Ҳайз ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳайз бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган болиғ аёлнинг раҳми чиқарадиган қондир. Ҳайзнинг ози уч кечаю уч кундуз, кўпи ўн кун. Покликнинг ози ўн беш кун. Кўпининг чегараси йўқ. Ҳайз муддатида орада қон тўхташи ва аёлнинг оқ ранг¬дан бошқа рангдаги нарса кўргани ҳам ҳайздир.

Ҳайз намоз ва рўзани манъ қилади. Рўза қазо қилинади, намоз қазо қилинмайди. Ҳайз яна масжидга киришни, тавофни ва лозимнинг остидаги нарсадан ҳузурланишни манъ қилади.

Жунуб ва нифосли шахс каби, ҳайзли шахс ҳам, кичик бетаҳоратга хилоф ўлароқ, қироат қилмайди. Уларнинг барчаси Мусҳафни ушламайди. Илло, ёпишмаган ғилоф ила ушлаш бундан мустасно. Кийимнинг енги билан ушлаш макруҳдир. Сураси бор дирҳамни ҳам ҳамёнсиз ушламайдилар.

Ҳайз ва нифоснинг кўпидан кейин қони тўхтаган аёлга ғуслдан олдин яқинлик қилиш ҳалолдир. Озидан кейин қони тўхтаганга эмас. Илло, қон тўхтагандан кейин ғусл ва такбири таҳрима айтиш вақти ўтса, мустасно.

Ушбу бобда ҳар бир мусулмон шахс катта эҳтимом билан ўрганиши ва билиши лозим бўлган масалалар муолажа қилинади. Поклик учун ниҳоятда зарур бу масалаларни фақат аёллар билиши керак, деган тушунча нотўғридир. Балки эркаклар ҳам билиши лозимдир.

Шунинг учун бу масалаларни ҳам бошқаларига ўхшаб бирма-бир шарҳ қилиб ўтайлик.

Ҳайз бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган болиғ аёлнинг раҳми чиқарадиган қондир.

«Ҳайз» луғатда «оқиш» маъносини билдиради.

Шариатда эса балоғатга етган аёл жинсининг раҳми ичидан туғишсиз ва беморликсиз муайян муддатда чиқадиган қон ҳайздир.

Бизнинг матндаги ва бу таърифларни қўшсак, ҳайзнинг тўла таърифига эга бўламиз.

Демак, балоғатга етган, қариб ҳайз кўришдан ноумид бўлмаган аёлнинг раҳми ичидан туғишсиз ва беморликсиз ўзи чиқадиган қон ҳайз бўлади.

Одатда, ҳайзнинг ранги қорамтир, ўзи ҳароратли ва оғриқ ила келадиган бўлиб, ҳиди нохуш бўлади.

Ҳайзнинг ози уч кечаю уч кундуз, кўпи ўн кун.

Имом Тобароний ва Дора Қутний Абу Умома розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бикр қизнинг ва турмушга чиққан аёлнинг оз ҳайзи уч кундир, кўп ҳайзи ўн кундир. Ундан зиёда бўлса, истеҳозадир», деганлар.

Покликнинг ози ўн беш кун.

Бунга саҳобаи киромлар иттифоқ қилганлар.

Жаъфар ибн Муҳаммад отасидан, у бобосидан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳайзнинг ози уч кундир, кўпи ўн кундир. Икки ҳайз орасининг энг ози ўн бешдир», деганлар.

Кўпининг чегараси йўқ.

Бир ёки икки йил бўлиши, гоҳида умуман ҳайз кўрмаслиги ҳам мумкин.

Ҳайз муддатида орада қон тўхташи ва аёлнинг оқ рангдан бошқа рангдаги нарса кўргани ҳам ҳайздир.

Демак, ҳайз даврида маълум муддат қон келмай қолиши мумкин. Шунингдек, ҳайзнинг асл рангидан бошқа рангдаги суюқлик келиши ҳам мумкин. Ҳайзли аёл бундай ҳолатлар ориз бўлганда «ҳайзим тугади» деган хаёлга бормаслиги зарур. Ҳайз тўхтаганда оқ рангли нарса келади.

Аёллар Оишага ичига пахта солинган тувакни юбордилар. Унда сарғиш рангли қон асари бор эди. У (Оиша):

«То оқ нарсани кўрмагунингизча шошилманглар»,– деди. У бу билан ҳайздан тамоман пок бўлишни ирода қилган эди».

Бухорий ва Молик ривоят қилишган.

Ҳайз кўрган аёлдан охирги вақтда оқ рангли суюқлик келгани ҳайзнинг тугагани аломати бўлади. Ана шунгача шошилиб, ҳайзим тугади деб, ғусл қилмаслик ёки ҳайз манъ қилган нарсаларни қилмай туриш керак.

Ҳайз намоз ва рўзани манъ қилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима бинти Абу Ҳубайш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Мен истеҳоза бўламан, пок бўлмайман. Намозни қўяманми?» – деб сўради. Ул Зот:

«Йўқ! Албатта, у томир узилганидандир. Ҳайз эмас. Лекин сен одатда ҳайз кўрадиган кунларнинг миқдорида намозни қўй. Сўнгра ғусл қилиб, намозни ўқийвер», – дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Қачонки, ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки, у (кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намозни ўқийвер», дейилган».

Бешовлари ривоят қилишган.

Рўза қазо қилинади, намоз қазо қилинмайди.

Муоза розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.

«У киши айтадики, Оиша розияллоҳу анҳодан:

«Нимага ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди?» – деб сўрадим.

«Нима, сен Ҳаруриямисан?!» – деди.

«Мен Ҳарурийя эмасман, лекин сўраяпман», – дедим.

«Ўша нарса бизда ҳам бўлар эди. Бас, рўзанинг қазосини тутишга амр қилинар эдик, намознинг қазосини ўқишга амр қилинмас эдик», – деди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Рўза йилда бир марта фарз бўлади. Ҳайз кўрган аёл маълум кунларнинггина рўзасини қазо қилади. Шунинг учун рўза савобидан маҳрум бўлмаслиги юзасидан унинг қазосини тутади.

Намоз эса ҳар куни беш марта фарз, ҳайз кунларида қолдирилган намоз сони кўпайиб кетади. Бунинг устига, аёл киши ҳар ойда ҳайз кўради. Бу эса ҳар ойда такрор машаққат дегани. Шунинг учун ҳайз кўрган аёлдан намозни қазо қилиш талаб қилинмайди.

Ҳайз яна масжидга киришни, тавофни ва лозимнинг остидаги нарсадан ҳузурланишни манъ қилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мана бу уйларни масжиддан бошқа томонга юзлантиринглар. Мен масжидни ҳайзли аёлга ва жунубга ҳалол қилмайман», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ҳайз тавофни манъ қилиши бу амал Масжидул Ҳаромнинг ичида бўлганидандир. Масжидга ҳайзли аёлнинг кириши мумкин эмас.

Имом Бухорий ва имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон ҳайз кўрсанг, ҳожи нима қилса, қилавер. Фақат пок бўлмагунингча Байтни тавоф қилма», деганлар.

«Лозимнинг остидаги нарса» иборасидан тананинг киндик билан тизза орасидаги қисми кўзда тутилади.

Ҳайз лозимнинг остидаги нарсадан ҳузурланишни манъ қилишига далил:

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар», деган (222-оят).

Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларини ҳайзли пайтларида иштон устидан қучоқлар эдилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Бу маънодаги бошқа ривоятлар ҳам кўп. Уларнинг барчасида иштон остидан ҳузурланиш мумкин эмаслиги таъкидланади.

Жунуб ва нифосли шахс каби ҳайзли шахс ҳам, кичик бетаҳоратга хилоф ўлароқ, қироат қилмайди.

Яъни жунуб, нифосли ва ҳайзли шахслар Қуръон қироат қилишлари мумкин эмас.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳайзли аёл ҳам, жунуб ҳам Қуръондан ҳеч нарсани қироат қилмайди», – дедилар».

Имом Термизий, Ибн Можа ривоят қилишган.

Аммо ҳайзли аёл таълим учун ҳарф-ҳарф қилиб ўқиса, жоизлигига уламолар фатво берганлар.

Таҳоратсиз киши Мусҳафни ушламай қироат қилса бўлади.

Уларнинг барчаси Мусҳафни ушламайди.

Яъни жунуб, нифосли ва ҳайзли шахс ҳамда кичик бетаҳорат киши Мусҳафни ушламайди.

Аллоҳ таоло «Воқиъа» сурасида:

«Уни фақат покланганларгина ушлайдир», деган (79-оят).

Мазкурларнинг барчалари пок эмаслар.

Илло, ёпишмаган ғилоф ила ушлаш бундан мустасно.

Имом Бухорий келтирган ривоятда Абу Воил ўзининг ҳайзли ходимасини Разийннинг олдига бориб Мусҳафни олиб келишга юбориши ва у ғилоф ила олиб келиши айтилган.

Мазкур шахслар тафсир, ҳадис ва фиқҳ китобларини ушлашлари ҳам мумкин эмас. Чунки у китобларда ҳам ояти карималар бўлади.

Кийимнинг енги билан ушлаш макруҳдир.

Чунки, кийим ушловчиники ва унинг бир бўлаги ҳисобланади.

Сураси бор дирҳамни ҳам ҳамёнсиз ушламайдилар.

Авваллари баъзи дирҳамларга «Ихлос» сураси ёзилар эди. Демак, сура ёзилган нарсаларни ҳам бетаҳорат кишилар ушлаши мумкин эмас.

Қуръони Каримнинг сувда оқиши, куйиши, нажосатга тушиши каби хавфлар бўлса, мазкур кишилар уни асраш учунгина ушлашлари мумкин.

Қуръонни таҳоратсиз варақлаб ҳам бўлмайди. Қаламга ўхшаш нарса билан варақлашга рухсат бор. Кичик болалар ушласа, майли.

Ҳайз ва нифоснинг кўпидан кейин қони тўхтаган аёлга ғуслдан олдин яқинлик қилиш ҳалолдир.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар», деган (222-оят).

Бу оятдаги пок бўлиш икки хил маънони: ҳайз тўхташи ва ҳайз тўхтаганидан кейин ғусл қилишни англатади. Аёл ўн кун ҳайзли бўлганидан кейин унинг эрига ён босиб биринчи маъно олинади. Аммо ғусл қилгунча кутиб туриш мустаҳабдир.

Озидан кейин қони тўхтаганга эмас. Илло, қон тўхтагандан кейин ғусл ва такбири таҳрима айтиш вақти ўтса, мустасно.

Ўн кундан оз муддат ҳайз кўрган аёлнинг ҳайзи тўхташи билан унга яқинлик қилиш жоиз эмас. Балки ғусл қилгунича кутиб туриш лозим. Агар аёл дангасалик қилиб дарҳол ювинмай, ғусл, кийиниш ва намозга кириш такбирини айтиш вақтини ўтказиб юборса, унга яқинлик қилиш жоиз бўлади. Чунки унинг зиммасига намоз тушиши билан пок бўлган ҳукмига ўтади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳайзнинг тўрт ҳукми бор:

1. Ҳайз ва нифос тугаганда ғусл қилиш вожиб бўлади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг», деган (222-оят).

Ҳайз ва нифос кўрган аёлнинг пок бўлиши ғусл ила бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Фотима бинти Абу Ҳубайш истеҳоза кўрар эди ва у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. Бас, у Зот:

«У томирдан. Ҳайз эмас. Лекин сен ҳайз келганда намозни қўй. Қачон у кетса, ғусл қилиб, намозни ўқийвер», – дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

2. Қиз бола ҳайз кўрса балоғатга етган бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ ҳайз кўрувчининг намозини рўмолсиз қабул қилмайди», – дедилар».

Абу Довуд, Термизий,Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилишган.

Балоғатга етмаган қизга намоз фарз бўлмайди.

3. Идда ўтирган аёл ҳайз кўрса, ҳомиласи йўқлигига ҳукм қилинади.

4. Идда ўтириш ҳам ҳайз ила белгиланади.

Мавзуга оид мақолалар
Хабар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси давоми...

15:30 / 07.02.2018 2809
18 декабрь 2018 йил санасида Grandtalim ўқув марказида халқаро араб тили куни муносабати билан ажойиб тадбир бўлиб давоми...

15:01 / 19.12.2018 2800
Бу воқеа саҳобалардан бири Рофеъ ибн Амр кичиклигида бўлиб ўтган. Бир куни у Мадинада хурмо боғини кўриб давоми...

21:00 / 17.08.2019 4384
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам ўз давоми...

11:41 / 29.11.2016 4500