Муслима аёлнинг пойабзали қандай бўлиши лозим?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пойабзал – кишилар оёғига кийиб юрадиган, уни ернинг қаттиқлигидан, тиканлардан ва шу каби азиятлардан сақлайдиган либос.[1] Уни ибтидоий одамлар оёқларини ҳимоя қилиш мақсадида ихтиро қилишган. Уларнинг пойабзали ўсимликлардан тўқиб ясалган чориқ, теридан тикилган ёки ёғочни йўниб ишланган шиппакдан иборат бўлган. Чармдан бўлган пойабзаллар биринчи марта қадимги маданият ўчоғи ҳисобланган  Мисрда ишлаб чиқарилган.

Пойабзал кийишнинг ҳукми

Ҳадиси шарифлар, шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амалларнинг барчаси у зотнинг доимо пойабзал кийиб юрганлари ва бошқаларни ҳам бунга ундаганларини исбот қилади. Оёққа нарса кийиб юриш аслида мубоҳ бўлса-да, кўп таъкидланганидан ҳатто мустаҳаб даражасига етган.

Пойабзал кийишга тааллуқли ҳукмлар

1. Бирор узрли сабабсиз бир пой оёқ кийимда юриш макруҳ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ҳам бир пой ковушда юрмасин. Унинг иккаласини ҳам ечсин, ёки иккаласини кийиб олсин”, дедилар.[2]

2. Пойабзални тик туриб кийиш макруҳ ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пойабзални тик турган ҳолда кийишдан қайтардилар”.[3]

3. Маҳси ва кавушларни қоқмасдан кийиш макруҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳсисини қоқмасдан киймасин”, дедилар.[4]

Агар уларнинг ичида бирор зараркунанда йўқлигини аниқ билса, қоқмасдан кийишнинг зарари йўқ. Бу ҳадиси шариф анчадан буён кийилмай турган пойабзалга нисбатан айтилган бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам.

4. Аёлларнинг юрганда овоз чиқарадиган пойабзалларни кийиши макруҳ. Чунки бу яҳудийларнинг ишларидан ҳисобланади.[5]

Баланд пошнали аёллар пойабзалининг ҳукми

Бугунги кунда аёллар модага эргашиб ёки бошқа қандайдир мақсадларда баланд пошнали пойабзаллар кийишга одатланиб қолишди. Хўш, бу борада шариат нуқтаи назари қандай?

Ушбу шаръий қарашларни баён этишдан олдин баланд пошнанинг саломатликка таъсири ва зарарларини тиббий жиҳатдан ўрганиб чиқамиз. Шунда унинг нима сабабдан шариатимизда қораланганини тушуниш осонроқ бўлади.

Шифокорларнинг айтишича, баланд пошна кийиш иккита хавфли касалликни келтириб чиқаради: болдир пайларининг тортишиб қолиши – отосклероз ва умуртқа поғонасининг қийшайишига, натижада бачадоннинг ўз жойидан кўчишига олиб келади.

Қон-томир жарроҳлик амалиёти бўйича маслаҳатчи мутахассис, доктор Муҳаммад Имомнинг айтишича, баланд пошнали оёқ кийимлар яссиоёқлик,  тизза ва болдир суякларининг ёрилиши ҳамда қаттиқ оғриши, умуртқа поғонасининг қийшайиши, тоғайларнинг емирилиши каби касалликларни келтириб чиқаради. Агар аёллар буни чиройли ва хушбичим кўриниш мақсадидагина киядиган бўлса, ўзи ҳам  билмаган ҳолда гўзал қоматини бузиб қўйиши мумкин.[6]

Баланд пошнали оёқ кийими инсон танасидаги ҳар бир аъзога ўзининг зарарли таъсирини ўтказади. Оёқдаги қадам қисмининг қийналишига, унда оғриқли қадоқлар пайдо бўлишига, болдир мушакларининг тортишиб қолишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида  оёқ бармоқлари териси кўчиб, замбуруғ пайдо бўлишига замин яратади.[7]

Ушбу  сабаблардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, агар бундай оёқ кийимни кийиш натижасида жисм саломатлигига зарар етиши аниқ бўлса, аёлларнинг баланд пошнали пойабзал кийиши макруҳ. Бунинг устига, агар аёл бегона назарларни тортиш ва ўзини кўз-кўз қилиш ниятида кийган бўлса, макруҳи таҳримийга айланади. Чунки Аллоҳ таоло: «Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг» (Аҳзоб сураси, 33-оят),дея аёлларни огоҳлантирган.

Агар ушбу пойабзални  алдов мақсадида, масалан, совчиларга баланд бўйли, сарвқомат бўлиб кўриниш мақсадида кийилса, бу ҳолда ҳаром ҳисобланади. Бундан ташқари, бигиз пошнали оёқ кийимда аёл йиқилиб тушиши ва соғлиғига жиддий зарар етиб қолиш хавфи ҳам бор.[8]

Бўйи паст бўлган қизлар аввало ўзларига бўлган ишончни оширишлари, узун бўлмасалар ҳам, ўзларини келишган ва хушбичим деб ҳисоблашлари лозим. Асло ёлғон ила руҳиятларини булғамасинлар. Албатта, баланд пошна билан  узун кўринишга уриниш ёлғон ва мунофиқликка олиб келади. Бу эса покиза ахлоққа зарар етказиб қўйиши аниқ[9].

Зебунисо Қутбиддин  қизи таржимаси

“Омина” ижтимоий-маърифий электрон журналидан


[1] Madkur. “Al-mo’jamul vasit”,  2/23.

[2] "Sahihul Buxoriy", Libos kitobi, 4/52, "Sahihul Muslim", Libos kitobi, 14/74.

[3] “Sunani Termiziy”, Libos kitobi, 4/243.

[4] Tabaroniy. “Mo’jamul kabir”,  8/161. Tabaroniy  sahih, deb aytgan.

[5] Qurtubiy. “Ahkamul Qur’anil karim”, 12/227. Abdulaziz Umar. “Libos va ziynat”, 282-bet.

[6] Musnad. “Ziynatul mar’ati baynat tibbi vash shar’” 48-bet.  Zahro. “Moda”, 64-bet.

[7] Musnad. “Ziynatul mar’ati baynat tibbi vash shar’”, 49-bet.

[8] Ibn Boz ibn Usaymin. “Fatovo”, 51-52 bet.

[9] Abdulaziz Umar. “Libos va ziynat”, 278-bet.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Ажр мусибат учун эмас сабр учун берилади    Инсон туғилибдики, бу дунё қийинчиликмашаққатларини енгиб давоми...

15:55 / 01.05.2017 4459
Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қиладилар .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомга сафарга чиқдилар, Сарғ деган давоми...

07:00 / 13.03.2020 3073
Жумъа, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун ғусл суннатдир. Поклик дини бўлган Ислом мусулмонларни фақат давоми...

14:27 / 29.10.2016 3366
Камалак энг чиройли табиат ҳодисаларидан бири. Азалазалдан одамлар камалак нима экани ҳақида бош давоми...

21:00 / 07.07.2019 10326