Илмнинг уммонидан сув ичган аёл
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳога нисбатан «илм денгизи» деган иборани ишлатсак бўладими? деб бир оз ўйладик ҳам. Аммо бу ўйланиш, у киши бу номга лойиқмилар ёки йўқми, деган маънода эмас, балки бу ном у кишига муносибмикан, деган мулоҳаза ила бўлди. Охири Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг илмнинг чексиз уммони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмларидан сув ичганларининг эътиборидан бу истилоҳни сарлавҳа қилиб олдик.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, илм денгизи бўлиш учун фақат уммон ёнида бўлиш ёки ундан сув ичишнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки ўша илмни қабул қилиб олиб, уни денгизга айлантириш қобилияти ҳам бўлиши зарур. Оиша онамиз розияллоҳу анҳода ана ўша шартларнинг ҳаммаси мавжуд эди.

 Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлишлари билан бирга ёш, ўткир зеҳнли, кучли ҳофизали, юксак фаросатли ва илмга ўч зот эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли масалаларни сўраб чарчамас эдилар.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг умматимдан кимнинг иккита фарати бўлса, Аллоҳ уни ўшалар туфайли жаннатга киритади», дедилар.

«Сизнинг умматингиздан битта фарати, бўлган одам-чи?» деди Оиша.

«Битта фарати бор одамни ҳам, эй муваффақ қилинган», дедилар.

«Сизнинг умматингиздан фарати бўлмаган одам-чи?» деди Оиша.

«Мен умматимнинг фаратиман. Ҳеч менинг (вафотим)га ўхшаш мусибатга учрамаслар», дедилар.

 «Фарат» деб араб тилида бир гуруҳ отлиқлардан олдин бориб, уларнинг келишларига дам оладиган жойни тайёрлаб турувчига айтилади.

Ота-онадан олдин вафот этган ёш болаларни «фарат» деб номланишини ўша боланинг уларга жаннатдан жой тайёрлашини кўзда тутиб айтилган.

Бизнинг тилимизда ҳам диний маълумотлари бор доираларда «фарат» сўзи ўз маъносида ишлатилиб келинган. Фалончининг боласи фарат бўлибди, дейилса, ёш боласи ўлибди, деб тушунилган.

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамизга, «эй муваффақ қилинган», деб мурожаат қилишлари Оиша онамизнинг қадрлари қанчалар улуғ эканини кўрсатади. Чунки муваффақ қилинган, деганлари Аллоҳ ҳар бир нарсада муваффақият берган, деганидир.

Ҳақиқатдан, ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо илм борасида Аллоҳ таоло томонидан муваффақ қилинган эдилар. Аллоҳ таолонинг Ўзи у кишининг илмига барака берган эди.

 Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони Каримни тўлиқ ва пухта ёд билганликлари билан шуҳрат топган эдилар. Улумул Қуръон номли илм мутахассислари биринчи бўлиб, Қуръони Каримни тўлиқ ва пухта ёд олган зотлар ҳақида сўз юритганларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг исмларини дастлабкилардан ёдга олишади.

Шу билан бир қаторда, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони Каримнинг тафсирини ҳам жуда яхши билганлар.

У кишининг ояти карималарни тафсир қилишларига мисол келтирайлик.

 Имом Бухорий қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Аллоҳ таоло:

«Агар бир аёл ўз эридан писанд қилмаслик ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса», деган.

Бу оят ҳақида Оиша:

«Бу бир хотин эри билан бўлиши, эр унга қарамай қўйиши, уни талоқ қилиб бошқага уйланишни истаганда, аёл унга, мени ўзинг билан олиб қол, талоқ қилма, сўнгра мендан бошқага уйланавер, нафақа ва тақсимни нима қилсанг, ўзинг биласан, дейиши ҳақидадир. Ана ўша тўғрисида Аллоҳ таоло:

«Икковлари ўзаро сулҳ қилсалар, уларга гуноҳ йўқдир, сулҳ яхшидир, деган», деди».

Агар хотин киши ўз ихтиёри ила ўзининг эридаги баъзи ҳуқуқларидан воз кечса, жоизлиги, у ҳақларни адо этмагани учун эр гуноҳкор бўлмаслиги Қуръони Каримда баён этилган экан. Оиша онамиз ўша ояти каримани ушбу ривоятда тушунтириб бермоқдалар.

 Имом Бухорий қилган ривоятда айтилади:

«Оиша розияллоҳу анҳодан Аллоҳ таолонинг:

«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз туфайли мулохаза қилмайди», деган қавли ҳақида ривоят қилинади:

«Бу оят бировнинг «Йўқ! Валлоҳи!» ва «Ҳа! Валлоҳи!» каби гапи ҳақида нозил қилинган».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўқиш-ёзишни биладиган нодир кишилардан эдилар. Ўша вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ким ўқиш-ёзишни билса, комил деган унвон берилар эди.

 Кўплаб машҳур саҳоба эркаклар ўзлари ҳал қила олмаган масалаларни ҳал қилиб беришни Оиша онамиздан сўрашар эди.

 Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига қай бир ҳадис ишкол бўлиб Оишадан сўрасак, албатта, унинг ҳузурида илмни топар эдик», деди».

Термизий ривоят қилган.

 Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Масруқ иккимиз Оишанинг олдига кириб:

«Эй мўминларнинг онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши, икковлари ҳам яхшиликка бўш келмайдилар.

Бирлари ифтор билан (шом) намозни тезлатади.

Бошқаси эса ифтор билан (шом) намозни ортга суради?» дедик.

«Икковларидан қай бири ифторни ва намозни тезлатур?» деди.

«Абдуллоҳ ибн Масъуд», дедик.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилур эдилар», деди.

Бошқаси Абу Мусо эди».

 Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқ розияллоҳу анҳулар икки катта саҳобийнинг ифторни тез қилиш ва шом намозини эрта ўқиш бўйича икки хил иш тутаётганларини мулоҳаза қилишади. Шу билан бирга, икковидан қай бирининг тутаётган иши суннатга мувофиқ эканини билмоқчи бўлишади. Бунинг учун эса Оиша онамизга мурожаат қилишган. Оқибатда, ифторни вақти кириши билан қилиш ва шом намозини ҳам эртароқ ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экани маълум бўлди. Бу синовда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ютиб чиққан.

 «Сунан» эгалари Абдулазиз ибн Журайж розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:

«Оишадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима ила Витр ўқишларини сўрадик. У киши:

«Биринчи ракъатда «Саббиҳисма Роббика»ни, иккинчи ракъатда, «Қул йааююҳал кофируун»ни, учинчи ракъатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Муъаввазатайни»ни ўқир эдилар», деди».

«Оиша розияллоҳу анҳодан:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам витрда қироатни ошкора қилар эдиларми ёки махфийми?» деб сўралди. У киши:

«Ўшани ҳаммасини ҳам қилар эдилар. Гоҳида махфий қилар, гоҳида ошкора қилар эдилар», деди».

 Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо тафсир, ҳадис, фиқҳдан, араб тарихи ва адабиётидан ҳамда бошқа ўша вақтда мавжуд кўплаб илмлардан яхши воқиф эдилар.

«Сияру Аъломун Нубалаа» китобида Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оишага ҳамсуҳбат бўлдим. Ҳеч ҳам у кишига ўхшаган нозил бўлган оятни, меросни, суннатни, шеърни, ривоятни, арабларнинг кунларини, насабларини, ҳукмларни, тибни биладиган одамни кўрмадим. Мен ундан:

«Холажон, тибни қаердан ўргангансиз?» деб сўрадим.

«Бемор бўлсам, менга дорилар васф қилинар эди. Биров бемор бўлса, унга ҳам дорилар васф қилинар эди. Одамларнинг бир-бирларига қилаётган васфларини эшитиб, ёдлаб олар эдим», деди».

 Имом Масруқ ибн ал-Аждаъ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан энг кўп ривоят қилган кишилардан ҳисобланади. У кишидан:

«Оиша мерос илмини яхши билармиди?» деб сўралганда у киши:

«Аллоҳга қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта саҳобаларини Оишадан мерос ҳақида сўраётганларини кўрганман», деган».

 У киши замоналарининг улуғ донишмандларидан бўлиб, ҳатто Абу Бакр, Умар, Усмон даврларида таниқли саҳобалар ва олимларга дарс, фатво берадиган даражада юксак салоҳият ва иқтидор соҳибаси эдилар.

Уламоларимиз саҳобалардан етти киши фатво билан ном чиқарганларини, улар: Оиша онамиз розияллоҳу анҳо, Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Умар, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум эканини алоҳида таъкидлашади.

 Белозурий «Ансобул Ашроф» номли китобида Абдурроҳман ибн Қосимдан, у киши отасидан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Оиша розияллоҳу анҳо Абу Бакр, Умар ва Усмоннинг халифалик даврида фатво ила машғул бўлган эди. У вафот этгунча шу ҳолда давом этди. Мен уни лозим тутганлардан эдим».

У киши уйда ва сафарда доимо Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлганлари учун ва асҳоби киромдан кўпчиликка насиб этмаган диний аҳкомлардан воқиф бўлганлари сабабидан, энг етакчи саҳобалар ҳам ҳал этолмаган диний масалаларни ҳазрати Оишадан сўрашарди.

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига келсак, Оиша онамиз ҳадисларни кўп ривоят қилишда иккинчи ўринда турадилар.

Оиша онамиз Расули Акрамдан 2210 та ҳадис ривоят қилганлар ва бу соҳада Абу Ҳурайрадан сўнг турадилар.

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан асҳоб ва тобеъинлардан кўплари ҳадис нақл этишган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ларида бундай ҳадислардан 2258 саҳифа тўлган.

Ҳазрати Оиша оталари Абу Бакр Сиддиқ Умар Саъд ибн Абу Ваққос, Усайд ибн Ҳузайр ва бошқалардан ҳам ривоят қиладилар. Аммо Оиша розияллоҳу анҳодан аксар саҳобалар кўплаб ҳадис ривоят қилишган. Шулардан Абу Ҳурайра, Абу Мусо ал-Ашъарий, Зайд ибн Холид ал-Жуҳалий ва София бинти Шайба розияллоҳу анҳумни зикр қилишимиз мумкин.

 Тобеъинлардан икки юзга яқин киши Оиша онамиздан ҳадис ривоят қилишган. Шулардан Саъид ибн ал-Мусаййиб, Алқама ибн Қайс, Масруқ ибн Аждаъ, Оиша бинти Талҳа, Амра бинти Абдураҳмон, Ҳамса бинти Сийрин ва бошқаларни айтишимиз мумкин.

 Оиша онамиз кўпгина нодир фазилатларга эга эдилар. У киши жуда ақлли ва зеҳни ўткир, илмли аёл эдилар. Оиша онамиз тилни, шеърни, тиб фанини, насаблар ва уруш тарихларини яхши билар эдилар.

Аз-Зуҳрий Оиша онамиз ҳақларида айтадилар:

«Агар Расулуллоҳнинг барча аёлларининг илмини ва жамики аёлларнинг илмини тўплаб туриб, Оишанинг илмига солиштирилса, албатта, Оишанинг илми афзалдур».

 Оиша онамизнинг илмлари тўғрисида Урва:

«Тиб фанида, шеъриятда ва фиқҳ илмида Оишадан илмлироқ бирор кишини кўрмадим», дедилар.

Оиша онамиз аҳён-аҳёнда ёлғиз ўзлари баъзи бир масалаларни ҳал этар ва ўзларига хос ижтиҳод қилар эдилар. Гоҳида у киши уламо саҳобалар билмай қолган масалаларни ҳам ҳал этиб берар эдилар.

Ҳатто Аз-Заркаший шу маънода китоб ёзди ва уни «Оишанинг саҳобалар билмаганини идрок этган жавоблари» деб номлади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўзлари катта олима бўлишлари билан бирга, илм одобига қаттиқ риоя қилар эдилар. У киши бирор масалани ўзларидан яхши биладиган одамдан хабардор бўлсалар, мазкур масалани ўша кишига ҳавола қилар эдилар.

 Муслим ва Насаий Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Оишадан махсига масҳ тортиш ҳақида сўрадим. У киши:

«Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», дедилар.

Бас, ундан сўраган эдик:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилганлар», деди.

 Саҳобаи киромларнинг одатларига амал қилиб, Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳу ҳам Оиша онамиздан фиқҳий масала – махсига масҳ тортишга оид масалани сўраган эканлар. Оиша онамиз у кишига:

«Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», дедилар.

Бу жавобдан, энг аввало, Оиша онамизнинг омонатлари, инсофлари ва илмий омонатга хиёнат қилмасликлари зоҳир бўлмоқда. У киши ўзлари аниқ билмаган нарсага жавоб беришни ўзларига эп кўрмаганлар. Сўровчини ўша масалани яхши биладиган киши – ҳазрати Алига йўллаб қўйганлар.

Иккинчидан, Пайғамбаримиз махсини кўпроқ сафарда кийганлари келиб чиқади. Оиша онамизнинг «Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», деганларидан шу нарса фаҳмланади.

Мавзуга оид мақолалар
Юзларидан нур ёғиб турган, Сўзларидан дур ёғиб турган, Қарашлари дин учун бўлган, Ҳазратимни давоми...

08:58 / 28.02.2017 5285
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, маънавий янгиланиш йўлидан дадил одимлаб бораётган юртимизда асрлар оша давоми...

14:27 / 04.03.2017 3952
Хотини. Хотин мустақил шахсдир, у эрига мулк ҳам эмас, тўла қарам ҳам эмас. Хотинда эрнинг фақат жуфти давоми...

14:32 / 04.06.2017 3668
Пойабзал кишилар оёғига кийиб юрадиган, уни ернинг қаттиқлигидан, тиканлардан ва шу каби азиятлардан давоми...

21:00 / 08.12.2019 3851