Оила тинчлигининг яна бир формуласи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизни шундай жаннатмакон юртда яшашлигимизни насиб этган Аллоҳга чексиз ҳамду санолар бўлсин. Бизга маълумки, 70 йиллик мустабид тузумдан кейин мустақилликнинг шарофати ила юртимиздаги кўплаб хонадонларга исломий оила қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги маълумотлар китоблар, ойнаи жаҳон ва интернет орқали  берилмоқда. Буларнинг фойда ва самарасини ҳам кўрмоқдамиз, лекин...

Шу сўзга келганда давомини ёзишга негадир юрагинг ғаш тортади, лекин ёзиш керак, мажбурмиз. Чунки бу неъматларни ҳамма ҳам тўғри қадрига етмаётгани, борига шукур қилмаётгани, янгиликларни яхшилик билан қабул қила олмаётгани  чуқур ўйга толишга, қаламни ишга солишга мажбур қиляпти. Шундай кунларнинг бирида бир  танишимиз ўзига таниш оилали эркакнинг топиш-тутиши рўзғорига, фарзандларининг ўқиши, боғчасига, хуллас, оиласининг таъминотига етмаётгани, шунинг учун аёли билан кунда жанжал, нотинчлик бўлаётгани, аёли у билан камбағалликда умрини ўтказмоқчи эмаслиги ва талоғини сўраётгани ҳақида айтиб қолди. Бир томондан бундай вазият келиб чиқишига эркак кишининг ўзи ҳам сабабчи бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: دِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي رَقَبَةٍ، وَدِينَارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ، أَعْظَمُهَا أَجْرًا الَّذِي أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилган диноринг, қул озод қилиш учун инфоқ қилган диноринг, мискинга садақа қилган диноринг ва аҳлингга нафақа қилиб берган диноринг ичида энг ажри улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир». Муслим, Термизий, Аҳмад ривоят қилганлар.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يَحْبِسَ عَمَّنْ يَمْلِكُ قُوتَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَلَفْظُهُ: كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُضَيِّعَ مَنْ يَقُوتُ

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи молик бўлган одамларнинг қутини тутиб туриши етарлидир», дедилар». Муслим, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг лафзида:

«Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи қутини берадиган кишини зое қилмоғи етарли», дейилган.

Шарҳ: Мусулмон одам ўз қарамоғидаги кишиларнинг турмуши учун зарур бўлган «қути ла ямути»ни вақтида етказиб бериши лозим. Агар шу ишни вақтида қилмаса, мазкур камчилик етарли гуноҳ ҳисобланиб, у бу дунё ва охират азобини тортаверади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон гуноҳкор бўлмай, деса, ўз қарамоғидаги кишиларни вақтида таъминлаб турмоғи лозим. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ).

Бундай ҳолатга тушаётган оилалар ҳозирги кунда борган сари кўпайиб кетаётгани аянчли ҳолдир. Ахир оила бу муҳташам ошён эмасми? У жамиятнинг бир ғишти эмасми? Ғишт қанчалик чиройли бўлса, бино ҳам чиройли, ҳашаматли қурилганидек, жамият ҳам оилалар мустаҳкамлиги ва фаровонлиги билан янада ривожланади, ўсади, гуркирайди. Булар бир-бирига боғлиқ ва бир-бирини тўлдириб туради. Чунки оиласиз жамиятни тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун эрдир, аёлдир – бу қўрғонни қаттиқ ҳимоя қилиш кераклигини яхши тушуниб олсалар, балки, бундай тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар келиб чиқмасмиди? Ахир бизнинг муқаддас динимизда эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Шу ўринда «Аёлнинг эрига итоатининг чегараси қандай бўлади?» деган саволга қуйидаги ҳадисдан жавоб оламиз.

عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم : لَا طَاعَةَ لِمْخْلُوقٍ فِي مَعْصِيَةِ الْخَالِقِ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ.متفق عليه

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқ», – дедилар». Ибн Абу Шайба ривоят қилган. (Муттафақун алайҳ)

Яъни бандани рози қиламан деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди. 

 Бу қоида нафақат эрнинг хотинга, балки ота-онага, раҳбарга, инсоннинг ҳаётидаги барча итоатга қўйилган шаръий мезондир. 

  Бу мезонга амал қилиш оқибатида оилада дўстлик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳланади, қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб келишмовчилик, нохушликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олиши керак. Бу борада бир қанча ҳадислар ҳам келтирилган.

  عَنْ قَيْسِ بْنِ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ الْحِيرَةَ فَرَأَيْتُهُمْ يَسْجُدُونَ لِمَرْزُبَانٍ لَهُمْ، فَقُلْتُ: رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم أَحَقُّ بِذَلِكَ، فَأَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَقُلْتُ لَهُ ذَلِكَ، فَقَالَ: أَرَأَيْتَ لَوْ مَرَرْتَ بِقَبْرٍ أَكُنْتَ تَسْجُدُ لَهُ؟ قُلْتُ: لَا، قَالَ: فَلَا تَفْعَلُوا، لَوْ كُنْتُ آمِرًا أَحَدًا أَنْ يَسْجُدَ لِأَحَدٍ لَأَمَرْتُ النِّسَاءَ أَنْ يَسْجُدْنَ لِأَزْوَاجِهِنَّ لِمَا جَعَلَ اللهُ لَهُمْ عَلَيْهِنَّ مِنَ الْحَقِّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ والْحَاكِمُ التِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: لَوْ كُنْتُ آمِرًا أَحَدًا أَنْ يَسْجُدَ لِأَحَدٍ لَأَمَرْتُ الْمَرْأَةَ أَنْ تَسْجُدَ لِزَوْجِهَا

Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳийрога бориб, уларнинг Марзубонларига сажда қилаётганларини кўрдим. (Ўзимча) бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақлироқлар, дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни у Зотга айтдим. Шунда у Зот: «Айт-чи, бир қабрнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилармидинг?» дедилар. «Йўқ», дедим. «Ундай қилманглар! Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилувчи бўлсам, Аллоҳ уларга (эрларга) улар (хотинлар) устидан берган ҳақнинг сабабидан аёлларни эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлар эдим», дедилар». Абу Довуд, Ҳоким ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилувчи бўлсам, хотиннинг эрига сажда қилишига амр қилган бўлур эдим», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда эрнинг хотиндаги энг бош ҳаққи тўғрисида сўз кетмоқда. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ).

 عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا تُؤْذِي امْرَأَةٌ زَوْجَهَا فِي الدُّنْيَا إِلَّا قَالَتْ زَوْجَتُهُ مِنَ الْحُورِ الْعِينِ: لَا تُؤْذِيهِ قَاتَلَكِ اللهُ، فَإِنَّمَا هُوَ عِنْدَكَ دَخِيلٌ يُوشِكُ أَنْ يُفَارِقَكِ إِلَيْنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَحَسَّنَهُ

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг «ҳури ийн»дан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ сени ҳалок қилсин! У сенинг олдингда қўноқ бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, биз томон жўнайди», дейдилар», деганлар».

Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган.

Ушбу ҳадиси шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, эри ундан озор тортмаслик ҳаққига эга эканига далилдир. Ушбу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмасликка интилиш жуда ҳам зарурдир. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ).

Ҳаётдаги энг гўзал фазилат қаноатдир, шунинг учун рисоладаги хотин ўзини бу фазилат билан зийнатлаши, турли ҳою ҳавас деб, зеб-зийнат талаб қилиб, эрини қийин аҳволга солмаслиги керак. Авваллари момоларимиз ризқ-рўз топиш учун жўнаб кетаётган эрларига: «Ҳаром касб қилманг, Аллоҳдан қўрқинг. Биз очлик-ночорликка чидаймиз, лекин дўзахнинг азобига чидай олмаймиз», дейишар экан.

Яхши хотин эрига енгил пайтида ҳам, оғир пайтида ҳам яқин киши, дардкаш, маслаҳатчи бўлиши, уни сабр-тоқатга чақириши, тушкун кунларида кўнглини чўктирмай, доимо олдинга интилишга ундаши керак.

  Афсуски, ҳозирги кунда бу гапларнинг мағзини чақишликка оила бошлиқлари ожизлик қилишмоқда. Айниқса, баъзи бузғунчиликларнинг асл сабабчилари бўлган аёлларимиз миллий ва диний қадриятларимизга тамоман зид равишда беҳаё кийимларни кийишга ружуъ қўйишлари ва ўзларининг қайси динда ва қандай машҳур буюк зотларни туғиб тарбиялаган оналарнинг давомчиси эканликларини ҳам унутиб қўйганликларидир. Нега буни биз алоҳида таъкидлаб ўтяпмиз? Чунки Исломдаги кийиниш меъёрларининг инсон ҳаёти, жамият ривожи учун ҳам аҳамияти катта. Хусусан, жамиятдаги ахлоқсизлик, бузуқлик, нопокликларнинг олдини олишда, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашда бу меъёрлар жуда ҳам муҳим. Бу ҳақиқатни ҳозирга келиб мусулмон бўлмаганлар ҳам тасдиқламоқда. Бугунги кунда аёлларнинг ортиқча очиқ-сочиқлиги кўпгина муаммоларга сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада кўплаб амалий тадқиқотларнинг хулосалари, илмий мақолалар ҳам эълон қилинмоқда. Ҳатто «аёлларнинг очиқ-сочиқлиги эркакликнинг кушандаси» эканини, «аёлларнинг очиқ бадани одам наслининг камайиши ва нимжонлашишига сабаб» бўлаётганини мусулмон бўлмаган тадқиқотчилар куйинчаклик билан ёзишмоқда. Беш кунлик дунёни деб абадий охиратни қўлдан бой бериб қўяётганларини ҳам сезмаяптилар. Улар бу «очилиш»да давом этишаверса, охири кийимсиз қолмасалар, деб қўрқасан киши. Аслини олганда, улар ўша беркитган жойларини ҳам уялганларидан эмас, маломатдан қўрққанларидан ёки «жозиба»ларини сақлаш учун беркитаётганга ўхшайдилар. Бўлмаса, яшириш керак бўлган жойларини шунчалар юпқа ёки тор мато билан тўсишармиди?! Ахир, кийим баданни яшириш учун кийилади-ку! Айрим аёллар ўзларининг бу беҳаёликлари билан эркаклар кўнглига қанчалаб ғулғула солаётганларини, уларни шаҳватга бошлаётганларини ҳис қилмасликлари ҳам мумкин. Улар очиқ-сочиқ юриш ўзлари учун оддий ҳолга айланган бўлса-да, бу Аллоҳ таолога осийлик эканини ва жамиятнинг инқирозига сабаб бўлишини бир зум ҳам унутмасликлари керак.

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: صِنْفَانِ مِنْ أَهْلِ النَّارِ لَمْ أَرَهُمَا: قَوْمٌ مَعَهُمْ سِيَاطٌ كَأَذْنَابِ الْبَقَرِ يَضْرِبُونَ بِهَا النَّاسَ، وَنِسَاءٌ كَاسِيَاتٌ عَارِيَاتٌ مُمِيلَاتٌ مَائِلَاتٌ رُءُوسُهُنَّ كَأَسْنِمَةِ الْبُخْتِ الْمَائِلَةِ، لَا يَدْخُلْنَ الْجَنَّةَ وَلَا يَجِدْنَ رِيحَهَا، وَإِنَّ رِيحَهَا لَيُوجَدُ مِنْ مَسِيرَةِ كَذَا وَكَذَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аҳли дўзахдан икки тоифасини кўрмадим: Бир қавмики, қўлларида сигирнинг думига ўхшаш қамчилари бор-у, улар ила одамларни урурлар. Бир аёлларки, улар кийимли яланғочлар, йўлдан оздирувчилар, йўлдан озувчилар. Бошлари худди туянинг қийшайган ўркачига ўхшайди. Улар жаннатга кирмаслар ва унинг ҳидини ҳам топмаслар. Албатта, унинг ҳиди бунча ва бунча масофадан келиб турур», дедилар». Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзах аҳлининг икки тоифасини ва уларнинг нима учун шундай бахтсизликка дучор бўлганларини баён қилмоқдалар.

«Аҳли дўзахдан икки тоифасини кўрмадим»

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан ушбу ривоятда васф қилинадиган кишилар ўша вақтда воқеликда бўлмаганлари, балки келажакда чиқишлари тушунилади. Ўша тоифадан биринчиси:

«Бир қавмики, қўлларида сигирнинг думига ўхшаш қамчилари бор-у, улар ила одамларни урурлар».

Булар заифларга, ўз қўл остидагиларга зулм ўтказадиган золимлардир. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари юзага чиқди. Одамларга зулм ўтказадиганлар кўпайди. Одамларни анвойи азобларга соладиганлар урчиди. Бинобарин, шу зулм сабабидан дўзахга ўтин бўладиган золимлар ҳам кўпайди.

Ўша дўзах аҳлларининг иккинчи тоифаси; «Бир аёлларки, улар кийимли яланғочлар»

Яъни, ўзлари кийим кийиб юрадилар-у, аслида яланғочдан фарқи йўқ. Кийими калталигидан кўкраклари, билаклари, баъзида оёқлари йўғон сонларигача очилиб туради. Шунингдек, кийими юпқалигидан кийим деб аталган нарсанинг остидаги жамики нарса бошқаларга кўриниб туради. Улар бу қилмишлари ила, «йўлдан оздирувчилар»дир. Ана шундай ишлари билан бошқа аёлларни ҳам йўлдан оздирадилар. Айниқса, ёш қизларни ўзларига эргаштириб, йўлдан оздирадилар.

Шунингдек, кўча-кўйда, жамоатчилик жойларида мазкур шармандали ҳолатда юриб, эркакларни ҳам йўлдан оздирадилар. Шилқимликка, зинога чорлайдилар. Улар яна ўзлари ҳам «йўлдан озувчилар»дир.

Йўлдан озмаган бўлсалар, кийимли яланғоч бўлиб кўча-кўйда тентираб юрармидилар?! Уларнинг «бошлари худди туянинг қийшайган ўркачига ўхшайди».

Чунки «мода» деб бошларига турли-туман нарсаларни ўрнатиб олган бўладилар. Шунингдек, фақат боши эмас, ўша бошидаги миялари ҳам қийшайиб қолган бўлса, ажаб эмас. Бўлмаса, кийимли яланғоч бўлиб, ўзи ҳам йўлдан озиб, ўзгаларни ҳам йўлдан оздириб юришармиди?! Уларнинг бу қилмишлари жазосиз қолмайди. Бу дунёда турли-туман машаққатларга, бало-офатларга учрашларини тажриба кўрсатиб турибди. Аммо у дунёдагиси очиқ-ойдин: «Улар жаннатга кирмаслар ва унинг ҳидини ҳам топмаслар».

Ҳа, ундай шарманда аёллар жаннатга кириш у ёқда турсин, унга яқин ҳам кела олмайдилар. Ҳидини ҳам топа олмасликлари шунга далолат қилади. Ваҳоланки, «Албатта, унинг ҳиди бунча ва бунча масофадан келиб турур»

Баъзи ривоятларда «Қирқ йиллик масофадан», дейилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу айтганлари ҳам юзага чиқди. Аёллар ичида худди шу ҳадиси шарифдаги тасвирга мос келадиганлари кўпайди. Ўзини билиб муҳташам, иболи кийинган аёллар қолоқликда, маданиятсизликда айбландилар. Уларнинг рўмоллари бошларидан тортиб олинди. Ўзлари одобли кийинганлари учун турли-туман қийинчиликларга дучор бўлдилар.

Ушбу ҳадиси шарифни яхшилаб тушуниб, унга амални кучайтириш керак. Орамизда кишиларга зулм ўтказадиганлар, шу сабабли дўзах аҳли бўладиганлар йўқ бўлиши учун курашмоғимиз керак.

Аёл-қизларимиз ичида кийимли яланғочлар умуман бўлмаслиги учун ҳаракат қилмоғимиз лозим. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ).

давоми бор.....

эҳтиромmuslimaat.uz

Мавзуга оид мақолалар
Қора қорағат Смородинадан тайёрланадиган консервалар Қора қорағат меваси С, В1, РР витаминларига ва давоми...

13:14 / 29.11.2016 6898
Яхши кир ювиш воситаси тозалик гарови саналади. У ювилаётган мато ҳиди ва сифатини кўнгилдагидек қилиши давоми...

07:38 / 26.01.2017 4869
НЕЪМАТГА МАСТ БЎЛИБ ҚОЛМАГИН Инсон Аллоҳ томонидан берилаётган неъматларга эмас, бизларга офият, омонлик, давоми...

16:04 / 03.04.2019 3823
Вақтга эътиборли бўлиш муҳимлиги баён этилар экан, ўртача етмиш беш йиллик умр таҳлил қилиб кўриладиган давоми...

21:07 / 30.09.2023 2347