Гўдакка исм қўйиш ва танглайини хурмо ила кўтариш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менинг ўғлим туғилганида уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У Зот уни Иброҳим, деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди».

Икки шайх ривоят қилишган.

 Шарҳ: Кўпчилик саҳобалар янги туғилган фарзандларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У Зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар. Мана, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳам ўз ҳаётларида ёрқин из қолдирган бу ҳодисани шавқу завқ ила ҳикоя қилиб бермоқдалар:

 «Менинг ўғлим туғилганида уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим».

Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.

 «У Зот уни Иброҳим, деб номладилар»

Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундоқ кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим номини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли.

 «хурмо ила танглайини кўтардилар»

Ёш боланинг танглайини кўтариш, катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб, боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир.

 «ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар»

Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.

 Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир ғулом ақиқаси гаровидир. Унинг учун еттинчи куни сўйилур, сочи олинур ва исм қўйилур», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда янги туғилган фарзандга оид бир неча нарсалар зикр қилинмоқда:

 «Ҳар бир ғулом ақиқаси гаровидир».

Демак, ҳар бир янги туғилган фарзанднинг баъзи бир ишлари унга ақиқа қилишга боғлиқ бўлиб турар экан. Агар ақиқа қилинса, ўша ишлар юзага чиқади, бўлмаса, худди гаровга олингандай юзага чиқмай тураверади.

Баъзи уламоларимиз, жумладан, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Аъто ал-Хуросоний, ҳар бир фарзанднинг, агар гўдаклигида ўлиб кетса, ота-онасига шафоатчи бўлиши унинг ақиқасига боғлиқдир. Агар унга ақиқа қилинган бўлса, қиёматда жаннат эркатойларидан бўлади ва агар жаннатга олдин ота-онам кирмаса, мен кирмайман, деб туриб олади, шундоқ қилиб, у ўз шафоати ила ота-онасининг жаннатга киришига сабаб бўлади, деганлар.

Имом Аллайс ва Довуд аз-Зоҳирий ва бошқалар эса янги туғилган фарзанднинг яхши униб-ўсиб, бахтли-саодатли бўлиши унинг ақиқасига боғлиқдир, шунинг учун ақиқа қилиш вожибдир, деганлар.

Лекин жумҳури уламолар, ақиқа қилиш суннати муаккада, деганлар.

 «Унинг учун еттинчи куни сўйилур».

Ақиқа фарзанд туғилганининг еттинчи куни қилинади. Агар еттинчи куни имкони бўлмаса, ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни қилинади.

Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ақиқа еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи куни сўйилур», деганлар.

Агар у кунлари имкони бўлмаса, имконини топганда қилаверади.

Янги туғилган фарзандга ақиқа қилиш отанинг фарзанд оддидаги бурчидир.

 «сочи олинур»

Бу иш ҳам фарзанд туғилганининг еттинчи куни амалга оширилади. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, бу сочга нифос қони теккан бўлади. Шунинг учун ҳам у боладан кетказилиши лозим бўлган нопок озор берувчи нарсалар қаторига қўшилган. Ўша еттинчи куни олинган соч вазнида кумуш ёки унинг қиймати садақа қилиниши ҳам мазкур озордан халос бўлганлик шукронаси бўлса, ажаб эмас.

 «ва исм қўйилур»

Янги туғилган фарзандга исм қўйиш ҳам еттинчи куни қилинадиган ишлардан бири. Ҳар бир янги туғилган фарзандга яхши исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчидир.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндошмоғи лозим. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исмларнинг яхшиси, бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир», деганлар. Шунинг учун Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи «Абдуллоҳ», «Абдурроҳман», «Абдуссаттор» ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи «Ҳамидуллоҳ» каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.

Шунингдек, Пайғамбарларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари яхши исмлар ҳисобланади.

Қизларга ҳам ўтган саҳобия аёлларнинг исмларини ва эзгулик маъносини англатувчи исмларни қўймоқ керак.

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Уриш, Хўтиқ Абдулуззо каби ноқулай исмли саҳобаларнинг исмларини яхши исмларга алмаштирганлари машҳур.

Шунингдек, у Зот баъзи саҳобия аёлларнинг исмларини ҳам яхши исмларга алмаштирганлар. Бинобарин, баъзи кишилар тушунмай ноқулай исмлар билан аталиб қолган бўлсалар, дарҳол исмларини исломий исмларга алмаштириб олсалар, яхши бўлади.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Абу Толҳа туғилганида уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз туяларига қатрон суркаётган эканлар. Бас, у Зот:

«Сенда хурмо борми?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

Сўнгра у Зотга бир нечта хурмо узатдим. У Зот уларни оғзиларига солиб чайнадилар. Кейин гўдакнинг оғзини очиб, уларни унинг оғзига солдилар. Гўдак уни тили билан сўрди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ансорий-да, хурмони яхши кўради», дедилар ва уни «Абдуллоҳ» деб номладилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Мазкур Абдуллоҳ ровий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг она бир укалари бўлади.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўдаклар келтириларди. У Зот уларга барака тилаб дуо қилар ва танглайларини кўтариб қўяр эдилар».

Муслим ривоят қилган.

 
Мавзуга оид мақолалар
 Ҳозирги кунга келиб одамлар, қаерда бўлишидан қатъи назар, таом тановвул қиладилар ўринда, оммавий давоми...

21:37 / 19.01.2017 3090
embedhttpswww.youtube.comwatchvIMmKN1VM3moembed

12:38 / 01.11.2016 4991
Бу дунёда бизларни нозик ҳилқат соҳибалари сифатида халқ қилиб Ўзининг ҳабиби бўлган Муҳаммад мустафо давоми...

10:33 / 26.02.2017 3869