Закот олиши мумкин бўлмаган тоифалар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир увқия қийматида моли бўлатуриб сўраса, хиралик қилган бўлади», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Батаҳқиқ, хиралик ила сўрабди», дейилган.

Мен: «Ёқута (номли) туям увқиядан яхшироқ, дедим». Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Шарҳ: Бир увқия қирқ дирҳамга тенг. Бундан ўзига етарли пули ва моли бор одамга закот олиш дуруст эмаслиги кўринади. Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаб уламолари ушбу ҳадисни ва шу маънодаги бошқа ҳадисларни ҳужжат қилиб, нисобдан оз бўлса ҳам, ўзига яраша молга эга одам закот олиши мумкин эмас, деганлар.

Саҳл ибн Ҳанзолия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзининг ҳожатига етарли нарсаси бўлатуриб, сўраган одам, албатта, дўзахдан кўпроқ сўраган бўлади», дедилар». Бошқа ривоятда: «Жаҳаннамнинг чўғидан», дейилган. «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳожатига етарли нарса нима?» дейишди. «Тушлик ва кечқурунлик таомига етарли миқдор», дедилар». Бошқа бир ривоятда эса: «Бир кеча-кундуз тўйишига етарли нарсаси борлиги», дейилган. Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган ва «саҳиҳ» дейишган. Шарҳ: Бу ҳадис тиланчилик қилиш маъносида айтилган ҳадисдир. Шундай бўлса ҳам, бу ерда келтиришдан мақсад, ўзидан муҳтожроқ кишилар борлигини билатуриб, закотга ўзини уриш яхши эмаслигини англатишдир.

Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа бойга ҳалол бўлмайди. Магар беш кишига: Аллоҳ йўлида ғозийлик қилувчига, у (садақа) учун омилга, қарздорга, ўз моли ила у(садақа)ни сотиб олган одамга ёки бир одамнинг мискин қўшниси бўлса-ю, мискинга берилган садақасини бойга ҳадя қилса, бўлади», дедилар». Абу Довуд, Аҳмад ва ҳоким саҳиҳ ҳадис сифатида ривоят қилишган. Шарҳ: Бойга закот фақат беш ҳолатда ҳалол бўлади: 1. Аллоҳ йўлидаги ишга чиқса. Албатта, Аллоҳ йўлидаги ишга ўз молидан сарфласа, жуда яхши бўлади. Аммо закот молидан сарфласа ҳам, ҳаром бўлмайди. 2. Садақага омил бўлса, яъни закотчи бўлиб ишласа, иш ҳақини бой бўлатуриб закотдан олиши жоиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи бунга рухсат берган. 3. Қарздорга. Ўзи бой бўлиб, аммо кўпчилик фойдаси учун бирор каттароқ сарфни бўйнига олиб қарзга ботган одам ҳам закотдан олиб қарзига берса, жоиз. 4. Бир камбағалга, мисол учун, закотдан бир дона қўй тегди. Уни бой одам ўз пулига камбағалдан сотиб олди. Бу, албатта, жоиз. Лекин закотни сотиб олиш ҳам дуруст эмас экан, деган тушунча чиқмаслиги учун ҳадисда баён қилинган. 5. Камбағал ўзига закотдан теккан нарсадан бойга ҳадя қилса, бой олиши жоиз. Бу ҳам олдингига ўхшаб, бойга закот бўлган нарса ҳадя шаклида келса ҳам, ҳаром, деган фикр чиқмаслиги учун айтилган. Закот камбағалнинг мулкига айланади, демак, ўзи қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади. Уламоларимиз бу масалага оид ҳамма ҳужжат ва далилларни атрофлича ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар. Шунга биноан, закот олиши ҳаром бўлганлар қуйидагилар: - Бойлар. - Кучли, бирор касбга қодир кишилар. - Динсизлар, дин душманлари ва аҳли зимма. - Закот берувчининг болалари, ота-оналари ва аҳли аёли. - Пайғамбар алайҳиссаломнинг қариндошлари. Энди ушбу тоифаларни бирма-бир, батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим.

Бойлар Аслида бойлар закот беришлари керак. Бинобарин, уларнинг закот олишлари мутлақо мумкин бўлмайди. Шундай бўлса ҳам, ўтган ҳадиси шарифда ўрганганимиздек, закот ишида қатнашган ҳамда кўпчилик манфаати учун қарздор бўлиб қолган бойларга закотдан олишлари мумкинлиги айтиб ўтилди. Баъзи бир кишилар ўзларидан бошқаларнинг бойлиги туфайли ҳам бой ҳисобланадилар ва закот олишлари дуруст бўлмайди. Мисол учун, балоғатга етмаган ёш бола отасининг бойлиги туфайли бой ҳисобланади. Шунингдек, фақир аёл эрининг бойлиги ила бой ҳисобланади. Чунки унинг нафақаси эрига вожиб бўлади. Бу масалада: «Нафақаси бойга вожиб бўлган кишиларга, унинг болалари, хотини, ота-онаси ва шунга ўхшаш яқинларига закот олиш ҳаромдир», дейилган.

Жумҳур уламолар бу тоифадаги кишиларга закот олиш жоиз эмас, десалар ҳам, ҳанафий уламолари моли нисобга етмаган бўлса, олса бўлаверади, дейдилар.

Динсизлар, дин душманлари, аҳли зиммалар Динсизларга ва дин душманларига ҳеч нарса бериб бўлмаслиги маълум. «Аҳли зимма» деб аталувчи бошқа дин вакилларига закот бериб бўлмайди. Чунки закот мусулмонлардан олиниб, мусулмонларга берилиши шарт. Аммо аҳли зиммага нафл садақалардан, садақаи фитрдан берса бўлади. Чунки аввал айтилганидек, закот молиявий ибодат бўлиб, уни бериш учун ҳам, олиш учун ҳам мусулмон бўлиш керак. Фосиқларга закот бериб бўладими? «Фосиқ» деб баъзи гуноҳ ишларни қилиб номи чиққан одамга айтилади. Аслида мусулмону, лекин гуноҳ ишлар ҳам қилган одамларга қадимги уламолар закот берса бўлади, деганлар. Шу билан бирга, закотни олгандан кейин уни фисқ ва гуноҳ ишларга сарфламаслиги керак, деган шарт қўйганлар. Бу билан закот бериш асносида уни фисқни тарк этиб, тақво йўлини тутишига даъват қилинади. Лекин фисқи ила мусулмон жамиятига, динга ва дин аҳлига ёмонлик қилган одамга закот берилмайди. «Бенамозлиги билан фосиқ бўлган одамга закот бериладими?» деган саволга, баъзи уламоларимиз: «Уни намоз ўқишга чақирилади, агар намоз ўқишга ваъда берса, берилади, бўлмаса йўқ», деганлар.

Закотни эрга, ота-онага ва қариндошга берса бўладими? Закотни болаларга, хотинга бериш мумкин эмаслиги ҳақида айтган эдик. Шунингдек, ота-онага ҳам бериш мумкин эмас. Чунки боланинг мол-мулки ота-онаники ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир фарзандга, сен ҳам, молинг ҳам отангга мулксизлар, деганлар. «Бой-бадавлат хотин ўзининг камбағал эрига закотини берса бўладими?» деган саволга баъзи мазҳаблар «бўлади», деб жавоб берганлар. Ҳужжат маъносида, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотинлари Зайнаб розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Закотимни эримга берсам, бўладими?» деб сўраганида, ул Зот: «Бўлади», деб жавоб қилганларини келтирадилар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ҳодисаси хусусий, деб биладилар ва хотин эрига закотини бериши дуруст эмас, чунки эр уни олиб, яна хотиннинг ўзига ишлатади, дейдилар. «Бошқа қариндошларга закотини берса бўладими?» деган саволга, баъзи уламолар «Уларнинг нафақаси лозим бўлса, бўлмайди, нафақа ўрнига закот бериш ила ўзи фойда топади», дейишган. Аммо Ҳанафий мазҳаби уламолари, «бўлади», дейишган. Чунки нафақа ўзига яраша шартлар билан вожиб бўлади, яқин қариндошлар билан ота-болага ўхшаб мулки бирлашиб кетиши йўқ. Яқин қариндошга берилганда мулк закот берувчидан закот олувчига кўчади. Бу ҳолат эса закот бериш мумкин эканлиги гаровидир, дейишади.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога иймон келтиришдан сўнг иймон келтиришимиз зарур бўлган Зот Пайғамбаримиз Муҳаммад давоми...

07:19 / 27.02.2017 5565
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ «Ҳалқумидан ҳаром луқма ўтган давоми...

11:45 / 09.02.2017 3673
Керакли масаллиқлар 3 дона хурмо, 34 стакан анор доначалари, 1 дона олма, 50 г ялпиз барглари, 2 чой қошиқ давоми...

17:30 / 17.01.2017 4100
«Facebook» ижтимоий тармоғи Саудия Арабистонини эркинлаштириш жараёнига ўз муносабатини билдирган кўринади. давоми...

12:31 / 25.02.2018 3648