Буюк кишиларни тарбиялаган буюк аёллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир буюк инсон ортида буюк аёл туради, дейишади. Тиришқоқ, солиҳа, муслима аёллар яхши, тақводор авлодни тарбиялашни бу дунёдаги асосий мақсадларидан бири қилиб қўйганлар. Улар илм, ибодат ва хайрли ишлар йўлида фарзандларини қўллаб-қувватлаб турганлар. Биз динимизнинг устунига айланган кўплаб олимлар ва имомларни таниймиз. Бироқ уларнинг Аллоҳга хизмат қилиш йўлидаги суянчи ва йўлбошчилари бўлган буюк аёллар ҳақида айтарли ҳеч нима билмаймиз. Келинг, бугун улардан баъзилари билан танишамиз.

Имом Моликнинг онаси – Олия бинти Шарик

Олия бинти Шарик ибн Абдурроҳман ибн Шарик Аздийя. У жуда ўқимишли ва ақлли аёл бўлган. Ўғли Моликнинг ўқиши ва таълим олишига катта эътибор қаратган. Имом Моликнинг айтишича, у онасига илм олишни хоҳлашини айтганда волидаси уни чақириб: "Кел, мен сенга уламоларнинг либосини кийдираман", деди. Сўнгра унга чиройли либос кийдирди, бошига қора дўппи қўндириб, салла ўраб қўйди. Кейин эса: "Робияга бор, билимидан аввал унинг ахлоқини ўрган", деди.

Робия Райнинг машғулотлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўлар эди. Ундан илм олиш учун мамлакатнинг турли бурчакларидан одамлар келарди. У Имом Моликнинг биринчи муаллими ва шайхи бўлиб, уни Молик учун онаси танлаб берганди. Шу тариқа бу муҳтарам она уни илмга шижоатлантирар эди.

Суфён ибн Уяйнанинг онаси

Суфён ибн Уяйна тобеъин олимлардан бўлиб, Имом Шофеъийнинг устози эди. Имом Шофеъий: «Агар Молик ва Ибн Уяйна бўлмаганда эди, Ҳижознинг илми йўқолиб кетган бўларди», деб айтганди.

Онаси уни дин илмларини ўрганишга ундади. Суфён ибн Уяйнанинг шогирдларидан бири Воқеъ ибн Жарроҳ унинг онасининг ушбу сўзларини нақл қилган: «Қадрли ўғлим! Илм олишга жидду жаҳд қилгин. Мен сенинг эҳтиёжларинг ҳақида қайғураман. Ҳар сафар бирор янги ҳадисни ўрганганингда ўзингга назар сол, у сенинг хулқинг ва одатларингда акс этмоқдами-йўқми? Агар ундай эмаслигини кўрсанг, билгинки, илминг ўзингга қарши гувоҳлик бергай ва ундан сенга фойда йўқдир». Онасининг назорати ва қўллаб-қувватлаши билан у тобеъинлардан бўлган етмиш тўққизта олимдан илм олди.

Робийътур Раъйнинг онаси

Завжи Фаррух Хуросонга кетганида у Робийъатур Раъйга ҳомиладор эди. Завжи унга ўттиз минг динор бериб, фарзандига яхши тарбия бериб ўстиришини тайинлади. Орадан йигирма етти йил ўтгач, у қайтиб келиб, Мадинанинг масжидига кирди, кўп одамлар ҳалқа бўлиб ўтирган жойга келди. У ерда Молик, Ҳасан ва Мадинанинг бошқа улуғ кишилари ҳам бор эди. Ўтирганлардан «Бу ҳалқанинг соҳиби ким?» деб сўраганда унга «Робийъа ибн Абу Абдурраҳмон», деб жавоб беришди. Шунда у уйига бориб, аёлига: «Ўғлингни бошқа ҳеч бир аҳли илмни кўрмаган ҳолатда кўрдим», деди. Аёли: «30 минг динор яхшими ёки унинг шу ҳолатими?» деди. У: «Албатта, унинг ҳолати яхши, Аллоҳга қасамки, уни зое қилмабсан», деди.

Имом Авзоъийнинг онаси

Шайхул Ислом Авзоъий (тўлиқ исми Абдурраҳмон ибн Амр ибн Муҳаммад Авзоъий) саксон минг масалага оғзаки жавоб берган. Кичик ёшлигида отасини йўқотган, уни онаси тарбиялаган. Унинг катта олим бўлиб етишида онасининг улкан ҳиссаси бор. У ҳақида шундай ёзилган: «У отасини эрта йўқотди. Уни онаси шундай хулқ соҳиби қилиб тарбияладики, султон ҳам бундай қила олмаган бўларди».

Имом Бухорийнинг онаси

Имом Бухорий кичик ёшлигидаёқ отадан етим қолиб, онасининг бағрида катта бўлди. Волидаси уни энг гўзал тарзда тарбия қилди. Ҳамиша уни дуо қилар, таълим ва ислоҳга рағбатлантирар, унга яхшилик эшикларини зийнатлантириб кўрсатишга ҳаракат қилар эди. Ўн олти ёшга етганида у билан бирга ҳаж қилди ва уни ўша ерда қолдириб, ўзи қайтиб кетди. Бола у ерда илм олди ва Имом Бухорий бўлиб юртига қайтди.

Имом Шофеъийнинг онаси

Имом Шофеъийнинг отаси у туғилгач, оз муддатдан сўнг вафот этди. У етим қолиб, онасининг тасарруфида катта бўлди. Имом Шофеъийнинг онаси оқила ва заковатли аёл эди. Ривоят қилинишича, бир куни у бошқа бир аёл билан бир кишига гувоҳлик бериш учун қозининг ҳузурига борди. Қози иккала аёлни ажратиб юбормоқчи бўлди. Шунда Имом Шофеъийнинг онаси қозига: «Сиз Аллоҳ таолонинг «Агар иккови (аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади» оятини эшитмаганмисиз?» деди (Бақара сураси, 282-оят). Қози таслим бўлди.

Бу фозила аёл фарзандини солиҳ қилиб тарбиялаш учун қаттиқ киришди. Икки ёшга етганда Шофеъийни олиб, Маккага отланди. Шу тариқа фозила онанинг ҳаракатлари самарасидан Шофеъий мана шундай мавқега етди.З

Мавзуга оид мақолалар
   «Менинг энг нуфузли тарихий шахслар рўйхатимда Муҳаммаднинг биринчи ўринда туриши баъзи ўқувчиларни давоми...

17:20 / 25.09.2018 3894
Доктор Рана ДажаниДоктор Рана Дажани иорданиялик молекуляр биолог ва Хашимит университети ассистенти.У давоми...

04:54 / 06.03.2021 4844
embedhttpswww.youtube.comwatchvJf6elKI04Akembed

18:09 / 16.10.2017 3510
embedhttpswww.youtube.comwatchv7CDx0bsOzMfeatureyoutu.beembed

01:03 / 10.09.2015 8599