Рамaзон кирмаган хонадон борми
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамaзон кирмаган хонадон борми

    Ҳар йили мусулмонлар томонидан интиқиб кутиладиган, Аллоҳ таолонинг ойлари ичида энг суюклиси бўлмиш Рамазоннинг ҳам ярми ортда қолди. Ҳамма ҳам билиб-билмай кичик ва катта гуноҳлар қилади, жуда бўлмаса, бировнинг кўнглини оғритиб, ҳаққига хиёнат қилиб қўяди. Аллоҳ таолонинг ваъда берган марҳаматига ихлос ила, ана шу камчиликлардан покланиш ҳамда онадан янги туғилган каби бегуноҳ бўлиб чиқиш мақсадида ушбу ойга доим интиқ бўлинади. Роббимизнинг марҳамати кенглигини қарангки, ҳар йили бандасига янгидан имкон беради, йилда бир маротаба уни тозалайди, поклайди. Биз инсонлар эса бундан ҳар йили фойдаланаверамиз, фойдаланаверамиз. Буни худди она фарзандини оқ ювиб-оқ тараб кўчага чиқариб юборганидан кейин унинг ўйнаб, яна кир-чир бўлиб келгани каби тушуниш мумкин. Чунки бола уйда уни ювиб-тараб қўядиган онажони борлигига ишонади-да. Шу сингари инсон ҳам кечирувчи Аллоҳ таолога «эркалик» қилса керак. Лекин, афсуски, бу унинг сўнгги Рамазони бўлиши мумкинлигини доим ҳам англай олмайди. 

*Ўн беш кундан бери саҳарликка ҳам, ифторликка ҳам алоҳида тадорик. Мана ҳозир ҳам навбатдаги ифторликка она қизи билан ошхонада тайёргарлик кўряпти. Ифтор дастурхони деганда турли ноз-неъматлар, хонтахтага сиғмай кетадиган таомлар эмас, балки меъёрида, исрофдан нари бўлган дастурхон тушунилади.

Ана ота ҳам қўлида тарвуз кўтариб, ишдан қайтди. Оила отани илиқ табассум ила кутиб олди. Ўғил отанинг қўлидан тарвузни олиб, ошхонага олиб кирди.

Ифторлик вақти бўлиб, ота-она ва улардан ўрнак олаётган икки фарзанд Аллоҳ таолонинг ваъда берган мағфиратидан умид қилган ҳолда, узундан-узун дуо қилиб, оғизни ҳам очдилар. Ана шу лаҳзалардаги роҳатни тил билан таърифлаб бўлмаса керак. Буни фақат бошдан ўтказиш зарур. Шом намозини адо этиб, таомлангандан сўнг таровеҳ намозига ҳаракат бошланди...

«Қуш уясида кўрганини қилади», деганларидек, бу қандай гўзал намуна!

*Саҳарликка яқин вақт эди. Она чанқади, шекилли, сув ичгани чиқди. Ошхонанинг эса чироғи ёниқ, қизи саҳарлик қилиш билан овора.

– Бугун ҳам рўза тутмоқчимисан? Ахир, ўқишга борасан, толиқиб қоласан-ку. Оч қоринга дарсларни тушуна олмайсан. Ҳали улгурасан рўза тутишга, ҳозир фақат ўқишинг ҳақида ўйлашинг керак. Сен ёшсан, каттароқ бўлганингда тутарсан.

– Ойижон, кўпчилик рўза тутяпти. Мен ҳам саҳарлик ва ифторлик қилганимда ҳамма-ҳамма тилакларимни айтяпман, ўқишимни аъло баҳоларга битиришимни ҳам Аллоҳ таолодан сўраяпман. Сиз хавотир олманг, қийналмаяпман, ойижон...

Фарзандга тўғри йўлни кўрсатадиган, нима тўғри-ю, нима нотўғри эканини илк таълим берадиган ва ўрнак бўладиган ота-она эмасми?

*Рамазон ойи давом этмоқда. Бу хонадондан эса, афсус, унинг таровати таралмаяпти. Ҳар кунги кундалик тартибдаги ҳаёт давом этмоқда. Эрталаб нонушта, ўқишда ва иш жойида тушлик, кечки овқатнинг ифтор вақтига умуман алоқаси йўқ. Худди осмондан ерга таралган Рамазоннинг нури қалин парда тортилган ушбу хонадоннинг деразасидан кира олмагандек...

Аллоҳ таолодан ҳаммамизнинг қалбимизни Рамазон каби барча марҳаматлари билан тўлдиришини сўраймиз.

*Йўналишли таксининг ичи тўла. Ҳайдовчи рулга ўтириб, машинани ўт олдирди ва шу вақтнинг ўзида папиросини ҳам тутатди. Машина деразаси очиқ бўлгани билан шамол ҳам атай қилгандек, ҳамма тутунни ичкарига ҳайдади. Ҳаммаёқ папирос ҳидига тўлди. Шунда кекса онахон ҳайдовчига қараб деди:

– Ўғлим, шу папиросингни машинага ўтиришингдан олдин чексанг бўлмайдими? Ҳаммаёқни тутатиб юбординг-ку. Бу тутунни ҳидлаб биз ҳам заҳарланишимизни қўя тур, ахир ҳозир Рамазон ойи бўлса, орамизда қанча рўзадорлар бор. Наҳот, Рамазонга ҳурматинг йўқ?!

Ҳайдовчи бир энсасини қотиргандек бўлдими ёки уялдими, секин папиросини деразадан улоқтирди.

Бироз вақт ўтмасдан худди келишиб олгандек, орқа ўриндиқда кимдир писиллатиб газли ичимлигини очди...

Ким нима учун Рамазон рўзасини тутмаётганининг минг бир сабаби бордир. Лекин орамизда рўза тутмайдиганлар бўлса-да, унинг моҳиятини англамайдиганлар йўқ эмас. Чунки бу ҳақда оммавий ахборот воситалари томонидан ҳар куни қанчадан-қанча маълумотлар бериб борилмоқда, кўрсатувлар намойиш этилмоқда. Наҳот, Рамазоннинг ҳурматини қилиш шунчалар мушкул бўлса?!

Хулоса ўрнида...

Бир неча йиллар олдин кўп қаватли уйнинг олтинчи қаватида яшаган пайтларимиз деразадан қараганда бошқа бир неча кўп қаватли уйлар кўриниб турар эди. Рамазон ойининг биринчи кунларидан бошлаб саҳарликка турганимизда доим деразадан ташқарига қарардим. Қоронғи бўлгани сабабли ошхона чироқлари ёқилган, саҳарликка уннаган хонадонларни санаш қийин эмас эди. Бугун қанча одам рўза ҳаракатида экани билинарди. Рамазон охирлаб борган сари баъзи чироқлар ёнмай, сафимиз камайгани яққол кўринарди.

Аллоҳ таолодан қалбимиздан ҳидоятини дариғ тутмаслиги, Рамазоннинг сўнгги кунларигача ихлосимизни бардавом қилиши ва ғафлат гирдоби ўз домига тортишидан паноҳ сўраймиз.

Имом Бухорий номли ТИИ ва

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар Ислом билим юрти

ўқитувчиси Саодат Валиева

Мавзуга оид мақолалар
Биз болаликдаги изтиробларимизни бизга бошқатдан ҳис қилдирадиган одамларни кўзидан таниймиз ва миллион давоми...

21:14 / 24.04.2023 2399
48. Савол Набий ва Расул орасида қандай фарқ бор Жавоб Расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга давоми...

16:28 / 13.12.2017 2985
Бирор нарсанинг мазасини татиб кўриш ёки чайнаш макруҳдир. Фақатгина, ёш болага овқат чайнаб бериш, зарурат давоми...

15:05 / 18.11.2016 4458
Muftiyat.kg сайтининг 2019 йилги маълумотларини ўқирканман, бир хабар эътиборимни тортди. Хабарда маълум қилишича, давоми...

04:15 / 05.12.2020 3053