Бугуннинг аёли қандай бўлиши керак?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга ҳамду сано, Расулуллоҳга саловату дурудлар. Бу мақоламиз нозик хилқат вакилалари бўлмиш аёлларга бағишланади. Чунки бу айни бугуннинг мавзуи бўлиб, ҳақиқат чашмасидан баҳра олган кўнгил ундан қониб-қониб ичгиси ва шу баҳонада бошқа кўнгилларга улашгиси келади.

Ислом аёллар учун орзу бўлиб келаётган, ҳам тарихда кузатилмаган чин маънодаги қадр-қимматни туҳфа этганлиги ҳақида ҳаммамиз биламиз. Эслаб кўринг: Исломгача бўлган даврда аёл инсонийлик жиҳатдан эркак билан тенгликни хоҳлар эдими? Ҳа, албатта, хоҳлар эди ва Ислом бу тенгликни ҳам назарий, ҳам амалий тарзда олиб келди ва бу тенгликни шаръан қонунийлаштириб қўйди. Аёл ҳам инсон сифатида иқтисодий мустақилликни ва бошқа инсонлар билан муомалада бевосита озодликни хоҳлар эдими? Ҳа, албатта, хоҳлар эди ва Ислом тарихда биринчи бўлиб аёлга бу ҳуқуқни берди. Аёл таълим олиш ҳуқуқини хоҳлар эдими?  Ҳа, албатта, хоҳлар эди ва Ислом унга бу ҳуқуқни ҳам берди, ҳатто таълим олишни мажбурият қилиб қўйди. Аёл ўзининг хоҳишига биноан турмушга чиқишни ёки эркакка ўзи таклиф қилиш ҳуқуқини хоҳлар эдими? Аёл оилавий ҳаётда ўзига нисбатан адолатли ва етарли даражада эътибор берилишини хоҳлармиди? Аёл агар ўзига нисбатан одилона муносабат қилинмаса, ўз хоҳишига биноан ажралиш ҳуқуқини хоҳлармиди? Ҳа, албатта, хоҳларди, чунки у – инсон. Ислом унга бу ҳуқуқларнинг ҳаммасини берди. Эркакга эса аёлнинг бу ҳуқуқларига даҳл қилмаслигини ва уларни қўллаб-қувватлашини билдириб қўйди. Аёл меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳам хоҳларди. Ислом аёлни меҳнат қилишга бўлган лаёқатини ҳисобга олиб, эҳтиёж туғилганида исломий шарт-шароитлар асносида меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳам берди. Демак, аёл шариат таклифлари олдида эркаклар билан инсоний тенгликка эришди. Хўш, Ислом аёлни бу тенгликка олиб чиққанидан кейин худди эркакларга юклагани каби аёлга ҳам бурч ва вазифалар юкладими? Аёлни Ислом қаршисидаги бурч ва вазифалари нималардан иборат бўлди? Ҳа, албатта, Ислом эркакларга вазифалар берганида аёлни ҳам эътибордан четда қолдирмади. Фиқҳий масалаларда эркаклик ва аёллик ҳолатларига қараб баъзи ўринларда фарқ қилади. Аммо эътиқод масалалари олдида, иймон талаблари олдида эркагу аёл баробар масъулдирлар. Аввало Қуръони Каримдаги «Эй иймон келтирганлар» деган чақириқдан кейинги вазифалар, огоҳлантириш ва башоратлар мўмин ва мўминага тенг тааллуқлидир. Шунингдек, иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж вазифалари аёлга ҳам фарз қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олишни фарз (яъни лозим) эканини айтганларида, умумий суратда айтмадилар, балки эркакка ҳам, аёлга ҳам алоҳида баробар таъкидлаб: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир» дедилар (Бухорий ривояти). Ислом эркак кишини гуноҳдан қандай қайтарган бўлса, аёл кишини ҳам шундай қайтарди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом аёлни қандай қадрлаган бўлса, шунга яраша бурч ва мажбуриятлар ҳам юклади. Энди Ислом келганидан кейинги тарих мобайнида аёл ўзига белгиланган вазифаларни адо этиш билан жамиятга қандай наф келтирганлиги, қандай фарзандларни туҳфа этганлигига эътибор қаратинг! Аёл нафақат Ислом оламида қадрланадиган, балки бутун инсоният унинг номини эшитганда ҳурмат билан тилга оладиган шахсларни Исломдан кейинги тарих мобайнида тарбиялаб етиштирди. Илм-фан соҳасида пойдевор бўлган илм аҳлининг асосини Исломга тўла таслим бўлган тақводор оналар туғиб тарбиялаган эдилар. Бугунги кун аёлларимиз тарихига бир назар қаратинг! Ислом оламида қиёматгача устоз бўлиб қолган уламолар имом Бухорий, Термизийлар, фалакиёт илмига асос солган Улуғбеклар, бутун дунё тиббиётига бугун ҳам устозлик қилаётган Ибн Синоларга Ислом олдидаги вазифаларини тўла ҳис қилиб яшаган момоларимиз оналик қилишган. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, уларни шундай олиму уламо бўлишига покиза аёллар, оналар сабабчи бўлишган. Навоийдек нозик қалб шоирларни ҳам, Мирзо Бобурдек моҳир саркардаларни ҳам шу муслима оналар туғиб тарбия қилишган. Шундай улуғ зотларга оналик қилган аёллар қандай қилиб бу каби фарзандларни инсониятга туҳфа эта оладилар? Уларнинг бугунги кун аёлларидан фарқи нимада эди? Уларнинг фарқи Ислом олдидаги бурч ва мажбуриятларини ҳис қила олишлари ва шуни адо этишларида эди. Исломий маънавият ва маданият билан иш тутишларида эди. Ислом динини чексиз ҳурмат қилишларида эди. Агар умумислом тарихига назар солинса, кишини лол қолдирадиган мисоллар жуда кўп. Ўзлари чўри бўла туриб тарбиялаган фарзандларини Ислом оламидаги энг катта олимларга ҳам устозлик қила оладиган даражада тарбия қилган аёллар ҳам бор. Бу каби мисолларни фақатгина Исломдан кейинги тарихда муслима аёллар тарихида учратиш мумкин. Биз юқорида зикр қилган илм дарғаларининг болалик тарихига назар солинса, бошланғич таълимларини уйда, гўдаклик чоғларида олишгани маълум бўлади. Алишер Навоий, Ибн Синоларнинг ўн ёшлар атрофида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олганлиги манбаларда баён қилинган. Уларни бунчалик юқори савияда тарбия топишига, бунчалик илм-маърифатга эга бўлишига кимлар сабабчи? Албатта, бу зотларни Аллоҳнинг зикрисиз эмизмаган, Аллоҳнинг зикрисиз бешигини тебратмаган оналар тарбиялаган. Бугунги куннинг «забардаст олимлари» деб аталаётган профессор, фан докторлари эга бўлган илмдан кўра кўпроқ илмни гўдаклик чоғидаёқ уларга таълим бера олган биринчи устозлари, оналари, яъни аёллар бўлган. Демак, Исломдан кейинги тарихда қайси даврда бўлмасин, жамиятнинг салоҳиятига иймон-эътиқоди мустаҳкам, солиҳа аёллар, яъни оналар асос бўла олганлар. Чунки Ислом олдидаги вазифаларини ҳис қила олган аёлларни Ислом ўз-ўзидан шу даражага олиб чиққан. Шунинг учун ҳам Исломдан аввалги тарихларда ва Исломдан бошқа муҳитларда аёл ўзининг жамиятига бу қадар таъсир ўтказа олмаган. Чунки фақат Исломгина аёлга мазкур таъсир кучини берган, фақатгина Исломгина аёлни шундай тарбия қила олади. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Исломга бўйсунган аёлгина бу даражага кўтарила олади. Шу ўринда баъзи саволлар туғилади. 1. Хўш, илм ва маърифат осмонида юлдуз каби порлаган олимлар туғилиб ўсган даврнинг аёллари қандай аёллар эди? 2. Уларни ўзларидан кейинги аёллардан устунлиги бормиди? 3. Бугуннинг аёли улардан қанчалик узоқлашди? 4. Бугуннинг аёли ўша момоларнинг фарзандларимиз деб фахрланишга ҳақлими? 5. Нега ўша аёллар туққан фарзандларини неча юз йилларки бошқа аёллар туға олмаяптилар ёки бугунги кун аёлларидан ҳам шундай фарзандлар туғилиши мумкинми? 1.Илм ва маърифат осмонида юлдуз каби порлаган олимлар туғилиб ўсган даврнинг аёллари қандай аёллар эди? Жавоб: Илм ва маърифат осмонида юлдуз каби порлаган олимларни туғиб тарбия қилган аёллар, аввало, ўзларининг мўмина эканлигини ҳис қилиб яшаганлар. Ҳар қандай инсоннинг қалбидан жой олган, ўзи учун муқаддас саналмиш нарсалар бор. Гоҳида инсон шу нарсани муқаддаслаштириб олганини ўзи ҳам билмаслиги мумкин. Кимнингдир қалбини бойлик орттириш «безаб» турган бўлса, кимнингдир қалби бир инсонга нисбатан муҳаббатга тўла, кимникидир ҳасадга тўла. Кимлардир инсонлар ўртасидаги обрў-эътиборни муқаддас санаб, унга эришиш йўлида ҳамма нарсадан, ҳатто динидан ҳам воз кечишга тайёр. Албатта, агар дини бўлса. Баъзилар ўзининг нафсини ҳамма нарсадан устун қўйиб, унинг талабини қондиришда ҳаромми, ҳалолми фарқламаган ҳолда унинг ҳам қалби нима биландир банд. Юқорида зикр қилинган аёллар эса динини муқаддас билдилар. Қалбан севиб, эъзозладилар. Ислом буюрганидек ҳаёт кечиришга ҳаракат қилдилар. Ислом аёлга берган қадр-қимматни тўғри баҳолаб, Исломнинг огоҳлантиришига ҳам эътибор қаратдилар. 2. Уларнинг бугунги аёллардан устунлиги бормиди? Нега уларнинг туққан фарзандлари илм дарғалари бўлиб етишди-ю, улардан кейинги даврнинг аёли туққан фарзандлари бундай бўлмади? Жавоб: Ҳа, бутун инсониятга фойдаси тегадиган олимларни туққан аёлларнинг кейинги даврнинг аёлларидан устунлиги бор эди. Уларнинг бу устунлиги молу дунё, шон-шуҳрат билан эмас, балки қалб билан эди. Исломнинг муқаддаслигини қалб билан ҳис қилишларида эди. Ўзларининг зиммаларидаги вазифаларни ҳис қилишларида эди. Мана шундай эътиқодга эга бўлган аёллардан имом Бухорийлар, имом Термизийлар дунёга келдилар. Мана шундай фарзандларга она бўлган аёллар, албатта, бошқа аёллардан устун ҳисобланадилар. Чунки фарзандлари имом Бухорий, имом Термизий даражасига етгунча уларга қилинган хизматларнинг энг катта қисми мана шу оналарга тегишлидир. 3. Бугуннинг аёли улардан қанчалик узоқлашди? Жавоб: Бугуннинг аёли улардан, яъни Бухорий, Термизийларни туққан момоларидан шундай узоқлашдики, худди уларнинг ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқдек. Гўёки жинслари ҳам бошқа-бошқадек. Чунки ҳар қандай виждонли одам ўша момоларимиз ҳақида фикр юритар экан, албатта, юксак эҳтиром билан эслайди. Уларни Ислом билан зийнатланганини эътироф этади. Ўша покизалик, ўша эътиқод, ўша иймон билан шундай фарзандларни туғиб тарбия қилганини тан олади. Энди бугунги кун аёлларининг туққан фарзандларининг онги ҳақида ҳатто ойнаи жаҳон орқали ҳам арз қилаётганликларини эшитиб қоламиз. Фарзандлар оналарининг гапига парво ҳам қилмаётганига, менсимаётганига гувоҳ бўламиз. Хўш, бу фарзандларни ким туғиб тарбия қиляпти? Бугуннинг аёли. Динини унутган бугуннинг аёли. Агар улар динини билишганда эди, фарзандлари «Жаннат оналар оёғи остидадир» деган таълим-тарбия билан суғорилар эди. Мана шу ҳолат бугуннинг аёлини улардан қанчалик узоқлашганини билдиради, улардан қанчалик пастда эканини исботлайди. 4. Бугуннинг аёли ўша момоларнинг фарзандларимиз деб фахрланишга ҳақлимилар? Бу масалага жавоб топиш бироз мушкул. Чунки момоларимизнинг жуда ҳам иффатли, иймон-эътиқодли бўлгани ҳақида айтдик. Ҳар қандай масалага Аллоҳ ва Пайғамбарини ҳакам қилишган. Қуръон ва ҳадис билан муаммоларини ҳал қилишган. Ҳаётлари Қуръон ва ҳадисга мувофиқ тарзда ўтган. Табиийки, гуноҳлардан, агарчи кичкина деб эътибор қилинса ҳам, эҳтиёт бўлишган. Шу тақволарининг ҳосиласи ўлароқ бахтли она бўлишган. Афсуски, уларнинг тасаввурларидаги даҳшатли ҳисобланган, инсонни аниқ ҳалокатга олиб борадиган гуноҳлар бугунги кунда арзимас хатолар, камчиликлар деб эътибор қилинмоқда ёки мутлақо эътибордан ташқарида. Ҳатто баъзи гуноҳларга ёшлик қилибди, деган баҳона қилинса, баъзи номуссизликларча, орсизликларча қилинган гуноҳларни «севги-муҳаббат» деган либос билан ўраб қўйилмоқда. Агар юқорида зикр қилинган момоларимиз бугунги кун аёллари билан тўқнаш келиб қолишса эди, аминманки, улар, албатта, Қуръон ва ҳадисга мувофиқ муомала қилган бўлар эдилар.Қуръон ва ҳадисга мувофиқ муомала шуки, гуноҳ ва маъсиятдан иложи борича қайтарар эдилар. Ота-она сифатида улардан норизо эканликларини эълон қилишарди. Агар балоғатдан ўтган фарзанд шунда ҳам гуноҳдан қайтмаса, қайтмаслигини айтса, ундай фарзанддан шу дунёни ўзида кечиб юборилади. Мана, энди ўйлаб кўринг: агар ўша момолар бугуннинг эркатой қизлари билан тўқнаш келсалар, нима деган бўлардилар. Улар бугунги кун эркатой қизларининг нафсу ҳавоси кетидан бунчалик қувлашларини кўриб туриб, «ёшлик» деб завқланишмасди. Балоғатга етиб ўтган қизи ота-онасининг олдида тор футболкаю, калта юбкани кийиб олиб, қорнини, ҳатто киндигидан ярим қарич пастгача очиб юришини ёшлар модаси ёки замона зайли деб ҳимоя қилишмасди. Қизлари Аллоҳ қўйган муҳрларини – иффатларини кўчаларда кимлар биландир бузиб келса, бугунги кун «меҳрибон» оналарига ўхшаб қизларининг бу «ёшликларини» жарроҳлик йўли билан беркитиб, кўз бўямачилик қилишмас эдилар. Менинг қизим покиза, иффатли, яхши қиз, деб кимнидир алдаб, қизининг ҳаётини аввал бошдан хиёнат пойдеворига қуриб бермас эдилар. Балки Қуръон ва ҳадисга мувофиқ ҳолда муомала қилардилар.   Уларнинг қизлари ҳам бу каби тубанликка бормас эдилар. Чунки улар иймон билан тарбия қилинган бўлардилар. Бугунги кун аёли, мен ҳам ўша покиза момолар силсиласининг давомчисиман, мен ҳам уларнинг наслиданман дейишдан олдин, агар уларга рўбарў келиб қолсам, уялиб қолмасмиканман, агар улар мени уйимга келиб қолсалар, кириб бир пиёла чойни ичишга таклиф қилсам, мени аврат жойларимнинг очиқлигини кўриб, мени қўлимдан чой ичармиканлар ёки юзимга ҳам қарамасдан кетиб қолармиканлар, деб савол қўйсин. Ўзига-ўзи виждон билан жавоб берсин. Агар ижобий жавоб бера олса, фахрланиши мумкин. 6.Нега ўша аёллар туққан фарзандларни неча юз йилларки бошқа аёллар туға олмаяптилар? Бугунги кун аёлларидан ҳам шундай фарзандлар туғулиши мумкинми? Мана, неча асрларки, ўша аёлларнинг туққан фарзандларига ўхшаш фарзандларни улардан кейинги давр аёллари туға олмаяптилар. Тарихни безаб турган ўша олимлар каби кишилар қайта туғилмаяптилар. Чунки улардан кейинги аёллар, динини мустаҳкам тутмадилар. Исломдан узоқлашдилар. Ислом келган даврдан узоқлашилгани сари, диндан ҳам узоқлашилди. Ислом қоралаган хурофотлар дин номи билан кириб келди. Ҳаромга, гуноҳга эътибор камайиб борди. Дин билан хурофот аралашган, ҳаром ва гуноҳ ишларга эътибор камайган даврнинг аёли ўша ҳолатга хос савия билан шаклланди. Аёллар фарзандларини ўша ўзлари билганча дин асносида тарбия қилдилар. Албатта, бу савияга эга бўлган аёлнинг туғиб тарбия қилган фарзандлари, илгариги аёллар, яъни динини маҳкам тутган, Ислом олдидаги масъулиятини ҳис қилган аёллар туғиб тарбия қилган фарзандлар каби бўла олмадилар. Чунки оналар бир хил эмас эдилар. Хўш, бугунги кун аёли ҳам биз юқорида зикр қилган илм осмонида ёрқин юлдуздек порлаб турган уламоларни туғиши мумкинми? Бу саволга жавоб излашдан олдин, бу масалага бошқачароқ назар солиб кўрайлик. Биз юқорида «илм устунлари» яшаган даврдан кейинги даврларда, дин билан хурофот аралашиб кетгани ва аёллар эса Ислом олдидаги масъулиятини кам ҳис қилганини ва шунинг оқибатида диндан узоқлашилганини ва бу эса авлодга қандай таъсир қилганини айтдик. Агар динининг вазифаларига эътибори бироз камроқ бўлгани, Ислом олдидаги масъулиятини камроқ ҳис қилгани ҳолда, туғиб тарбия қилган фарзандларидан «илм устунлари»га ўхшаш уламолар чиқмаган бўлса, бугунги кундагидек динни мутлақо эсдан чиқарган аёлларимиздан ҳалол ва ҳаромни фарқ қилмайдиган, динини маҳкам тутганларга қандайдир лақаблар тўқийдиган, «Мени дилим тоза, кўнглим пок», деб юрган аёллардан ҳақиқий олимлар туғилармикан? Аҳвол шундай бўлса, биз юқорида зикр қилган илм дарғалари эмас, балки оддийгина мусулмон фарзандларни кўплаб туғилишига гумон қиласан киши. Аллоҳ асрасин. Чунки бугунги кун аёли қўрқинчли суратга кириб бормоқда. Илгари аёллар орасида эркакларга ўхшаб шим кийишни тасаввур қилиб бўлмас эди. Хўш, бугун-чи? Неча фоиз аёллар шим киймаяпти? Фақатгина мўминалар ва ёши катта онахонлар. Қолганлар ҳаммаси эркаклар шимида. Илгари шим кийган аёлни тасаввур қилиб бўлмаган бўлса, энди киймаганини тасаввур қилиб бўлмаяпти. Яна қизларимизни «маданияти» шунчалик такомиллашдики, шимни устидан ич кийимни чиқариб, кўрсатиб қўйиладиган даражага етди. Ахир бу бузғунчилик, фаҳш-ку. Шу ўринда қизларимиздан, аёлларимиздан сўрамоқчиман. Кимларга тақлид қиляпсизлар.« Аёл озодлиги» деган шиор остида аёлларни фаҳш ўйинчоғи қилиб улгурган Европагами? Ёки инсониятга демократия керак, жинсий алоқа маданий ҳордиқ деб, кириб қолган кўчасидан чиқиб кетиш йўлини тополмаётган Океан ортигами? Хўш, у маданият деб аталаётган модалар балоси яна ўн йиллардан кейин қандай кўринишга эга бўлади?   Ривожланиш шу даражада бўлса, аёллар кийим-кечак ҳақида, умуман, қайғурмай қўйишса керак. Бу маданият аёл-қизларимизнинг онгини шу тарзда ривожлантирдики, ҳатто тарихда кузатилмаган уддабуронликлар рўй берди. Бу янгилик қотилликнинг янги усулидир, яъни ҳали туғилмаган болани – зинодан орттирилган болани шундай ўлдириладики, жиноят изсиз йўқолади. Яна ҳеч нарса бўлмагандек юрилаверади. Хўп, аёлларимизнинг бугунги аҳволини, яъни кўча-кўйда кийими бор яланғоч ҳолда юришини, шу аҳволда ўқув муассасаларида, ҳатто телевиденияда этика-эстетика ҳақида баҳс юритишини, «бурда моден, дизайн» деган европача номлар остида яланғоч юришни талқин қилаётганини, кўр-кўрона кимларгадир тақлид қилаётганини «маданият» дейилса, унда ўз-ўзидан дунё тан берган алломаларни туғиб-тарбиялаб кетган ўтмиш момоларимиз ҳақоратланган бўлмайдими? Ҳа, ҳақоратланган бўлади. Чунки улар бу каби «маданият»дан узоқ бўлишган. Бундан ҳазар қилишган. Улар бизнинг хотин-қизларимизга ўхшаб кўкракларини ярмигача очиб, киндикларини очиб, эгнига эрларининг шимини кийиб, интим аъзоларини лорсиллатиб юришни, зино деб қабул қилишган. Шунинг учун ўша даврларда эркакларнинг пулини олиб, кўнглини хуш қилиб чиқариб юборадиган аёллар «салтанатлари» йўқ эди. Шунинг учун ўша даврларнинг бугун ресторан деб аталаётган хўракхоналарида бировнинг эри бировнинг хотини ёки қизи билан кўнгилхушлик қилиб юрмас эди. Шунинг учун ўша даврларда етимхоналар йўқ эди. Шунинг учун улар давоси йўқ, номи ҳам ғалати касалликларга учраганлари йўқ эди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қайси бир қавмда фаҳш пайдо бўлиб, улар у билан очиқдан-очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади» дедилар (Ибн Можа ривояти). Агар ўша момоларимиз ҳозирги даврга келиб қолишса, хотин-қизларимизни аҳволини кўрганида «бу аёллар ҳаммомдан чиққанн-у, кийимининг ҳаммасини кийишни унутган ёки мажнун», деб ўйлашса керак. Буни инсоннинг эмас, балки шайтоннинг амали деб билишган. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Эй одам авлоди! Шайтон ота-оналарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин» (Аъроф. 27) деган оятини Бухорийдек, Термизийдек зотларни тарбия қилган аёллар яхши билишган. Шу тариқа Иблис ўз-ўзини кўз-кўз қилиш бўлган даъватнинг асосчиси бўлди. Шунингдек, ҳозирда ҳам «аёл озодлиги» деб номланаётган сохта шиорларнинг ҳам раҳнамоси Иблиснинг ўзидир. У ўзига итоат қилувчиларнинг раҳнамосидир. Аллоҳга итоат этмайдиган, шайтонга итоат этувчилар биринчи навбатда ўзини кўз-кўз қилувчи, жамиятни йўлдан оздирувчи беҳаё аёллардир. Бу – одам боласининг иши эмас. Одам деган номга қайси киши лойиқ? Одам деб кимни айтилади? Бунга жавоб излаб тарихга, инсониятнинг аввалига қайтамиз. Буни эса Қуръондан топамиз. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 30-оятида фаришталарга «Мен ерда ўринбосар қилмоқчиман» деди. Яъни ерда Аллоҳ Ўзининг халифасини яратмоқчи эканини билдирди. Лекин унинг номини айтмади. Аллоҳ Ўзи яратган биринчи кишини Одам деб номлади. У киши қандай эди? У қалби Аллоҳга итоат этишлик учун завқу шавққа тўла эди. У биринчи Пайғамбар эди. Фақат ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилувчи эди. У Аллоҳ буюрган ишларни бажонидил қилар, қайтариқларидан қайтар эди. Мана шундай кишини Аллоҳ Одам деб номлади. Мана шу сифатларнинг эгаси одам деб аталади, Одамнинг бошланиш нуқтаси – мана шу. Бундан юқорилагани сари «солиҳ, сиддиқ, валий» ва ҳоказо даражаси ортиб бораверади. Бу сифатларга эга бўлмаган кишини одам дейиш асоссиздир. Чунки ундай кишини Аллоҳ одам деб атамади. Шу ўринда қизиқ бир савол туғилади. Юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган кишигина одам дейилса, мазкур сифатларга қарама-қарши, терс ҳолатдаги, бузуқчилик қуроли деб аталган ярим-яланғоч аёллар-чи? Жавоб оддий. Аллоҳ аёлга авратларини беркитиб юришни, ўзини кўз-кўз қилмасликни фарз қилди. Ва ҳар қандай инсонни ўзининг авратларини ёпиб юриш табиати билан табиатлантириб қўйди. Бирорта инсон ўзининг авратини зарурат туғилганда ҳам, ҳатто табибларга ҳам хурсанд бўлиб кўрсатмайди. Чунки уят унинг табиатида бор. Чорва ҳайвонлари эса авратнинг фарқига ҳам бормайди. Чунки унинг табиатида уялиш йўқ. Бемалол очиб юраверади. Энди онги бор, табиатида уялиш деган ҳис бор кимса, шу онги, табиати билан авратларини  кўкрагу киндикларини очиб юрса, авратнинг фарқига бормаса, одам деган номдан сал пастроққа тушиб қолганга ўхшайди. Қуръони каримда Аллоҳ таъоло: «… Уларнинг диллари бор-у, англай олмайдилар, кўзлари бор-у, кўра олмайдилар, қулоқлари бор-у, эшитмайдилар. Улар чорва (ҳайвонлари) кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорва (ҳайвон)лардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир.» (Аъроф. 179) дея марҳамат қилган. Аҳамият беринг: Аллоҳ айтяпти, чорва ҳайвонларидан баттардирлар. Чунки ўша кимсага берилган онг, идрок агар чорва ҳайвонларига берилса эди, улар ўша кимсанинг аҳволига тушмас эдилар. Яна оятнинг охирида «Ана улар ғафлатда қолган кимсалардир», деди. Бундан, аввало, тушуниладиган нарса шуки, агар кишининг қалби ҳақиқатни ҳис қилмаса, қулоғи ҳақиқатни эшитмаса, кўзи ҳақиқатни кўрмаса, унга қалб, қулоқ, кўз нима учун берилганини ҳис қилмасдан ғафлатда ўтиб кетади. Бежизга «Ана улар ғафлатда қолган кимсалардир», одамлардир дейилмади. Одам деган ном, бу кимсаларга муносиб кўрилмади. Ҳатто чорва ҳайвонлари одам дейишга лойиқ бўлмаган кишилардан устунроқ қўйилди. Бугунги аёллар «маданияти»ни яна бошқа нуқтадан кузатиб кўринг. Бугун Европа ўзини дунёнинг маданият бешиги деб атамоқда. Бутун дунёга, шу жумладан, Ислом оламига ҳам маданиятдан устозлик қилмоқчи бўлади. Аслида Европанинг маданият бешигини Ислом тебратган. Ислом Европага кириб борган пайтда улар инсонга ўхшаб таом ейишни ҳам билмасди. Мусулмонлар Испан (Андалусия) ерларига боришган маҳалда ерлик аҳоли устиларига совуқдан ҳимоя сифатида ёпиб олган ҳайвон териларини ошлаб фойдаланишни билмасдан, қуртлатиб юрардилар. Юз-қўлини ювишни Исломдан ўрганганлар нега бугун« дунё маданият бешиги бизмиз»деган даъвода? Исломдан бехабар қолиб кетган бечора мусулмон фарзанди бўлган аёлларимиз эса ўша «маданиятли»ларнинг орсиз қилиқларига ҳам кўрларча тақлид қилмоқдалар. Аслида, бу маданият соғлом одоб-ахлоқ меъёрларига ҳам зиддир. Ҳатто соғлом табиат ҳам бунга рози бўлмайди. Бундай тубан ишлар (яъни очилиб-сочилиб «кийим кийган яланғоч» суратида юриш, шарқона либос деб билакларини очиб, енгсиз кўйлак кийиш, узун кўйлак кийдим деб иштонсиз юриш ёки ҳамма ёғим ёпиқ деб, жуда ҳам тор кийиш) фақатгина ҳулқ-атвори бузуқ, ҳаёсиз, жоҳил аёлларга хос бўлган «фазилат»дир. Чунки ақлли, иффатли ва ўзини ҳурмат қиладиган аёлнинг кўча-кўйда, бозорларда ва ҳар хил жамоат жойларда ўзининг зийнат бўлган аврат жойларини уялмасдан бегона эркакларга кўз-кўз қилиб юриши тасаввурга ҳам сиғмайдиган ҳолатдир. Аксарият аёлларимиз мана шундай тубан ҳолатда кўчага чиқиш билан кишиларнинг ҳурматига сазовор бўламан, деб ўйлайдилар. Бу ҳам, шубҳасиз, ақлдан узоқроқ тушунчадир. Бу турдаги аёлларга битта савол билан мурожаат қиламиз. — Сиз «Ҳурматига сазоворман»  деб қандай кишиларни назарда тутяпсиз? Агар Аллоҳни танимайдиган, динини билмайдиган фосиқ кимсаларни назарда тутаётган бўлсангиз, билингки, тўғри ўйлабсиз. Сиз уларнинг ҳурматига эришасиз. Лекин шу билан бирга «ана у жойини қара», «фалон жойи писмадон эканми?» каби иззат-нафсингизга тегадиган гаплардан ҳам бенасиб қолмайсиз. Агар шунга рози бўлсангиз, ўзингизнинг иззат-нафсингизни қанча баҳолаганингиз ҳақида ҳам ўйлаб кўринг. Энди агар Худодан қўрқадиган, хулқ-атвори меъёрий даражадаги кишиларнинг ҳурматини қозониш мақсадида бу ишларга қўл ураётган бўлсангиз, билингки, қаттиқ адашибсиз! Чунки Аллоҳдан қўрқадиган мусулмон эркаклар бу каби аёлларга нисбатан бошқачароқ мавқе тутишни афзал биладилар. Инсонлар ҳеч қачон бундай аёлларга нисбатан ҳурмат билан қарамаганлар ва бундан буёғига ҳам шундай бўлиб қолади, иншааллоҳ. Аксинча, унга ёмон кўз билан қараб, масхара қиладилар, шаънларига ёмон сўзлар айтадилар. Бундай аёллар ҳамиша одамлар хаёлида улуғворлик сифатлари ва ҳулқ-атворларини йўқотган бузуқ аёл рамзи сифатида гавдаланиб қолаверади. Қайси бир ақли расо, ўзини ҳурмат қиладиган ҳамда ўз қадрига етадиган аёл ўзи учун мана шундай муомала қилинишига рози бўлади? Бундай паст даражага тушиб қолишига уни нима мажбур қиляпти?! Ахир мусулмоннинг фарзанди бўлган муслима аёлман, мусулмонман, деган аёл бошқалардан ақли ва ҳаёси билан ажралиб туриши керак-ку! Унинг маданияти ҳам ўзига хос ҳавас қиларли даражада бўлиши керак-ку! Юқорида зикр қилганимиз улуғ алломаларга оналик қилган момоларимиз ақли ва ҳаёси билан бошқалардан шундай ажралиб турдиларки, ҳалигача энг яхши аёлларни жамласа ҳам, улар ажралиб турадилар. Кўрларча тақлид қилиниб, эришилаётган бу «маданий ўсиш»нинг самараларидан яна бирини эса аёллар шифокори бўлиб ишлаётган бир мутахассис аёлнинг сўзларидан ҳам билиб олса бўлади. У аёлнинг айтишича, бугунги кунда турмушга чиқаётган қизларнинг аксарияти, тўйидан олдин келиб «иффатли келин» бўлиш учун ўзларининг «иффат»ларини тадбирини кўриб, жарроҳлик амалиётини қўллаб, ҳеч нарса кўрмаган «иболи» қиз бўлиб кетишмоқда эмиш. Ҳатто мактаб ўқувчиларининг орасида ҳомиласини аборт қилдириш учун мурожаат қилаётганлар бор. Бунга мен шифокор сифатида жуда кўп дуч келяпман, дейди. Хўп, ўша тўйидан олдин бундай «тадбиркорлик» қилаётган қизлар ҳам бугуннинг аёлими? Эртанинг онасими? Улар бу каби «тадбиркорлик»лари билан кимни алдамоқчи бўладилар? Аллоҳними? Аллоҳни ҳам алдаб бўладими? У ҳамма нарсани кўриб, эшитиб турувчи Зот. Агар, йўқ, Аллоҳни алдамоқчи эмасман, деса, яна савол туғилади, унда кимни, ўзингизними? Агар йўқ, мен хатоимни тузатмоқчиман, шу услуб билан бу муаммодан чиқаман, кейин бу ишни қилмасдан тавба қилиб яшайман, деган ният бўлса, уларга гапимиз шуки, «Синглим, бир хиёнат бошқа бир хиёнат билан беркитилмайди.» Аввало, сизнинг бу ҳолатга тушиб қолишингиз ота-она, ака-укаларга нисбатан хиёнат. Энди турмушингизни ҳам хиёнат пойдеворига қуриб, бўлажак умр йўлдошингизни алдаб, бу ҳолатдан чиқиб кетаман дейишингиз, бу чора эмас. Бу фақатгина ўзингизни ўзингиз алдашингиз, холос. Балки, уддаларсиз ҳам, лекин бира тўла икки хиёнатнинг орасида қолиб, виждон азобида дунёдан ўтасиз. Аввало, бу ҳолатга тушиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ сўраб яшаш керак. Инсон ўзини Аллоҳ кўриб, билиб турибди, эртага унинг ҳузурига боришим аниқ, ўшанда қандай жавоб бераман деган иймон билан назорат қилиши керак. Энди инсон гуноҳ қилгувчи, хатокор экан, шундай ҳолат бўлди ёки қачонлардир бўлган дейлик. Бундай ҳолатда, виждон азобида қийналиб ўтмаслик учун шайтонга ўлжа бўлиб қилинган бу каби гуноҳларга қаттиқ тавба лозим бўлади. Ва бу каби ишларга яқин йўламаслик керак бўлади. Келажак тақдирни эса қандайдир «тадбиркорлик» билан эмас, балки тоза қалб, чиройли иймон билан кутиб олиш керак бўлади. Бу муаммони Исломга бош эгган ҳолда, иймон билан ҳал қилмоқ керак. Аллоҳ тавбаларни, агар чин юракдан қилинса, қабул қилади. Инсон тирик экан, тавбага фурсати бор. Қилинган ишларнинг ҳаммасига тавба қилиб янгидан ҳаёт бошлаш керак. Исломий маданият билан ҳаёт бошлаш керак. Юқорида фикр юритганимиз «динсиз ғарбча маданият» ҳақида хулосамиз шуки, «кеча» бу каби «маданият» ҳам, унинг бу каби самараси ҳам йўқ эди. Бугун эса ривожланиб шу даражага етди. Эртага-чи? Эртага қандай бўлади? Балки, қизлар учун ҳеч қандай жарроҳлик амалиёти ҳам керак бўлмас? Балки, бу ҳолатга, умуман, эътибор берилмас? Балки, буни билган, эшитган ота-оналар бошларини сарак-сарак қилиб, «эҳ ёшлар, ёшлар» дейишдан нарига ўтмас? Балки, бу ҳолат, умуман, айб ҳам саналмас? Аллоҳ асрасин! Хўш, унда миллат нима бўлади? Келажак авлод нима бўлади? Умуман, бу дарддан қутилиш чораси нима? Жавоб шуки, бу дарддан қутилиш чораси фақатгина иймон, фақатгина Ислом. Келажак авлодни иймонли қилиб тарбия қилиш керак. Бунинг учун бугунги кун авлоди иймонни яхшилаб таниб олиши керак. Асосан, авлоднинг онаси аёллар, Аллоҳдан қўрқинг, гуноҳларингизни кечирилишини сўраб, фарзандлар салоҳиятини сўраб, дуодан тўхтаманг, дуо билан чекланиб қолмасдан қабиҳ ишлардан ўзингизни тўхтатиб олинг. Эртага қайтиб борадиган жойингиз ҳақида тафаккур қилинг. Бир куни келиб қоронғи, зулматли ва даҳшатли қабрда ёлғиз ўзингиз ётасиз. Ундан кейин эса Аллоҳ ҳузурида бутун ҳаётингиздан ҳисоб-китоб қилинишингиз учун ёлғиз ўзингиз турасиз. Қуръони каримда: «Уларнинг барчаси Қиёмат Кунида ёлғиз ҳолда у Зотнинг ҳузурига келувчидир», (Марям. 95) деб Аллоҳ билдириб қўйган. Қиёмат даҳшатини, жаҳаннам азобини эсланг. Кўча-кўйда ясаниб, бегона эркаклар олдида кўкракларингизни, қоринларингизни, елкаларингизни, билак ва болдирларингизни очиб юришдек қабиҳ ишларга қўл уришдан олдин мана шу нарсалар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Сизларни аниқ ишонтириб айтаманки, Қиёмат даҳшатларининг биронтасига тоқатингиз етмайди. (Аллоҳ ва Расули хабар берган). Жаҳаннам азоби ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Ўзингизга раҳмингиз келсин!!! Бундай ишларга энди қайта юрманг. Тавба эшиклари ёпилиб қолмасдан, қабрингиз узра тупроқ тўлдирилмасдан олдин Аллоҳга ҳақиқий тавба қилишга шошилинг. Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи Меҳрибондир. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, иймон-эътиқодли аёлларимиз ҳам оз эмаслар. Динини маҳкам тутиб, Бухорий ва Термизийларга оналик қилган момоларимизнинг давомчилари бўлаётган аёлларимиз ҳам йўқ эмас. Кечалари ҳам ибодат қилиб жамиятимиз, халқимиз салоҳиятига дуо билан ҳисса қўшаётган аёллар ҳам бор. Бугунги европача «маданият»нинг ичида ўсиб, унга қиё ҳам боқмай, ўзини иймон билан назорат қила олаётган иффатли қизларимиз ҳам бир мунча кўп. Теварак-атрофни булғаб, киндикларини очиб юрган «маданиятли, замонавий» аёлларни кўриб, улардан нафратланиб, ўзининг авратларини бегона эркакларга кўрсатмай юрган ёшгина қизчалару табаррук онахонлар ҳам анчагина. Умуман олганда, аёллар оламининг бу қисми аввалги қисмига нисбатан ҳурмат қилишга арзигулик. Лекин беш қўл баробар эмас деганларидек, бу қисмда ҳам дилни хира қиладиган ҳолатлар учраб туради. Биз танқидий назаримизни шундай қаратдикки, қуйида мулоҳаза қилинадиган ҳолатлар соҳибаси мўмина аёл бўлганлиги учунгина шу мавзуларга кириб бордик. Аёллар оламининг аввалги, яъни динидан узоқлашган қисмида учрайдиган айни шу муаммоларга ҳатто эътибор ҳам бермадик. Чунки эътибор деган нарса, эътибор берувчининг қалбида оз бўлса-да қиймати бор бўлган нарсага берилади. Аввало мўмина деб аталаётган аёлларимизнинг аксариятини либослари, яъни рўмоллари танқидга сазовордир. Мана шу аксарият рўмолдаги аёлларимиз аслида рўмол нима эканини, унинг моҳиятини билмайдиган кўринади. Аслида рўмол аёлнинг аъзоларини беркитиб, билинтирмасдан, бегона эркаклар назарини ўзига қаратмасдан тўсиқ вазифасини бажариши керак. Лекин айрим хонимларнинг рўмоли эса қарамаганни ҳам қаратиб оладиган даражада. Улар ҳамма аъзоларим ёпиқ бўлса бўлди, қабилида кийинишган. Аммо ҳамма аъзолар бўртиб, билиниб туради. Бундан ташқари, аллақандай кийимлар кийишадики, буни рўмол дейишга ҳижолат бўласан киши. Камига юз-кўзларини бўяб, қошларини териб, хушбўй атирларни сепиб олишади. Ҳатто баъзилари бошига рўмол ўраб, эгнига эркакларникига ўхшаб костюм-шимларни кийиб олишади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қош терувчиларни, ўзини эркакларга ўхшатиб олган аёлларни лаънатлаган мазмундаги ҳадислари бор. Рўмолнинг асли зийнат бўлмаслиги керак. Масалан, бичими тор, ранги ҳам кишилар эътиборини ўзига тортадиган ва хушбўй атирлар сепилган либослар асли зийнат ҳисобланиб, бундай рўмоллар ношаръийдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атир сепган ҳолда бегона эркаклар орасида юришни аёлларга ҳаром қилганлар. «Қайси бир аёл хушбўй атирларни сепиб (эркаклар) унинг ҳидини туйишлари учун бирор қавмнинг олдидан ўтар экан, у аёл зинокордир» деганлар. (Имом Аҳмад ривояти). Рўмол ўрадим, деб тор кийимларни кийиб, ўзларини мукаммал рўмол ўрадим деб юрган аёлларимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мана бу ҳадисларини ҳам билиб қўйсалар, фойдадан ҳоли бўлмайди. «Икки тоифа кишилар борки, улар жаҳаннам аҳлидандир. Мен ҳали уларни кўрмадим. Биринчиси, қўлларида сигир думига ўхшаш таёқлари билан одамларни уриб юрадиган кимсалар. Иккинчиси кийиниб олган, лекин яланғоч, (бошқаларни ҳам) йўлдан оздирувчи, ўзлари ҳам (ҳақдан) оғган ҳамда бошлари (даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллардир. Улар жаннатга кира олмайдилар, унинг ҳидини ҳам топа олмайдилар. Зеро, Жаннатнинг ҳиди, фалон масофадан келиб туради». (Муслим ривояти). Аҳли илмлар ҳадисдаги «кийиниб олган, лекин яланғоч аёллар» деган сўзни «улар кийимларини кийишади, лекин тор, юпқа ёки баданининг ҳамма жойини тўсмайдиган кийимлар киядилар» деб таърифлашган. Кейинги танқидга сазовор ҳолат  баъзи рўмолли аёлларимизнинг ўзларини тутишлари, муомалаларидир. Бу. асосан, ёшлари катта бўлмаган аёлларга тааллуқлидир. Кўча-кўйларда гувоҳ бўлиб қоламизки, баъзи рўмолли аёллар, асосан, қизлар бегона эркаклар билан қўл бериб сўрашиб, соатлаб ҳамманинг кўз ўнгида қийқириб кулиб туришади. Ўрталарида эски таниш ёки синфдош деган кўприк борлиги баҳона. Номаҳрам эркак билан қўл бериб сўрашишлик ҳалол эмас. Ҳаром! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен (бегона, яъни никоҳи жоиз) аёллар билан қўл бериб сўрашмайман» деганлар. Бунга гувоҳ бўлган баъзи «намоз ўқимасам ҳам, дилим пок, ўғрилик қилмасам» дегувчиларга эса қачон диндан гапирсангиз, намозни таклиф қилсангиз, «рўмол ўраб намоз ўқийдиганларингни аҳволи шуми?» деб баҳона қиладилар. «Рўмолни ўраб олиб, нималар қилиб юрганини биламиз, фоҳишалик қилиб юрганлари ҳам бор» деб, қандайдир ғурур билан гапириб қўядилар. Аслида эса рўмоллик мўмина аёллар фоҳишалик қилиб юргани йўқ. Балки фоҳишаларнинг айримлари ўзининг кирдикорларини беркитиш мақсадида рўмолга ўраниб «ов» қилиб юрган бўлиши мумкин. Балки,  биров кўрса жирканадиган дарди бордир, песдир, моховдирки буни рўмол билан беркитиб юргандир. Нима бўлганда ҳам бошқаларда нотўғри тушунча пайдо қилмаслик учун мўмина қизларимиз, аёлларимиз шундай ҳолатлардан узоқроқ бўлиб, ўзларини Аллоҳ назорати остида эканликларини унутмасалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мўмина аёлларимизнинг оилавий, эр-хотин ўртасидаги муносабатларига ҳам бир назар солиб ўтсак. Танқид назарига биринчи бўлиб мўмина аёлларимизнинг кўпчилиги эрига итоатсизлиги тушади.Бунда аёллар ўзларини оқлаш мақсадида эрининг баъзи қилиқларини рўкач қилишади. Бизнинг сўзимиз шуки, эрлар қиёмат кунида ўзларидан ҳам, қўл остидаги аёллардан ҳам масъулдирлар. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар инсонни инсонга сажда қилиши мумкин бўлганида, аёлларни эрларига сажда қилишини буюрар эдим» деган мазмунда ҳадислари озгина иймони бор аёлни ҳушёр торттириб қўйиши керак. Жуда кўп бузилиб кетаётган оилаларни замирида ҳам шу нарса ётади. Азиз ўқувчи, шу ерда муаллифнинг мақсадига ҳам эътибор бериб кетишингизни илтимос қиламиз. Бизнинг мақсадимиз юқоридаги фикрлар асносида умумий аёллар оммасига танқид тошларини отиш эмас. Балки ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, юқоридаги ҳолатларни ҳам беркитиб бўлмайди. Шунинг учун қалбида иймони бор покиза аёлларимизга ҳурматимиз баланд бўлса-да, ўша ҳолатдаги аёлларни танқид қилдик. Зеро, танқид келажакнинг мевасидир. Балки сўзларимиз бироз аччиқ туюлгандир. Дўст ачитиб бўлса-да, ҳақиқатни гапиради. Умидимиз рисоладаги фикрларни ҳақ деб билсангиз, уни дўст тутарсиз, мўмина, мастура аёллар! Шу ўринда ёш мастура қизларимизга ҳам икки оғиз сўз. Ўзларини сохта гўзаллаштириб, ўзини кўз-кўз қилиб юрган хонимлар, барибир, сизлардаги гўзалликка яқин ҳам эмаслар. Сизларнинг шаънингизга айтилаётган сўзларга сабр билан жавоб беринг. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, бизга нимаики яхшилик етган бўлса, сабримиз туфайли етди, деганлар. Бундан сабоқ олинг, мастура қизлар! Эркакларга ҳам икки оғиз сўз Ҳурматли эркаклар, Ислом нафақат аёлни, балки ундан олдин эркакни огоҳлантиради. Қиёмат кунида эркаклар ўзлари хусусида сўралиб бўлганидан кейин аҳли аёлидан ҳам сўралади. Бу эса аёлдан кўра кўпроқ масъулият эркакда эканини англатади. Кўпчилик муслима аёлларнинг ясан-тусан бобида, ҳатто динсиз аёллар ҳавас қиладиган даражада илгарилаб кетишида эркакларнинг ҳам ҳиссалари кам эмас. Чунки аёлларнинг бу даражада ўзгариб кетишларига ягона сабаб эркакларнинг ўз аёлларига нисбатан эътиборсизлиги, совуққонлиги, уларни бегона эркаклардан қизғаниш керак деган нарсани аллақачон унутишга улгурганлари, муқаддас динларини писанд қилмай, эркаклик ғурурларини йўқотиб қўйганлари ҳамда билиб туриб уларни бундай ҳаёсизликлардан қайтармаётганларидир. Биз юқорида куюниб гапирганимиз, шим кийиб, қоринларини очиб юрган хотин-қизларнинг ҳам отаси, акаси бордир. Улар буни кўрмаяптиларми? Кўряптилар. Балки ўзлари қизларини бозорга олиб бориб, ўзингга ёққан кийимингни олавер, деяптилар.  Ёки қизи ўзига ўша кийимни олиб келиб «одоб» билан шуни олсам майлими, деса, ўзингга ёққан бўлса, майли, дейди. Ҳатто қизларини ўша кийимида етаклаб олиб бориб, номи улуғ жойларга ишга жойлаб қўймоқдалар. Қизлари кўз олдида ўша аҳволда ишга чиқиб кетаётганини кўриб индамайдилар. Ҳатто рўмол ўраса, қаршилик қилаётганлари бор. Қизини қаерда, ким билан нима қилиб юрганини ҳам, қизининг иффати жойидами ёки топталиб улгурганми билмай юрганлари ҳам бор. Булар даюсдирлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кишилар жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди, деганлар. Афсуски, баъзи эркакларда фақат «эркак» деган ном қолган холос. Аёлдек нозик ҳилқат устидан волий, ҳоким қилинган «эркак» деярли ўша нозик ҳилқат билан бир хил даражага тушиб қолган. Ўз қадрларини билмайдиган, қўл остидагиларни муҳофаза қила олмайдиган ва Аллоҳнинг омонати бўлган аёлларни чиройли бошқара олмайдиган бундай эркакларнинг ҳолига вой бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Аллоҳ таоло бирор раъият устига бош қилиб қўйган қайси бир бошлиқ, ўз қўл остидагиларга нисбатан эътиборсиз бўлган ҳолда вафот этар экан, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур.» (Бухорий ривояти). Эй эркаклар, сизларнинг обрўларингиз худди руҳингиз кабидир. Сизлар бу руҳингиз хусусида кўп сусткашлик қилдингиз, раъиятингизга етарлича эътибор бермадингиз, омонатни зое қилдингиз, хатарли ишга қўл уриб қўйдингиз. Сизлар фақат ўзларингизни ҳалок қилмоқчисизлар. Лекин буни сира сезмаяпсизлар. Тўғрироғи, тушунишни хоҳламаяпсизлар. Ахир ақлларингизни ишлатмайсизларми? Шояд, Парвардигорингизга тавба қилсангиз ва устингизда омонат бўлган аёлларингизни муҳофаза қилсангиз! Азиз тингловчи, рисола оммабоп бўлиши учун имкон қадар соддалаштирилди. Оят ва ҳадисларнинг матнини бермасдан, мазмунан ёндашилди. Агар нимаики тўғри берилган бўлса, бу Аллоҳдан, хатолар эса ўзимдан. Сўзимизнинг хотимасида шуни айтамизки, Аллоҳга Ўзи рози бўлганича ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишининг аҳли-оилаларига, саҳобаларига ва Қиёмат кунигача уларга яхшилик билан эргашган кишиларга Аллоҳнинг салоту-саломлари бўлсин. Омин.
Мавзуга оид мақолалар

19:07 / 17.05.2018 3777
Мен Саудия Арабистони пойтахти АрРиёд шаҳрида инглиз тилидан таржимонлик қилар эдим. Америкадан Сурияга давоми...

14:01 / 06.03.2017 8045
Холид отаси билан масжидга Аср намозига борди. Улар уйга қайтганларида Холиднинг онаси ва Фотима уларни давоми...

19:30 / 25.12.2016 6876
«Витр» сўзи бизнинг тилимизда «тоқ» маъносини билдиради. Витр намози вожибдир. Витр ҳуфтон намозининг давоми...

14:52 / 22.05.2017 4037