Рўза ибодати бандалар учун Аллоҳнинг раҳматидир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Биз, мўмин мусулмонлар, бутун дунёни ва ундаги ҳамма нарсаларни Аллоҳ яратганига иймон келтирамиз. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонни ушбу борлиқда азизу мукаррам ва ўзининг ер юзидаги халифаси бўлиши учун яратганига ҳам иймон келтирамиз.

Аллоҳ  яратган инсон, Аллоҳ яратган борлиқда фақат Аллоҳнинг кўрсатмаси, динига амал қилиб яшамоғи лозим эканлигига ҳам иймон келтирамиз. Аллоҳ  таоло ўзи яратган борлиқда ўзи яратган инсон қандай қилиб яшаса, икки дунё бахту саодатига эришишини энг яхши биладиган Зотдир. Ана шу билими асосида инсониятни узоқ тарих давомида аста тарбиялаб келиб, инсоният камолига етганда ўзининг баркамол ва боқий дини Исломни юборди. Ислом шариатининг ҳар бир ҳукми инсон бахти-саодатига қаратилгандир. Унинг ҳеч бир ҳукми ҳикматдан холи эмас. Фақатгина Аллоҳнинг чексиз ҳикмати олдида ожиз инсон бу ҳикматларни ўз вақтида, тўлалигича тушуна олмайди. Шариат ҳукмларини фақат ўз фойдасига эканлигини инсон кераклигича тушунганида ўзи учун битмас-туганмас хайру баракотни тушунган бўлар эди. Минг афсуски, кўпчилик буни тушуна олмайди.

Аллоҳ таоло бандаларнинг ибодатига, шариатига амал килишларига муҳтож эмас, ривоят қилинган ҳадиси қудсийлардан бирида Аллоҳ таоло: «Бандаларимнинг ҳаммаси:  оқию қораси, арабию ажами дунёдаги энг тақводор одам қалбига эга бўлиб менга ибодат қилганларида, менга заррача фойда қилмас, шунингдек, бандаларимнинг ҳаммаси: оқию қораси, арабию ажами дунёдаги энг фожир одам қалбига эга бўлиб менга исён қилганларида, менга заррача зиён бўлмас», деган.  Кишиларнинг шариатга амал қилишларида фақат ўзларига фойда бор, Аллоҳга ҳам, Пайғамбар соллалоллоҳу алайҳи васалламга ҳам, даъватчиларга ҳам фойда йўқ. Лекин Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлганидан, уларга лутфу марҳамат кўрсатиб, саодатнинг энг тўғри ва энг осон йўлини кўрсатиб бергандир. Аслида, Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга кўз, қулоқ, тил, ва бошқа ҳис қилиш аъзоларини ато қилиб, ақл берганидан кейин, «Шу берган неъматларим билан мени топ, менга ибодат қил», деса, ҳакқи бор эди, айни адолат бўлар эди. Аммо Аллоҳ таоло бундай қилмади. Ўз бандаларига бу ишни осонлаштириш учун Пайғамбар юборди, Қуръон туширди, ҳидоят йўлини ўзи кўрсатиб берди. Инсон учун фақат илоҳий кўрсатмаларга амал қилиш қолди, холос. Ана шунда у икки дунё саодатига эришиши турган ran.

Мисол учун Рамазони шариф рўзасини тутишни олайлик. Бу ибодатни адо қилишда Аллоҳ таолога ҳеч бир фойда йўқ. Ҳамма фойда рўза тутувчи инсон учун бўлади.

Аввало, Аллоҳ рўзани фарз қилиш билан бандаларга улкан бахт-саодат эшигини очиб қуйганини айтиш лозим. Агар Аллоҳ таоло мусулмонларга рўза тутишни фарз қилмаганида кўплаб яхшиликлардан, бу дунёю охират манфаатларидан маҳрум бўлар эдилар. Рўза ибодатидан рўзадор мўмин-мусулмонларга келадиган яхшиликлар, манфаатлар ҳақида рўза фарз бўлганидан буён гапириб келинмоқда, замон ўтиши билан эса рўзанинг янгидан янги фойдалари намоён бўлмоада. Келинг, Роббимиз сиз билан биз мусулмон бандаларга фарз қилган ибодат – рўза тутиш ибодатининг ҳикматлари, фойдалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтайлик.

Аввало, рўза ибодати бандага Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш, унинг розилигини топиш, кўпроқ савоб топиб, жаннатга кириш учун керакли зоди роҳила топиш имконини беради. Рўза тутган кишидек Аллоҳга яқинлаша олган одам бўлиши қийин. Чунки рўза тутган инсон фақат Аллоҳ учун, унинг розилигига эришиш учун оч қолади, чанқайди, ташна бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳадиси қудсийлардан бирида: «Одам боласининг ҳамма иши ўзи учун, илло рўза мен учун, унинг савобини Ўзим билиб бераман», деди. Аллоҳ таоло бошқа ибодатларга қанчалик савоб бериши тайинли. Аммо рўзаники ҳаддан ташқари кўплигидан, уни тайин қилмай, ўзим бераман демоқда. Дарҳақиқат, рўзадан бошқа ибодатларда ибодат қилувчи хоҳласа-ю хоҳламаса, бир оз хўжакўрсинлик бўлади. Намоз ўқиса, бировлар кўради, намозхон экан, деган фикрга келади. Намозхоннинг ўзида ҳам одамлар кўриб турганининг эътибори бўлади. Закот берса, ҳеч бўлмаса закотни қабул қилиб олган одам билади, ташаккур айтади, ҳаққига дуо қилади. Ҳаж бўлса, айниқса, бизнинг шароитимизда дабдабага айланиб кетади. Рўза тутувчи эса кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кун бўйи бошқалардан ҳеч фарқи бўлмаган ҳолда юради, фақат Аллоҳдан қўрққани учун рўзасини очмай охирига етказади. Ана шунинг учун ҳам, Аллоҳ «Рўзани бандам мен учун тутади», демоқда. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси  шарифларидан бирида «Рўзадорга икки хурсандчилик бор: ифтор пайтидаги хурсандчилик ва Роббисига мулоқот бўлган пайтдаги хурсандчи­лик», деганлар. Бошқа ибодатларга бунга ўхшаш ваъдалар қилинмаган. Банда учун энг юқори мукофот Роббил оламиннинг жамолига мушарраф бўлишдир. Машҳур зоҳидларнинг асл мақсадлари ҳам ушбу мақомга эга бўлиш бўлган. Аллоҳ таоло айнан ушбу мақомни рўзадор бандаларига ваъда қилмоқда. Ҳадиси шарифда жаннатнинг «Райён» исмли эшиги бўлиб, ундан фақат рўзадорлар кириши таъкидлаб айтилган. Рўзанинг бу каби охиратга таалуқли фазилатларини айтиб охирига етказиш қийин. Уламоларимиз бу ҳақида алоҳида китоблар ёзганлар.

Рўзанинг рўзадор шахсига ўтказадиган таъсирлари ҳам жуда кўп. Рўза, айниқса, кишиларда кўпгина фазилатларини мужассам бўлишида катта ҳизмат қилади.

Аллоҳ таоло Рамазон шарифнинг рўзасини фарз этиб туширган дастлабки беш оят Бақара сурасидадир. Ўша беш оятнинг биринчиси: «Эй, иймон келтирганлар, сизларга ўзингиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз», оятидир.

Ушбу оятда, шояд, одамлар тақводор бўлсалар, деб рўза фарз қилингани очиқ айтилмоқда.

Иккинчи оят эса: «Агар билсангиз, рўза тутмоқлигингиз сиз учун яхшиликдир», деб тамом бўлади. Демак, кишиларга яхшилик бўлсин, деб рўза фарз қилинган.

Учинчи оят эса: «Шоядки, шукр қилсангиз», деб тугатилади. Демак, кишилар Аллоҳга шукр қилсин, деб рўза фарз қилинган.

Тўртинчи оят: «Шоядки рушди ҳидоят топсалар», деб тугатилади. Демак, кишилар рушди ҳидоят топсинлар, деб рўза фарз қилинган.

Бешинчи оят: «Шоядки, тақво қилсалар», деб тугатилади. Демак, рўза кишилар тақводор бўлсалар, деб фарз қилинган. Эътибор берадиган бўлсак, ушбу оятлар мажмуаси тақво билан бошланиб, тақво билан тугатилмоқда. Шундан, рўзанинг асосий ҳикматларидан бири кишиларда тақводорлик малакасини оширишдир, дея оламиз. Ҳа, рўза тутган одамда тақводорлик ҳисси ортади. Хакиқий, рўза тутган одамни тақвоси ортишидан, бошқача рўза тутганлардан ажратиб олса бўлади. Инсоният тарихида ўтган барча пайғамбарлар, азиз авлиёлар, буюк мутафаккирлар, улуғ доҳийлар ҳаммалари рўза тутиб улуғ мақомга эришганлар.

Фақат Аллоҳни рози қилиш мақсадида чин ихлос би­лан рўза тутган одам, ҳар лаҳзада Роббисининг назарини ҳис қилиб туради ва унда тақводорлик ҳисси ортади.

Бу Қуръоний ҳақиқатни ўн беш асрдан сўнг, Исломдан, Қуръондан умуман хабари йўқ турли миллатларга мансуб, илмий ходимлар тасдиқламоқдалар. Тақводорлик эса ҳар бир инсон учун икки дунё саодатига эришиш йўлидаги энг муҳим сифатдир. Мусулмонлар учун ўн беш аср аввал бу сифатни касб қилиш йўлини ибодат қилиб қуйган меҳрибон Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Омин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Рамазонни қаршилаб» китоби

Мавзуга оид мақолалар
Бандаларига Рамазон рўзасини фарз қилган ҳамда ҳар бир нарсани ўлчов ва ҳикмат ила яратган Аллоҳ субҳанаҳу давоми...

19:53 / 24.12.2016 4456
Яхшилик қил, дeнгизга от Жунайд Бағдодий ҳазратлари денгиз соҳилида кезар эканлар, бир мажусий кўпгина давоми...

12:10 / 04.03.2017 5859
Уламою ҳукамолардан шундай сўзлар нақл қилинган «Бу дунё уч кундан иборат 1. Кечаги кун, у ўтиб кетиб бўлди, давоми...

06:13 / 27.12.2016 3215
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Биз мусулмонларга Рамазон рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар давоми...

11:25 / 07.05.2019 2625