Комил иймон сифатлари ҳақида (4-ҳадис)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Комил иймон сифатлари ҳақида

- وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Комил иймон сифатлари ҳақида
Аввалги ҳадис Тўртинчи ҳадис Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўр­ган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У улуғ зот билан ўтган ҳадис шарҳи муқаддимасида танишдик. Бу ҳадисда ҳам комил иймон ҳақида сўз кетмоқда. Ҳадиси шарифнинг ўзиданоқ Ислом инсониятга яхшиликни қанчалик раво кўрганини билиб олсак бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин учун ўзидан бош­қа кишиларга яхшиликни раво кўришини иймон масаласи қилиб қўймоқдалар. Яъни, ҳеч ким ўзига яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча, комил мўмин бўла олмаслигини таъкидламоқдалар. Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларнинг ҳам жаннатга киришини истайди. Ўзига дўзахга кирмасликни раво кўрган мусулмон ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради. Шунинг учун бизнинг ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдамиз ҳам улкан бўлади. Бундан олдин билмасак ҳам, энди бу улкан исломий ҳақиқатни тушуниб олдик. Энди бу ҳадисга қатъий­ амал қилишимиз лозим бўлади. Ўзимизга нимани яхши кўрсак, ўзгаларга ҳам ўша нарсаларни яхши кўришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Шу билан бирга, ушбу ҳадиси шарифдаги улкан ҳикматга инсоният бугунги кунда қанчалик муҳтож эканини тушуниб етамиз. Исломдан, Қуръондан ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидан узоқлашиш оқибатида, жумладан, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган улкан ҳақиқатдан узоқлашиш оқибатида, аввало мусулмонлар бошига, қолаверса, бутун инсоният бошига қанчалар мусибатлар ёғилганлигини тушуниб етамиз. Бугунги кунда дунёда одамлар бир-бирларига яхшиликни раво кўрмай қўйдилар. Ҳар ким ўзининг, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган бўлди. Бунга эришиш учун эса ўзгаларга керагича ёмонлик қилишга тайёрлар. Дунёни қамраб олган урушлар, қон тўкишлар, зулм-истибдодлар ва разолатлар шундан келиб чиқмоқда. Ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ушбу ҳадисга тўлиқ амал қилишга ўтишимиз лозим. Ҳадис ва Ҳаёт китоби 2 жуз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ BintuSodiq канали
Мавзуга оид мақолалар
 Кунларнинг бирида аёл уйидан чиқаётиб, ҳовлида учта нуроний оқсоқолга кўзи тушди. Уларни у шу кунгача ҳеч давоми...

19:06 / 01.12.2016 17010
Расуллуллоҳ алайҳиссаломни яхши кўришимизга 10 сабаб   Ё Расуллуллоҳ, сизни нега яхши кўраман, мен ожизанинг давоми...

13:15 / 08.12.2017 2615
Аслида буни қоқилиш ёки омадсизликка учраш деб номлаш ҳам хато. Буни ҳаётий тажрибалар дейиш керак. давоми...

22:08 / 30.12.2023 2659