Фарзанд тарбиясидаги бешта хато
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

     Меҳрибон ва раҳимдил Аллоҳ номи билан!

 Ота-она томонидан фарзанд тарбияси борасида йўл қўйилган хатолар ўша фарзанднинг келажакда шахсий имкониятларидан фойдаланиши ҳамда юқори натижаларни қўлга киритишига тўсқинлик қиладиган маълум ахлоқий моделлар ва меъёрлар шаклланишига олиб боради. Бу ерда биз фарзандларнинг келажакда пешқадам (масъулиятли, кучли ва мақсад сари интилувчан) бўлиб етишишига тўсқинлик қилувчи ота-онанинг бешта хатоси ҳақида сўз юритамиз.

  1. Таваккалчилик қилиш имкониятидан маҳрум қилиш.

Бола шартсиз меҳр-муҳаббатга муҳтож. Бироқ бу меҳр-муҳаббат уни хавф-хатарли дунёдан чеклаб қўйиш, «болалар хонасига қамаб қўйиш» билан ифодаланмаслиги керак. Болани яхши кўриш – бу, унга ўсиши учун имконият яратиш, кундалик ҳаётнинг бир қисми бўлмиш қийинчиликларни енгиб ўтишини ўргатиш деганидир. Агарда биз болани таваккалчилик қилиш имкониятидан маҳрум қилсак, у келажакда рўй берадиган қийинчиликларга бардош беришга тайёр бўлмаган ҳолда улғаяди, синовларни «қиёмат қоим» дея қабул қилади, маънан қашшоқлашади. Европалик руҳшунослар болалардаги тажриба ва катталардаги муаммолар ўртасида алоқа мавжудлигини аниқлашди: агар бола кўчада ўйнамаса, агар у бирон марта йиқилмаган бўлса, улғайгач, у тез-тез фобиялардан азият чекар экан. Бундан ташқари, «ҳар томонлама хавфсизлик» ахлоқий иллатларга ҳам олиб боради: кичиклигида ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмаган болалар мижғов, такаббур ва ўзига паст баҳо берадиган бўлиб улғаяр экан. Агар бола бирон марта қийинчиликдан ўтмаган ва оғир вазифаларни бажармаган бўлса, қандай қилиб унда ўзига нисбатан муносиб ҳамда ҳақиқий баҳо бериш қобилияти шаклланади? Шу билан бирга, уни ҳаддан ташқари оғир шароитга солиб қўйиш ҳам мумкин эмас. Ягона мақсад шуки, фарзанд болалик чоғидан бошлаб қийинчиликлар хурсандчиликлар каби оддий ҳолат эканлигини тушунсин. Асосийси, бола ютуқлар омадсизликлар билан биргаликда бахту саодатнинг пойдеворини ташкил қилишини англасин.

  1. «Сеҳрли таёқча»

Ота-оналар фарзандлари учун шунчалик куюнадиларки, уларнинг ташвишини қилишда чегарадан чиқиб кетадилар: уларнинг ўрнига дарс тайёрлайдилар, хонани тозалайдилар, мактаб анжомларини портфелга жойлайдилар, мактабга шоширадилар ва ҳоказо. Бу билан ота-оналар аслида боланинг зиммасида бўлган масъулиятнинг бир қисмини ўзларига юклайдилар. Аста-секин фарзанд ўз хатти-ҳаракатларининг оқибатини ким биландир бўлишишга кўника бошлайди ва ўз мустақиллигини йўқота бошлайди. «Муаммоларми? Ҳечқиси йўқ, ота-онам ёрдам беради», «Пул керакми? Отам-онамдан сўрайман» ва ҳоказо. Айниқса, ота-оналар фарзандларининг баҳолари ҳақида қайғуриши ҳолатлари жуда кўп учрайди. «Ўқиши учун у билан нима қилсак экан?» Токи ўқиш, таълим олиш  ўқитувчи, мактаб раҳбари ёки ота-оналар учун эмас, балки айнан унинг ўзи учун муҳимлигини англамагунича «у билан» ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Ўқишнинг муҳимлигини тушунтириш, мисоллар келтириш мумкин. Аммо болада ўқишга қизиқиш ва интилиш бўлмаса, репетиторлар ва бир талай китоблардан ҳеч қандай фойда йўқ. Бундай ҳолатларда мен, масалан, болани маълум вақт ўзига қўйиб беришни таклиф қиламан: дарслар, баҳолар, уй вазифалари ва бошқалар. Шунда бола мактабга ота-она нигоҳи орқали эмас, балки ўз кўзи билан қараш имкониятига эга бўлади. «Икки» баҳоларининг ташвиши ўзидан бошқа ҳеч кимни қизиқтирмаётганлигини англагандан сўнггина, таълим олиш ким ва нима учун кераклигини тушунади.

Фарзандингизга у оқлай оладиган масъулиятнигина юклангки, агарда у хато қилса ёки мақсадга эриша олмаса, «катталар келиб бунинг оқибатларини бартараф этадилар» деган фикр билан улғаймасин. 

  1. Ҳаддан зиёд мақташ

Ота-оналар кўп ҳолларда фарзандарининг ютуқларини катта ҳайрат билан қарши олиб ва бу ютуқларнинг мавжуд аҳамиятини ошириб юбориш натижасида уларни «идеал»лаштириб юборадилар. Агар бола тез-тез ўзи қилган ишига  муносиб бўлмаган ҳайратли фикрларни эшитаверса, у ҳолда унда ўзига чин маънода баҳо бериш, бошқалардан меъёрдан ортиқ натижалар кутиш, ўзига нисбатан эса керагидан паст талаблар қўйиш ҳисси шаклланади. «Кичик қиролдан нима талаб қилинади, ахир у шундоқ ҳам қирол-ку. Қолганлар эса, ҳатто энг муваффақиятлилари ҳам, бор-йўғи сарой ҳунармандларидир». Бола яхши хулқи учун ижобий баҳо олиши керак, аммо бу баҳо ҳаддан зиёд, кўпиртириб юборилмаган бўлиши лозим.

  1. Эркатойлик

Болани севиш – унининг барча орзу-истакларини рўёбга чиқаришни англатмайди. Кези келганда «йўқ» ёки «ҳозир эмас» дейиш тўғри бўлади. Бироқ буни чиройли изоҳ ва тушунтиришлар билан амалга ошириш керакки, фарзанд буни ота-она томонидан муҳаббатсизлик ёки бефарқлик деб қабул қилмасин. Бу ҳолат болага сабрсиз ғалабага эришиб бўлмаслигини, муваффақиятга шахсий ҳаракатлар ва эзгу амаллар билан эришилишини тушунишга имкон беради. 

  1. Сўз ва амал билан ўрнак бўлиш

«Юз марта эшитгандан кўра бир марта кўрган афзал» деган мақол бор. Мазкур мақол фарзандлар «тарбия дарслари»ни қай йўсинда қабул қилишини акс эттиради. Бола нафақат гап-сўзлар билан, балки ота-оналарнинг турмуш тарзи билан ҳам тарбия кўради. Болакай отаси ва онасини кузатар экан, ҳар сафар уларнинг у ёки бу сўзини илиб олиб, уни ўз хотирасига «бу тўғри» деган тамға билан жойлаб қўяди. Ахир унда оиласидан бошқа ахборот манбаи йўқ-ку. 

Кўпинча ота-оналар ўз фарзандларини маслаҳатга олиб келиб, уларнинг у ёки бу муаммосидан шикоят қиладилар. Аслида эса 98% ҳолларда фарзандларни уйга қайта жўнатиб, маслаҳатга айнан ота-онани ўзини олиб қолиш тўғрироқ бўлар эди. 

Агарда сиз болада «исталмаган хатти-ҳаракат»ни сезсангиз, ўйлаб кўринг – қаерда сиз унга буни ўргатган бўлишингиз мумкин, қайси амалингиз ёки гап-сўзларингиз билан болада бу қилмишни қилишга ундаган эдингиз. Бу муаммонинг илдизини топишга ёрдам беради, чунки кўп ҳолатларда бола бор-йўғи катталарнинг хулқини акс эттиради.

Фарзандларингизни энг аъло тарзда тарбияланг! Бироқ ёдда тутинг – фарзанд тарбияси биринчи навбатда ота-онанинг ўз тарбиясидан бошланади.

Ася Гагиева

Мавзуга оид мақолалар
Кийимингиз озодалигига эътибор берганингиздек, рўзангизнинг поклигига ҳам эътибор беринг Беҳуда давоми...

08:20 / 25.12.2016 3415
Илм аҳлига кон бўлган гўзал Марғилонда Қуръон мусобақаси ўз ниҳоясига етди. Ниҳоят, ғолибалар маълум бўлди. давоми...

07:24 / 10.02.2018 3671
Қандай қилиб у кишини яхши кўрмайин Энди сизлар билан Абдуллоҳ ибн Равоҳа тарбиялаган бир етим бола Зайд давоми...

04:46 / 26.11.2016 9248
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган оналари Ҳалима Саъдиядан ривоят қилинади Мен оппоқ давоми...

20:34 / 27.02.2017 7413