларига таклиф қилаётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга Ясрибга ҳижрат қилишни буюрдилар. Мусулмон оилалар бирин-кетин йўлга тушишди. Зайнаб яна икки ўт орасида қолди. У отасининг олдига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, отажон, сиз мусулмонларга Ясрибга ҳижрат қилишни буюрибсиз. Мен-ку амрингизга сўзсиз итоат этгум. Лекин ўзингиз биласиз, эрим мусулмон эмас, у боргани кўнмайди. Агар рухсат берсангиз, мен эрим ва болаларим билан шу ерда қолсам», деди. Ҳикмат соҳиби бўлган меҳрибон ота: «Майли, қизим, сиз оилангиз билан бўлинг, аммо ўзингизни эҳтиётланг, иймонда собит туринг», деб қизга далда бердилар.

Зайнаб барча яқинлари-ю диндош дугоналарини кузатиб, оиласи билан Маккада бир ўзи қолди. У эрининг муруввати ва муҳаббатига вафо қилишни ўзининг бурчи деб билди. Эри мушрик бўлса-да, унинг яхшиликларини қадрлашни истади, бунинг учун ҳар қандай машаққатни кўтаришга тайёр турди. У бир тарафдан динқардошларидан айрилиб ёлғизланган бўлса, иккинчи тарафдан мусулмонларга нисбатан буғзу адовати тўлиб-тошган қавмнинг ичида уларнинг таънаю маломатларига нишон бўлар эди. Бироқ, Аллоҳга иймону ишончи ва жуфти ҳалолига бўлган муҳаббату садоқати туфайли уни ҳеч бир қийинчилик енга олмас эди. Оиласини бус-бутун кўриб туришнинг ўзи унинг учун энг катта юпанч ва таянч эди.

Мусулмонлар Ясрибга боргач, у ерни Мадина деб номладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом жамияти кун сайин тараққий этиб, кучланиб борар эди. Бундан ғазабланган Макка мушриклари юртдан чиқиб кетган мусулмонларни минг турли айблар билан айблаб, ҳақсиз деб эълон қилишди ва уларнинг Маккадан қолган мол-мулклари, уй-жойларини мусодара қилиб, савдо карвонига қўшиб юборишди. Карвон Шомга бориб-келишда Мадина яқинидан ўтар эди. Ҳодисалардан хабар топган мусулмонлар карвонни қўлга киритиб, ўз мулкларини тортиб олиш ниятида Бадр деган жойга чиқишди. Уларнинг ҳаракатлари ҳақида эшитган Макка мушриклари эса мингга яқин жангчилардан иборат қўшин тузиб, катта тайёргарликлар билан Мадина томон йўлга тушишди. Қўшин ичида мусулмонларга нисбатан адовати бўлмаган кишилар ҳам, ҳатто иймонини яшириб юрган Аббос ибн Абдулматталиб ҳам бор эди. Бироқ улар Қурайш раҳбариятнинг буйруғидан ташқари чиқа олишмас эди. Абу Ос ҳам ўз қайнотаси билан жанг қилишни сира истамаса-да, қавмдан ажрай олмаганидан, ҳарбий мажбурият бўлганидан мушриклар билан бирга бориши керак эди.

Ҳаммадан ҳам Зайнабга қийин бўлди. Бир томонда меҳрибон отаси, иккинчи тарафда маҳбуб эри. Энди улар бир-бирига қарши жанг қилишади. Зайнаб остонада ёрини жангга кузатиб қолар экан, қизалоғига қараб, «Қизим, эртага ё сен етим бўласан, ё мен етим бўламан», деб йиғлар эди. Абу Ос оиласи билан хайрлашар экан, отни қамчилаганча йўлга равона бўлди.

Мусулмонлар аслида жанг қилмоқчи эмас эдилар. Улар ўз мол-мулкларини қайтариб олишмоқчи эди холос. Бу орада карвон бошқа йўл топиб, мусулмонларнинг ҳужумидан қутулиб ҳам улгурди. Бироқ Макка мушриклари ўзларининг ҳарбий қувватига ишониб, ўзларидан уч баравар кам ададдаги мусулмонларни бир ҳамла билан йўқ қилиб, биратўла улардан қутулиш мақсадида жанг қилишга қарор этишди. Улар буни жуда ҳам қулай фурсат деб фаҳмлашди. Мусулмонлар учун жанг қилишдан бошқа чора қолмади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маккалик муҳожирлар ва мадиналик ансорийлардан иборат 313 кишилик қўшин билан жангга ҳозирлик кўрдилар. У зот мусулмонларни урушга тайёрлаш билан бирга, Аллоҳ таолога қаттиқ ёлвориб дуо қилардилар. Ҳатто қаттиқ илтижо қилиб, «Аллоҳим, агар бу жамоа ҳалок бўлса, ер юзида Сенга ибодат қиладиган одам қолмайди», деб йиғладилар. Дуолар қабул бўлди, осмондан фаришталар тушди, жангда мусулмонлар ғолиб бўлдилар. Жангнинг табиати шу – кимдир ютади, кимдир ютқазади. Урушда мусулмонлардан 14 киши шаҳид бўлди, мушриклардан эса 70 киши ўлдирилди ва шунча одам асир тушди.

Абу Ос жангда мушриклар билан бирга бўлса-да, бирорта мусулмонга қурол ўқталмади, ҳеч кимни ўлдирмади, ўзини бошқа вазифалар билан банд қилди. Балки шунинг учундир, у ҳам асирлар ичидан жой олди.

Мусулмон жамияти у пайтда энди барпо бўлган, иқтисодий ва илмий салоҳият жиҳатидан ҳали заиф эди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларни озод қилиш учун иккита шартдан бирини бажаришни талаб қилдилар. Биринчиси – хат билганлар мусулмон фарзандларидан ўнтасига ўқиш-ёзишни ўргатиш, иккинчиси – товон пули тўлаш эди.

Маккаликлар ўз яқинларини озод қилиш учун товон пули юборадиган бўлишди. Зайнаб эри асир тушганидан бироз маҳзун бўлса-да, отаси ҳам, эри ҳам талофат кўрмаганидан хурсанд эди. Бироқ уйида товон тўлашга арзулик ортиқча нарса йўқ эди. У онаси никоҳ кечаси бўйнига тақиб қўйган маржонни беришга мажбур бўлди. Бу маржон унга онасидан ёдгорлик ўлароқ қанчалар қадрли бўлмасин, эрига бўлган муҳаббати олдида бунга ўхшаган тилла тақинчоқлардан мингтасини беришга тайёр эди. У маржонни бир қутига солиб, эрининг укаси орқали Мадинага юборди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирлар учун тўланган товонларни кўздан кечирар эканлар, бир таниш қутичага кўзлари тушди. «Бу кимга тегишли?» дедилар. «Абу Осга, Зайнаб юборибди», дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам идишни очиб, ундаги маржонни кўрдилар-у, бехос кўзларига ёш қалқиб, бир зум жим туриб қолдилар. У зот бу маржонни илк бор вафодор аёллари Хадижа розияллоҳу анҳога уйланган кечалари унинг бўйнида кўрган эдилар. Кейинроқ тўнғич қизларини узатишда унга ушбу тақинчоқ насиб этганида, онасидек бахт топса ажаб эмас, деган маънода шодлангандилар. Бугун эса унинг товон сифатида тақдим этилганини кўриб, қалблари эзилди. Хадижа розияллоҳу анҳо билан ўрталаридаги муҳаббат, қизлари билан куёвлари ўртасидаги садоқат хаёлларидан ўтди. Бироқ, у зот ҳамиша адолатпешалик қилганлари учун ҳаққоний ҳукм айтдилар: «Бу Зайнабнинг тақинчоғи, унга буни онаси берган эди. Онасидан унга мерос бўлиб қолган ягона ёдгорлик шу. Агар истасангиз, асирини озод қилиб, тақинчоғини ҳам қайтариб берсангиз, хурсанд бўлар эдик. Йўқ десанглар, ҳақ сизники, ҳукм сизда», дедилар.

Саҳобаи киромлар ҳеч иккиланмай, тақинчоқни эгасига қайтаришга рози бўлишди: «Бош устига, хурсандчилик билан қиламиз буни, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. Тўлов учун берилган бошқа нарсалар қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Осни четга тортиб, «Аллоҳ менга мусулмон билан мушрик ўртасида никоҳ дуруст бўлмаслигини ваҳий қилди. Сен Исломга кирмас экансан, Зайнаб энди сенга ҳалол бўлмайди. Шу боис, борганинг заҳоти уни Мадинага чиқариб юборгин. Мен одам юбораман, Макка ташқарисида улар Зайнабни кутиб олишади», дедилар. Абу Ос «Хўп», деб ваъда берди ва маржонни олиб, Маккага қайтди.

Маккада мушриклар Бадрдаги мағлубиятларидан ниҳоятда аламзада бўлиб, мотам тушкунлигида эди. Шунга қарамай, Абу Ос ваъдага мувофиқ Зайнабни сафарга ҳозирлади. Абу Ос маҳбубасидан айрилишни сира истамас эди, аммо у қизнинг отасига ваъда берган, вафо қилиши керак. Зайнаб ҳам маҳбубидан айрилишни асло хоҳламасди, аммо Аллоҳнинг амрига бўйсуниши лозим. Бир-бирларисиз яшашни хаёлларига ҳам сиғдира олмасалар-да, бирлари инсоний бурч, иккинчилари иймоний мажбурият юзасидан ўз истагини қурбон қила олди: муҳаббатлари қанчалар жўшқин, мустаҳкам бўлмасин, вафо ва итоатни ундан устун қўя олдилар. Бу ҳам уларнинг олийжаноблигидан эди.

Ўша пайтдаги вазиятдан келиб чиқиб, Абу Ос маҳбубасини элчиларга етказишни укаси Кинона ибн Рабиъга топширди. У: «Зайнабнинг мен учун қанчалар қадри юксаклигини яхши биласан, унга бирор кор-ҳол бўлса, мен асло чидолмайман, уни ўз маҳрамингдек асра... Яхшилаб қуролланиб ол, ўқинг тугагунча ва қиличинг сингунича уни ҳимоя қил, бирор тола сочи ҳам тўкилмасин», деб тайинлади. Кинона куппа-кундузи келинойисини улов устидаги ҳавдажга ўтирғизиб, қиличу камонини олиб, йўлга тушди.

Мушриклар бирор кишининг Маккадан кетиб, мусулмонлар сафига қўшилишини исташмас, шунинг учун мусулмонларнинг ҳижрат қилишига ҳамиша қаршилик кўрсатишарди. Зайнабнинг шаҳардан чиқариб юборилаётганини кўрган мушриклар ёпирилиб келиб, уларни қуршовга олишди. Ҳаббор ибн Асвад ва Нофиъ ибн Абдуқайс деган кимсалар Зайнабга ташланди. Шунда унинг улови ҳуркиб, ўзи қаттиқ қўрқиб кетди, натижада ҳомиласи нобуд бўлиб, ёмон аҳволга тушиб қолди. Кинона ниҳоятда мерган йигит эди. У камонини отишга ўқлаб туриб, «Аллоҳга қасамки, ким яқинлашса, шу ўқни бўғзига қадаб қўяман!» деб бақирди. Ҳамма тўхтаб қолди.

Шу пайт Абу Суфён етиб келди. У Кинонага: «Ҳой жиян! Сен ҳозир нотўғри иш қиляпсан. Зайнабнинг отасига жангда мағлуб бўлиб, қаттиқ зарба еганимизни биласан. Ҳозир унинг қизини ҳамманинг кўз ўнгида олиб чиқиб кетсанг, қолган араблар бизни қўрқоқ деб маломат қилишади, бизни калака қилган бўласан. Бир-икки кун ўтсин, одамлар Муҳаммаднинг қизини кетказмай, орқага қайтариб юбордик деб, хотиржам бўлсин. Кейин кечаси ҳеч кимга билдирмай чиқариб юбораверасан, бизнинг у билан ишимиз йўқ», деди. Кинона унинг сўзларини қабул қилди. Икки-уч кеча ўтгач, тунда Зайнабни Зайд ибн Ҳориса ва унинг шеригига эсон-омон топширди.

Зайнаб розияллоҳу анҳо Мадинага келгач, унга манаман деган қурайшийлардан, наслу насаби, мақоми энг юксак кишилардан совчилар бўлди. Аммо Зайнаб уларнинг бирортасини яқинлаштирмади. У фақат кўз очиб кўрган ёри мусулмон бўлиб, оиласи қайта тикланишини кутиб яшарди.

Бу орада ўғли Алий вафот этиб, Зайнаб ёлғиз қизи Умома билан қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ниҳоятда эҳтиётлар, Умомани ўзлари кўтариб, ўйнатар, отаси йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилар эдилар. Ҳатто бир гал қизчани кўтарганча намозга туриб, одамларга имомлик қилган эдилар.

Ҳижратнинг еттинчи йилида Абу Ос савдо иши билан Шом томон сафарга чиқди. Йўлда унинг карвони мусулмонлар тарафидан қўлга олинди, чунки бу пайтда Макка мушриклари мусулмонларга тинимсиз душманлик қилиб, уларнинг мол-мулкини талон-тарож қилиб, ҳар тарафдан ҳужум қилаётган эди. Абу Ос саҳобалардан қочиб, яшириниб олди ва тонгга яқин Мадинага кириб, Зайнабнинг уйини топиб борди. Эшикни тақиллатган эди, «Ким у?» деган таниш овоз янгради. У маҳбубасининг кўнглини эҳтиётлаб, «Мен холангизнинг ўғли, болаларингизнинг отаси Абу Осман» деди, «Эрингман ёки собиқ эрингман», демади.

Зайнаб бу сўздан бениҳоя қувониб кетди. Эшикни очиб, меҳмонни ичкарига олар экан, кўзлари чақнаб: «Исломни қабул қилиб келдингизми?» деб сўради. Абу Ос: «Йўқ, қочиб келдим», деди. Зайнабнинг эндигина ёришган юзлари яна сўлиб қолди. Бироқ, буни меҳмонга сездирмасликка ҳаракат қилди. Дарҳол ўзини ўнглади-да, «Майли, ҳеч ҳижолат бўлманг, сиз холамнинг ўғли, болаларимнинг отасисиз, уйимизнинг тўри сизники» деб, унга ўтириш учун жой ҳозир этди. Бироқ, ўртада никоҳ йўқлиги боис бундан ортиқ эътибор қила олмади. Аммо ўз истагини яширмади: «Мусулмон бўлсангиз бўлмайдими? Биз сизни кутмоқдамиз», деб ялинди. Абу Ос кўнмади.

Тонг отиб қолди. Масжидда аёллар орқа сафда турар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоатга имом бўлиб, бомдодни ўқиб берар эканлар, салом берганларидан сўнг аёллар тарафдан Зайнабнинг овози эшитилди: «Мусулмонлар! Мен Абу Осни ҳимоямга олдим, сизлар ҳам уни ҳимоянгизга олинг!»

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга қараб, «Мен эшитган гапни сизлар ҳам эшитдингизми?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «У ҳолда билиб қўйинглар, мусулмонларнинг энг қуйи табақасидаги кишининг ҳимояси ҳам энг юқори даражадагисининг ҳимояси билан бир хил кучга эга, бирдек риоя қилиниши лозим», дедилар. Кейин Зайнаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Абу Ос узоқ олинса холамнинг ўғли, яқин олинса болаларимнинг отаси, мен уни ҳимоямга олдим, сиз ҳам ҳимоянгизга олсангиз», деди. У зот: «Албатта, қизим. Абу Осдан биз фақат садоқат кўрдик, у ростгўй инсон. Сен унинг ҳурматини жойига қўй, ош-овқатига қара. Аммо орангизда никоҳ йўқ, буни унутма», деб тайинладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вазиятдан хабар топгач, карвонни тутиб келган саҳобаларга: «Биласиз, Абу Ос бизга қарашли одам. У менга сўзлаганда рост сўзлади, ваъда берганда вафо қилди. Агар хўп десангиз, унга молларини қайтаринглар, юртига борса, ажаб эмаски, мусулмон бўлса. Мана шуниси менга суюклироқ-да. Бордию, бунга рози бўлмасангиз, ҳақ сизники, мен сизларни маломат қилмайман», дедилар. Саҳобалар: «Хўп бўлади, эй Аллоҳнинг Расули, биз унга молларини қайтариб берамиз», дейишди.

Зайнаб: «Нега бунча азоб, эй Абу Ос? Бизнинг фироқимиз сизга арзимасми ё? Мусулмон бўлиб, биз билан бирга қолсангиз-чи!» дер эди. У эса «Аллоҳ бир йўлга бошлар» деди-ю, қайтиб чиқиб кетди.

Абу Ос Маккага келиб, Каъба яқинида молларни ўз эгаларига топширди. Сўнг: «Ҳой одамлар! Менда бирортангизнинг ҳаққи қолдими?» деди. Улар: «Йўқ, Аллоҳ хайрингни берсин, биз сенинг ниҳоятда вафоли, карамли инсон эканингни кўриб турибмиз», дейишди. Шунда Абу Ос: «Ундай бўлса, эшитинглар! Мен бугундан мусулмон бўлдим: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули деб гувоҳлик бераман», деди-да, ҳамшаҳарлари билан хайрлашиб, она юртни тарк этди.

Абу Ос Мадинага тонг пайти етиб келди. Бомдод намозидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Кечагина сиз менга омонлик берган эдингиз, бугун мен олдингизга мусулмон бўлиб келдим: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули деб гувоҳлик бераман», дея мусулмон бўлганини эълон қилди. Сўнг ниҳоятда юксак одоб билан: «Эй Аллоҳнинг Расули! Зайнабнинг ҳузурига қайтишимга изн берсангиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ёришиб кетди, «Юр мен билан» деб, уни Зайнабнинг уйига олиб бордилар ва эшикни тақиллатиб туриб, «Қизгинам, холангнинг ўғли Абу Ос сен билан қайта турмуш қуриш учун изн сўрамоқда, қабул қиласанми?» дедилар. Зайнаб бир сўз демади, аммо кулчадек юзлари ловуллаб, қизариб кетди, енгил табассум қилди...

Абу Ос ҳам, Зайнаб ҳам дунёга қайта келгандек бўлдилар. Етти йиллик айрилиқдан буён бир-бирига талпиниб юрган қалблар яна розлашди, бир-бирини соғинган юраклар қайта қовушди. Улар худди янги турмуш қурган келин-куёвлардек бахтиёр эдилар. Абу Ос вафодор маҳбубаси билан бу дунёда яна бирга яшаётганидан шодланса, Зайнаб бу жўмард ёри билан жаннатда ҳам бирга бўлиш имкониятига эга бўлганидан мамнун эди.

Бироқ, бу хурсандчилик узоққа чўзилмади...

Зайнаб розияллоҳу анҳо Мадинага ҳижрат қилаётганида боласи нобуд бўлгани ортидан беморликка чалиниб қолган эди. Дард уни енгиб қўйди. Умри қисқа экан, иккинчи никоҳига бир йил тўлиб-тўлмай, фоний дунёни тарк этди. Ўшанда у эндигина 30 ёшни қоралаган эди. Жанозасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқидилар.

Абу Ос бу сафарги айрилиқни кўтара олмай қолди. У барваста, бақувват йигит ҳолида маҳбубасининг фироқида зир титраб йиғларди. Ҳамма уни юпатишга уринар, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилар эди. Ҳатто қайнотаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам унинг бошини силаб, юпатишга тушдилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен бу айрилиққа тоқат қила олмайман, Зайнабсиз бу дунёда яшолмайман!» деб йиғларди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқи аълога риҳлат қилганларидан бир йил ўтар-ўтмас, Абу Ос розияллоҳу анҳу ҳам вафот этиб, иншааллоҳ, жуфти ҳалоли, маҳбубаси Зайнаб розияллоҳу анҳо билан илийюнда абадий қовушди.

Икковларига ҳам Аллоҳнинг розилиги ва жаннати бўлсин!

Хулоса

Қиссадан ҳисса оладиган бўлсак, ушбу гўзал муҳаббат қиссаси шу мавзудаги кўплаб ҳикоялардан бир неча жиҳатлари ила фарқ қилади:

‒ бу қисса хаёлий эмас, ҳаётийдир. Унинг энг катта ютуғи ҳам шунда. Унда шахслар ҳам, воқеалар ҳам, гап-сўзлар ҳам ҳаётда бўлиб ўтган, тўқима эмас. Бу қисса ҳаётий бўлгани боис ундан ибрат олиш, ундаги маъноларни ҳаётга кўчириш ва шу орқали бахтли оила барпо этиш мумкин. Хаёлий ҳикояларда эса бунинг иложи йўқ: аввало улардаги фикр ва амалларни ҳаётга татбиқ этиб бўлмайди, агар зўракилик билан қўллаб кўрилса, натижа акс бўлади, ҳаёт издан чиқади.

‒ бу муҳаббат ҳалол-пок, никоҳ риштаси орқали боғланганлиги билан эътиборга сазовордир. Одатда китоб ва кинодаги севги-муҳаббат қаҳрамонлари никоҳсиз муносабат қуради. Бу эса муҳаббатнинг қийматини туширади, ахлоқсизликка етаклайди, оила тизимини чиритади ва ҳатто тирик етимлар сони ортишига олиб келиши мумкин.

‒ қисса қаҳрамонларининг муҳаббати қанчалар юксак, туғёнли бўлишига қарамай, улар бу кучли туйғуни иймон ва инсонийлик мезонига бўйсундира олганлар. Бу ҳам ҳаётий муҳаббатнинг белгиларидан, омилларидандир ва ҳар бир инсон учун ибратдир.

‒ қиссада ҳақиқий муҳаббат ‒ вафо ва фидокорлик намуналари акс этган. Ҳозирда муҳаббат деса фақат севги даъвоси, ўлдим-куйдим деган қуруқ гап-сўзлар тушуниладиган бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Бу тасаввур одамлар ўқиб, эшитиб юрган муҳаббат қиссалари туфайли вужудга келганида шубҳа йўқ. Бу билан муҳаббатни арзон, хашаки тушунчага олиб келиб қўйилди, севги деган юксак туйғу сийқаси чиққан сўзга айланиб кетаёзди. Натижада, ёшлар ўзаро муҳаббат деганда фақат шунақа куйдим-ёндим деган изҳорлару енгил-елпи ҳаракатларни тушуниб қолмоқда ва оилавий муносабатларда ҳам шунга қараб интилмоқда. Бунинг оқибатида оилада ҳақиқий севги ‒ фидокорлик, вафодорлик йўқолиб бормоқда, эр-хотин бир-биридан фақат зоҳирий муносабатларни талаб қилишга уринмоқда. Мазкур қиссада эса муҳаббат қуруқ тилда эмас, балки дилда ва амалда бўлгани учун ҳам ибратлидир.

‒ қисса қаҳрамонларининг муҳаббати қанчалар жўшқин, оташин бўлмасин, гап-сўз ва ҳаракатлари ниҳоятда пардали, иффатли кечган. Уларнинг муҳаббати никоҳ билан, ҳалол-пок бўлса-да, улар бу севгини намойиш қилишга, кўз-кўз қилишга ружу қўймаганлар, изҳорида ҳаддан ошмаганлар. Уларнинг муҳаббати қанчалар кучлилиги феъл-атворларида, фидокорликларида кўринган, айрим гап-сўзларидан сезилган, аммо ўзлари бу севгини баралла намойиш этишдан ийманганлар, уни қалбларида асраганлар. Балки улар бу гўзал муҳаббатни ҳам бошқалардан қизғонгандирлар.

Бу муҳаббат қиссасидан кўплаб маънолар, хулосалар олиш мумкин. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиз тарбиясида ҳам барчамизга энг гўзал ўрнак эканларини англаш лозим.

Зайнабдаги беғубор муҳаббат, вафо, садоқат ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган, балки бу ота-онанинг тарбияси билан шаклланган, чунки у ана шундай меҳру вафо ошёнида униб-ўсган эди. «Онасини кўриб, қизини ол», деганларидек, у жуфти ҳалолига садоқат кўрсатишни, ўзни фидо қилишни онасидан ўзлаштирган бўлиши табиий.

Тўнғич қиз одатда кўпроқ отага ўхшайди, дейди жамиятшунослар. Ҳа, Зайнабдаги одамийлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятларидан бир инъикос десак, хато бўлмайди.

Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам қизлари Зайнабнинг оиласига қилган вафосини, фидокорликларини қўллаб-қувватладилар, ҳамиша ардоқладилар. Агар у зот бироз норизо бўлсалар, ишлар тамоман бошқача бўлиши аниқ эди. У зотнинг куёвга бўлган эҳтиромларини кўринг! Бунда ҳам гўзал ўрнак бор. Ҳар бир тасарруфи, ҳар бир сўзи ваҳий асосида бўлиб турган зотнинг ушбу оилавий тутумларидан жуда кўп хулоса олсак бўлади. Буларнинг барчаси ўз навбатида қиз ўстираётган оталар учун ҳам ибратдир.

Нубувват боғининг муаттар гули Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ахлоқу вафосини кўринг! Унинг итоату садоқатини, камсуқум-камтарлигини қаранг! Кимсан башарият саййидининг, охирзамон Пайғамбарининг катта қизи, кейинроқ эса Мадинанинг маликаси, ақлу заковатда, ҳусну латофатда тенги йўқ ноёб аёл! Лекин у бирор марта катта кетмади, ўзини эридан устун олмади. Эри мушрик бўлганида ҳам унга садоқату вафо кўрсатди, фидокорлик қилди, яхши хислатларини ардоқлади. Бўлмаса, агар у турмушга чиқаман деса, ҳеч қачон кўчада қолмас эди, энг олийқадр саҳобалар унга харидор бўлиши аниқ эди. Лекин у вафо йўлини танлади.

Набавий хонадонга оид ушбу гўзал оила мисолида эр-хотинлик муносабатлари бугунгидек, фақат ҳуқуқ ва бурч талашиш устига қурилмаслигини, балки ўзаро вафо ва фидокорлик асосида бўлишини яққол кўриш мумкин. Бунинг тафсилотини айтаман деcак, гап жуда чўзилиб кетади. Ҳар бир ақлу фаросатли, инсофу адолатли инсон бу қиссадан керакли хулоса чиқариб олиши мумкин.

Афсуски, айрим кишилар бугунги кунда эр-аёл ҳуқуқларини кўпроқ баён этиб, хусусан, аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринишлардан нотўғри хулоса олиб, оилавий муносабатларни фақат ҳуқуқий алоқа даражасига тушириб қўйишмоқда. Бу ҳолат, айниқса, муслималик номи билан танилган, оз-моз китоб кўриб, ўзини илмли фаҳмлаб қолган опа-сингилларимизда кўп кузатилмоқда. Уларга қўшилиб, бечора ота-она, ака-укалар ҳам курашга камарбаста бўлиб, кейин эса ўзлари ноқулай ҳолатларга тушиб қолишмоқда. Ҳа деса, «Ана, Пайғамбаримиз аёлларига бундай қилган эканлар, саҳобалар бундай бўлишган экан», деган гапдан сўз олишади. Аммо улар нубувват хонадонидаги аёллар қанчалар вафо, фидойилик ва сабру қаноат кўрсатганларини билишмайди ёки билишни исташмайди. Саҳобиялар эрлари олдида худди хожаси ҳузуридаги чўри каби турганларини эслашмайди. Шариатда қозиётга доир ҳуқуқлардан ташқари диёнат юзасидан ҳуқуқлар ҳам борлигини унутиб қўйишади. Эркаклар шаръий бурчи бўлмаган, аёлнинг ҳаққи бўлмаган қанча имтиёзларни мурувват юзасидан ҳозир этишларини ҳисобга олишмайди, бундай пайтда ҳуқуқий чегараларни эслашмайди. Эрлардан саҳобийлардек бўлишни талаб қилаётган ойимлар ўзлари саҳобиялардек эмасликларини асло ўйлашмайди. Ривоятларда келган айрим хабарлар умр мобайнида бир-икки бор содир бўлган ҳолат бўлганини, умумий ҳаёт тарзи ундай бўлмаганини англашмайди. Мазкур қиссада нубувват хонадонида оддий ҳол бўлган, аммо кўпчиликнинг назаридан четда қолган ана шундай чинакам исломий ҳаёт лавҳалари ёритилгани ҳам эътиборга сазовордир.

Хулоса қилиб айтганда, биз динимиз ҳақида гапирганимизда фақат қатъий ҳукмлар, оилавий муносабатлардаги ҳақ-ҳуқуқлардан сўзлайвермай, мана шундай гўзал ҳаётий қиссалар, чин севги-муҳаббат намуналари билан суҳбатларимизни, ҳаётимизни безаб боришимиз даркор. Одамларни эзгуликка чорлаб, ёмонликлардан қайтарар эканмиз, уларга фақат қўрқув солиб эмас, балки қалбларида муҳаббат пайдо қилиш орқали мақсадга интилишимиз керак.

Биз исломиятнинг мана шундай ҳассос, ширин ҳис-туйғуларга бой нуқталарини ҳам баён этиб боришимиз лозим. Зеро, инсон шу каби тотли шуурлар билан ҳаётидан лаззат туяди, турмушнинг зарбаларига чидам беради, тирикликнинг аччиқликларини ҳазм қилади, оғирликларини кўтаради.

Севги қиссалари инсонларни қадимдан ўзига маҳлиё қилиб келган. Айниқса ҳозирда кўплаб китобхонлар, хусусан, ёшлар, ёш қизлар хилма-хил муҳаббат қиссаларини севиб ўқишга одатланишган. Бироқ, бундай асарларнинг аксарида никоҳдан ташқари муҳаббат, ахлоқсизлик, бебошликка тарғиб бор. Китоб аслида инсоннинг маънавиятини шакллантириши керак, аммо мазкур асарлар ёшларнинг онгини зимдан заҳарлаши, уларнинг дунёқарашларини бузиши турган гап. Бунинг олдини олишнинг энг яхши усули ‒ ҳалол севги, оилавий муҳаббат намуналарини тараннум этишдир. Ана шунда мўмин-мусулмонлар тўқима, бузуқликка ундовчи «муҳаббат» қиссаларини эмас, балки ҳалол ва ҳаётий севги ҳикояларини ўқиб, бу борадаги руҳий чанқоқликларини ҳам қондирадилар, ундан гўзал ибрат ҳам оладилар.

Аллоҳ таолодан барчамизга тавфиқу ҳидоят, ихлосу муҳаббат сўраб қоламан.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Эр меҳмонхонада қўлида телефон билан ўтирибди. Ҳар замон телевизорга кўз қирини ташлаб қўйяпти. Хотини давоми...

10:20 / 12.04.2017 5578
Хотини. Хотин мустақил шахсдир, у эрига мулк ҳам эмас, тўла қарам ҳам эмас. Хотинда эрнинг фақат жуфти давоми...

14:32 / 04.06.2017 3668
  2013 йил 24 апрелда Москва Ислом университетида «Фиқҳ» Ислом ҳуқуқи фани бўйича мусобақа ўтказилади, дея давоми...

19:11 / 21.12.2016 3560
Ривоят қилинишича «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Довуд Тоийга Нега ёлғизликни ихтиёр қилдинг деб сўради. давоми...

11:02 / 23.01.2017 5502