Шукр
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шукр – бандага  берилган яхшилик, неъмат учун ўша неъматни берган Зотга сано айтмоқдир. Банданинг шукр қилиши уч рукн – асосга эга. Булар бўлмаса, шукр ҳам бўлмайди.

1.Неъматни қалби билан эътироф қилмоғи. 2.Уни зоҳиран гапирмоғи. 3.Уммат билан Аллоҳнинг тоат-ибодатида бўлмоққа интилмоғи.

Демак, шукр қалбга, тилга ва аъзоларга боғлиқ бўлиб, қалб севмоқ учун, тил ҳамду сано учун ва аъзолар у неъматни тоат-ибодатга ишлатиш учун ва гуноҳ-маъсиятга ишлатишдан тўсмоқ учундир.

Аллоҳ таоло шукрни иймон билан ёнма-ён қўйиб, шукр қилган ва иймон келтирган бандаларини азобламаслигининг хабарини берди: «Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?» (Нисо, 147) ва яна «Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар шуларми?»– дейишлари учун шундай қилиб, баъзиларини баъзилари ила синадик.Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билгувчи эмасми?» (Анъом, 53) Аллоҳ таоло шукр аҳлига махсус неъматлари борлигини хабар бермиш ва инсонларни шукр қилгувчи ва куфр этгувчиларга тақсимламиш.

Аллоҳ энг севмайдиган нарса куфр ва куфр аҳлидир ҳамда Аллоҳ энг севадиган нарса шукр ва шукр аҳлидир. Қуръони Каримда айтилмиш: «Албатта, Биз унга йўл кўрсатдик. (У эса) ёки шукр қилувчи, ёки куфр қилувчи бўлди». (Инсон, 3) ва яна «Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман.Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг». (Иброҳим, 7). Аллоҳ таоло шукр қилгувчиларга зиёда неъматлар ваъда қилмиш. Шукрнинг ниҳояси бўлмаганидек, бу зиёда неъматларнинг ҳам ниҳояси йўқдир.

Аллоҳ таоло кўп мукофотларини ўзининг хоҳишига боғлиқ даражада ўзи хоҳлаганча миқдорда бўлишини марҳамат қилган: Аммо шукрнинг мукофотини ўзи хоҳлаганча демасдан, мутлоқ зикр қилмиш: «Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлаймиз». (Оли имрон, 145)

Саҳиҳайнда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинмиш: «Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам товонлари ёрилиб кетгунча қиём туриб намоз ўқир эдилар. «Аллоҳ сизни ўтган ва келажак гуноҳларингизни мағфират қилган, нега ўзингизни бундай қийнайсиз», дейишганда, жавоб бердилар:, Шукр қилгувчи банда бўлмайми?!»

Муснад китобида ва саҳиҳ Термизийда ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуга дедилар: «Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман! Ҳар бир намоздан сўнг Аллоҳим сенинг зикринг ва шукринг ва гўзал ибодатингда бўлишимга мадад бер, деб айтишни унутма».

Шукр неъматни қайд этиб, зиёда бўлишининг сабабидир. Умар ибн Абдулазиз айтганларидек:«Аллоҳнинг неъматларини Аллоҳнинг шукри билан қайд этинг». Ибн Абу Дунё Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: ул зот Ҳамадонлик бир кишига дедилар: «Неъмат шукрга боғлиқдир ва шукр зиёдага боғлиқдир. Бу иккалови бир-бирига қаринадир, яъни бир-бирига эгизакдир. Банда шукр қилишни тўхтатмагунча, Аллоҳ зиёда қилишни тўхтатмас».

Аллоҳ таоло ўз элчисига Яратганнинг неъматларини сўзламоқликни Қуръони Каримда буюрмиш: «Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла». (Зуҳо 11). Аллоҳ таоло ўзининг неъматлари бандасида кўриниб туришини ёқтиради, чунки бу ҳолат ҳам шукр қилмоқдир.

Абул Муғира ҳазратларига: «Қандай тонг оттирдингиз эй Абу Муҳаммад?» дейишганда, жавоб бердилар: «Неъматларга ғарқ бўлган ҳолда, шукрини адо этишдан ожиз ҳолда, Роббимиз биздан беҳожат бўлатуриб, кўнглимизни овлаб, бизга меҳрибонлик кўрсатади. Биз эса Роббимизга муҳтож бўлатуриб, унга ёқмайдиган ишларни қилаверамиз».

Шурайҳ деди: «Агар бандага бир мусибат етса, Аллоҳ таоло унинг ичида уч неъматни беради: мусибати диндаги мусибат эмаслиги, мусибат ўзидан кўра каттароқ мусибат эмаслиги, бўлиши лозим бўлган иш бўлганлиги».

Юнус бин Убайд дедиким, Абу Ғунаймага бир киши деди: «Қандай тонг оттирдингиз?» Жавоб бердиким: «Икки неъмат орасида тонг оттирдим, булардан қай бири яхшироқ – билолмадим. Биринчиси, Аллоҳ таоло гуноҳларимни сатр қилиб беркитди, ҳеч ким у гуноҳларим билан мени уялтирмади. Иккинчиси, Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига солиб қўядиган бир муҳаббат билан тонг оттирдимки, амалларим ҳеч унга яраша эмас эди».

Аллоҳ таолонинг «Бу гапни ёлғонга чиқарувчиларни Менинг Ўзимга қўйиб қўй. Биз уларни ўзлари билмаган тарафдан аста-секин оламиз».(Нун, 44-оят) оятидаги қавм ҳақида Суфён дедиким: «Уларга неъматларни бисёр қилиб бериб, шукр неъматини бермайди». Ва бошқалар айтишларича: «Улар ҳар гал гуноҳ қилганларида бир неъмат беради».

Абу Ҳозимдан сўрадилар: «Икки кўзнинг шукри недир, эй Абу Ҳозим?» Жавоб берди:«Агар бирон яхшиликни кўрсанг, эълон қилмоғинг, ва агар ёмонликни кўрсанг, беркитмоғинг».

Яна сўрадилар: «Икки қулоқнинг шукри недир?» Жавоб берди:«Агар бирон яхши нарса эшитсанг, эслаб, ёд олмоғинг, агар ёмонни эшитсанг, даф қилмоғинг». Сўрадилар: «Икки қўлнинг шукри недир?» Жавоб берди: «Қориннинг паст тарафида таом бўлиб, тепасида илм бўлмоғи».

Сўрадилар: «Фаржнинг шукри недир?» Жавоб берди: «Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўллари мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилингувчи эмаслар. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир».(Маориж 29-31)

Сўрадилар:«Икки оёқнинг шукри недир?» Жавоб берди: «Агар ҳавасинг келган солиҳ бандани билсанг, у оёқларини Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатига ишлатганидек истеъмол қилишга ҳаракат қилмоғинг ёки бирон фосиқ оёғини ёмонликка ишлатганини билсанг, унга ўхшамасликка ҳаракат қилмоғингдир.Аллоҳ таолога ҳақиқий шукр қилувчилардан бўл! Тилида шукр қилиб, бошқа аъзолари шукр қилмайдиган қавмдан бўлмаки, улар либосини бир енгини кийган одамга ўхшарлар. У либос на иссиқдан, на совуқдан, на қор, на ёмғирдан асрар».

Уламолардан баъзилари ўз биродарларига ёзган эканлар: «Аммо баъд, Аллоҳнинг бизга берган неъматлари шунчалик кўпки, қанча кўп санасак ҳам саноғига етолмаймиз. Қайси бир неъматга шукр қилсак, деб шошиб қоляпмиз. Бизга муяссар қилган гўзал нарсалари учунми ёки сабр қилиб беркитган гуноҳларимиз учунми?»

Мавзуга оид мақолалар
Инсон туғилибдики, бу дунё қийинчиликмашаққатларини енгиб ўтишга ҳаракат қилади. Мурғак гўдак ҳам она давоми...

11:08 / 11.07.2017 3804
Аҳмад ибн Абдулмаликни дўстлари бир воқеа билан эслашади. Ҳайит кунларининг бирида уни кўргани боришганда давоми...

12:58 / 05.11.2018 2931
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ таоло наздида давоми...

21:56 / 20.06.2023 1192
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий қайси ойда туғилганлар           Жавоб Расулуллоҳ давоми...

05:36 / 28.11.2017 2512