Қонунни бузманг!? Ёҳуд ғурурни сақланг!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Давоми.....

Эркак кишининг имкониятлари ва уларга берилган вазифанинг мантиқий хулосаси

Аллоҳ таоло ҳикмат эгаси бўлган тадбирли Зотдир. У ҳар бир нарсани юксак ҳикмат ва тадбир билан яратди. Жумладан, оиланинг, балки (шунингдек,) жамиятнинг асосий бир қисмини ташкил этувчи эркак кишини ҳам. Аллоҳ таоло эркак кишига ўта муҳим ва машаққатли ва ўз навбатида шарафли бўлган вазифани топшириш билан бир қаторда унга шу вазифаларни адо этишга етарли имкониятлар ҳам берган. Унга етарли куч-қувват, сабр-бардош, ақл-идрок,  салобат каби юксак фазилатлар инъом этди. Улар аёлларга нисбатан кўп жиҳатдан афзалроқ экани китобларда кўп таъкидланган. Жумладан, имом Бухорийнинг ривоятида Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар жамоасига қараб: «Эй аёллар жамоъаси! Ақли ва дини айбли (яъни мукаммал бўлмаган)ларнинг ичида ақли комил кишининг ақлини сизлардан кўра кетказувчироқларини кўрмадим», дедилар. Шунда улар: «Ақлимиз ва динимизнинг айбли экани нимада?» дедилар. У Зот: «Бир аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигининг ярмига тенг эмасми?» дедилар. Биз: «Ҳа, шундай», дедик. Шунда у Зот: «Ана шу ақлининг айбли эканидандир», дедилар ва сўзларида давом этиб «Ҳайз кўрган пайтда намоз ўқимайди, рўза тутмайди, шундай эмасми?» дедилар. Биз: «Ҳа, шундай»,  дедик.  У Зот: «Ана шу динининг айбли (нуқсонли) эканидандир», дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики, эркак киши аёлга нисбатан ақлда ҳам, диний амалларда ҳам бир мунча афзал экан. Уларнинг жисмоний жиҳатдан устун экани, сабр-матонатда, ғайрат-шижоатда афзалроқ экани далил-исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир.

Эркак кишининг бу каби юксак  фазилатларга эга эканлиги бежиз эмас, албатта. Бунинг ўзига яраша ҳикмати ва мантиқи бор. Зеро, Аллоҳ таоло эркак кишини оиланинг бошчиси, етакчиси этиб тайинлаш билан бир қаторда, аёли ҳамда вояга етмаган фарзандларининг  нафақасини унинг зиммасига юклаган. Аллоҳ таоло «Нисо» сураси 34-оятда қуйидагича марҳамат қилади: «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоимдирлар. Сабаб – Аллоҳ уларнинг баъзиларини баъзилардан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) мол-мулкларидан инфоқ қилмоқларидир».  Шунинг учун эр киши кўча-кўйда елиб югуради, кунни тунга улаб, молу мулк топади, касбу кор қилади, топган-тутганларидан бола-чақасига, жуфти ҳалолига инфоқ этади. Ва унинг ана шундай қилиши унга берилган имкониятларга ҳам мантиқан мос келади. Зеро, у юқорида таъкидлаганимиздек, жисмонан куч-қувватли, табиатан оғир-босиқ, сабр-бардошли  этиб яратилгандир.

Аёл кишининг имкониятлари ва унга берилган вазифанинг мантиқий хулосаси

Аёл кишининг хилқати  ва унга берилган имкониятлар эркак кишига берилган имкониятлардан тубдан фарқ қилади. Шунингдек, унга юклатилган вазифалар ҳам.  Аллоҳ таоло аёл кишини латиф табиатли, хушрўй, сарвқомат, мафтункор овоз соҳибаси этиб яратган. Унинг жисмоний имкониятларини эркак кишининг имкониятларига қиёслаб бўлмайди. Зеро, аёл кишининг ҳаёт саҳнасидаги роли, хусусан, оилада тутган ўрни эркак кишининг вазифасидан тубдан фарқ қилади. Аёл кишига берилган жисмоний имкониятлар, унга берилган гўзал ҳусн, нозик табиат,  мафтункор овоз кабилар ортида икки мантиқий маъно ётади. Биринчиси, унинг зиммасига топширилган вазифага боғлиқ бўлиб, иккинчиси, унинг эркаклар учун имтиҳон сифатида яратилганига боғлиқдир. Батафсилроқ айтадиган бўлсак, аёл киши ўзининг зиммасига юклатилган вазифадан ташқари, унинг ўз амалларида синов ҳамдир. Аллоҳ таоло уларни синов матоҳлари қаторида биринчи бўлиб санаган. «Оли  Имрон» сурасининг 14-оятида шундай марҳамат қилади: «Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм–уюм тилло–кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир...»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадиси шарифларида улар борасида: «Ақли комил кишининг ақлини сизлардан кўра кетказувчироқларини кўрмадим»,  деб бежиз айтмаганлар.

Демак, Аллоҳ таоло аёл кишини эркак кишилар учун синов сифатида ҳам яратган экан, ўз навбатида, уларни мафтункорлик, хушрўйлик, соҳибжамоллик ва хушбичимлик каби сифатлар – кишининг фитналанишига сабаб бўладиган зийнатлар билан зийнатлаган.

Аёл кишининг зиммасига юкланган асосий вазифага келадиган бўлсак, авваламбор, шуни таъкидлаш керакки, аёл кишининг жисмоний имкониятларини эркак кишининг имкониятларига қиёслаб бўлмайди. Шунинг учун ундан эркакларга хос вазифаларни талаб этиш мантиққа зиддир.

Аксинча, аёлларнинг зиммасига юкланган вазифа эркак кишига юкланган вазифанинг мантиқий давоми ҳисобланади. Яъни агар эркак кишига оиланинг, балки жамиятнинг ташқи ишлари, дунёни обод этиш, фаровон ҳаёт барпо этиш, оила ва бола-чақасини ҳалол нафақа билан таъминлаш кабиларнинг  маъсулияти берилган бўлса, аёл кишининг зиммасида кўча-кўйда, жамиятнинг фаровонлиги йўлида, оиласига нафақа излаш талабида ҳориб-чарчаб келган эрининг кўнглини олиш, эрнинг хонадонини ҳар жиҳатдан обод этиш, унинг омонатларини сақлаш, фарзандларига чиройли одоб ва таълим-тарбия бериш каби масъулиятлар юклатилган.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Киши ўз аёлини тўшакка чорлаган пайтда аёли боришдан ибо қилса, (беузр юз ўгирса) ва натижада эр унга ғазаб қилган ҳолда тунни ўтказса, у аёлни фаришталар тонг отгунга қадар лаънатлайдилар».

Абдуллоҳ ибн Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан ривоят қилган ҳадиснинг давомида: «Аёл киши ҳам ўз эрининг уйида чўпон (каби)дир ва у ўз қўл остидагиларидан сўралгайдир», деганлар. (Бухорий ривояти)

Ибн Ҳиббон ўз саҳиҳларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб қуйидаги ҳадисни келтиради: «Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, номусини (бегоналардан) сақласа ва эрига итоат этса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киргай».

Юқорида келтирилган ҳадислардан қуйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин. Аёл кишининг асосий вазифаси, биринчи ўринда, эрининг розилигини олиши, унга чиройли итоат этмоқлиги, фарзандларининг тарбиясига салмоқли ҳисса қўшмоқлиги – бир сўз билан айтганда, эрига, уйига ҳамда фарзандларига тааллуқли ишларда сидқидилдан хизмат қилмоғи лозимдир. Аслида аёл кишининг зиммасида мазкур вазифалар борлигига кўплаб оятлар ва ҳадислар бор. Аммо биз юқоридаги ҳадислар билан кифояландик. Чунки келгусида муносиб ўрни келганда, уларга ҳам тўхталиб ўтамиз.

...........

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади «Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри давоми...

11:59 / 10.11.2016 8523
Шайх Оъиз алҚорний ёзган энг чиройли иборалардан Аёл  қаҳва кабидир, агар унга эътибор бермай, давоми...

21:43 / 02.02.2017 9116
Ҳеч бир шахс мусулмон уламолар, мутафаккирлар ва адибларнинг қаламлари битиб кетган, бугунги кунимизгача давоми...

17:36 / 05.03.2017 3859
Уҳуд ғазоти куни мусулмонлар бошига ўта катта мусийбат етиб, Мадинаи мунавварга Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

22:07 / 29.07.2023 2047