Мусулмоннинг ҳақлари IV
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

26. Мусулмон биродарининг жони, моли ва обрўсига етадиган зулмни даф қилади ва унга бу ишда ёрдам беради. Бу исломий биродарлик тақозо қиладиган ҳаққдир.

 

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мўминни мунофиқдан ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни бир фариштани юбориб, унинг гўштини жаҳаннам ўтидан ҳимоя қилади.

Ким бир мусулмонни шарманда қилиш учун бир нарса билан айбласа, Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида, то у гапидан қайтгунча, ушлаб туради», – дедилар».

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир одам бир мусулмон кишини беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоясиз қолдирса, Аллоҳ ҳам уни У Зотнинг ҳимоясини истаб турган жойда ҳимоясиз қолдиради.

Қай бир одам бир мусулмон кишини беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоя қилса, Аллоҳ ҳам уни У Зотнинг ҳимоясини истаб турган жойда ҳимоя қилади», – дедилар».

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.

Мусулмон киши биродарининг беобрў ва беҳурмат қилинишига асло йўл қўймасин. Ўшандай ҳолат пайдо бўлса, дарҳол уни ҳимоя қилсин. Ана шундагина у қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳимоясидан баҳраманд бўлади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни унинг юзини дўзахдан ҳимоя қилади», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Ҳа, мусулмонлар бир-бирларини ёмонларнинг ғийбат ва бўҳтонларидан сақлашлари, ҳимоя қилишлари лозимдир. Агар бу иш қилинмаса, жамият иғвохонага, бўҳтон марказига айланиб қолади. Бу билан жамият аъзолари орасида ўзаро адоват авж олади. Бундай жамият аста-секин таназзулга юз тутади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради»,  дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

 

Термизийнинг лафзида: «Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилингандагина мўминлар катта ютуқларга эришишлари мумкин. Бу ҳадиси шарифга амал қилмай туриб, балки унинг тескарисини қилиб туриб, бирор яхшиликни кутиш мумкин эмас.

27. Ёмон одамга учраб қолса, чидайди ва ундан эҳтиёт бўлади.

Аллоҳ таоло бундай деб буюради: «Ёмонликни гўзал нарса ила даф қил» («Мўъминун» сураси, 96-оят).

Яъни уларнинг ёмонликларига яхшилик билан жавоб қайтар. Шунда гўзал бўлади.

Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади: «Ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар», деган («Раъд» сураси, 22-оят).

Уламоларимиз ушбу оятдаги «ёмонликни яхшилик билан қайтариш» шахсий муомалаларда ёмонликни синдириш орқали бўлади, аммо Аллоҳ таолонинг динига тегишли ишларда қўлланилмайди, деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Бас, у Зот:

«Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандай ҳам ёмон биродари ёки уруғининг қандай ҳам ёмон ўғли», – дедилар.

У кирганда эса унга мулойим гап айтдилар.

«Ё Расулуллоҳ, айтган гапингизни айтдингиз-у, кейин унга мулойим гапирдингиз?» – дедим.

«Эй Оиша! Одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб тарк қилганларидир», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдан ёмон одамлар билан уларнинг шарридан сақланиш мақсадида, муроса учун мулойим сўзлашиш мумкинлиги келиб чиқади.

28. Ҳар бир мусулмонга қўлидан келган насиҳатни аямаслик.

Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир»,  дедилар.

«Ким учун?» – дедик.

«Аллоҳ учун, У Зотнинг китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун»,  дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

«Насиҳат» луғатда «холис», «покиза», «содиқ» маъноларини билдиради. Урфда эса бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин насиҳатдир» деганлари диннинг асосий мадори насиҳатдан иборатдир, деганларидир. Бу «Ҳаж арафадир» деганларига ўхшайди. Яъни ҳажнинг мадори, асосий рукни Арафотда туришдир.

 

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини билмоқчи бўлдилар ва: «Ким учун?» деб сўрадилар.

Яъни «Насиҳат қилсак, ким учун қиламиз?» дедилар.

Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг мадори бўлмиш насиҳат беш нарсада эканини баён қилиб бердилар:

1. «Аллоҳ учун», яъни Аллоҳга иймон келтириш, унга шукр қилиш, амрларини бажариб, қайтарганларидан қайтишга ундаб, насиҳат қилишдир.

 

2. «У Зотнинг китоби учун», яъни Аллоҳнинг китоби – Қуръони Каримни ўрганиш, унга амал қилиш ва одамларни ҳам шу ишга ундаб, насиҳат қилиш.

 

3. «У Зотнинг Расули учун», яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишининг шариатига, суннатига тобе бўлиш, бошқаларни шунга даъват қилиш.

 

4. «Мусулмонларнинг имомлари учун».

«Имом» деганда ҳалифа, давлат бошлиғи кўзда тутилади. Улар учун насиҳат қилиш уларга итоат қилиш, одамларни ҳам шунга даъват қилиш билан бўлади.

 

5. «Мусулмонларнинг оммаси учун».

Барча мусулмонларга икки дунё саодати, яъни Ислом йўлини кўрсатиб, насиҳат қилиш бўлади.

Ушбу вазифаларни қилган одам диннинг энг муҳим ишини амалга оширган бўлади.

29. Ғофил аҳли дунёдан четда бўлиб, фақир, мискин ва етимларга яхшилик қилиш.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй аҳлим, намоз ўқинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг. Шояд, Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса», деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Бу дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли Зотдир» («Бақара» сураси, 220-оят)

 

Бу ояти каримада боқувчисиз қолган етим ҳақида гап бормоқда:

«Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», демоқда Аллоҳ таоло Ўз Набийи соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб. Жавобдан маълум бўладики, савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экан.

 

Чунки оятда: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир, деб айт», дейилган.

Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайру барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган.

 

Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган. Жумладан, «Анъом» сурасида: «Етимларнинг молига яқин келманг...» дейилган бўлса, бошқа бир сурада: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқа нарсани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар», дейилган.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

 

Муслимнинг ривоятида: «Ўзига қарашли ёки ўзгага қарашли етимнинг кафили ва мен жаннатда мана булар каби бўламиз», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларга ишора қилдилар», дейилган».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким икки мусулмондан бўлган етимни қарамоғига олиб таом ва ичимлик берса, албатта, Аллоҳ уни жаннатга киритади», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бева ва етим учун саъй-ҳаракат қилувчи кимса Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳид ёки наҳорни рўза тутиб, тунни бедор бўлиб ўтказувчи кабидир»,  дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

30. Қўшничилик ҳақига риоя қилиш.

Аллоҳ таоло бундай деб буюради: «Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар» («Нисо» сураси, 36-оят)

 

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга яхшилик қилишга амр қилмоқда:

Биринчиси – ота-оналар.

Иккинчиси – қариндошлар.

Учинчиси – етимлар.

Тўртинчиси – мискинлар.

Бешинчиси – яқин қўшнилар.

Олтинчиси – ён қўшнилар...

Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни яқинлиги бор қўшни, «ён қўшни» эса оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтирганлар.

Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли кўрилмаган таълимотдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим»,  дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ё Расулуллоҳ, менинг икки қўшним бор. Улардан қай бирига ҳадя қилай?» – дедим.

«Сенга эшиги яқинига», – дедилар».

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қачон шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ қилгин-да, қўшниларингга ҳам бергин», – дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Мавзуга оид мақолалар
Фаришталарга ишониш иймон арконларидан бўлиб, инсон уларга иймон келтирмагунча мўмин давоми...

13:53 / 08.11.2016 4684
Ҳунарманд муслималар асарларининг кўргазмаси жорий йилнинг 17 декабрь куни Татаристон пойтахти Қозон давоми...

10:19 / 01.12.2016 3171
 Тез кунларда кириб келадиган Рамазон ойини кутаётган Мусулмон юртларга назар ташлаган одам бизларнинг давоми...

07:44 / 11.02.2017 3937
Жаннат оналар оёғи остидадир Бу воқеани машҳур кардиохирург, фан номзоди Холид Жубайр айтиб берган эди Бир давоми...

21:31 / 08.02.2017 5382