Рамазондаги ризқ ҳикояси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу ҳодиса бир неча йил аввал эрта кузда содир бўлган эди... Бу дунёда мусулмон учун ҳар он, ҳар нафас синовга тўла экан. Биргина вазиятнинг ўзи бир неча инсонлар учун синов бўла олар экан. Қийинчиликка учраган одам учун сабр қилиш, бирор нимага қодир бўлган инсон учун марҳамат кўрсатиш, қодир бўлмаган инсон учун эса ҳақни ва сабрни тавсия қилиш, қўлидан келганча инсонга далда бериш лозим бўлиб қолар экан.

Биргина вазиятда бир неча киши учун синов ҳосил бўлиб қолар экан, синов билан бирга имкон ҳам, савобга эришиш имкони ҳосил бўлиб қолар экан. Баъзилар бу имконни қабул қилиб, ундан ўз фойдалари учун фойдалансалар, қолганлар бундай имкондан воз кечиб, бу билан ўзларига зиён қилар эканлар. Бу дунёни гўзаллик ила яратган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Шаъбон ойининг охирги кунлари эди. Рамазон ойига эса бор йўғи бир кун қолган эди. Бутун маҳаллада бир ҳафтадан бери давом этаётган ҳашар ишлари якунига етган эди. Ҳар бир хонадон Рамазон ойини қаршилашга тайёр эди. Биз ҳам тайёр эдик, фақатгина эртага эрталабдан бозорга тушиб, баъзи харажатларни қилишимиз керак эди, холос. Ҳаражатларни ўйлаб пулларни иложи борича режали сарф қилиш ҳақида хаёл суриб қолдим. «Ойи, дадам бугун ойлик оладилар-а?» деди Робия, хаёлларга берилиб қизим ёнимда пайдо бўлиб қолганини ҳам пайқамай қолибман. «Иншааллоҳ. қизим, иншааллоҳ» дея, жавоб бердим мен. Ҳамма умидимиз ҳам олинадиган авансдан эди. Бу ой кўп харажат қилган эдик. Қизларимиз учун мактаболди харидлар, уйга бир неча жиҳоз, яна консервалар ҳам ёпган эдик. Хуллас, уйимизда фақат бир икки кунлик нон пули қолган эди. Овқат учун эса зарур бўлган масаллиқлар деярли тугаган эди. Тўй мавсуми тугагани боис буюртмалар ҳам камайган эди. Мен, аслида, чеварман...

«Ойи, дадам қачон келадилар? Нима учун келмаяптилар, ахир кеч бўлди-ку?» сўради ойнакка термулишдан чарчаган кенжа қизим. Ҳақиқатан ҳам, анча кеч бўлиб қолган эди, хавотир ола бошлаган эдим. «Ана келдилар», дея эшик тарафга қараб югурди қизим... Бизнинг икки қизимиз бор – Робия ва Рисолат. Робия ўн ёшда, Рисолат эса яқинда тўққизга кирди. Қизларим дадасининг бўйнига осилди, аммо уларнинг нимагадир кайфиятлари йўқ эди. Авваллари қизларини кўришлари билан хурсанд бўлиб кетар эдилар. Кечки овқатдан сўнг аванс ололмаганларини, бир-икки кишидан озроқ қарз олмоқчи бўлиб, кеч қолиб кетганларини, ҳаракатлари самарасиз бўлганини, эртага яна уруниб кўришларини айтдилар.

Эшитиб хафа бўлиб кетдим, ўзим учун эмас, чунки бизнинг ёшимиз анча катта, биз сабр қила оламиз, аммо икки кичик қизимиз бор. Робия «Ойи, мен ҳам саҳарлик тайёрлашга ёрдам берай, катта қиз бўлиб қолдим», деган эди. Рисолат эса бир ойдан бери ҳар куни «Ойи, мен ҳам бу йил рўза тутаман, ойи менга саҳарликка ҳар куни олмали пирог қилиб беринг, мен уни жудаям яхши кўраман, кўпроқ қилсангиз ифторликда ҳам еймиз», деди. Уларга нима дейишни билмай бошим қотиб қолган эди... Эртаси куни ҳам ҳеч бир натижа чиқмади, қўшнимиздан ёрдам сўрашга уялдим. Кечки овқатда қишга аталган мураббо ва нон танаввул қилдик. Саҳарликка ҳам шуни режалаштирдик. Аллоҳ берган ризқ, деб ўзимни овунтирдим. Қизларимнинг ҳам кайфияти йўқ эди. «Ойи, эртага рўза тутмаймизми?» деб сўради кенжа қизим, Робия уни туртиб «Нега унақа дейсан, албатта, эртага рўза тутамиз», деди. Рисолат эса хафа бўлиб жавоб берди «Ахир олмали пирог йўқ-ку?!». Нима дейишни билмай қолган эдим. «Қизим олмали пирог бўлмаса ҳам, олчали мураббодан бор, Аллоҳ берган ризқ, иншааллоҳ олмали пирог ҳам бўлади» деди отаси унинг бошини силаб. «Қачон бўлади?» қизиқиб сўради Рисолат, «Аллоҳ берса, бўлади, ризқни ундан сўраш керак» деб жавоб берди отаси. Рисолат шошилиб кичик қўлларини дуога очди ва тепага қараб гапира бошлади: «Аллоҳим, Ўзинг бизга олмали пирог бергин, мен олмали пирогни жуда-жуда яхши кўраман, яна шоколадниям яхши кўраман, бизга шоколад бергин, дадам ошни яхши кўрадилар, дадамга ош бергин» деб дуосини якунлади. Унинг дуосидан бизнинг кўзимиз ёшланди, нима дейишни ҳам билмай қолган эдик.

Соат кечки ўн бўлганди. Ҳуфтон намозини якунлаб ётишга ҳозирланган эдик. Қизларимиз эса чарчаб ухлаб қолишган экан. Эшик тақиллади. Ҳайрон бўлиб, «Ким?» деб сўрадим. Саида холанинг «Мен» деган овозлари эшитилди. Эшикни очган эдим, қўшнимиз Саида хола устига сочиқ ёпилган бир поднос ушлаб турган эдилар. «Узр, қўшни, кеч бўлганда безовта қилдим, бугун опамникида дастурхон ёзилган эди, қизларини фотиҳа қилишди, иншааллоҳ, рўзадан кейин тўй, кўп нарса бериб юборибдилар, шунга сизга ҳам олиб чиққан эдим. Майли, Рамазон ойи муборак бўлсин», дея шошилиб подносни қўлимга тутқаздилар-да, уйларига кириб кетдилар. Миннатдорчилик билдирганимда уйларига кириб кетиб бўлгандилар. Ошхонага кириб подноснинг устидаги сочиқни олдим, ундаги нарсаларни кўриб кўзларим ёшга тўлди... подносда бир лаган ош, шоколадли конфетлар ва тарелкада олмали пирог бор эди. Аллоҳ қизимнинг дуосини ижобат қилганди...

Эртаси куни хўжайиним аванс олдилар, дўстларидан бирининг деҳқончилик ҳосили яхши бўлгани учун бир қоп картошка, пиёз ва бир яшик олма ташлаб кетди. Рисолат ўн беш кун рўза тутди. Албатта, оламлар Роббиси Аллоҳ Ўзига дуо билан юзланган инсонларнинг дуосини ижобат қилур, ризқ сўраганга ризқ берур... Раззоқ бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин!

Ханифа.

Мавзуга оид мақолалар
Кечаларнинг бирида бир киши имом Абу Ҳанифа ҳузурларига бориб Эй имом Мен анча вақт олдин молимни бир давоми...

20:22 / 16.08.2019 3816
Қумликлар орасида 160 гектар майдонга эга бўлган улкан қурилиш лойиҳалаштирилмоқда ва Британия ва Дания давоми...

10:42 / 24.01.2017 3048
Эй, яқинларининг ва ўзининг саломатлиги учун ўзини посбон деб билган оқила бека Аҳли оилангиз сиҳати сиз давоми...

17:18 / 15.03.2017 23804
Қурбонлик қурбон ҳайити кунларида қўй, эчки ё мол сўйиб амалга ошириладиган ибодатдир. Бунга «Удҳийя» давоми...

17:57 / 14.02.2017 3822