Ўтмишдаги ва бугунги ҳолатимиз
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Муҳаммад алайҳиссаломга мукаммал салавоту дурудлар бўлсин!

Бизни илм сарчашмасидан баҳраманд бўлишга, бу йўлда жидду жаҳд қилишга йўллаб қўйган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин. Мана, икки ой давомида хазратимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Иймон» номли китоблари бўйича устозамиз Одинахон  Муҳаммад Содиқнинг онлайн суҳбатларида қатнашиб, кўплаб билмаганларимизни ўргандик, билганларимизни мустаҳкамладик.

Китобни ўқиб-ўрганар эканман, анчадан буён хаёлларимни банд этиб юрган кўплаб саволларга жавоб топишга муяссар бўлдим.


60-70-йиллардаги юртимиздаги ҳолат ҳақидаги сатрларни ўқир эканман, беихтиёр мактаб даврларимни эсладим. Эсладим-у, дилимдан беихтиёр «Аллоҳнинг ўзи кечирсин», деган ўй-хаёл ўтди. Аллоҳ таоло меҳрибон Зот. Тавба қилган бандаларини албатта кечиради. У Зотнинг мағфиратидан умидвормиз…

1988 йиллар бошланғич синфда ўқир эдим. Худди бугунгидек ёдимда. Бир куни синф раҳбаримиз бир дона конфетни қўлларига ушлаб: «Буни бизга ким берган?» деб сўрадилар. Ҳаммамиз бир овоздан: «Ленин бобомиз!» деб жўровоз бўлдик. Ўқитувчимиз: «Ўқиш,  ўқиш ва яна ўқиш! Бизни илм олишга чақирган буюк инсон ким?» деб сўрадилар. Биз бор овозимиз билан: «Ленин бобомиз!» дея ҳайқирдик.

Ҳа, биз учун Ленин бобо чинакам идеал, ўрнак, ибрат, намуна эди.  Унинг ҳаётини шу қадар кенг ёритиб беришар эдики, бу инсондан бўлак ҳеч бир эргашувчимиз йўқдек, у ота-онамиздан ҳам азиздек эди гўё. Ленин бобонинг ёшлик чоғлари ҳақида, унинг ҳеч қачон ёлғон гапирмагани, аълочи, меҳнатсевар, фидокор, ҳақиқий дўст, хуллас, барча яхши фазилатларни ўзида мужассам этган бир буюк инсон экани ҳақида шу қадар кўп гапириб, ақл-идрокимизга сингдириб юборишган эдики, у ҳақда сўзланганда улкан бир доҳий, буюк бир шахс кўз олдимизда гавдаланар эди…

Бугун эса, Аллоҳнинг инояти, тавфиқи билан буларнинг бари ёлғон, қуруқ сафсата эканини ҳар бир мусулмон, ҳар бир ақли расо инсон англаб турибди.

Шуларни ўйлар эканман, кўзимни юмиб, бир зумга ўша 70-йилларда ўзимни тасаввур қилиб кўраман. Хўш, ана шу ёлғон мафкура, атеизмга асосланган муҳит ўрнида Ислом динига кенг йўл очилган, ҳозиргидек илм олишга шароитлар яратилган давр бўлганида қандай бўлар эди? Ҳар бир ҳолимизда Ленин бобо олға сурган мафкурага, қонун-қоидаларга эмас, Аллоҳ таоло жорий қилган шариат,  Муҳаммад алайҳиссалом қоим қилган суннатга мувофиқ яшаганимизда, ҳолимиз қандай бўлар эди? Ана шундай саодат асрига қиёслагудек замонда яшаб, оила қурганимизда, ҳозир бизнинг фарзандларимиздан етишиб чиққан  Бухорийлар, Термизийлар, Оишалар, Фотималарнинг сон-саноғига етиб бўлмасмиди?

Лекин ҳар қандай маҳзун ҳолатда ҳам инсоннинг қалбини ёритувчи учқун чақнаши инсонга таскин беради. Алҳамдулиллаҳ, ана шундай ўзлигимизни йўқотиб, қалбларимизу вужудимизга динсиз, иймонсиз тоифалар эгалик қилган бир замонда бизнинг юртимиздан, бизнинг заминимиздан тонгда чиққан қуёшдек замину замонни нурларга тўлдирган  Ҳазратимиз отилиб чиқдилар. У  киши дину диёнат учун, Ислом ривожи учун, халқ фаровонлиги учун, Аллоҳнинг дини қоим бўлиши учун, соф Ислом динини сақлаб қолиш учун умру жонларини фидо айладилар. Бу ҳақиқатларнинг баъзиларини билганман, яна баъзи билмаганларимни эса Ҳазратимиз ҳақларида битилган «Исломга бағишланган умр» китобини мутолаа қилиш давомида билдим, ўқиб-ўргандим, ўзим учун жуда кўп ибрат олдим.

Яна бир армон… Ана шундай фидокор, Ислом байроғини баланд кўтарган буюк инсон билан бир даврда, бир юртда яшаб туриб, бирор марта учрашиш насиб этмади. Лекин яна бу армон сабаб чўккан қалбимга таскин берган, қалбимга нур олиб кирган учқун эса у кишининг фарзанди аржумандлари Одинахон Муҳаммад Содиққа шогирд бўлиш, Ҳазратимизнинг «Иймон» китоби бўйича устозамиз ташкил этган суҳбатларда қатнашишим бўлди. Бу олган билимларимизни Аллоҳ манфаатли айласин, ўқиганларимизга амал қилувчи бандаларидан бўлишимизни насиб этсин.
Аллоҳ таоло Одинахон Муҳаммад Содиқнинг умрларини узоқ қилсин, оталарининг муносиб давомчиси ўлароқ кўп йиллар динимизга холис хизмат қилишда  бардавом айласин, хизматларининг ажрини улуғ қилиб берсин.
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 
Сайёра ҚУРБОНОВА
Қўқон шаҳри,  Данғара тумани

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм «У «Бу Роббим раҳматидандир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса, буни ер баробар давоми...

12:37 / 11.03.2017 6228
Фарзандингизни дангасаликдан қайтаришга ёрдам берадиган маслаҳатлар Боладан маъсулиятли бўлишни қатъий давоми...

14:05 / 14.03.2017 5043
«Муслимаат.уз» саҳифаси, «Бинту Содиқ» маърифий канали жамоаси Тошкент шаҳар бош имомхатибининг давоми...

21:52 / 17.01.2020 2561
САВОЛ Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Ҳар бир мусулмон ўз жуфти билан бирга бўлгандан сўнг ўзларини ҳаром давоми...

17:08 / 16.10.2016 4933