Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир кун (1- қисм)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   «Менинг энг нуфузли тарихий шахслар рўйхатимда Муҳаммаднинг биринчи ўринда туриши баъзи ўқувчиларни ҳайратга солиши, баъзиларида эътироз уйғотиши мумкин. Бироқ у фаолияти давомида ҳам диний, ҳам дунёвий соҳада улкан муваффақиятга эришган ягона инсондир...»

(Майкл Харт ўзининг «Тарихдаги энг нуфузли 100 киши» китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида айтганлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихдаги энг ҳурматли ва нуфузли кишилардан бири ҳисобланади. Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кундалик ҳаётларидан амалий қўлланма тузишни мақсад қилдик. Мазкур қўлланма у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзидаги гўзаллик ва долзарбликни кўрсатиб беради. Шу билан бирга сиз унинг асосида шахсиятингизни маънавий, жисмоний ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш учун кўплаб фойдали одатларни ҳаётингизга мослаштириб олишингиз мумкин.

«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Нима учун мен ўз кунимни 1400 йил аввал яшаган кишининг ҳаёт тарзига мувофиқ ташкил қилишим керак?

Бизнинг кундалик одатларимиз ҳаётимизда жуда муҳим аҳамиятга эга. Ҳар биримиз йўлиқадиган муаммолардан бири ўзимиз учун фойдали бўлган, сермазмун ҳаёт кечиришга ёрдам берадиган одат ва қоидаларни танлаб олишдир. Нима бўлганда ҳам, ҳаммамиз ҳаётда муваффақиятга эришишни истаймиз, омадсизликка юз тутиш ҳеч кимга ёқмайди. Сиз: «Ахир у зот – пайғамбар, алоҳида ўзига хос шахсият бўлган-да! Мен эса ундай эмасман», дейишингиз мумкин. Лекин нима деб ўйлайсиз, ўзига хос кишилар қандай қилиб ўзига хос кишига айланади? Ўзларининг ҳаётий қоидалари ва кундалик одатлари туфайли эмасми? Барча пайғамбарларнинг қоида ва одатлари эса, истисносиз, Аллоҳ таоло томонидан илҳом қилинган. Бу уларнинг янада ўзига хос, ўрнак олишга муносиб бўлишига сабабдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари беш маҳал фарз намозларига асосан тартибланган бўлиб, у зотнинг барча ишлари оила ва жамият манфаатига йўналтирилган эди. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзларидан оладиган фойдамиз бугунги кунда ҳам долзарбдир. Бироқ яхши англашимиз керакки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам кунлари худди бизники каби йигирма тўрт соатдан иборат бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт тарзларининг асоси ўзларининг: «Мен карамли хулқларни камолига етказиш учун юборилганман», деб айтган сўзларида мужассам. Аллоҳ таоло ҳам бу борада: «Албатта, сиз буюк хулқдасиз» (Қалам сураси, 4-оят), дея марҳамат қилган.

Расулуллоҳнинг тонги қандай бошланар эди?

Келинглар, тасаввуримизни ишга солиб, вақт ва макон бўйлаб саёҳат қиламиз. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарона масканларидамиз. Бомдод намози вақти кирмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу пайтда одатда уйғониб бўлган, намоз ўқиб ва зикр қилиб, Аллоҳга тасбеҳ айтаётган ёки қиёмул-лайлдан сўнг дам олиш учун ётган бўлар эди. Шу пайтда аввал ҳабаш қул бўлган, ҳозир эса тарихдаги илк муаззинга айланган Билол намозга азон айтади. Мадина уйғонади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларини артиб, дарҳол қўлларига мисвокни оладилар. Оғизларини тозалаб олгач, «Алҳамдулиллаҳиллазий аҳйаана баъда маа амаатанаа ва илайҳин-нушур» («Бизни ўлдиргандан сўнг тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Тирилиш(дан сўнг қайтиш) Унгадир»), дея Аллоҳга дуо қиладилар. Сўнгра муаззин ортидан унинг сўзларини такрорлаб, эҳтиром билан азонга диққат қиладилар. Азон тугагач, намозга тайёргарлик кўрадилар. Икки ракат нафл намоз ўқийдилар. Сўнгра аҳли оилалари уйғонган бўлса, намозгача бўлган вақтларини уларга ажратадилар. Агар ҳали уйғонмаган бўлсалар, уларни уйғотадилар. Шунингдек, намоз вақтини кутиб, бироз дам олишлари ҳам мумкин.

 Мана шундай оддийдек туюлган кунлар орасида оддий бўлмаган тонглар ҳам бўларди. Орадан бир ярим минг йилга яқин вақт ўтиб, бугун бизга у ҳодисалар жуда оддийдек туюлади. Лекин саҳобалар учун у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари бу дунё ва ундаги барча нарсадан ҳам афзал бўлган. Мана шундай қимматли тонгларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: «Ким эрталаб соғлик-омонликда, бир кунлик емиши бор ҳолда уйғонса, у бутун дунёга эга бўлибди», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти). Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга тайёр эканини билса, эшикка келиб: «Намоз вақти бўлди, эй Расулуллоҳ», дер эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқиб, кўзларини самога тикиб: «Аллоҳумма инний аъузу бика ан азилла ав узолла ав азилла ав узалла ав азлима ав узлама ав ажҳала ав южҳала алайя» («Аллоҳим! Мен Сендан адашишим ёки адаштирилишим, тойишим ёки тойилтиришим, зулм қилишим ёки менга зулм қилиниши, жоҳиллик қилишим ёки менга жоҳиллик қилишларидан паноҳ сўрайман»), дея Аллоҳга дуо қиладилар. Масжидга ўнг оёқлари билан кириб: «Бисмиллаҳ! Аллоҳуммағфир ли зунуби вафтаҳ ли абваба роҳматика. Аъузу биллаҳил ъазим ва биважҳиҳил карим ва султониҳил қодим минаш шайтонир рожийм» («Бисмиллаҳ! Аллоҳим, менинг гуноҳларимни мағфират қил ва раҳматинг эшикларини оч. Буюк Аллоҳ ила, Унинг карамли важҳи, қадим султони ила қувилган шайтон(нинг ёмонлиги)дан паноҳ сўрайман»), дейдилар.

Билол Расулуллоҳнинг масжидга кирганларини кўргач, иқома айта бошлайди, саҳобалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан тартиб билан саф тортадилар. Сокин бомдод намози бошланади.

Намоздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муддат зикр билан машғул бўладилар. Сўнгра саҳобаларга юзланадилар. Бу эрта тонгдаги соатларда, одамларнинг мияси куч-қувватга тўла бўлиб турган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига нимадир янги нарса ўргатишга интилар эдилар. Баъзан уларга тафаккурга ундайдиган савол берар, баъзан уларнинг тушлари ҳақида сўраб, уни таъбир қилиб берардилар. Бир сўз билан айтганда, қуёш чиққунча бўлган вақтларини саҳобаларига ажратардилар. Қуёш чиққач, уйларига қайтардилар. Уйга ўнг оёқ билан кириб: «Бисмиллаҳи валажнаа ва бисмиллаҳи хорожнаа ва ъалаа роббинаа таваккалнаа» («Аллоҳнинг исми билан кирдик ва Аллоҳнинг исми билан чиқдик. Роббимизга таваккал қилдик»), дер эдилар. Шундан сўнг аҳллари билан саломлашиб, кунлик режалари билан қизиқардилар. Агар уйда егулик бўлса, нонушта қилар, йўқ бўлса, бугун рўза тутишларини айтар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз кунларини Аллоҳга шукрона билан, ҳаётларидаги яна бир кун – яна бир муҳим неъмат эканини англаган, шу билан бирга барчамизни абадий ҳаёт кутаётганини унутмаган ҳолда бошлар эдилар. Бу эса мазкур кунни янада самарали ва фойда билан ўтказиш учун улкан рағбат эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунни бошлаш услублари ҳақидаги ўйлар

Энди сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз кунларини қандай бошлаганларини биласиз. Тан олишимиз керак, бизнинг тонгимиз ундан тубдан фарқ қилади. Биз уйғонгач, нима ишлар қиламиз?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш чиқмай туриб уйғонганлар. Бугун дунёнинг энг муваффақиятли кишилари ҳаётини ўргансангиз, ҳар бирида шундай нуқта – «Кунингизни қуёш чиқишидан аввал бошланг», деган қоида бор. Лекин аслида бу қоида нефт коорпорациялари ва ахборот технологиялари соҳасидаги тараққиётдан анча аввал пайдо бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн тўрт аср аввал: «Аллоҳим, умматимнинг саҳар чоғидаги вақтига барака бер», деб айтганлар (Термизий, Ибн Можа ва Абу Довуд ривояти). Расулуллоҳ янги куннинг илк дақиқаларини ҳам онгли тарзда, идрок билан ўтказганлар. Энди эса бу ҳолатни ўзимизнинг турибоқ телефонларни текшириб, ижтимоий тармоқларнинг чексиз тасмаларини варақлашимиз билан таққосланг. Расулуллоҳнинг ҳар бир қадамларида зикр ҳамроҳ бўлган, бу эса у зотга ҳамиша диққатларини жамлашга, идрок қилишга ёрдам берган. Бу ажойиб одат билан биз ҳам ҳар бир сонияни идрок қила олишимиз, кундалик фаолиятимизга диққатимизни жамлай олишимиз мумкин. Расулуллоҳнинг ҳар куни қиладиган биринчи ишлари дуо ва ҳаёт ҳақида тафаккур қилиш бўлган. Биз эрталаб биринчи навбатда нима қиламиз? Электрон хабарларга жавоб ёзамиз! Яна ухлаб қолганимиз учун у ёқ-бу ёққа югуриб, ҳовлиққанча отланамиз. Расулуллоҳ эрталабки соатларини, кунларининг илк дақиқаларини аҳли оилаларига бағишлар, уларга ва уларнинг ташвишларига чин қалбдан эътибор қаратар эдилар. Улар билан уларни ташвишга солаётган нарсалар ҳақида сўзлашар, ҳалим ва ёқимли суҳбатлари билан уларга ижобий кайфият бахш этар эдилар. Биз эса, аксинча, тонгимизни ўзимиз ва ўзимизнинг шахсий муаммоларимизга бағишлаймиз, фарзандларимизни ёнимиздан ҳайдаймиз, баъзан турмуш ўртоғимизнинг бирга нонушта қилиш таклифини ҳам рад қиламиз.

Овқат борасида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта оддий эдилар. Борини ер, йўқ бўлса, рўза тутардилар. Биз овқатга қандай муносабатдамиз? Уйда тўсатдан қаҳва тугаб қолса, бутун кун барбод бўлади. Ахир нонушта қилмаган бўлсак, кунни яхши кайфият билан бошлаш биз учун қийин-да! Инсоният тарихидаги энг нуфузли инсоннинг куни шундай бошланар эди. Биз кунимизни қандай бошлаймиз?

Давоми бор...

Манба: Islam-today

 

Мавзуга оид мақолалар
... Устига шаффоф топик билан на миниюбка, на «максипояс» деб бўлмайдиган нарсани илиб олган Қизгина, қаёққа давоми...

15:33 / 22.11.2016 4226
42. Савол Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳисаломни Ўзи билан инсоният орасида ишончли элчи пайғамбар қилиб давоми...

12:12 / 11.12.2017 2716
  Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди, Ҳар ишники, айладим хатолиғ бўлди. Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим, Ё давоми...

20:37 / 17.02.2017 5324
Бугун 30 апрель 2019 йил санасида Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус Ислом билим юртининг 20 нафардан давоми...

16:26 / 01.05.2019 3601