БОЛАЛАР НИМА УЧУН ҚЎРҚИШАДИ?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

     Қўрқув – мавжуд бўлган таҳликадаги таъсирланиш бўлиб, нормал ҳолат деб ҳисобланади. Инстинктив равишда ўз жонини сақлашга интилиш сабабидан бу ҳолат юзага келади. Болалардаги қўрқув эса катталардан олинган маълумотларга асосланган бўлиб, уларга хос кенг тасаввур ила кўз олдига келтирилишидир. Бу тасаввурга жавобан катталар ўзларини қандай тутишлари керак? Бу ҳолатда болага қандай ёрдам кўрсатилиши керак?

Болага муносабатингизни ўзгартиринг

     Бола ўз қўрқувлари ҳақида гапирганида ота-оналар нима қиладилар? “Қўрқма”, “Нимадан қўрқасан?”, “Қўрқадиган ҳеч нарса йўқ-ку”, “Уколдан (кучукдан, мушукдан, қушдан, қурт-қумусқалардан) ҳам қўрқадими?” каби нотўғри гаплари билан   катталар уларнинг ҳис-туйғуларини ўзлари учун қадрсиз эканини намоён этишади. Оқибатда бола қўрқувлари билан ёлғиз қолади, қалбида бу қўрқув “жойлашиб олади”. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, бола кўпинча содир бўлган воқеадан эмас, кўпроқ катталарнинг қўпол муносабатидан, беэътиборлигидан бақириқ-чақириқларидан қўрқишади.

Бола қўрқувларининг сабаблари

     Қўрқувнинг бир неча сабаблари бор. Булар:

Шахсий тажриба. Бу энг катта сабаб ҳисобланиб, бунда бола бошидан кечирган реал бирон воқеа кўзда тутилади. Масалан, кучук тишлаб олгани, лифтда қолиб кетгани,  қоронғу хонада ёлғиз қолиб кетгани каби ҳолатлар.

Болаларча хаёл қилиши. Болаларда тасаввур, хаёл жуда кенг ривожланган бўлади. Катталарнинг: “Катта ҳўппак келиб тишлаб олади”, “Анави дўхтир опа укол қилиб қўяди”, “Ялмоғиз кампирни чақирайми?”, “Эртакдаги олов пуркайдиган аждарҳо келмоқда” каби қалбига қўрқув солувчи гаплар ҳам янада тасаввурларини  кенгайтиради.

Оилавий можаролар. Ота-она ўртасидаги келишмовчиликлар, жанжаллар,  дўқ-пўписалар, бошқа оила аъзоларининг бир-бирларини қувватламай, босим ўтказиши каби салбий ҳолатлар болаларда қўрқувни чуқур илдиз отишига сабаб бўлади.

Ота-онанинг ташвишли бўлишлари. Агар уларнинг ўзлари ташвишли ҳолатда юрсалар, ҳаёти давомида турли нарсалардан қўрқувлари бўлса, барчаси болага ҳам ўтади. Мисол учун, она момақалдироқдан, ер қимирлашидан қаттиқ қўрқса, бу ҳолат болада ҳам кузатилиши мумкин. Катталарнинг:  “Югурма йиқиласан”, “Сакрама, оёғинг синади” каби қўрқитишлар бола онгига маҳкам муҳрланади.

Ўзаро боғлиқликнинг ҳис этилмаслиги. Агар бола ҳаётида ота-онаси катта суянчиқ эканини ва уни ҳар қандай ҳолатда ҳимоя қила олишига ишонч ҳосил қилмаса, болада турли хил  қўрқувлар пайдо бўлади. Атрофдагиларга нисбатан ҳимоя-таянч ҳисси йўқолиб, барча инсонларга ишончи йўқолади.

Виртуал реаллик. Ота-оналар кўп вақтини виртуал оламда ўтказиб, болалари билан мулоқотлар, суҳбатлар қилишмайди. Ота-онанинг самимий муносабатларидан, меҳридан маҳрум бўлган  болаларда ёлғизлик ҳисси пайдо бўлади. Бу эса ўз-ўзидан боланинг руҳан қийналишига, тарбияси ҳам бутунлай ўзгариб кетишига сабаб бўлади.

Ёлғизлик. Маълумотларга кўра, болада опа-сингиллари ва ака-укаларининг бўлмаслиги ҳам ёмон таъсир этади. Бундай болада ёлғизлик қўрқинчи кучли сезилади.

     Бундай қўрқувларни енгишда ота-онанинг ҳиссаси жуда катта. Энг асосийи, болаларга бепарво бўлмаслик керак. Болада қўрқув бор экан, буни очиқ гаплашиб олиш зарур.

 Психологлар қуйидаги маслаҳатларни берадилар:

  • қандай бўлишидан қатъи назар қўрқувларга жиддий қараш;
  • аниқ бир қўрқувга урғу бермаган ҳолда болани нимадан қўрқишига аниқлик киритиб олиш;
  • қўрқоқлик қилган вақтида болани уришмаслик ва жазоламаслик;
  • боланинг ёнида сиз бор экансиз, демак, у кучли ҳимоя остида эканини унга уқтириш;
  • қўрқувни енгишдаги ўз шахсий тажрибасини болага гапириб бериш;
  • қўрқувга ўрганиб қолишига йўл қўймаслик. Агар қоронғуликдан қўрқса, уни ёлғиз қоронғу хонада қолдирмаслик. Йўқса, боланинг ривожланишига, соғлиғига ва руҳиятига салбий таъсир этади;
  • болани бирон машғулот ёки ўйин билан машғул қилиш.

     Ота-онанинг асосий вазифаси, қўрқувни енгишда болага ёрдам бериш бўлади. Бола қўрқувни мустақил равишда енгиб ўтиши керак, фақат бунинг учун ота-она болага меҳр-муҳаббат бериши зарур. Уни доимо қўллаб-қувватлаши лозим.

                                                                                                          Мадина Джураева

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Куфрни рад этиш калимаси . Маъноси Аллоҳим Билиб туриб Сенга бирор нарсани шерик давоми...

10:30 / 27.04.2017 3127
Қулупнайдан тайёрланадиган консервалар Ўзбекистонда қулупнай хушхўрлиги ва парҳезбоплиги, давоми...

13:12 / 29.11.2016 6070
          Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ  Сизу бизни давоми...

11:51 / 18.12.2018 3852