Жума куни нега айнан «Каҳф» сураси ўқилади?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Биз мўмин-мусулмонларга Жума кунини муборак қилган ва ушбу кундаги амаллар ва ибодатлар учун алоҳида ажр-савоблар берувчи Аллоҳ азза ва жаллага чексиз ва Ўзи билган ададича ҳамду санолар бўлсин!

Ушбу муборак кунда қандай амалларни бажаришликни ўз суннатлари орқали таълим берган ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату дурудлар бўлсин!

Жума айёми барчаларимизга муборак бўлсин. Бу муборак куннинг насибасидан насибадор бўлишликни Аллоҳ таоло барчаларимизга насибу рўзи айласин.

Одатимизга кўра яна сизлар билан суҳбат қуришликка муяссар бўлганимиздан ғоятда мамнунмиз ва бунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога шукрлар айтамиз. Бугунги суҳбатимизни ҳам барчаларимизга хайрли ва манфаатли бўлишини Яратган Эгамдан сўраб қоламиз.

Ўтган галги суҳбатимизда жума куни «Қаҳф» сурасини ўқиш ҳақидаги ҳадислар билан танишиб чиққан эдик. Шу мавзуни бу гал ҳам давом эттирсак. Жума куни нега айнан «Қаҳф»сурасини ўқиш керак? Унинг қандай ҳикматлари бор? Қуйидаги сатрлар орқали бу ҳақдаги илмни ҳосил қиламиз, иншааллоҳ.

Маълумки, Қаҳф сурасида Ғор соҳиблари, икки боғ эгаси, Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда ва Зулқарнайн қиссалари келтирилган. Бу қиссаларнинг ҳар бирида улкан ҳикмат ва ибрат мавжуддир.

Ғор соҳиблари қиссасида инсон бу дунёда Каҳф эгаларига ўхшаб сиёсий истибдодга, иймон учун қийин-қистов ва қувғин фитнасига учраши мумкинлигига ишора қилинган.

Икки боғ эгаларининг қиссасидан ҳам кўплаб ибратли фикрларни чиқарса бўлади. Энг муҳими – кофирлик, нонкўрлик, хақиқий неъмат берувчини тан олмаслик, ҳамма нарсани молу дунё ва бола-чақа билан ўлчашликнинг оқибати икки дунёда ҳам яхшиликка олиб келмаслиги ва, аксинча, иймонли бўлиш, Аллоҳга ибодат қилиб, ҳар бир нарса фақат Унинг қуввати ила бўлишини доимо тан олиб туриш икки дунё саодатига олиб боришини англаб етишдир.

Уламоларимиз Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда қиссасидан ҳам кўплаб ҳикматлар ва ибратлар чиқарганлар.

Биринчиси, дунёдаги ҳар бир инсон илмининг чекланганлигидир. Мусо алайҳиссалом улул азм Пайғамбарлардан бўлишларига қарамай, Калимуллоҳ – Аллоҳ билан бевосита каломлашган – сўзлашган Зот бўлишларига қарамай, ўз замонларидаги бандалардан бири билганларини билмадилар. Унга шогирд тушдилар.

Иккинчиси, бу дунёда содир бўладиган ишларнинг асл моҳиятини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.

Учинчиси, мўмин банда ўзига етган, сиртдан мусибат бўлиб кўринаётган ишлардан сабрсиз бўлмаслиги лозим. Кейин ўша иш унинг ўзи учун фойдали бўлиб чиқиши эҳтимоли борлигини унутмаслик керак.

Тўртинчиси, ўтган қиссада, яъни икки боғ эгаси ва унинг мўмин дўсти қиссасида дунё ҳаёти матоҳлари кишини фитнага учратиб, йўлдан оздириши мумкинлиги ҳақида хабар келган. Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда қиссалари эса дунё ҳаётидаги баъзи бир ҳодисалар ҳам кишини фитнага учратиб йўлдан оздириши мумкинлигига ишора қилади.

Зулқарнайн қиссасида эса инсон бу дунёда Каҳф эгаларига ўхшаб иймон учун қийин-қистов ва қувғин фитнасига, икки боғ эгасига ўхшаб молу дунё, зебу зийнат фитнасига, Мусо алайҳиссаломга ўхшаб илму маърифат фитнасига учраши мумкин бўлганидек, ҳукм ва ҳукмронлик, турли моддий ва маънавий устунлик имкониятлари фитнасига ҳам учраши мумкинлиги кўрсатилган.

Ана шундай синов даврида мўмин банда Зулқарнайндан ўрнак олиши лозимлиги Қуръон таълимотидир. Аллоҳ таоло Зулқарнайнга мағрибу машриқ ва яна бошқа тарафларнинг салтанатини берса ҳам, ҳовлиқиб кетмади. Ўша ердаги қавмлар устидан хоҳлаган ҳукмини чиқариш ихтиёрини берса ҳам, яхшиларга яхшилик қилишга, ёмонларни азоблашга қарор берди.

Хоҳлаганини азоблаб, хоҳлаганини мукофотламади. Ўзининг ишларини Аллоҳнинг лутфи-марҳамати ила бўлмоқда деб, тўғри тушунди. Юртидаги кишиларни турли ёмонликлардан ҳимоя этишга ҳаракат қилди.

Демак, ушбу Қаҳф сураси бошдан охиригача битмас-туганмас ҳикмат ва ибратдан иборат экан. Ҳар бир жумада бу сурани тадаббур ва тафаккур билан ўқиб, ўқиганларимиздан ибрат олиб, ўрганганларимизни ҳаётимизга тадбиқ қилсак, биринчи ўринда бундан фақатгина ўзимизга фойда бўлади, иншааллоҳ. Ва яна ҳадисларда келган улкан ажру савобларга дохил бўламиз, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло барчаларимизга бундай гўзал ибодат ва амалларни қилишликни насиб этсин ва Ўз даргоҳида қабули мақбул айласин.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Ва соллаллоҳу ала саййидина Муҳаммад ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаин.

 

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvCBVFiQSc6IUembed

09:40 / 15.09.2016 3716
Қиёматдан олдин зоҳир бўладиган кичик аломатлар ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан кўпини давоми...

12:22 / 17.11.2016 8154
Ибрат олинадиган кишининг гаплари амаллари билан бир хил бўлиши керак. Ўзининг айтганига амал қилмайдиган давоми...

08:46 / 25.05.2019 2688
Йогага гимнастик ва физикавий машқ сифатида қараб, унга фалсафий кўриниш бермай ва мана шу ишни тўппатўғри давоми...

09:17 / 17.02.2019 7099