Келинлар нима сабаб ёмон томонга ўзгарадилар?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хўш, келинлар нима учун, кимлар сабабли ёмон томонга ўзгаришади? Бунга аввало, куёв тўра, унинг тадбирсиз ва беэътиборлиги сабаб. Ундан кейинги ўринларни ўғлини келинидан қизғанган қайнона, ўз ўрнини янги овсин – ўзининг ёқимтойлиги, фаросати ва бошқа устун томонлари билан эгаллаётган «душмани»га ҳасад қилган, ўзидан ўзга яхши келин бўлмаслигини истаган овсинлар, укасини «аллақандай» қизга ўралашиб, меҳр-муҳаббатини қозонганидан ичи куйган, уни рашк қилган опа-сингиллар ва бошқа «масъуллар» сабабчидир.

Келинлар нима учун ёмон ҳисобланиб қолишади? Келинг, яхшиси уларни айнитадиган, бизнинг таъбир билан айтганда «ялмоғиз»га айлантирадиган сабабларни биргаликда кўриб чиқамиз, балки бунинг давоси ҳам топилар… — келин чиндан ҳам бадхулқ бўлиши мумкин; — ота-онаси ёки бошқа яқинларининг гапига кириб айниб қолиши мумкин;

— келинлик уйидаги муҳитдан норози бўлиб, феъли айниши; — қайнонанинг адолатсиз муомаласига мувофиқ жавоб бериши; — ўзини уйнинг каттасиман, мендан яхши аёл йўқ, деб ўйлайдиган бефаҳм қайинсингил-эгачилар, «меҳрибон» овсинларнинг шарофати билан ўзгариши;

— фарзандли бўлгач, етарли эътибор кўрмаганининг аламидан айниб қолиши; — оиласига бўлар-бўлмасга бошқаларнинг аралашавериши оқибатида феъли ўзгариши; — четдан ҳар хил кишиларнинг турли-туман гап-сўзини эшитиб айниши ва ҳоказо.

Биринчи ҳолат:

Тасаввур қилинг, ҳали ёш келинсиз. Тўйингиз бўлганига уч ой ҳам бўлгани йўқ, бунинг устига қаернингдир талабасисиз ва куёв билан бир хонали уйда ижарада турасиз. Рўзғорнинг аҳволи ўзига яраша, эрингиз билан ҳали дурустроқ танишишга ҳам улгурганингиз йўқ. Бир куни эшик тақиллаб, қайнонангиз меҳмонга келади. Ёлғиз эмас, опаси ёки синглиси билан бирга! Келинсиз, уларни яхши кутасиз, борини ўртага қўйиб, очилиб-сочилиб ўтирасиз.

Аммо бошингизда битта фикр : «Уларга кўрпа-ёстиқни қаердан топаман, қаерга ўрин солиб бераман?», деган савол айланаверади. Ўзи узоқ вилоятдан келиб, юкни иложи борича енгил қилиш учун иккита ёстиқ, шунча кўрпача ва битта кўрпа олиб келган бўлсангиз, бунинг устига коса-пиёла ҳам икки дона, холос… У ёқда куёв бола ҳам шу аҳволда, устига-устак аёлидан ҳижолатда. Келиннинг инсофи тутиб, хўжайинига «Би-и-и-ир ўртоқларингиз билан ётиб ўйнаб келинг, биз аёллар ҳасратлашиб ўтирайлик», деб жавоб бериб юборади. Бечоранинг ичида битта ҳадик: ишқилиб уйимдагилар эшитиб қолмасин-да, ортиқча гап кўпаяди…. Меҳмондорчилик бир кун эмас, уч кун эмас, бир ҳафта чўзилади. Орада қайнонабегим келини ва ўғлидан нима учун ҳалигача (!) фарзандли бўлишмаётганини сўраб, зада қилиб юборади…

Иккинчи ҳолат:

Биринчи фарзандингизга ҳомиладорсиз, асабий, инжиқ бўлиб юрган вақтларингиз… Биринчи боласи эмасми, куёв бола ҳам сизга парвона. Бундан қайнонанинг фиғони фалакка чиқади,ўғлининг қаердандир келиб қолган келинига «ўралашиб қолгани», «бор пулига» унга кўнгли кетган нарсаларни топиб келаётганига чидолмай жиғибийрон бўлади. Қорни бирда тўйиб, бирда тўймай юрган келинга кўчадан бир дона сомса олиб келинганини кўриб қолса, тамом, етти маҳаллага ошкора қилиб, ўғли ва келиннинг «ресторанма-ресторан юрганини» эълон қилади.

Бунга на ўзи ва на дардкаш қизлари, сингиллари, на ўғиллари – ҳеч ким ишонмайди, аммо ишонишни жудаям истаганлари учун улар ҳам бу хабарни олиб, кабутардек учадилар…. Орада гап-сўз чиқади, ранги синиб, тобора ҳоли кетаётган қизини кўрган ота-она охириям чидолмай, қудага гапирадилар. Буёғи тасаввур қилганингиздек.

Учинчи ҳолат:

Ўғли чет элга ўқиш ёки ишлаш учун кетганини баҳона қилиб, ҳомиладор келинни ота-онасининг уйига «Улар яхши қарайди, биз сизни қийнаб қўйишимиз мумкин», деган меҳрибонлик билан жўнатиб юборадилар ва бола туғилгунича, ҳатто бир марта келиб кўрмайдилар.

Нимжон келиннинг минг бир азобда фарзандини дунёга келтирганини эшитгач – албатта, туғруқхона харажатлари келиннинг уйига сийлов – битта-битта кўргани келиб турадилар. Минг бир машаққат ва миннатлар билан йўргак олиб бергач, уни яна келинни акасининг машинасида туғруқхонадан тўғри қуда томонга юборадилар. У ёқда куёвнинг ишлари ўхшамайди, бир сўм юборишга имконият тополмаганидан уялиб телефон ҳам қилмай қўяди.

Кунлар кетидан кунлар, ойлар ўтади, аммо куёвнинг бирорта мусулмон қариндоши гўдакдан келиб хабар олиш у ёқда турсин, қўнғироқ қилиб ҳам ҳол- аҳвол сўрамайди… Тўғри, онасининг уйига келиб-кетиб турувчи овсин барака топсин, йўл-йўлакай бир- икки кириб ўтади. Ва шу билан бу ташрифларнинг ҳам изи қурийди. Келин ва чақалоқ тайёр ташландиққа айланишади.

Келин ҳеч туққанга ўхшамас, болалик бўлганларнинг хурсандчилиги, боланинг меҳри орқали гўзаллашиш унда ҳеч бир кўринмайди. Қизининг аҳволи, кўзига суртган неварасининг бу даражада хорланишига чидолмаган ота қуда томонни «ширин сўзлар» билан сийлайди, ҳамма ҳақиқатни юзига шартта-шартта айтиб, кимлигини юзига солади.

Аввалги келинлари ночор оила фарзандлари бўлгани сабаб ҳар қанақа муомалага чидаган, ортидан сўровчиси бўлмагани учун дардини кимга айтишни билмаган келинларга ўрганиб қолган, уларни истаган кўйига солган оила бошлиқлари бу «ҳақоратга» чидолмай, келинни энг чиркин туҳматлар ва айбловларга кўмиб ташлайдилар.

Шу-шу, баҳонаси қуданинг келиб уришиб кетганини рўкач қилиб, бу келин ва болани унутадилар… Мусофир юртдаги куёвга ўзларини худди хабар олиб турган кишидек кўрсатадилар. Куёв шўрлик хотиржам. Аммо қайнотасининг «ўз-ўзидан, худди жиннидек» ҳар замон уйларига келиб «жанжал қилиб кетишига» ҳеч тушунмай гаранг бўлиб юради.

Хўш, инсоф билан айтинг-чи, шундай шароитларда ҳам келин айнимасинми? Шундан кейин ҳам у  орзуларга тўлиб турган, ҳаётини гўзал тилаклар ичра, дуолар билан бошлаган янги келинлик вақтидаги каби муомалани қила оладими уларга? Балки ўта гўзал исломий тарбия топган муслима буларга Аллоҳ учун чидаши, ота-онасига ўта итоатли қиз уларнинг юзидан ўтолмай тилини ичига ютиши мумкиндир, лекин келинларнинг ҳаммаси ҳам бундоқ эмас-ку!

Бу ҳолатда келиннинг аҳволини айтиб беришнинг иложи борми? Бировга гап қайтариш у ёқда турсин, ҳатто ўз ҳаққини талаб қилишга ҳам ҳадди сиғмайдиган келин нима қилсин? Ҳам ота-онасининг қонга тўлган қалби, мунгли кўзларига қараш, ҳам жуда-жуда қоронғи келажагидан умидини узган, ҳам кечалари эрининг қариндошлари қўнғироқ қилиб: «Отангга нега гап чақасан?», дея бақириб ҳақоратлаганда индамай эшитишга мажбур бўлган заифа нима қила олсин? Айтинг!

Ташландиқ боласининг мунчоқ кўзларига қараганда у шўрлик нималарни ҳис қилди экан? Бунинг устига маҳаллада «Фалончи эридан ажрабди», деган иғво тарқаб кетган бўлса… Ўртада ўтган бундан бошқа майда гапларни айтиб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ, ўзингиз фикрлаб кўраверинг.

Хотима

Орамизда бу ва бунга ўхшаш воқеалар ҳар куни бўлиб турибди. Азизлар, биз қандоқ мусулмонмизки, кўра-била туриб бунга йўл қўямиз? Зурриёдимиз, боламизнинг боласини шу даражада хўрлаб, қудамизга ортиб қўйишга уялсак бўлармиди… Яна миннатдорлик ўрнига шармандаларча гап кўпайтирамиз.

Азиз келинлар, покиза туйғуларингизга хиёнат қилманг. Ҳар қандай шароитга сабр ва ақл билан муносабат билдиринг. Аллоҳ Одил, У ҳеч бир ишни беҳуда кетказмайди. Келинжонлар, мен юқоридаги гапларим билан сизларни бутунлай оқлаганим йўқ, шунчаки адолатли бўлишга ҳаракат қилдим, холос. Сиз ҳам онангиз ва бувижонингиздан олган гўзал тарбиянгизни намойиш этиб, уларнинг юзини ёруғ қилинг. Бир кун келиб қайнона бўлганингизда сизнинг ҳам қайнонангизга қилган муомалангиз, албатта, ўзингизга қайтишини унутманг. Агар Аллоҳдан қўрқиб, виждонан муомалада бўлсангиз асло ютқазмайсиз. Ишонаманки, Сиз, албатта, ёруғ кунларга етасиз, иншааллоҳ.

Азиз куёвлар, Аллоҳга ваъда бериб бир муслимани никоҳингизга олдингизми, бас, унинг ҳамма харажати, ками-кўстига масъул бўлинг, уларни ташлаб қўйманг. Аёлларингизнинг харажатидан қочманг, қайнотангизга юк бўлишдан ор қилинг.

Азиз қайноналар, сиз ҳам инсоф ва адолат йўлини тутинг, Аллоҳдан қўрқинг! Ахир сиз ҳам келин бўлгансиз-ку! Ёки ёшликда қайнонангиздан кўрган зулмингиз учун ўч олмоқчимисиз? Шуни билингки, Қиёмат куни, албатта, қилган ишингиз, бемаъни бўҳтонларингиздан сўраласиз!

Азиз қайнэгачи ва овсинлар, фитна-фасод, майда-чуйда гапларни кўпайтиришдан олдин ўзингизга боқинг. Тўғри, сиз бу келинлар каби кунларни кўрмагансиз, чунки сизни кунда турткилаб, чақиб турувчи қайнсинглингиз йўқ, айбингизни зимдан ошкор қилиб турадиган ўзингиздан катта овсинингиз бўлмаган, барча келинлар сиздан кейин тушиб келганлар бу ҳовлига. Балки, сиз қайнонали келин эмасдирсиз, шунинг учун ҳам уни тушунмайсиз, Аммо эсда тутинг : сизнинг ҳам олдингизда қизингиз бор, у ҳақида ўйланг ва Аллоҳдан қўрқинг.

Азиз қайнсингилжонлар,эҳтиёт бўлинг, уйингизга келган, хизматингизни бажариб, овқатингизни тайёрлаб ўтирган келинойингиз ҳам бир неча ой аввал худди сиздек, балки сиздан кўра эркароқ ва азизроқ қиз эди. Шуни эсда тутингки, сиз ҳам келин бўласиз ва бошингизга худди ўзингиздек қайинсингиллар келади. Қўйинг, акангиз ва келиннинг тинчини бузиб, онангизга бўлар-бўлмас гапларни чақманг, яхшиси, Аллоҳдан ўзингизга чиройли бахт сўраб дуо қилинг.

Азиз қайноталар, мулла акалар – оила бошлиқлари, кўзингизни каттароқ очинг! Хотинларингиз ва оналарингиз чизган чизиқдан сал четланиб, атрофга ўз кўзингиз ва фаросатингиз билан боқинг. Сиз эркаксиз, оила устунисиз, Аллоҳ таоло сизларни аёллар устида уларни тўғрилаб турувчи қилиб яратган. Бас, ана шу мақомингизга лойиқ иш тутинг. Обрўйингизни сақланг. Қилар ишни қилиб қўйиб ғирромлик, беномуслик йўлига ўтманг, бу иш сизга тўғри келмайди.

Эй мусулмонлар, муслималар, келинг, низолашмайлик! Ҳаммамизнинг бунёд бўлган жойимиз, жисмимизнинг унсури битта ва охир-оқибатда бир жойга борамиз. Бу имтиҳон дунёси, ундан яхши ўтайлик. Арзимас обрў, ҳаммадан устун бўлиш ҳақидаги ҳақир ниятдан кечайлик, шоядки, нажот топсак.

Зебуннисо Қутбиддинхон қизи

Мавзуга оид мақолалар
Эрнинг аёли олдидаги бурчлари Уламоларимиз эрнинг хотини олдидаги бурчлари тўғрисида келган барча ҳужжат давоми...

19:40 / 21.03.2017 14101
Тайландда илк бора очилган  «АлМероз» исломий меҳмонхонаси иш фаолиятининг биринчи олти ойлиги мобайнида  давоми...

20:08 / 11.03.2017 4717
Вақтни муҳофаза қилишда ёрдам берадиган сабаблар Динимиз вақтни муҳофаза қилишга, ундан унумли давоми...

21:00 / 24.11.2019 2210