Одамларга ширинсўз бўлинг...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Касалхонада бир хонада икки қария ётар эди. Иккаласи ҳам оғир касал бўлиб, бирига кун бўйи фақат бир соатгина каравотида ўтиришга рухсат берилган, бошқа пайт эса худди шериги каби куну тун тўшакка михланган ҳолда ётиши лозим эди. 

Икки бемор бир-бирларини кўрмаган ҳолда гоҳ оила, гоҳ уй, гоҳ ҳаётлари ва турли кечинмалари ҳақида суҳбат қуришар эди. Шу билан бирга, ҳар куни асрдан кейин биринчиси табиб кўрсатмаси билан каравотига ўтирар ва деразадан ташқарига қараган ҳолда шеригига ташқи оламни сифатлаб берар эди. Иккинчиси ҳам худди биринчиси сингари бу лаҳзани орзиқиб кутарди. Шеригининг ташқаридаги ҳаётни васф қилиши унга ҳаётга умид ва куч-қувват бағишлар эди: бепоён боғ, ундан катта бир дарё ўтган. Дарёда ўрдаклар сузиб юрибди. Болалар эса турли нарсалардан қайиқ ясаб, сувда ўйнашяпти. Бу ерда бир киши кичкина қайиқларни одамлар дарёдан ўтиб олишлари учун ижарага беряпти. Аёллар ўз эрлари билан дарё қирғоқи бўйлаб сайр қилиб юришибди. Бошқалар эса дарахт остида, айримлар гулзорлар қўйнида дам олиб суҳбат қуришяпти... Биринчиси васфлашда давом этар экан, иккинчиси бу гўзал манзара васфига маҳлиё бўлиб, икки кўзини юмган ҳолда ҳаёт манзараларини тасаввур қила бошлади...

Кунлардан яна бир кун аскар қасамёди бўлаётганини васф қилиб берди. Шериги мусиқий товушларни эшитмаётган бўлса-да, ақл кўзи билан васфланаётган жараённи идрок қила олди. Шу тарзда кунлар, ҳафталар ўтди. Уларнинг ҳар бири ўз шериги билан бахтли, саодатли эдилар.

Бир кун тонгда, одатига кўра, ҳамшира хизмат билан хонага кирди. Қараса, дераза ёнидаги бемор жон таслим қилган. Иккинчи бемор эса шеригининг вафотини билмаган. У буни, ҳамшира телефон орқали маййитни хонадан олиб чиқишга ёрдам сўраб хизматчиларни чақиргандан кейингина, билди. Шеригининг вафотидан жуда ғамга ботди. У ҳамширадан каравотини дераза ёнига кўчириб беришини илтимос қилди. Унинг талаби қабул қилинди ва жойини ўзгартириб беришди. Асрдан сўнг, доимги лаҳза яқинлашгач, унга ажойиб манзараларни туҳфа қилаётган шеригининг ўрни қаттиқ билинди. Ўрганиб қолган бу лаззатини топиш учун ўзи деразадан қараш учун ўтиришга ҳаракат қилди. У қаттиқ оғриқдан азобланса-да, билаги ёрдамида бошини аста-секин кўтариб, бир қўлига суянди-да, ташқи оламни кузатиш учун юзини дераза томон бурди. Аммо у... рўпарасида касалхона деворидан бошқа ҳеч нарсани   кўрмади!

Ҳамширани чақириб, ундан шериги томоша қиладиган дераза қайси эканлигини сўради. Ҳамшира: «Шеригингиз томоша қиладиган дераза – шу. Бу хонада бошқа дераза йўқ», деди. Унинг ажабланиши ҳамширани ўйлантириб қўйди. Бемор шеригининг деразадан кузатган манзаралари, воқеалари, васфлаб берган ҳолатлари ҳақида сўзлаб берар экан, ҳамшира ҳайратини яширолмай: «Вафот этган шеригингиз кўзи ожиз, у ҳатто мана бу деворни ҳам кўра олмас эди...» деб юборди. Бемор узоқ ўйга толди. Ҳамширанинг хонани тарк этаётиб айтган сўзлари қулоғи остида ҳали-ҳануз жарангларди: «У сизни ноумид бўлмай, ҳаётга, яшашга умидлантирган. Ҳаётингизга бахт ва саодат улашишни хоҳлаган. У астойдил сизнинг яшашингиз учун ҳаракат қилган...»

Сиз ўзгаларни бахтли қилсангиз, бахтли бўлмайсизми?! Инсонларни хурсанд қилсангиз, хурсандлигингиз икки баробар зиёдалашади. Аксинча, бировни ноумид қилсангиз, ғамингиз зиёда бўлади. Инсонлар кўпинча, сиз айтган нарсани, сиз қилган нарсани унутадилар. Бироқ ҳеч қачон сиз орқали уларга етган ҳис-туйғуларни унутмайдилар. Уларни бахтли қилишни истамайсизми?

Аллоҳ таолонинг каломида ворид бўлган: «...وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا... –...ва одамларга ширинсўз бўлинг...» (Бақара, 83) деган сўзи барчамизнинг шиоримиз бўлсин.

@ilm_maskani

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламин, Гуноҳларимизни кечиргин Аллоҳ Аллоҳ севди, давоми...

19:43 / 24.02.2017 5391
Аёлининг номаҳрам, бегона эркаклар билан бирга ўтиришидан, улар билан ёлғиз қолишидан, апоқчапоқ бўлиб давоми...

22:33 / 07.03.2023 2636
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Сизу бизни инсон қилиб яратган ва ўзининг ҳақ динида қилган Аллоҳ таолога давоми...

12:21 / 03.02.2017 5338
Қизлар ҳижоб ва ёпинғичлар билан ўзларини беркитсалар, йигитлар уйланиш учун уларни қандай танласинлар давоми...

11:35 / 25.01.2017 3750