Қуръони Kаримда аёл ҳақ-ҳуқуқи хусусида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ Таоло инсонларни севги-муҳаббат билан бир-бирига боғлаб қўйган. Рум сурасининг 21-ояти: «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» дейиш билан бизга жуда катта сабоқ беради.

Бу дунёнинг сўнгсиз алам ва изтироблари эр-хотин ўртасида баҳам кўрилади. Икки инсонни бу даражага олиб чиққан нарса уларнинг гўзал ахлоқидир. Инсонга ярашмайдиган ҳамжиҳатликдан холи ҳаракат эса имонсизликдир. Қуръони каримга ишониб, унинг йўлидан юрганлар ҳақиқий севги билан бир-бирларига боғланадилар. Аксинча ҳаракат қилганлар эса нақадар бой бўлишмасин, бахтсиз ҳаёт кечирадилар. Мўминларнинг энг яхшиси Ҳақ йўлида ўз аҳли аёлига лутфкор бўлганидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг иймони комил бўлгани, ахлоқ жиҳатдан энг гўзали ва аҳли аёлига лутфли бўлганидир» деб марҳамат қилганлар. Кўриниб турганидек, аёллар оила ва жамиятда муҳим ўрин тутади. Улар фарзанд тарбиясида муҳим унсурдирлар. Ахлоқи ва иймони гўзал бўлган аёл тақдирланади, иймони комил бўлмаган ва молпараст аёллар эса қораланади. Қуръони каримда инсонга баъзи ўгитлар берилади. Уларнинг ҳаёсиз ҳолатда юрмаслиги уқтирилади. Авратини ёпмаган аёл ўзини ёмон ишларга йўналтирган бўлади. Бунинг натижасида эса ўз жуфти ҳалоли бўлган эрини рози қила олмайди. Бир ҳадиси шарифда: «Қайси аёл эрини хушнуд этган ҳолда вафот этса, жаннатга киради», деб марҳамат қилинади. Бошқа бир ҳадисда эса: «Бир аёл беш вақт намоз ўқиб, рўзасини адо этиб, номусини ҳимоя қилиб, эрига итоат қилса, Парвардигорининг жаннатига киради», дейилади. Қуръони каримнинг Нисо сурасида аёлларга хос хусуслар баён этилади. Жумладан, Нисо сурасининг 13-, 14-, 15-, 16-оятларида: «Ана шулар Аллоҳнинг ҳудуд (чегара)ларидир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) Пайғамбарига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга (жаннатга) киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) Пайғамбарига итоатсизлик қилса ва ҳудудларидан тажовуз қилса, уни дўзахга абадий (қолиш учун) киритур ва унинг учун хор қилувчи азоб (бордир). Хотинларингиздан фоҳишалик қилганларига ўзларингиздан (эркаклардан) тўрт кишини гувоҳ қилингиз. Агар улар гувоҳлик берсалар (ва зино қилганлари ўз исботини топса), то уларга (хотинларга) ўлим келгунга қадар ёки Аллоҳ бирор йўл қилгунча, уларни (ўзлари яшаётган) уйларда сақлаб турингиз. Сизлардан ўша (зинокорлик)ни қилганларнинг иккиси (эркак ва аёл)га (койиш ва таъзирларини бериш билан) азият (жазо) берингиз. Агар улар тавба қилиб, (ўзларини) тузатсалар, уларни тинч қўйингиз. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, раҳмли Зотдир», деб марҳамат қилинади.

Аллоҳ Таоло ушбу оятлари билан аёлларнинг эркаклар олдидаги вазифаларини билдирган. Аёллар фақатгина ўз эрларини хурсанд қилиш учун ўзларига оро беришлари мумкин. Бошқаларга яхши кўриниш учун безаниш эса ман этилади. Аёл кишинииг уйда озода бека бўлиши ҳам муҳим хусуслардан бири саналади. Аёллар ўзларига хос бўлган кийимларни кийишлари, эркакларга хос бўлган кийимларни кийиб, уларга ўхшашга ҳаракат қилмасликлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёллар кийимини кийган эркак, эркаклар кийимини кийган аёл илоҳий раҳматдан узоқдир», деганлар.

Таҳрим сурасининг 6-оятида: «Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилгиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилур)», деб марҳамат қилинади. Дўзахдан асраш уй ичида оила аъзоларини ёмон ахлоқдан асраш орқали амалга ошади. Инсонлар Қуръони каримда баён этилган гўзал ахлоқ билан ўзаро муҳаббат воситасида бир-бирларига боғлансалар, Расулуллоҳ кўрсатган йўлда юрсалар, ўзлари ва оилаларини дўзах азобидан қутқарган бўладилар.

Мавзуга оид мақолалар
Қизғин тарзда ўтаётган ҳадис мусобақасида тушлик ва жума намози сабабли танаффус эълон қилинди. Шу давоми...

17:51 / 04.05.2018 2977
Сувайбани озод қилиш қиссаси  Ҳадис ва сийрат олимлари китобларида Абу Лаҳабга Пайғамбаримиз соллаллоҳу давоми...

14:30 / 31.01.2017 5494
Эрхотинларга Аёлингиз уйда нега бақирадиКўп эркаклар аёллари уйда баланд овозда бақиришларидан шикоят давоми...

22:28 / 15.05.2023 2535