Мусулмонлар қудратини кучсиз ва бойлигини фақир қилган нарсалар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчилик – яхши ниятда ҳам, ёмон мақсадда ҳам – нима учун дунёда мусулмонларни таҳқирланган ҳолда, бошқаларни эса иззат-ҳурматда, мусулмонларни ночор, фақир, бошқаларни бой ва хотиржам, мусулмонларни кучсиз, бошқаларни эса ўз атрофидагиларни қўрқитадиган даражада кучли ҳолда кўрамиз? – дея тез-тез савол бериб турадилар. Бу савол кўпинча муаммо келтириб чиқариш ёки мусулмонларнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган иймонларига қарши чиқиб, уларнинг онгига шак-шубҳа солиш мақсадида ўртага ташланади. Лекин бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг ўзи бу саволга жавоб беришни тақозо қилмоқда. Аллоҳ таолонинг китоби ҳамда шариат уламолари эслатган жавоб ўша савол берувчилар онгига етиб бормаган тақдирда мана бу воқеалар аниқ ва равшан жавоб бўла олади. Бориъ субҳанаҳу ва таоло мусулмон бандаларини ночор, фақир ҳолда қолдириб, бошқаларни хотиржам, бой қилиб қўйишдан йироқ бўлган адолатли меҳрибон Зотдир. У Зот ўзининг муқаддас Каломида айтади: «Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир» («Мунофиқун» сураси, 8-оят). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мусулмон бандаларини заиф, бошқаларни ҳукмрон ва кучли қилиб қўйишдан кўра адолатли ва меҳрибонроқ Зотдир. Мусулмонлар ер юзидаги инсонларнинг энг бойи, энг кучли ва энг қудратлисидир. Лекин мусулмонлар ўзларининг Исломига, иймон келтирган ва яратган Роббининг ибодатларига риоя қилган вақтларида Аллоҳ таоло уларга берган бойликларни қандай ишлатишни билганлар, ўзларига берилган иззату ҳурматни қандай сақлаб қолишни билганлар, куч-қудратларига назар солиб, берилган бу неъмат учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қандай шукр қилишни билганлар ва уни Аллоҳнинг динига даъват қилиш ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг шариат қалъасини қуриш ашёси қилганлар. Бу сизларнинг, яъни аввалги ўтган мусулмонларнинг сийрати эди. Улардан кейин келган авлодлар ҳам ана шу йўлдан борган эдилар. Сўнгра уларнинг ортидан бир тоифа ўринбосарлар қолдики, улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тўкис қилиб қўйган бойликка суяниб, ундан маст бўлдилар. Уни туғён уриш учун ашё қилиб олдилар. Улар бу бойликни неъмат берувчи ва уларни бошқалардан устун қилган Аллоҳдан ўзларини тўсувчи қалин тўсиқ шаклига келтирдилар. Бу бойликларни ўзларининг ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг душманлари қопига тушадиган қилиб қўйдилар. Мусулмонлар ўзларини ўзлари шу ҳолга солиб турганларидан кейин қайси ҳужжат билан Аллоҳга даъво қиладилар? Сўнгра уларнинг ортидан шундай ўринбосарлар қолдики, улар Аллоҳ бериб қўйган кучга таяндилар. Аллоҳ ўз бандаларига берган кучнинг манбаси бирликдадир. Мусулмонларнинг бирлиги қалбларни улфат ҳамда бир-бирига муҳаббатли бўлиши ва ҳис-туйғуларни бирлаштирадиган, меҳрибон бўлиш учун жорий қилингандир. Ислом уммати ана шу асосга кўра бирлашади ва шу бирликдан куч-қудрат ҳақиқатлари алангаланади. Сўнгра уларнинг ортидан яна бир ўринбосарлар қолдики, Аллоҳ уларнинг қалбларига бир-бирларига нисбатан солиб қўйган муҳаббатга суяндилар. Улар экилган бу муборак кўчатларни суғуриб, унинг ўрнига нафрат ва адоват уруғларини экдилар. Аллоҳ таоло ўзларига берган меҳру шафқатга таяндилар, улар бу туйғуларни ва бу муқаддас маъноларни суғуриб ташлаб, ўрнига ғазаб ва адоват уруғларини экдилар. Аллоҳ таоло уларнинг меҳрибон бўлишларини яхши кўрган эди. Лекин улар ўзларининг бир-бирини ёмон кўрувчи манфур кишилардан бўлишларига қарор қилдилар. Хуллас, уларнинг бирлиги парчаланди. Шундан сўнг иложсиз тарзда уларнинг қудрати кучсизланиб қолди. Мусулмонлар ўзларини ўзлари шу аҳволга солганларидан кейин, энди уларнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога даъво қиладиган қандай ҳужжатлари қолди? Сўнгра уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар ўзлари билан меҳрибон ва раҳимли мураббий Робби ўртасида амалда қўлланиб турган валийлик ва дўстликка таяндилар. Улар ўзлари билан Робби ўртасида амалда қўлланиб турган бу дўстлик ришталарини узиб ташладилар. Уларга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мана бу сўзлари аҳамиятсиз бўлиб, улар Аллоҳнинг бу сўзларига бефарқ қарадилар: «Албатта, менинг валий – эгам Китобни нозил қилган Аллоҳдир, деб айт» («Аъроф» сураси, 196-оят). «Албатта, сизнинг валийларингиз Аллоҳдир» («Моида» сураси, 55-оят). «Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур. Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутдир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар» («Бақара» сураси, 257-оят). Аллоҳ таоло ушбу дўстлик соясида уларни ҳимоя этиб, кучли (қудратли) қилиб қўйганидан кейин улар бу дўстликдан юз ўгириб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг душманлари ва ўзлари ўртасидаги дўстликни кенгайтирдилар. Натижада уларнинг қудрати таҳқирланган ночор ва фақир ҳолга келди. Чунки Аллоҳ таоло уларга берган қудратнинг манбаси ўша дўстликда эди. Мусулмонлар ўзларини бу дўстликдан беҳожат деб билганларидан ва ўзларини Аллоҳнинг душманларига эҳтиёжманд эканларини эълон қилганларидан кейин уларнинг азизлиги хорликка, қуввати ожизликка айланиб қолган бўлса, энди қайси ҳужжат билан яна Аллоҳга даъво қиладилар? Мусулмонлар кучли, лекин улар ўзларини ўзлари заиф бўлишга олиб келдилар. Мусулмонлар бугунги кунгача ҳам бой, лекин улар ўзларини ўзлари Аллоҳ таоло тўкин қилиб қўйган бойликдан фойдалана олмайдиган ночор, фақир ҳолга олиб келдилар. Мусулмонлар қудратли, лекин улар ўзларини шу ҳолга келтирдилар. Мусулмонлар ўзларини шундай заиф ва кучсиз, ночор ва фақир ҳолга келишларини хоҳлаганларидан кейин, табиийки, илоҳий адолат мезони ҳам уларга шуни беради. Аллоҳ азза ва жалла мўминларни васф қилган вақтда уларни ўзаро меҳрибон, кофирларга қаттиққўл эканликларини айтган эмасми? «Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўлдир» («Моида» сураси, 54-оят). Аллоҳ таоло «Фатҳ» сурасининг 29-оятида: «Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар. Уларни Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрурсан», – деган эмасми?! Бу Аллоҳ таоло китобидаги Аллоҳнинг солиҳ бандалари сифати эмасми?! Нима учун Аллоҳ таоло биз учун ихтиёр этган бу сифатларга тескари бўлган йўлдан юрдик? Аллоҳ таоло бизнинг ўзаро раҳмдил бўлишимизни хоҳлади, биз эса ўзаро қаттиққўл одамларга айландик. Орамиздан баъзилар Аллоҳ таоло бизни улуғлаб эҳтиром қилган бу буюк маънони эслаб ҳам кўрмай, ўз дўстининг ҳаққини тортиб олмоқда. Мўмин ўз ҳамроҳининг ҳаққини тортиб олса, бошқаси келиб, уни Аллоҳ буюрган йўлга солиш ўрнига, бир ҳиссани икки ҳисса қилиб ўлчайди, бир зулмни икки зулмга айлантиради. Агар эътибор берсангиз, Аллоҳ таоло бандаларини: «У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар», – деб васф қилган буюк сифатни икки томон ҳам парчалаб ташлаганини кўрасиз. Илгари мусулмонларнинг ҳоли қандай бўлган эди? Бир томон иккинчи томонга нисбатан бирор хато иш қилиб қўйса, ўша иккинчи томон феълини кенг қилиб, биринчи томонни кечириб, унга меҳрибонлик кўрсатар эди. Ундан кейин иш яна ҳамжиҳатлик ва аҳлликка қайтарди. Иккинчи томон эга бўлган сифат биринчи томоннинг тавба қилиши учун яхши омил бўлар эди. Лекин бугунги кун мусулмонларининг аҳволи қаерга етиб борганини кўринг. Мусулмонларнинг душманларига нисбатан бўлган ҳолини кўринг. Кошки мусулмоннинг ўз дўстига қилаётган қаттиққўллиги Аллоҳнинг душманларига нисбатан ҳам бўлганида эди. Лекин биз Роббимиз субҳанаҳу ва таолонинг насиҳатларига қарши бориб, ўз дўстларимизга нисбатан раҳмдил бўлиш ўрнига, уларга қаттиққўл бўлиб, душманлик қилдик. Душманларга қаттиққўл бўлиш ўрнига уларга хор бўлдик. Улар қилаётган ишларга ва улар чиқараётган қарорларга таслим бўлиб, қўлларимизни кўтармоқдамиз. Бунинг устига улардан миннатдор эканимизни эълон қилиб, ўз тилларимиз билан ташаккур билдирмоқдамиз. Мусулмонларнинг иши шу аҳволга келиб қолмадими? Аллоҳ айтади: «Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар...» «У билан бирга бўлганлар...». Биз шу ишлардан кейин ҳам Расулуллоҳ билан биргамизми?! Биз билан Расулуллоҳ ўртасини боғлайдиган кўприк қолдими?! Ҳолбуки, биз ҳар бир нарсада Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг насиҳатларига қарши бормоқдамиз-ку! Душман биздан муқаддас ерни тортиб олиб, унинг аҳлини қувиб чиқарса ҳам, бизнинг кучимиз ҳаракатга келмайди ва қалбимиз эзилмайди ҳам. Агар мусулмонлардан бирортаси келиб, еримизни тортиб олмоқчи бўлса ёки бирор зулмни келтириб чиқармоқчи бўлса – зулм қаёқдан келса ҳам, зулмдир – хўрланишимиз шиддатга, ожизлигимиз қудратга айланиб, бутун шарқу ғарбдаги Аллоҳнинг душманларини ёрдамга чақириб, уларни жамлашга ўтамиз. Илоҳий баёнот: «Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар», деб турса ҳам, гўёки биз очиқдан-очиқ Аллоҳ таолонинг насиҳатига қарши эканимизни эълон қилаётгандек бўламиз. Ҳол тилимиз: «Аллоҳ ўзимизга шиддатли кофирларга раҳмлидир», – деб айтаётгандек бўлади. Демак, шундай экан, ҳурматли дўстларим, биз ўзимизни ўзимиз нима қилганимизни ва ўзимизга нимани ҳукм қилганимизни кўрмаяпсизларми? Бу билан, одатда, одамлар доим ўртага ташлайдиган саволга, яъни: Нима учун дунёда мусулмонларни таҳқирланган ҳолда, бошқаларни эса иззат-ҳурматда, мусулмонларни ночор, фақир, бошқаларни бой ва хотиржам, мусулмонларни кучсиз, бошқаларни эса ўз атрофидагиларни қўрқитадиган даражада кучли ҳолда кўрамиз? - дея сўрайдиган саволларга яхши жавоб оламиз. Қўрғонимиз бор, бойлигимиз, қудратимиз ҳам мавжуд, лекин биз ўзимизни хорликка ҳукм қилганмиз. Ўзимизни ўзимиз таҳқирланишга маҳкум этганмиз. Биз шунга муносиб бўлдик, ночорлигу фақирликка тамоман муносиб бўлдик.

Ушбу сўзимни айтиб буюк Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан. 08 февраль 1991 йил.

Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси. 24 июль 2016 йил.

Мавзуга оид мақолалар
Орасида туғиш ва эрхотинлик алоқаси борларга. Бунда кишининг туққанлари, яъни отаонаси, неча поғона давоми...

14:26 / 04.06.2017 3309
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим 1. Хайбар ғазотида мусулмон қўшини сони нечта бўлган a. 1400 та b. 3000 та c. 10000 та 2. давоми...

19:50 / 20.01.2017 6496
 Абу Ҳурайра рjзияллоҳу анҳудан ривоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар «Ким Аллоҳга ва давоми...

21:30 / 12.11.2016 3789
   НьюЙорклик мусулмон врачлар ва тиббиёт ўқув юртлари талабалари,  Квинсдаги Озонпаркда яшовчилар учун давоми...

19:26 / 05.02.2017 3529