Улама, вашм ва шу кабилар ҳаром
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ улама қилувчи аёлни ҳам, улама қилдирувчи аёлни ҳам ва вашм қилувчи аёлни ҳам, вашм қилдирувчи аёлни ҳам лаънатласин», дедилар».

Шарҳ: «Улама қилувчи аёл» аёлларга улама соч қилиб, улаб қўядиган аёл.

«Улама қилдирувчи аёл» ўзидаги бор табиий сочга қаноат қилмай, ясама соч улатиб олишга интилган аёл.

Ушбу ҳадиси шарифнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилишига ўша пайтда бўлиб ўтган бир ҳодиса сабаб бўлган экан. Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг келин бўлаётган қизим бор. Қизамиқдан айниб, сочи титилиб кетган. Улама қилсам бўладими?» деб сўраган. Ана ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни айтганлар.

Ўша пайтда жоҳилият аёллари ҳар доимдагидек ўзларига сохта жамол орттириш учун турли ҳийла-найрангларни ишлатар эдилар. Сочларини ўта чиройли қилиб кўрсатиб, кўпчиликнинг эътиборини тортиш учун улама сочлар қилишар эди. Бу ишни баъзи аёллар ўзларига касб қилиб олган эдилар. Аёлларнинг сочларига улама қилиб даромад топар эдилар. Сочига улама қилдирмоқчи бўлган аёллар уларнинг олдига келиб, мақсадларини айтсалар, улар соч улаш ишини амалга оширар эдилар. Шундоқ қилиб, сохта гўзалликка эришилар эди. Бу ишни қилган аёл ўзини ҳам, ўзгани ҳам алдар эди.

Айниқса, ушбу ҳадиси шарифнинг айтилишига сабаб бўлган ҳодисадагига ўхшаб, келин тараф куёв тарафни алдаши кўпроқ бўлган бўлса,  ажаб эмас.

Шунингдек, «вашм»–ясама хол қўйиш ҳам авж олган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида ўзларининг соғ баданларини игна ила тештириб, қон чиқариб, жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирорта модда сепиб ясама хол ёки турли белгилар қилар эдилар. Аввалги ишдагидек буни ҳам амалга оширадиган уста аёллар бор эди. Ким сохта хол қўйдирмоқчи бўлса, ўшаларга мурожаат қиларди.

Ушбу ҳадиси шариф ила Ислом бундоқ номаъқул ишларни ҳаром қилди.

Ҳаж қилган йили Муовия минбарда бир тутам сочни ушлаб туриб: «Уламоларингиз қани?! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шунинг мислидан наҳйи қилганларини ва:

«Бани Исроилнинг аёллари мана шуни тутганларидан ҳалок бўлганлар, холос», деганларини эшитганман», деди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Икки шайх қуйидагини зиёда қилган: «Буни яҳудийлардан бошқа бирор киши қилмаса керак, деб ўйлардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хабари етганда буни алдов, деб атаганлар».

Шарҳ: Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Шомда туриб халифалик қилганлар. Шунинг учун кўп ҳаж қилиш имконлари бўлмаган. Ҳаж қилган йили эса ушбу ривоятдаги каби тарих бўлиб қолган.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу хутба қилган жойнинг жонкуяр кишилари у кишига одамлар ношаръий иш қилаётганлари ҳақида шикоят қилиб, гапларининг далили сифатида улама сочни у кишининг олдиларига олиб келиб, қўлларига берган. Бу ҳолдан ташвишга тушган халифа минбарга ўша улама сочни кўтариб чиқди ва: «Уламоларингиз қани?! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шунинг мислидан наҳйи қилганларини ва: «Бани Исроилнинг аёллари мана шуни тутганларидан ҳалок бўлганлар, холос», деганларини эшитганман», деди».

У кишининг бу гапларидан қайси юртда бирор ношаръий иш юзага чиқса, энг аввал ўша юртнинг уламоси маломат қилиниши тушунилади. Ҳақиқатда уламоларнинг масъулиятлари жуда ҳам катта. Ахир улар – анбиёларнинг меросхўрлари, шариатнинг ходимлари. Уларнинг ҳар бири ўз жамиятидаги каттаю кичик нарсадан кечаю кундуз хабардор бўлиб туриши, шариат кўрсатмасидан заррача оғиш бўлса, дарҳол огоҳлантириши лозим.

Бани Исроил ўтган умматлар ичида энг катта ва кучли уммат бўлгани сир эмас. Аммо шундоқ бўлса ҳам, вақти-соати келиб ўша уммат ҳалокатга учради. Унинг ҳалокатга учрашининг бир қанча сабаблари бўлиб, ана ўшалардан бири, уларнинг аёллари тўғри йўлдан чиқиб, ҳар хил ҳийла ва алдамчилик йўлларини тутганлари, жумладан, сохта сочлар ясаб, кўпчиликни алдаганлари экан.

Ушбу ривоятга икки шайх – имом Бухорий ва имом Муслимлар қилган зиёдада мазкур манфур амал яна ҳам очиқроқ васф қилинади.

«Буни яҳудийлардан бошқа бирор киши қилмаса керак, деб ўйлардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хабари етганда буни алдов, деб атаганлар».

Халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу улама соч қилиш – ғоят ёмон иш, бу ишни яҳудийлардан бошқалар қилмаса керак, деб хаёл қилиб юрар эканлар. Аммо ўз қавмлари ичида бу ишнинг бўлаётганини кўриб, ғазаблари жунбуш урибди.

Дарҳақиқат, улама соч қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, алдовдан бошқа нарса эмас.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин», деди.

Бу гап Бани асадлик Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради. Бас, у:

«Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди.

«Батаҳқиқ, мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди аёл.

«Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нени берса, олингиз ва У сизни недан қайтарса, қайтингиз», деган», деди у.

«Шу нарсадан баъзисини сенинг хотинингда бор, деб ўйлайман», деди аёл.

«Бориб, назар сол», деди у. Аёл унинг хотини олдига кириб, ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб:

«Бирор нарса кўрмадим», деди.

«Аммо ўша нарса бўлганида, у билан жам бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ривоятни синчиклаб ўргансак, муолажа қилинаётган масалага оид кўпгина нозик тарафларни англаб олишимиз мумкин.

Маълумки, ривоятларнинг аввалидан келадиган «Абдуллоҳ»дан мурод улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудирлар. У киши аёллар ичида содир бўлиб турадиган баъзи ношаръий ишларнинг сабабчиси бўладиган аёлларни қоралаб:

«Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчиларни лаънатласин», деди».

Ушбу жумлада беш турли аёллар лаънатланмоқда:

1. «Вашм қилувчи аёлларни»

2. «Вашм қилдирувчи аёлларни»

Бу икки тоифадаги аёллар кимлигини аввал ўрганганмиз.

3. «Мўйчинак ила терувчи аёлларни»

Булар мўйчинак ила аёлларнинг қошлари, пешоналари, юзларидаги толаларни терадилар.

4. «Мўйчинак ила тердирувчи аёлларни»

Булар чиройли кўриниш мақсадида қошлари атрофидаги толаларни мўйчинак ила тердириб, қошларини ингичка қилдирадилар. Шунингдек, бошқа жойларидаги толаларни ҳам тердирадилар.

5. «Тиш орасини очувчиларни»

Булар соғ тишларини эговлаб, орасини очишади.

Мазкур ишларнинг ҳаммасини ривоятда айтилганидек «ҳусн учун» қилинса, лаънатга қолинади.

Чунки бу ишларни «ҳусн учун» қилувчилар - «Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчилар»дир.

Аммо зарурат юзасидан, хасталик туфайли бўлса, жоиз.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бу гаплари атрофга тарқалди.

«Бу гап Бани асадлик Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради».

Гапнинг сиёқидан Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо ушбу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлганидан бехабар бўлганлар-у, бу Абдуллоҳнинг ўзидан чиққан гап, деб у киши билан тортишгани келганга ўхшайдилар. У кишининг «нимага аёлларни лаънатламоқдасан?!» қабилидаги гапларига Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:

«Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди».

Бу билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Умму Яъқуб розияллоҳу анҳога мазкур ишларни қилган аёлларни аслида ўзи эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаганларининг хабарини берди. Шу билан бирга, у киши Умму Яъқубнинг Қуръони Каримдан яхши хабардор зот эканларини эътиборга олиб,«Ҳолбуки,бу Аллоҳнинг китобида бор», деди».

Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо бу гапни тўғрисича тушуниб:

«Батаҳқиқ, мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди».

Яъни Қуръони Каримнинг ҳамма оятларини яхшилаб ўрганганман, унда сен лаънатлаган беш тоифа аёлларни лаънатлаш маъноси йўқ, деган гапни айтди.

Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юқоридаги гапдан нимани ирода қилаётганларини очиқ баён қилдилар:

«Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нени берса, олингиз ва У сизни недан қайтарса, қайтингиз», деган», деди у».

Мана шу ояти каримага асосан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳар бир шаръий нарсани олмоғимиз ёки тарк қилишга амр қилинган нарсани тарк қилмоғимиз лозим. Модомики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишларни қилган аёлларни лаънатлаган эканлар, биз ҳам уларни лаънатламоғимиз керак. Шунинг учун мен айтган гаплардан аччиғинг чиқмасин, аслида у гапларни мен эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар, дедилар.

Лекин Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо ҳам бўш келмади. Бўлаётган баҳсни давом эттириб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга:

«Шу нарсадан баъзисини сенинг хотинингда бор, деб ўйлайман», деди аёл».

Умму Яъқубнинг тушунчаси бўйича, мазкур қалбаки ишларни ҳамма хотинлар қилишлари турган гапга ўхшайди. Шунинг учун у киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни нозик жойидан тутмоқчи бўлиб, юқоридаги гапни айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Бориб, назар сол», деди».

Яъни менинг хотиним ҳам ўша шариат ҳаром қилган ишлардан баъзисини қилди, деб хаёл қилаётган бўлсанг, бориб хотинимга назар сол, яхшилаб қара, ўша даъво қилаётган нарсалардан қай бирини кўрар экансан, дедилар.

«Аёл унинг хотини олдига кириб ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб:

«Бирор нарса кўрмадим», деди».

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Исломга фақат ўзлари эмас, балки оила аъзолари ила биргаликда амал қилишлари аён бўлди. У киши шариат ишларида оилаларига ҳам қаттиқ турганларини Умму Яъқубга айтган қуйидаги гапларидан ҳам билиб олсак бўлади.

«Аммо ўша нарса бўлганида, у билан жам бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ».

Яъни агар хотиним ўша шариат ҳаром қилган ишлардан бирортасини қилган бўлганида, ажраб кетган бўлар эдик. Ундоқ хотинни мен дарҳол талоқ қилардим.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Вашм қилиш ҳаром экани.

2. Вашм қилдириш ҳаром экани.

3. Мўйчинак ила аёлларнинг қош ва бошқа тукларини териш ҳаром экани.

4. Мўйчинак ила қош ва бошқа тукларини тердириш ҳаром экани.

5. Эговлаб ёки бошқа услуб ила тишларнинг орасини очиш ҳаром экани.

6. Мазкур ишларни ҳусн учун қилиш ҳаромлиги. Шаръий узр ила қилса, жоиз.

7. Мазкур ишларни ҳусн учун деб қилиш Аллоҳ таолонинг яратганини ўзгартириш ҳисобланиши.

8. Аёллар ичида Қуръони Каримни яхши ўрганиб, ном чиқарган шахслар бўлгани.

9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапга ўхшаш гапни айтиш мумкинлиги.

10. Ўша пайтда аёллар ҳам шаръий масалаларда эркаклар билан тортишгани.

11. Бевосита зикр қилинмаган нарсани ҳам асли Қуръони Каримда бўлса, бу Қуръони Каримда бор, деб айтилса, жоизлиги.

12. Олим ва муқтадо кишилар бирор ҳукмни айтишдан олдин ўша ишни ўзи ва оила аъзолари қандоқ бажараётганларига бир назар солиб олиши кераклиги.

13. Эр ўз хотинига шариат ҳаром қилган ишни қилишга йўл қўймаслиги лозимлиги.

Ушбу мавзуда сўз кетар экан, шариатимиз Аллоҳ таоло яратган асл хилқатни ўзгартиришни, сохта чирой ҳосил қилиб ўзгаларни алдашни ҳаром қилганини алоҳида таъкидламоқ лозим. Чунки бунга ўхшаш ишлар Аллоҳ таоло яратган нарсани ўзгартириш, Яратганнинг иродасига қарши чиқиш билан баробар. Ундан сўнг бу каби нарсаларда қаллобликка ўрганган киши бошқа нарсаларда қаллоблик қилмасмиди? Албатта, қилади. Оқибатда ҳозиргига ўхшаб ҳамма нарса қаллобликдан иборат бўлиб қолади.

Ислом инсонларнинг гўзалликка интилишини тўғри баҳолайди. Балки уларни гўзалликка ундайди. «Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади», дейилади ҳадиси шарифлардан бирида. Лекин Аллоҳ таоло халқ қилган нарсани бузиш гўзаллик ҳисобланмайди. Балки табиати бузуқлик бўлади. Бўлмаса, соғ турган тишни эговлаб, бир қисмини олиб ташланар эдими? Бўлмаса, Аллоҳ таоло ато қилган табиий сочи туриб, турли қилларни бошига улаб, ўзича хурсанд бўлиб юрармиди? Бўлмаса, соғ танасини игна билан жароҳатлаб, жароҳат устига ранг сепиб, терисини бузармиди?

Саъид ибн Жубайр ва Имом Аҳмад розияллоҳу анҳумолар:

«Қаромилнинг ҳечқиси йўқ», деганлар.

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: «Қаромил» шохлари узун ва юмшоқ ўсимлик. Ана ўшандан сочпопук қилиб тақса, ҳечқиси йўқ экан. Чунки у бировнинг сочи эмас. Унда алдов ва Аллоҳ таоло халқ қилган нарсани ўзгартириш йўқ. Уламои киром шунга ўхшаш бошқа нарсаларни ҳам сочга тақса бўлаверади, деганлар.

Абу Райҳона розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн нарсадан наҳйи қилдилар; тишни эговлашдан, вашмдан, оқ толаларни юлишдан, икки эр киши кийимсиз бирга ётишидан, икки аёл кийимсиз бирга ётишидан, кишининг ажамларга ўхшаб кийимининг этак қисмига ипак улашидан, ажамларга ўхшаб икки елкасини ипакдан қилишдан, талончиликдан, йўлбарсни минишдан ва ҳукмдор бўлмаганнинг узук тақишидан».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари Абу Райҳона розияллоҳу анҳунинг исмлари Шамъун ал-Ансорий экан. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоларидан деган гаплар ҳам бор.

Ушбу ривоятда зикр қилинган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам наҳйи қилган ўн нарсани бирма-бир кўриб чиқайлик.

1. «тишни эговлаш»

Бунда ўша вақтда тишни ўткир, оппоқ қилиб кўрсатиш учун эговлаш кўзда тутилган. Бундоқ иш тишнинг касалланиб ишдан чиқишига сабаб бўлишига ҳозирги табиблар энди тушуниб етдилар. Шунинг учун тишнинг устидаги табиий қопламни асраш учун тинмай тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб бормоқдалар. Бизда эса бу нарса минг беш юз илгари шариат ҳукми даражасига кўтариб айтилган ва унга амал қилинган.

2. «вашм»

Бу масалани аввал батафсил ўргандик.

3. «оқ толаларни юлиш»

Яъни соч ва соқолда пайдо бўлган оқ толаларни юлиб, ўзини ёш қилиб кўрсатишга уриниш.

4. «икки эр киши кийимсиз бирга ётиши»

Бу иш эркаклар орасида жинсий бузуқликка олиб келади.

5. «икки аёл кийимсиз бирга ётиши»

Бу иш ҳам аёллар орасида ўзаро жинсий бузуқлик келиб чиқишига сабаб бўлади.

6. «кишининг ажамларга ўхшаб кийимининг этак қисмига ипак улаши»

Бу масалани ҳам ўз ўрнида ўргандик. Тўрт энлик миқдоригача рухсат бор. Ундан ортиғи мумкин эмас.

7. «ажамларга ўхшаб икки елкасини ипакдан қилиш»

Бу масала ҳам ўзидан олдингисининг узвий давоми.

8. «талончилик»

Бировнинг мол-мулкини талаш мумкин эмас.

9. «йўлбарсни миниш»

Бу ерда тирик йўлбарсни миниш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу амримаҳол нарса. Бу ерда йўлбарс терисини тўшаб, устида ўтириш ҳақида гап кетмоқда.

10. «ҳукмдор бўлмаганнинг узук тақиши»

Чунки ҳукмдор ундан муҳр қўйиш учун фойдаланади. Ҳукмдор бўлмаган зийнат учун тақади, холос.

Уламо аҳли охирги икки нарсадаги наҳйи танзиҳ-тақво учун, аввалги саккизтаси таҳрим-ҳаром учун деганлар.

Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, 2018 йилнинг 46 кунлари Наманган вилояти бўйлаб Қуръон қироати мусобақаси бўлиб ўтиши кўзда давоми...

17:21 / 04.02.2018 3146
Маҳр никоҳ ақди ёки эру хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериш лозим бўлган давоми...

18:59 / 10.11.2016 16046
embedhttpswww.youtube.comwatchvEY1F9AoAtD0featureyoutu.beembed

16:23 / 26.11.2018 2416
Кўк пиёз инсон организми учун йил давомида зарур бўлган сабзавот ҳисобланади. Айниқса, эрта баҳорда инсон давоми...

11:39 / 24.11.2016 5123