Тавба ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Истиғфор ҳақида айтилган фикрларни баъзи бир кишилар нотўғри тушуниб, инсон ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам, уларнинг кечирилиши осон экан, деган хаёлга келиши мумкин. Аслида эса ундай эмас. Бу масалада оғзаки гаплар кифоя қилмайди, балки содир бўлган гуноҳга сидқидилдан надомат қилиш, уни қайта такрорламасликка азму қарор қилиб, шу қарорга амал қилмоқлик ҳам зарур.

Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун осийликдан тавба қилиш керак. Тавба дегани – қайтиш деганидир. «Инсон тавба қилди» дегани «хатолардан, гуноҳлардан қайтди, аввал қилган гуноҳларига надомат (афсус) қилди» деганидир. Қуръон тавбага катта аҳамият бериб, кўпгина оятларда эслатиб ўтади: «Ким зулмидан кейин тавба этса ва яхши амал қилса, Аллоҳ, албатта, тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир» («Моида» сураси, 39-оят).

«Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилиб, яхши амал қилса, бас, албатта, У Зот мағфиратли ва раҳимли Зотдир» («Анъом» сураси, 54-оят).

Кўпинча Қуръони Каримда истиғфор билан тавба кетма-кет келган: «Парвардигорингизга истиғфор айтинг, сўнгра унга тавба қилинг» каби. Чунки тавбага ундовчи нарса истиғфордир. Шулардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг мағфиратини сўрашда тавба изҳор қилишдан бошқа йўл йўқ. Чунки гуноҳкор киши тўғри йўлдан юз ўгирган бўлади. Модомики, у гуноҳларидан қайтмаса, мағфират талаб қилмоққа имкони йўқ. Демак, истиғфор зарур нарса бўлиб, тавба уни тўлдириб келади. Қуръон талаб қилган тавба гуноҳ содир бўлиши билан дарҳол бажарилиши керак. Вақт ўтиб, ёмонликлар газак олиб кетмаслиги лозим. Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида: «Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир», дейилган (17-оят).

Аллоҳ тавбанинг қабул бўлишига иккита шарт қўйган:

1. Ёмонликни билмасдан қилиш.

2. Тезда тавба қилиш.

Аммо инсон ёмонликни ўзига одат қилиб олса ва ажали яқинлашганда тавба қилса, тавба қабул бўлмайди. Бу ҳақида «Нисо» сурасида шундай дейилган: «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, «энди тавба қилдим» деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз» (18-оят).

Қуръон Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун тавба билан бирга яхши ишлар ҳам қилиниши кераклигини эслатади: «Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман» («Тоҳа» сураси, 82-оят).

«Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли бўлган Зотдир» («Фурқон» сураси, 70-оят).

Демак, тавба муҳим ахлоқий омилдир. Кимки уни кечга сурса, инсоний фазилатлардан маҳрум бўлади. Кимки унга шошилса, ўзини ислоҳ қилган бўлади ва ёмонликни тугатишда катта кучга эга бўлади. Голландиялик ёзувчи Франц Сталл бир журналга ёзган мақоласида Исломдаги ахлоқий таълимотлар билан Европадаги ахлоққа чақирувчи ташкилотларнинг таълимотини қиёслаб кўриб, шундай дейди: «Ислом динида тавба кишиларнинг ўз-ўзини тарбиялаш воситасидир. У улкан ахлоқий қуролдир, унда надомат, ўзгариш ва яхшиликка ўтиш бирлашиб келади».

 
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Дақиқ алИйд раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларВафот этган бир дўстимни тушимда кўрдим. У менгаquotҚабрда давоми...

00:51 / 11.03.2023 4288
УЧ КАРРА ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ Ўнинчи мактуб Бизга яхши оналарни беринглар, биз яхши одамлар бўлиб давоми...

11:22 / 28.03.2017 3345
Яҳудий олим мусулмон бўлди Америкалик яҳудий эмбриолог олим  Роб Гиллхам Robert M. Gillham Қуръон оятлари билан давоми...

11:06 / 23.02.2017 8164
  «Сутра» деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади. Девор, устун, давоми...

12:06 / 18.05.2017 3337