Мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Марҳумага жўнатилмаган мактуб

Менинг жондан ҳам яқин синглим, азиз сингилжоним!

Бу дунёдан охират сафарига кетганингизга ҳам олти ойдан ошди.

Кунларим худди тушдек ўтмоқда.

Сиз оилангизда тўрт фарзанднинг кенжаси, ота-онангизнинг эркатойи бўлганингиз учун биз ҳам сизни эркагина қизча, деб билардик. Орамиздаги қариндошчилик ришталари, қолаверса, битта кўчада яшаганлигимиз сабаб, сизни ёшлик чоғингизданоқ танир эдим. Ота-оналаримиз орасидаги ўзаро дўстона ва илиқ муносабатлар эса бизнинг кўнгилларимизни бир-бирига янада маҳкамроқ боғлади!

Бизнинг оилада дили-дилига пайванд, ўзаро меҳрибон икки нафар фарзанд – мен ва укам  вояга етмоқда эдик. Онажоним ёшгина қизалоқ пайтингиздаёқ сизни кўз остиларига олиб қўйганларини, кун келиб бизнинг уйимизга келин бўлиб, келин эмас, қиз бўлиб келишингизни у вақтда на мен билардим, на укам.

Йиллар кетидан йиллар ўтди. Мен турмушга чиққанимдан сўнг олти йил ўтиб, укамни ҳам уйлантириш, унга бир жуфти ҳалол олиб келиш фурсати етганида онам кўнгилларига тугиб қўйган ниятларини билдирдилар.  Бу – яхши ният, бу истак ҳаммамизга, айниқса, укамга маъқул келди. Уйимиздагилар совчи бўлиб чиқишганда ота-онангизнинг розилик билдириб айтган гапларидан бошимиз осмонга етди: «Сизнинг оилангиз билан қуда бўлсак, жуда хурсанд бўлардик…»

Синглим, сингилжоним!

Бизнинг уйимизга келин бўлиб келган илк кунингиз худди ҳозиргидек ёдимда. Ота-онам ёлғиз ўғилларининг  бошини иккита қилиб қўйишганидан қувончда, укам кўнгил қўйгани сиздай қизни уйига келинчак қилиб олиб келганидан хурсанд, мен эса ёлғиз қизлигим ортда қолиб, сингиллик бўлганимдан ўзгача ҳаяжонда эдим. Остонамизга укам билан ёнма-ён қадам босиб кирганингизни, мен эса кўзимдан қуйилаётган қувонч ёшларини тўхтата олмасдан, сизга меҳр билан боқиб турганимни эсласам, ҳозир ҳам беихтиёр кўзимга ёш келади. Онажонингиз юракларининг бир парчасини қолдириб кетар эканлар, «Яхшиямки ёнгинамда, ҳар куни кўз ўнгимда бўлади», дея ўзларига тасалли бергандилар. Акангиз, опаларингиз эса яқиндагина еру кўкка ишонмай кўтариб юрган сингилчаларининг кўз очиб-юмгунча вояга етиб, келинлик либосида ота уйини тарк этаётганига ишонишмасди. Келинойингиз ҳам болалигидан жиянларига қараб, уй ишларига кўмаклашиб юрган, энди эса ўзга бир уйнинг бекасига айланган дастёрларига чин дилдан бахт тилардилар. Жиянчаларингиз эса сиздек аммажонисини поччасининг уйида қолдириб кетишни истамай, мунглигина хайрлашишганди.

Ўша кундан бошлаб онажонимнинг яна битта қизлари, жигаримнинг бир умрлик ҳамроҳи, сирдоши борлигидан кўнглим тўқ эди. Энди менинг ҳам синглим бор эди!

Шу зайлда ойлар, йиллар ўтиб борарди. Сиз Аллоҳнинг инояти ила бирин-кетин ширин-шакар ўғил-қизларни – менинг жиянларимни дунёга келтирдингиз. Нақадар қувончли эди ўша онлар! Дадажоним набираларини чексиз қувонч билан кутиб олар, онажоним набирамнинг суюнчиси, дея бахтдан қувониб, кичкинтойларга пуллар, ширинликлар улашардилар. Айниқса, оталик бахтидан боши кўкка етган укажоним қалбидаги шодликнинг чеки йўқ эди. Барчамиз фарзанд аталмиш неъматни берган Аллоҳ таолога ҳамд айтардик. Ўша онлар оиламизнинг энг қувончли дамлари бўлганини, мана ҳозир яна ҳам чуқур англаб турибман.

Менинг икки кенжа фарзандларим ва сизнинг икки тўнғичларингиз икки ой фарқи билан дунёга келишгани эса Аллоҳнинг бизга яна бир инояти эди. Тенгма-тенг ўсиб, улғайиб бораётган фарзандларимизнинг саломатлиги, тарбияси, уларга илм бериш каби барча ишларни ўзаро маслаҳат билан олиб борардик. Ҳамма соҳада ўзаро маслаҳатлашадиган, дилдан суҳбатлашадиган яқин кишим борлиги учун, Аллоҳга шукр қилардим. Ҳикматли Зот Ўзига хос ҳикмат ила фарзандларимизнинг битта ёшда бўлишини ирода қилганини ўша пайтларда хаёлимга ҳам келтирмагандим. Эҳтимол, бу нарсалар жиянларим онасидан эрта айрилиб қолганларида фарзандларимга нимани раво кўрсам, уларга ҳам ўшани раво кўра олишим учун жорий бўлгандир.

Бизда шариат илмларини ўрганишга қизиқиш бошланган пайтда фарзандларимиз ҳали ёш эди. Ҳа, сиз, айнан сиз сабабчи бўлиб мен Аллоҳнинг Каломини ўргана бошлагандим. Кейинчалик бошқа илмларни ҳам ёнма-ён ўтириб ўрганишга киришгандик. Уларни ўрганишда эса мен сизга сабабчи бўлгандим. Энди биз бир-биримизни Аллоҳ учун яхши кўрадиган дугоналарга айлангандик.

Ҳар бир ўрганган илмингизга дарров амал қилишга ўтардингиз. Сиз ўзингиздаги бу шижоат билан «Эшитдик ва итоат этдик», дея ўз итоатлари, амаллари ила тилларда достон бўлган саҳобаларни ёдга солардингиз. Бу орада яна икки фарзандни дунёга келтирдингиз. Туғруқхонага кетгунча ҳам Китобингизни қўлингиздан қўймадингиз. Болалар кўпайган сари уларнинг ўзларига хос юмушлар, ташвишлар ҳам кўпаярди. Шунда ҳам сиз фарзанд тарбияси, уй юмушларидан ортиб, вақт топилди дегунча дарров илм ўрганишга, ўрганганларингизни такрорлашга ҳаракат қилардингиз.

Сингилжоним!

Сиз ниҳоятда саранжом-саришта, пазанда, озода аёл эдингиз! Қайнона ойижонингиз сизни мана шу фазилатларингиз учун ҳам жуда яхши кўрар эдилар. Сизни ҳаммага намуна, ибрат қилиб кўрсатар, оғзиларидан бол томиб мақтар, шу билан бирга, «Келиним уй юмушлари ва набираларим тарбияси билан чарчаб қоладилар, бир оз дам олишга ҳам вақтлари йўқ», дея куюнардилар. «Вақтлари бўлиб қолса ҳам, китоб мутолаа қиладилар», деб фахрланиб ҳам қўярдилар. Ўзлари ҳам уй юмушларини бажаришда сиз билан тенгма-тенг югурар, «Менинг-ку, ёш болам йўқ, чарчаб қолсам, хоҳлаган вақтимда дам олавераман, сизга қийин бўлди», дея кўнглингизни олишга ҳаракат қилардилар. Лекин ўша пайтларда олган ҳордиқлари бир оз муддат ўтгач, набираларининг тарбиясига масъул бўлиб, уларни ўз онасидек парваришлаш учун йиғилаётган куч-қувват эканини ойижонингиз билмас эдилар.

Эсимда, бир куни «Она фақат ўз фарзандини қаттиқ яхши кўриши мумкин, деб ўйлардим. Лекин жиянларимга бўлган муҳаббатим фарзандларимникидан кам эмас, фақат менда шунақамикин?» деганимда, сиз: «Мен ҳам акамнинг болаларини худди ўз болаларимдек яхши кўраман», дегандингиз. Ҳа, Аллоҳ таоло менинг қалбимга сизнинг фарзандларингизга нисбатан ана шундай туйғуни солиб қўйгани ҳам бежиз эмас экан.

Сингилжоним, мен ҳамма нарсада, ҳар бир ишда сиз билан маслаҳатлашардим. Суҳбатларимиз давомида кулиб, «Вой опа, жуда ажойибсиз-да, баъзи хислатларингиз худди онамларникига ўхшайди!» деб қўярдингиз. Қани энди мен ҳам қизларимни худди сизнинг онангиздек тарбия қила олсам! Менинг истакларим, кўнглимдаги ниятларим, Аллоҳ таолодан сўраганларим бисёр эди: қизларим улғайгач, уй юмушларини бажаришда сиздан андоза олишса, сиз каби озода, чаққон, пазанда бўлишса, вақтини беҳудага сарфламайдиган солиҳалар бўлиб етишишса, сизнинг ҳам уй ишларингизда ёрдам беришса, бувижонларининг дуосини олишса… Энди эса сиздаги барча яхши фазилатларни қизларимда кўришни чин дилдан ният қилиб турибман.

Бир куни «Ўғлингиз катта бўлиб, келин олганингизда, бизникига олиб келсангиз, роса ишлатиб оламан», дея ҳазиллашгандингиз. Мен ўшанда ҳамма нарса айнан сиз айтгандек бўлади, деб ўйлаган эканман. Лекин бандасининг эмас, Аллоҳнинг айтгани бўларкан.

Сингилжоним!

Сиз дардга чалинганингизда, албатта, шифо топиб, кўрмагандек бўлиб кетасиз, деб умид қилиб, кўп гапларингизга эътибор бермаган эканман. Ҳозир эса армонларимнинг чеки йўқ. Яна «Аллоҳ шундай бўлишини хоҳлаган-да», дея ўзимга-ўзим тасалли бераман. Илтимосларингизни, сўраган маслаҳатларингизни, саволларингизни нима учун қўл телефонидан ёзма равишда юборганларингизни ҳеч тушунмасдим. Юзма-юз кўришганимизда эса бу ҳақда гаплашиш эсимизга ҳам келмасди. «Болаларимнинг катта бўлишини кўриш насиб қилмаса, илм олишларига ёрдамлашинг» деган илтимосингизга ёзган жавобим эсингиздами? «Фарзандларингизнинг бахту камолини, иншааллоҳ, ўзингиз кўрасиз, тузалиб кетасиз», деб ёзгандим.

Яна бир куни маслаҳат сўраб, «Ёмон ният қиляпти, деманг-у, одам ўлимлиги учун ишлатиладиган нарсаларини ўзи сотиб олишида савоб борми?» деб ёзган хатингизни ўқиб, ўзимни йўқотиб қўйдим. Ўшанда кўпчилик орасида бўлганим учун ташқарига чиқдим-у, йиғлаб юбордим. Ўша куни ҳамма васиятларингизни жуфти ҳалолингизга айтган экансиз. Эртасига, яъни душанба куни сизни кўришга бордим. Анча мазангиз қочганини кўриб, кўнглим ғаш бўлди. Шунда ҳам «Ичингиздан нималар ўтяпти?» деб сўрай олмадим, тўғрироғи, бунга ботина олмадим. Сешанба куни ўзим боролмай, қизимни юбордим, кечки пайт эса телефон орқали бўлган суҳбатимиз менга тасалли бўлгандек бўлди. Овозингиз дадил чиққанидан кўнглим анча хотиржам эди. Кечқурун кўзим уйқуга кетганида телефонимга сиздан мактуб келди. Унда яна бир нарсани илтимос қилгандингиз, эсингиздами? Чоршанба куни эрталабдан кўришга бордим. Анча гаплашдик. Кўзингизга тикилдим, лекин барибир, «Нега бундай гапларни ёзяпсиз?» деб сўрай олмадим. Кечгача онамларга қарашиб, орада олдингизга кириб, бир оз гаплашиб ўтирдим. «Ойнинг охирига поччангиз меҳмон чақиряптилар, тезроқ тузалиб, яхши-яхши ширинликлардан пишириб бермайсизми?» дедим. Сиз эса: «Эртага касалхонага ётяпман-ку, унгача тузалиб олсам, ширинлик сизлардан айлансин, пишириб бераман», дедингиз. Яхши кайфиятда хайрлашиб, «Эртага касалхонага ётганингиздан кейин хабарлашамиз», дея уйимга кетдим.

Пайшанба куни эрталаб болаларни ўқишга кузатдим, негадир қўлим ишга бормай, ғалати бўла бошладим. Шу пайт онажоним телефон қилдилар: «Касалхонага кетишмоқчи, бирга борсанг, яхши бўларди», дедилар. Мен тезда етиб бордим. Сиз нарсаларингизни тайёрлаб, «Тезроқ бора қолайлик», деб шошила бошлаганингизда, ичимда бир нарса узилгандек бўлди. Уйқудан уйғонган катта қизингиз сизнинг кетаётганингизни кўриб, қучоқлаб олди. Ўшанда у онаи зорини охирги марта бағрига босаётганини билмас эди. Катта ўғлингизга «Оёқ кийимимни олиб бер», деганингизда, у онасига охирги марта хизмат қилаётганини билмасди. Машинага ўтирганингизда, қайнотангиз сизга дам солиб, охирги дуоларини қилаётганларини билмасдилар. Куюнчак қайнонангиз касалхонага боргунича оғзингиз қуриб қолмасин деб охирги марта чой дамлаб бераётганларини, охирги марта сизни дуо қилиб, юз-кўзингиздан ўпиб кузатаётганларини билмасдилар. Суюкли ёрингиз укам эса сизни машинасига охирги марта ўтиргизаётганини билмас эди. Боғчага кетган кичкинтойларингиз энди бундан буён боғчадан келганларида, уларни ҳеч қачон онажонлари кутиб олмаслигини билишмас эди. Мен эса охирги марта сиз билан ёнма-ён ўтирганимни, қўлингизни охирги марта силаётганимни, чой сўраганингизда сизга охирги маротаба чой узатаётганимни, сиз билан сўнгги бор гаплашаётганимни билмас эдим.

Касалхонага йўл оларканмиз, сиз ота-онангизниниг уйларига ишора қилиб, «У тарафдан юрманг», дедингиз. Завжингиз: «Нимага, барибир, касалхонага ётишингни билишади-ку!» деса ҳам, кўнмадингиз. Ота-онангизнинг сизни кўриб, сиқилишларини хоҳламадингиз. Мен эса ўша аҳволда ҳам яқинларингизни ўйлаётганингиздан таажжубда эдим.

Касалхонага борганимизда шифокор сизни жонлантириш бўлимига ётқизиш кераклигини айтди. Сизнинг аҳволингиз борган сари ёмонлашди ва охирги сўзингиз «чиройли, чиройли» бўлди. Шундан сўнг сизда кома ҳолати бошланди. Бу ҳолат ўн уч кун давом этди.

Ўн уч кун давомида Роббим бизни бошимизга тушажак мусибатга сабр қилишимиз учун тайёрлади. Биз, бандалар, нақадар ожизлигимизни, айниқса, ўша кунларда яхшироқ англаб етдим. Шифокорлар қўлларидан келган барча муолажаларни қилишди. Лекин дори-дармонлар ҳам Аллоҳнинг изни билангина шифо бўлар экан.

Ўн учинчи куни қушлар чуғурлашиб, қуёш ботаётган шом пайтида сиз омонатни топширдингиз. Роббим бизни ушбу мусибатга тайёрлаб боргани ҳақиқат, лекин биринчи зарба жуда оғир бўлар экан. Тинимсиз истиржоъ калималарини («Инна лиллаҳи ва илайҳи рожиъун») такрорлаб, сабр қилишга ҳаракат қилардик. Зор-зор йиғлаётган онажонингизнинг тилида «Ҳеч қайси онага фарзанд доғини кўрсатма, фарзандларингиз ортингизда қолсин», деган дуо қайта-қайта такрорланарди.

Сингилжоним, сизга ушбу мактубни ёзишимга сабаб – дард ва маҳзунликка лиммо-лим тўлган кўнглимни бир оз бўлса-да бўшатиш, ўзим учун қадрли инсон билан ғойибона бўлса-да суҳбатлашиш, гўзал чеҳрангизни яна бир бор хотирлашдир. «Хотирлаш» деган сўзни ноўрин қўлладим, хотирлаш учун унутмоқ керак. Мен эса сизни бир зумга ҳам унутганим йўқ. Яна бу мактубнинг ёзилишига сиз айнан Рамазон ойида, илк бор беморлигингиз сабаб рўза тутолмай, изтироб чекиб ўтказган кунларингизнинг бирида телефон орқали юборган хабарингиз ҳам сабаб бўлди. У ҳамон телефоним хотирасида сақланиб турибди, уни ўчирмайман, ўчиролмайман.

«Мана, Рамазон ҳам келди. Умримда биринчи марта Рамазон рўзасини тута олмаяпман. Ҳомиладор пайтимда ҳам тута олмагандим, лекин у бошқа эди. Борган сари рўза тутишга иштиёқим ошиб кетяпти. Рамазоннинг қадри шу бугунгичалик билинмаган эди. Билмадим, менга янаги Рамазон насиб қилармикин... Аллоҳим, кўнглимга хотиржамлик бер. Ётиб қолишни ўйласам, қўрқиб кетяпман. Илм олгим, кўп-кўп ибодатлар қилгим, болаларимни ўзим катта қилгим келяпти. Одамларга оғирлигимни солмаслик учун, касалликнинг олдини олиш учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қилдим. Лекин ҳаммаси Аллоҳдан. Аллоҳнинг қазосига розиман, Унга ҳеч қачон қарши чиқмаганман, фақатгина яшашни, солиҳ банда бўлиб ҳаёт кечиришни, болаларимни ўзим боқиб вояга етказишни хоҳлагандим. Аллоҳнинг ҳузурига нима билан бораман, билмайман!»

Сиз бу дунёни тарк этдингиз, лекин ҳамон менинг қадрдонимсиз. Чунки қалбларимиз бир-бирига яқин эди. Сўнгги пайтларда тўртала фарзандингиздан бирортаси «Ойим», деб қолса, юрагимнинг бир парчаси узилгандек бўляпти.

Сингилжоним, ушбу муборак Рамазон кунларида Аллоҳдан сизга эзгу ниятлар ила дуо қилиб сўрайман: Аллоҳим! Ўзинг ҳузурингга борган бу қадрдонимни Фирдавс жаннатларига дохил қилгин. Қабрларини ўқиган намозлари ила мунаввар, мушки анбар ислари ила хушнуд этгин. Аллоҳим, ўқиган Қуръонлари ила даражаларини кўтаргин, жамики қилган яхшиликлари учун беҳисоб ажрларингни бергин. Ўзингнинг фазлинг ила унга раҳим қилгин! Парвардигоро, бу қадрдонимизнинг кетишлари ила қалбимизда пайдо бўлган бўшлиқнинг ўрнини Ўзинг ундан яхши бир нарса билан тўлдиргин, бизга ҳузурингга борган бу мўмина банданг ила Жаннатларда бирга бўлишни насиб этгин! Омин, ё Роббил аъламин!»

Дилафруз Юсупова

Мавзуга оид мақолалар
Бодрингдан лосьон Бодрингни яхшилаб ювиб, пўсти билан шарбат сиққичда сиқиб оламиз. Тайёр бўлган яшил давоми...

15:08 / 21.09.2018 3468
Мутахассисларнинг фикрича, ўйинчоқ нафақат болани овунтиришга, балки жисмоний ва маънавий камолотига, асаб давоми...

07:12 / 04.12.2016 4555
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси амакиларининг уйида туғилганлар            Жавоб давоми...

12:15 / 27.11.2017 2787
Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади .Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

21:09 / 17.04.2023 1947