Жума хутбасидан
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

УШБУ ЁЗ ОЙЛАРИДА ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ ОВЛОВЧИЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Набиййимиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда у Зот бизга, агар атрофимизда ўзига тобеъ қилувчи дунёни, бизни бошқариб ҳукм қилувчи ҳавойи нафсни, буйруқ берувчи муросасозликни кўрсак, кўпчилик иши ва унинг муаммоларини четга қўйиб, ҳар биримиз ўз оиламиз билан шуғулланиб, уларга ҳизмат қилишимиз лозимлигини насиҳат қилганлар. У Зот умматларига Аллоҳ таоло вазифа қилиб топширган оила тарбиясига эътибор бериб, оила аҳлини кузатиб боришни, ўғил-қизларни Аллоҳ хоҳлаган йўлда вояга етказишни, кечаю кундуз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тўғри йўлида бўлишларини назорат қилиб туришни ва қалбларига бу диннинг ҳамда Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатига бўлган муҳаббатни сингдиришни васият қилиб кетган эдилар. Мен сизларга бу ўринда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган нарсага қўшимча тарзда қуйидагиларни келтириб ўтмоқчиман. Ҳақиқатда ҳам Расулуллоҳ бизларни эҳтиёт қилиб огоҳлантирган нарсанинг тасдиғини бугунги кунда кўриб турибмиз. Ҳақиқатда биз ўзига эргаштирувчи ҳавойи нафсни кўрдик, итоат қилдирувчи хасисликни, ҳар бир инсон ўз истагига эргашишини, ақл ва тил ўрнида муросасозлик етакчи бўлаётганини, хуллас, буларнинг барини кўриб бўлдик. Энди биз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ўн тўрт аср олдин авлодлар ортидан бизларга қарата айтган насиҳатларига қулоқ солишга мажбурмиз. Расулуллоҳ васият қилган ушбу насиҳатларни ортиғи билан ҳаётга тадбиқ қилишга ва ҳар биримиз ўз оиламиз риоясига қайтишга, оиладаги барча аъзоларни Аллоҳнинг тўғри йўлида бўлишини ҳимоя қилишга ҳақлимиз. Расулуллоҳ айтган насиҳатларга амал қиласизларми ёки қилинган бу насиҳатлардан юз ўгирдингизми? Расулуллоҳ буюрган нарсадан юз ўгиришгача етиб бордингизми? Мен бу саволга жавоб олишни истамайман, лекин ўз оила аъзолари билан бўлаётган муносабатга назар солиб, ўз ҳолатидан келиб чиқиб жавоб топишни ҳар кимнинг ўзига ҳавола қиламан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир мусулмоннинг бўйнига, у ким бўлишидан қатъи назар, буюк ва мураккаб масъулиятни юклаган. Ушбу масъулиятнинг биринчи босқичи, инсон ўз нафсини тийиб туриши, вужудидаги Аллоҳ азза ва жалланинг динига ихлос билан риоя қилиши ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқларини бажаришидир. Ундан кейинги босқич инсоннинг ўз оила аъзолари: аёли, ўғил-қизларига маносабатида кўзга ташланади. Ҳадис охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сен ўзинг билан машғул бўлиб, кўпчилик ишини қўйгин», деб айтган сўзидаги мен ишора қилган хослик ана шу эди. Агар биз ушбу ҳақиқатни англаб етсак ва биздан қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шаҳримиздаги кўпчилик омма ҳақида сўрашдан олдин айнан ўзимиз ҳақимизда сўрашига ишонсак, шуни ҳам билишимиз керакки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган бу гаплари Аллоҳ таоло олдиндан айтиб қўйган нарсанинг баёни ва таъкиди учун келтирилган. Аллоҳ таоло баёни қатьий бўлган китобида айтмаганми: «Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир» (Тоҳа сураси, 132-оят). Ва яна Таҳрим сурасининг олтинчи оятида; «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ўтдан сақланг», – деган эмасми? Оятдаги «Ўзингиз ва аҳлингиз» калималари маънодош синоним сўз бўлиб, аҳл сўзи хосликни ифода этади. «Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим сураси, 6-оят). Демак, бу насиҳат осмон бағридаги қуёшли кундай Аллоҳнинг Китобида аниқ битилган экан ва унинг таъкидлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннат ва ҳадисларида порлаб турар экан, биз ҳам, эй дўстларим, шуни билишимиз керакки, бу масъулиятлар қайноқ ёз фаслида янада кўпаяди. Шуни билайликки, шу кунларда таълим берувчи маскан эшиклари ёпилиб, олийгоҳлар таътил сабабли беркитилган вақтда бу масъулиятларнинг аҳамияти янада оради. Ёш йигит-қизлар ёз ойларида шунчаки ёки бирор сабабдан турли жойларга борадилар. Ҳаммангиз бу сабаблар нима эканини яхши биласиз. Бу ҳақда гапни кўпайтиришни истамайман, ҳаммангиз буни кўриб турибсиз. Бундай вазиятда ота-оналарнинг ўз фарзандлари олдидаги масъулиятлари ортади. Зиммасида шундай масъулият турган одам бу ишни ташлаб, бошқа иш билан машғул бўлса, бунинг ҳеч бир фойдаси йўқ. Аллоҳ йўлидаги кураш ҳам ушбу оиланинг тарбиясини йўлга қўйиш орқали бўлади. Расулуллоҳ ҳар биримизга қарата: «Сен ўз нафсингни лозим тут», деб турган бўлсалар, биз бу ишни ташлаб, бошқа йиғинларга ва унинг ортидаги баландпарвоз гапларга сакраб ўтишимизнинг ҳеч қандай қиймати ҳам, фойдаси ҳам йўқ. Агар уйимда Ислом шариати поймол этилаётган бўлса, болаларим ёз ойларининг тузоғига тушиб турса, қизларим ёзнинг ҳамда инсон ва жин шайтонларининг алдовида қурбон бўлаётган бўлса, мен қайсидир бир сабабни баҳона қилиб бундан юз ўгирсам, менинг Ислом ва Ислом олами ҳақида қайғуриб қалбим эзилишининг нима фойдасию, қанчалик қиймати бор? Расулуллоҳ қилган ушбу насиҳатлардан юз ўгирган кишидан ҳам ғалати одам бўладими?! Эй, дўстларим! Инсон ва жин шайтонлари – улар жуда кўп – турли воситалар билан ёз ойларида фарзандларингизни овламоқда. Соҳил қирғоқларини учрашув макони қилиб олмоқда. Базм, ичкилик ва турли беҳуда ўйин-кулгилар – буларнинг бари бор ерларни ўзлари тўпланадиган жой қилмоқда... Ҳолбуки, сизлар бу ёшларнинг энг яқинларисиз, уларнинг масъулиятлари сизнинг бўйнингизда. Шуни билингки, агар болаларингиздан бирортаси Аллоҳнинг тўғри йўлидан қочиб, инсон ва жин шайтонларига эргашадиган бўлса, бу қочиш масъулияти ва зарари ҳамма нарсадан олдин сизнинг елкангизга юкланади. Агар фарзандларингиздан бирорта қиз иффату поклигини йўқотса ва охират бахтсизлигидан олдин бу дунёнинг бахтсизлик тупроқларида йўқолиб кетиши учун инсон ва жин шайтонларига эргашса, бунинг жавобгарлигини ҳар қандай нарсадан олдин елкангизда сиз кўтарасиз. Ҳа, шундай, сиз жавоб берасиз. Биз ўзимизни қанчалик беркитмайлик ва Ислом жамияти ҳамда Ислом жамиятини қуриш зарурати ҳақида гапириб, бу масъулиятлардан қанчалик қочмайлик ва бу ҳақидаги гаплар қанчалик кўпаймасин, барибир, Аллоҳ таолони алдаб бўлмайди. Аллоҳ бундай пуч гап билан ушланмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизга айтади: Ўзинг юз ўгирган ва бўйин товлаган иш ҳақида менинг сўзимни ўқимадингми?! «Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир» (Тоҳа, 132-сура). «Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. ...», – деган сўзимни эшитмадингми? Сенга чегараланган, маълум нарсани буюрдим. Сенга чекланган аниқ масъулиятни юкладим, аёлинг, ўғил-қизларинг жавобгарлигини зиммангга топширдим, нима учун ўзингга топширилган масъулиятдан четга чиқяпсан? Мени алдай олмайдиган сўзлар билан шуғулланиб, бу масъулиятдан қочяпсан? Бу одамлар, албатта, Аллоҳ азза ва жалланинг олдида тўхтаб, шу қабилдаги сўз билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога жавоб берадилар. Эй, дўстларим! Албатта Расулуллоҳ ҳикматли доно Зот эдилар. У кишининг ҳикматлари Аллоҳнинг у кишига берган одобида кўзга ташланади. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзни айтганларида ҳақ эдилар: «Роббим менга одоб берди ва одобимни гўзал қилди». У Зот бизга ушбу одобнинг кўринишларидан бири бўлган масъулият ва унинг даражасини тушунтириб берган. Тўғри, ҳар биримиз исломий жамиятни ҳавас қиламиз, бугунги кунда ҳар биримиз Аллоҳнинг дини тўлалигича тадбиқ этилишини орзу қиламиз. Лекин бунинг йўли нима? Унинг ўн қаватли баланд биносини қуриш йўли қандай? Бунинг йўли – ғиштлар келтириб, уларни териб чиқиш ва уларни йиғиб, устма-уст тартиб билан жойлаштириш. Шу тарзда бинони мукаммал қилиб битириш. Ақли йўқ одамнинг бу тарзда уй қуришни хаёл қилганини эшитмаганмиз. Ғиштларни тайёрланг, уйга керакли бўлган нарсаларни тўпланг, вақтингизни шу билан ўтказинг, эришасиз. Майда бўлаклардан катта жамият келиб чиқади. Жамият нима? Жамият – бу исломий оилалар. Исломий оилалар нима? Агар оилалар яхши бўлса, ундаги эр-хотин, ўғил ва қизлар исломий оила бўлади. Оилаларнинг диёнатли бўлиши исломий жамиятга мос келади. Оилаларнинг бузилиши Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг динидан оғиб кетган жамиятга муносиб келади. Бу ҳақиқатни ким билмайди, эй дўстларим. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом; «Агар ўзига итоат қилдирувчи ҳасис одамни, эргашувчи хавои нафсни, таъсир қилувчи дунёни ва бирор фикр эгаси ўз фикри билан мақтанаётганини кўрсанг, ўзинг билан машғул бўлиб кўпчилик ишини қўйгин», – дедилар. Бу сизларнинг ҳар бирингизга алоҳида-алоҳида айтилган Аллоҳнинг хитобидир. Ўйлаб кўринглар, ҳар бир оила раҳбари Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини эшитиб, унга бўйсунса ва айтса: Лаббай, саййидим Расулуллоҳ, мана мен ўз уйим ичидагиларни ислоҳ этиш учун топширган буйруғингизни бажаришга ва сиз айтганингиздек ўзим билан шуғулланишга тайёрман. Агар ҳар бир оила раҳбари Расулуллоҳнинг бу чақириғига лаббай деб жавоб қилса ва бу йўлда учрайдиган барча қийинчиликларга сабр қилса, аҳвол қандай бўлар эди? Назар солиб, Исломнинг у ер-бу ердан булоқ бўлиб қайнаб чиқаётганини кўрар эдингиз. Яна бир бора айтаман: эй дўстларим! Ҳақиқатни тушуниб етишимиз лозим. Бошқалар шахсларнинг ахлоқини бузиш орқали Ислом жамиятларини парчаламоқда. Улар шахсларни эркагу аёлига қарамай овламоқда. Улар қайноқ бу ёз фаслини ўзлари учун қулай фурсат қилиб олмоқдалар. Чунки улар, агар у ер-бу ерда фасод тарқалса, ўғил-қизларимиз орасидаги ахлоқ хиралашса, сўнг бундай беқарорлик ва бузуқлик кўпайса, айниш вужудга келишини, сўнгра бу айниш ортидан бузуқ жамият келиб чиқишини яхши биладилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Расулуллоҳнинг бу муқаддас васиятларини тушуниб етишимизга илҳом беришини сўрайман.

Ушбу сўзимни айтиб буюк Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан. 28 июль 1995 йил.

Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси. 01 июнь 2016 йил.

Мавзуга оид мақолалар
Аъроф  ва  Иброҳим сурасидаги гўзал дуолар Аъроф сураси   «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен давоми...

10:31 / 27.01.2017 7637
     Аёлларни эрта қаритувчи одатлар Рус тилидан Гўзал Дадамуҳамедова  таржимаси Биринчи ажинлар ёки давоми...

13:18 / 11.11.2017 7724
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кимки умрим узун, ризқим мўл давоми...

08:14 / 13.12.2016 4863
1. Намоз Исломнинг иккинчи рукни, ибодатларнинг онаси, тоатларнинг асоси, гуноҳларни ювувчи, ёмонликларни давоми...

19:37 / 06.12.2016 5906