Онангни бир сўкиб қўй
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарқалиш ҳудудини аниқ билмайман-ку, жуда кўп ўзбек оилаларида ўғил бола тили чиққани ҳамон сўкинишга махсус ўргатиб борилади. Бир қават юқорида яшайдиган қўшним – шундай кўпнинг бири. У «Онангни... де, ўғлим», деб бир ёшдан энди ошган ўғлига атайлаб сўкишни ўргатади. Тили келишмай, ҳарфларни ямлаб, аранг такрорлаган ўғилни отаси ғурур билан мақтайди: «Ҳа, энди, ота ўғил-да, ҳақиқий эркак!»

Бир нарсани тушуниш қийин: чин эркаклик оғизнинг қанчалар шалоқлиги билан белгиланармикан? Шу тарзда диндан, маънавиятдан узоқ ўсган ўғилнинг отасига ҳурматли, орзуларини амалга оширадиган бўлиб улғайиши мумкинми? Эртага шу тили орқасидан отасининг бошига бало келтирмасмикан?

Бундай муҳитдаги болакайларнинг кўпчилиги тарбия аслида нималигини билишмайди. Куфр сўзларни айтиш, катталар ёнида сигарет чекиш табиий ҳолга айланади. Ўзларига танбеҳ бериб, тўғри йўлга солмоқчи бўлганларга бемалол (сўкинмаса ҳам) гап қайтараверади. Бунинг нотўғрилигини билишмайди ҳам. Отасини бемалол алдайверади, буюрган ишини малолланиб бажаради ёки бажармасдан ҳам қўяверади. Ҳатто вақти келиб, отасига қўл кўтаришдан ҳам қайтмайди. Ҳозир ғарб маданияти ва техникасидан жуда яхши хабардор, аммо ахлоқ ва фазилат борасидаги билимлари ҳақида бир нарса дейиш қийин бўлган авлод шаклланяпти. Балки, гўзал ахлоқлари билан бутун инсониятга танилган буюк миллат бугун ўзини йўқотадиган ҳолга келиб қолганининг кўплаб сабабларидан бири шудир? Ҳозирги болакайлар ичидан ақл ва виждон ҳукмига бўйин эгадиган мард «ота ўғил» етишиб чиқармикан? Қўшни болакай катта бўлиб мактабга борди. Еттинчи синфда ўқиётганида отаси билан қаттиқ тортишиб қолди. Ва аччиқ устида отасини «Онангни...», деб сўкиб юборди. Бу гап кўксига ханжардек санчилган ота айбни ҳозирги замонга ағдаради. Аслида, у ўғлини ўзи истагандек катта қилди. Илгари мажбурлаб сўктирган ўғли энди у зўрламаса ҳам, у истаганидан кўпроқ, ёмонроқ сўкиняпти. Бундан севиниб, ғурурланиш керак эмасми? Ахир ота шунга интилмадими? Ўғлини ҳақиқий эркак қилиб ўстириш саодатига етишди-ку! У ўғлидан мурувват кўрди, экканини ўрди. Мен унинг ўрнида бўлганимда, берган тарбиямнинг натижасини шу қадар аниқ ва тўлиқ олганимдан севиниб, зиёфат қилиб берардим.

Мавзуга оид мақолалар
«Бутун дунёга машҳур бўлган, келиб чиқиши арман миллатига мансуб, француз қўшиқчиси Шарл Азнавурнинг қизи давоми...

19:17 / 21.12.2016 5099
  Бирор нарса билан, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш, саҳарликни кечанинг охиригача суриш. давоми...

11:45 / 27.05.2017 3594
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлариРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари давоми...

21:38 / 28.09.2023 1829
Ҳозирги кунимиздан 1443 йил аввал душанба куни Рабиъул аввал ойининг 12сида яъни милодий 571 йил 20 апрелда бу давоми...

14:45 / 08.12.2016 4251