№4: Таҳорат одоблари ва макруҳлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таҳорат одоблари:

 1. Қиблага қараб ўтириб таҳорат қилиш.

Таҳорат – ибодат. Қиблага қараб ибодат қилиш қандоқ яхши!

 2. Баланд жойда ўтириб таҳорат қилиш.

Ишлатилган сувлар бадан ёки кийимларга сачрамаслиги учун бундай ва бундан бошқа қулайликларга эга бўлиш жуда яхши. Мисол учун, совуқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш кўп яхши бўлса, ўта иссиқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш кўп ноқулайлик ва қийинчиликлар туғдиради. Шунинг учун таҳорат қиладиган жой жуда қулай қилиб олинса, яхши бўлади.

3. Таҳорат қилишда, узри бўлмаса, бировнинг ёрдамидан фойдаланмаслик.

Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аксар ҳолларда шундоқ қилганлар. Ибодатда мутавозеълик, ҳамма нарсани ўзи қилиш афзал.

 4. Таҳорат пайтида гапирмаслик.Балки Аллоҳнинг зикри ва дуо билан машғул бўлиш.

 5. Узуги бор одамлар уни қимирлатиб остига сув етказмоқлиги.

 6. Оғзига ва бурнига ўнг қўл билан сув олиб, бурунни чап қўл билан тозалаш – қоқиш.

 7. Шошилиб қолмаслик учун намоз вақти кирмасидан таҳорат қилиш.

 8. Сувни исроф қилмаслик.

 9. Ишлатиш осон бўлиши учун таҳорат суви солинган идишни ўнг томонига қўйиб олиш.

 10. Қалбдаги ният билан тилдаги гапни бирлаштириш.

 11. Ҳар бир аъзони ювганда «Бисмиллаҳ»ни айтиб, дуо ўқиш.

 12. Таҳорат қилиб бўлгандан кейин шаҳодат калимасини ва ривоятда келган дуони ўқиш.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар сизлардан бирортангиз таҳорат олса-ю, таҳоаратини яхшилаб қилса, сўнгра таҳоратидан фориғ бўлишида: «Ашҳаду аллаа илааҳа Иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу», деб айтса, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилур ва у хоҳлаганидан кирур», – дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Термизий эса:

«Аллоҳумма ижъалний минат таввабийна ва ижъалний минал мутатоҳҳирин»ни зиёда қилган.

 13. Таҳорат қилиб бўлгач, икки ракъат намоз ўқиш.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бизнинг туя боқиш вазифамиз бор эди. Менинг навбатим келиб қолди. Мен кечқурун уларни қайтариб келдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тик туриб одамларга айтаётган гапларидан қуйидагиларни эшитиб қолдим:

«Қайси бир мусулмон яхшилаб таҳорат қилса, сўнгра қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолида икки ракъат намоз ўқиса, албатта, унга жаннат вожиб бўлади».

Муслим ривоят қилган.

  *** Тоҳаратнинг макруҳлари:                                                                                                                1. 1.Сувни исроф қилиш.Шаръий ҳожатдан ёки етарлидан зиёд сув ишлатиш исроф бўлади. Агар сув тоҳарат қилувчининг ўзиники бўлса, исроф макруҳдир. Аммо кўпчилик таҳорат қилиши учун тайёрлаб қўйилган сувни исроф қилиш ҳаромдир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг олдидан ўтдилар. У таҳорат қилаётган эди. Бас, у Зот:

«Бу қандоқ исроф?!» – дедилар.

«Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» – деди.

«Ҳа! Агар оқиб турган дарё устида бўлсанг ҳам!» – дедилар».

Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 2. Сувни ўта кам ишлатиш.

Худди масҳ тортгандек бўлиб қолмаслиги лозим. Ювилган аъзодан камида икки томчи сув оқиши керак.

 3. Сувни юзга ёки бошқа аъзоларга уриш.

Бунда сув ҳамма тарафга сачраб, ноқулайлик ва палапартишлик, маданиятсизлик юзага келади.

 4. Одамларнинг гапини гапириш.

 5. Узрсиз бошқанинг ёрдамидан фойдаланиш.

Имом Ибн Можа ва Дора Қутний Ибн Аббосдан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат сувларини бирор кишига бермас эдилар».

 6. Нажосат бор жойда таҳорат қилиш.

 7. Рўзадор киши оғиз ва бурунни чайишда муболаға равишда ҳаракат қилиши.

Сув ичкарига кириб кетса, рўза очилиши хавфи бор.

 8. Таҳоратнинг суннатларидан бирини тарк қилиш.

 9. Ўта иссиқ, ўта совуқ ёки қуёшда иситилган сувда таҳорат қилиш.

Биринчи икки ҳолда иссиқ ёки совуқдан қўрқиб таҳорат қилишдаги хушуъ ва хузуъга футур етади. Қуёшда исиган сувда тоҳарат қилиш туфайли, тиббий тажрибага қараганда, пес касали келиб чиқиш хавфи бор.

Таҳорат қилиш фақат Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдан олдин баданини поклашдан иборат эмас, балки таҳоратнинг ўзи Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдир. Намоздек улуғ ибодатга, Аллоҳ таоло билан бевосита мулоқотга, муножотга жисман ва руҳан покланиб, тайёргарлик кўришдир. Таҳорат пайтида турли машғул қилувчи нарсалардан холи бўлиб, қалбни бир жойга қўйиб олиш намозни тўла-тўкис адо этишга катта ёрдам беради.

Таҳорат ҳақидаги бобнинг охирида бу амални бошидан охиригача қандоқ қилиш ҳақида кўргазмали дарс сифатида тақдим қилинадиган ривоятни келтиришга ижозат бергайсиз.

 Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши қуйидагиларни айтганлар:

«Усмон таҳоратга сув чақирди ва таҳорат қилди. Икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди ва «Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб икки ракъат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди».

Бешовлари ривоят қилишган.

 
Мавзуга оид мақолалар
.Агар дунё кўзингга тор бўлиб, машаққат ичра қоларкансан, у ҳолда истиғфорни лозим тутишинг сен учун энг давоми...

04:35 / 08.08.2020 3199
  Бўя ва идрок қил

22:11 / 21.09.2017 20727
Рамазон ойидан бошлаб эътиборингизга ҳар куни машҳур қория Ҳожар Бусақнинг тиловатларидан намуналар бериб давоми...

15:59 / 05.05.2019 2107
Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди давоми...

23:47 / 16.11.2020 3165