Аслида ким ёш бола? Болаларми ёки биз катталарми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

    Инсон илми зиёда бўлиб бораркан, кун келиб одамларга нималарнидир исботлашдан, улар билан баҳслашишдан, улардан ҳар бир иши учун кечирим сўрайверишдан, уларни танқид қилишдан, уларга маслаҳат беришдан, ақл ўргатишдан, ҳамма учун жон куйдиришдан, уларга тўғри яшашни ўргатишдан тўхтаб қолади. Чунки у бу ишларнинг ҳаммасини бажаришга мажбур эмаслигини тушуниб етган бўлади. Ана шу онда инсон ўзининг эркин яшаётганини ҳис эта бошлайди. Чунки айнан шу онда унда ички хотиржамлик пайдо бўлади ва бу нарса ҳаётда энг катта неъмат эканлигини англайди...

Олтин кузнинг илиқ кунларида қуёшга юзингни тутиб, Яратганнинг улуғ неъмати бўлган тоза ҳаводан нафас олиб, осмонга термулиб мулоҳазалар қилишинг  атрофингдаги инсонларнинг юриш-туриши, нима билан банд экани, уларнинг ҳаёти нималардан иборат экани каби нарсалар ҳақида ўйлашингдан минг бор афзал. Инсон шуни ҳис этар экан, юрган йўлида ҳар куни эмас, ҳар сонияси буюк неъмат эканини чуқурроқ тушунаверади. Яратган Зотни таниб, Унинг махлуқотлари учун яратилган қонун-қоидаларни ўрганиб борар экансан, ҳар бирининг замирида қанчалар катта ҳикмат, илм, барака борлигини тушуниш нақадар улуғ бахт! Атрофда бўлаётган ишларга шунчаки қарамасдан, ҳар биридан ҳикмат излашинг инсонларнинг қалбини тушунишингда енгиллик ярата боради. Бундай ишларни катталарга нисбатан болалар яхши уддалайдилар, тез англаб етадилар. Сабаби, улар ҳар бир қўрадиган нарсасига, қиладиган ишига ақл ва онг билан эмас, бутун борлиғи, қалби билан боғланадилар.

Биз катталар кўпинча болаларга болача қараб, уларнинг беғубор, самимий қалбини кўра олмаймиз. Айнан шу каби манзаранинг гувоҳи бўлганим ўзимга-ўзим саволлар беришга мажбур қилди: “Аслида ёш бола болами ёки биз катталарми?”

     Зоомагазин дўконининг эшигига “Кучук болалари сотилади” деган эълон осиб қўйилибди. Бундай эълонларга биринчи бўлиб кўпинча кичик болалар эътибор қиладилар. Бир бола дўконга кириб, кучук болаларининг нархини сўради. Шунда сотувчи уларнинг нархини айтди. Болада сотувчи айтган пулнинг ўндан бир қисми ҳам йўқ эди. Шунда у сотувчидан: “Ҳеч бўлмаса уларни бир кўрай”, дея илтимос қилди. Сотувчи боланинг илтимосини рад этмади.  У ёрдамчисига кучук болаларини олиб чиқишини айтди. Бирин-кетин бешта бир-биридан ширин кучук болалари сотувчининг ёрдамчиси орқасидан югуриб чиқишди. Фақат бешинчиси зўрға-зўрға юриб келди. Болакайнинг кўзи дарров ўша кучукчага тушиб, сотувчидан сўради:

‒ Бу кучукчага нима бўлган?

Сотувчи бу кучукчанинг тос суяги билан сон суягининг туташган жойи қийшайганини ва у энди бутун умр шундай оқсоқланиб, судралиб юришини тушунтирди. Шунда бола:

‒ Мен айнан шу кучукчани сотиб олмоқчиман. Аммо менинг пулим бироз камроқ, ‒ деди.

Сотувчи ҳайратланиб деди:

‒ Уни нима қиласан? Майли, агар сенга шу ёққан бўлса, пулинг керакмас, шундай олиб кетавер. Барибир бу чўлоқ кучукчанинг ҳеч кимга кераги йўқ...

Бола ғазабланиб сотувчининг кўзига қаради ва:

‒ Бу кучукчанинг бошқа кучукчалардан кам жойи йўқ. Бошқалари неча пул турса, ўшанча тўлайман. Фақат ҳозирча қўлимдаги бор пулимни бераман, қолганини ҳар ойда бўлиб-бўлиб бериб қарзимни узаман, ‒ деди.

Болакайнинг дағдағаси сотувчини бир оз эсанкиратиб қўйди. Унга мулойимлик билан яна тушунтира бошлади:

‒ Бу кучукчани олма, у ҳеч қачон сен билан бирга югуриб, сакраб ўйнай олмайди. Сен эса у билан ўйнашни, югуришни хоҳлайсан. Тўғрими? Унинг ҳеч кимга фойдаси йўқ...

Сотувчининг бу гаплари болакайга баттар ёқмади. У шартта шимининг почасини кўтариб, сотувчига оёғини кўрсатди. Сотувчи унинг оёғи ўрнида ясама темир оёқ борлигини кўрди-ю, ортиқча бирор сўз айтишга журъат топа олмади.

  ‒ Мен ҳам тез югура олмайман. Бу кучукча менга ўхшаган уни тушунадиган, меҳрибон одамга муҳтож!

Бола шундай дея, чўнтагидан пул чиқариб, сотувчига узатди. Сўнг кучукчани даст кўтариб, бағрига босди. Сотувчи эса лом-лим дея олмай, унинг ортидан жимгина кузатиб қолди.

Мадина Джураева

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Тўй инсон ҳаётининг энг муҳим воқеаларидан биридир. Анна Бегум ва Закарийё Хон ўзлари учун унутилмас бўлган давоми...

16:25 / 12.02.2019 2401
Силаи раҳм эгаси Ва албатта, сен улкан хулқдасан Қалам сураси, 4оят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

15:17 / 09.12.2017 3101
Ҳамд билан бошланган беш сура Фотиҳа, Анъом, Каҳф, Сабаъ, Фотир. Алиф, Лом, Ро билан бошланадиган беш сура давоми...

21:41 / 12.07.2023 1762