Лоқайд бўлмайлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эрталаб ишга шошиб тургандим, бирдан телефоним жиринглади. Психолог Шоира Исоқова экан. У хавотир билан сўз бошлади:

«Феруза, узр, сизни безовта қилдим, ишга шошаётгандирсиз... Менга ҳам ҳозир танишларим қўнғироқ қилиб: «Биз яшаётган уй яқинидаги чиқиндихонада бир аёл 1-2 ёшли бола билан яшаяпти. Бола тинимсиз йиғлайди, она эса: «Даволанишим керак, болани детдомга топшираман», дейди. Нима қилсак экан?» дейишди. Шунинг учун дарров сизга телефон қилдим.

«Шоира опа, уларга айтинг, бизнинг 1146 рақамли «Ишонч телефон»имизга чиқиб, воқеа ҳақида батафсил маълумот беришсин. Она-бола ҳали ҳам чиқиндихонада бўлса, зудлик билан қўмитага юборишсин», дедим. Ўша он хаёлимдан «Қайсидир қийналган аёл Тошкентга келиб, даволанмоқчи бўлса, имкон тополмадимикин ёки ўзи асл мақсади боласини Меҳрибонлик уйига топширишмикин? Ундай бўлса, нега шунча вақтдан буён чиқиндихонада яшаб юрган экан-а?» деган фикрлар ўтди...

Ўша куни соат 10лар атрофи.  Уларни қўмитага олиб келишди. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Озода Исломова улар билан суҳбатлашди. Ўзини «қашқадарёликман», дея таништирган аёлнинг ўзини тутиши, болага нисбатан ўта совуққонлиги бизни ҳайратлантирди.  Аввалига «ўз фарзандим», деб таништириб, кейин эса бировнинг боласи дейиши, саволларга узуқ-юлуқ жавоблар бериши шубҳа уйғотди. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоятига қўнғироқ қилинди, аёл ҳақида маълумотлар сўралди.
Маълум бўлишича, бу аёл аслида руҳий касал бўлиб, ҳақиқатан ҳам бола уники эмас экан. Аёл синглисининг фарзандини ўғрилаб келган бўлиб, бечора ота-она икки кундан буён боласини қидираётган, ҳатто уни топиш учун вилоят ички ишлар бошқармаси ҳам «оёққа турган» экан. Болакайнинг онаси эса хавотир ва қўрқувдан аҳволи ёмонлашгани маълум бўлди.
Шу куни Қашқадарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси тезкор чора кўриб, аёл ва бола учун машина юборди. Болакай онасининг қўлига соғ-омон топширилди. Хаста аёл эса даволаниши учун шифохонага ётқизилди.
Чиндан ҳам, лоқайдлик инсониятни жаҳолатга етаклайди, ҳушёрлик эса тинчлик ва хотиржамликка сабаб бўлади. Агар аёлни ўша чиқиндихонада кўрганлар хабар бермаганида, қандайдир салбий воқеа содир бўлиши мумкин эди! Яхши инсонлар сабаб юз бериши муқаррар бўлган бир фожианинг олди олинди. Ҳаммаси яхшилик билан якунланди. Азиз юртдошим, сиз ҳам атрофингиздаги одамларга, воқеа-ҳодисаларга лоқайд бўлманг.

Феруза Орипова,

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси  ходими

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Сора Шаффи халқаро журналист. Унинг 2018 йилда ёзган Рамазон кундалиги кўпчилик муслималарга таниш давоми...

13:04 / 04.05.2019 3392
16 март 2018 йилда Тошкент Ислом Университетида талабалар ўртасида Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди. Унда 13 та давоми...

13:27 / 17.03.2018 3215
Ҳафта давомида ишдан чарчаб, ҳориб келиб, у ёқбу ёқни бироз эпақага келтиргандек бўласиз. Лекин дам олиш давоми...

21:44 / 27.11.2016 7022
 Муслима Гинелла Масса Канада телевидениеси тарихида ахборот дастурини ҳижобда олиб борган биринчи давоми...

19:12 / 01.02.2018 2609